Пахтачилик илми фидойиси

Элимиз қадим-қадимдан илм-фан, маънавият, маърифатга ташна бўлган. Улар яратган илму урфон миллатимиз мулки, инсониятнинг бебаҳо бойлигидир. Қуйида ана шундай илм фидойиларидан бири — қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор, “Шуҳрат” медали соҳиби Имом Раҳматовнинг ибратли ҳаёт йўли   ҳақида мухтасар сўз айтишни ният қилдик.

Мамадиёр ака асли Қарши тумани (ҳозирги Нишон)нинг маънавиятли одамларидан бўлган. Кунларнинг бирида эл оқсоқоли,  ўша пайтдаги вилоят ижроия қўмитасининг раиси бўлиб фаолият кўрсатган Чўли ота Бегимқулов уни ҳузурига чақириб: “Мамадиёр, қишлоқда сиздан ўтадигани йўқ.  Давлат аҳамиятига молик идораларда ишлагансиз. Узоқ фикр-мулоҳазалардан сўнг сизни колхозга раисликка лозим кўрдик” – деганида, бу тасодифий таклифдан бироз шошиб, розилигини изҳор этди. Гарчи у хўжаликда қисқа муддат ишлаган бўлса-да, одамларни ҳамжиҳатликка ундади. Шу орада ёш Мамадиёр кўнгиллилар сафида фронтга отланиб, жангу жадалларда фаол қатнашди. Бироқ соғлиғи туфайли урушдан қайтгач, яна эл билан ҳамнафас бўлди. Турмуш ўртоғи Момохол опа, фарзанди Бобоқул билан умргузаронлик қилди. Шу орада иккинчи ўғил дунёга келди. Унга Имом деб, эзгу ниятлар билан исм қўйишди. Лекин шундай бўлса-да, Иккинчи жаҳон урушининг жароҳати Мамадиёр аканинг соғлиғига салбий таъсир этган эди. У қирчиллама қирқ ёшида бу фоний дунёни тарк этди. Эндигина 36 ёшга кирган Момохол опа икки ўғли — Бобоқул ва Имомни оқ ювиб, оқ таради. Уларга ҳам оналик, ҳам оталик меҳрини берди. Мактабда аъло баҳоларга ўқиган Имом ўзининг тиришқоқлиги, илмга чанқоқлиги билан алоҳида ажралиб турди. Бундан кўнгли равшан тортган она: “Ўғлим, сизларнинг ёруғ кунларингизни кўрсам армоним йўқ”, деб дуо қиларди. 2001 йил  90 ёшида ҳаётдан кўз юмган онахоннинг илтижолари рўёбга чиқди. Имом Раҳматов волидаи муҳтарамасининг дуосини олиб кам  бўлмади. Устоз-ўқитувчи Мўмин Шароповнинг математика, Хўжақул Адиевнинг физика, Соатбўри Холмуродовнинг кимё фанидан берган сабоқлари Тошкент қишлоқ хўжалик институти (ҳозирги Тошкент давлат аграр университети)да таълим олган кезларида асқотди.  Айниқса, деҳқончилик, хусусан, пахтачилик илмига бўлган қизиқиш амалиётда қўл келди. Олий даргоҳдаги таҳсил жараёнида гуруҳдошлари ўртасида физика фанидан олган билими энг юқори баҳоланганлиги ҳам бежиз эмас.

Талабалик йиллари ортда қолди. У олий даргоҳдаги таҳсилдан сўнг дастлаб Қарши туманидаги собиқ “Ленинизм”, сўнг эса Энгельс номли хўжаликда оддий ҳосилотликдан бош ҳосилотликкача бўлган йўлни босиб ўтди. Ке­йинги йиллар унинг қизғин меҳнат жараёни Ўзбекистон пахтачилик илмий-тадқиқот институтидаги аспирантура йўналиши билан боғлиқ бўлди. Бу орада И.Раҳматов Ўзбекистон пахтачилик илмий-тадқиқот институти Қашқадарё филиалида йўлланма асосида изланиш­лар олиб борди. Бу ерда илмий ходим, филиалнинг суғориш лабораторияси раҳбари, директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари, шунингдек, ғўза селекцияси ва янги навлар агротехникаси бўлимига раҳбар бўлиб, ўзининг ташкилотчилиги ва ишчанлигини амалда кўрсатди. Ундаги ғайрат-шижоат раҳбарият, кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилди. И.Раҳматов қарийб 10 йил давомида Ўзбекис­тон пахтачилик илмий-тадқиқот институтининг Қашқадарё филиалига директор сифатида катта кўламдаги ишларни бажаришда бевосита бош-қош бўлди. Фидойи раҳбар илмий ишни ҳам бир маромда давом эттирди. У 1973 йилда “Қарши чўли шароитида ингичка толали ғўза баргини тўктириш ва тупини қуритиш” мавзусида номзодлик, 1993 йилда “Ғўза навларидан мўл ҳосил етиштиришнинг илмий асослари” мавзусида докторлик ишини муваффақиятли ҳимоя қилди.

Олиб борилган кўп йиллик тажрибалари  асосида пахтачиликни ривожлантиришга оид кўплаб китоблар ва тавсияномалар яратди. Жумладан, “Ғўза агротехникасининг муҳим масалалари”, “Ингичка толали ғўза ўстириш”, “Деҳқончилик асослари”, “Пахтадан мўл ҳосил олиш омиллари”, “Қашқадарё вилоятида экилаётган ғўза навлари агротехникаси”, “Фермер хўжалиги раҳбарларига ғўза парвариши бў­йича тавсияномалар” каби тўпламлари бор.

Илмий фаолиятини Қашқадарё вилоятида пахтачиликни  ривожлантиришга  йўналтириб, янги ғўза навлари яратилишига алоҳида эътибор берди. Илмий изланишларнинг натижасига кўра, шогирди Шукур Жумаев билан ҳамкорликда ингичка толали “Қашқадарё-1”, “Қашқадарё-5”,  “Қашқадарё-7” ғўза навларини яратиб, вилоятнинг чўл минтақасида жойлашган Касби, Миришкор, Нишон, Косон туманларида ушбу илмий янгиликни жорий этди.

— Имом ака билан 1986 йилдан буён ҳамкорликда иш олиб бораяпмиз, — деди унинг шогирди, қишлоқ хўжалиги бўйича фалсафа фанлари доктори, PhD, Шукур Жумаев. — Устоз ниҳоятда талабчан. Илмий ишларни чуқур, атрофлича ўрганиб, холисона фикр билдиради. Бунинг учун алоҳида вақт ажратади.

Янги нав яратиш осон иш эмас. Бунинг учун камида 10-15 йил вақт кетади. Биргина “ЎзПИТИ-2601” навини яратиш учун роппа-роса 13 йил илмий-тадқиқот ишларини олиб борганмиз. “ЎзПИТИ-2602” навини яратиш учун 15 йил талаб қилинди.

Дарвоқе, олим томонидан яратилган “ЎзПИТИ-2601” нави 2014 йилда фермер хўжаликларида ижобий натижа берди. Биргина Қарши туманидаги “Нуқробод” фермер хўжалиги ҳосилдорликни 47 центнерга етказди. 2015-2017 йилларда вилоятда бу нав майдонлари қарийб 5 минг гектарга етди. Айни пайтда воҳанинг чўл ҳудудларида ушбу нав майдонлари йил сайин кенгайиб бормоқда.

— Зиммамиздаги вазифа ғоят катта, — деди қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор И.Раҳматов. — Биз энди “ЎзПИТИ-2601”, “ЎзПИТИ-2602”, “Қашқадарё-5” навлари ҳосилини машинада териб олишга мослаштиришимиз керак. Бунинг учун пахта селек­цияси уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти Қашқадарё илмий-тадқиқот станцияси Касби туманидаги “Сафаров Турсунтош” фермер хўжалигидаги 3 гектар майдонда уруғчилик учун бирламчи оқ ва ингичка толали пахта бўйича синов ишларини олиб бораяпти. Вилоятдаги пахтачилик кластер хўжаликларидаги пахта майдонларида бу нав­ларнинг машинабоплиги синаб кўрилади.

Ўтган давр мобайнида пахта селекцияси уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари соҳасида кўплаб олимлар камол топди. Уч фан доктори, қирқдан ортиқ кичик илмий даражасига эга бўлган кадрлар етишиб чиқди.

— Имом Раҳматов институтимизда илмий маслаҳатчи бўлиб фаолият олиб бораяпти, — деди қишлоқ хўжалик фанлари доктори Ойбек Омонов. — Устоз ёш олимларни илм-фанга йўналтиришда уларга энг яқин кўмакчи. Ҳозирги кунда бу забардаст олим инс­титутимиздаги 12 нафар лаборатория ходимлари билан ҳамкору ҳамдаст. Илмий ишларида мададкор.

Қутлуғ довон — 80 ёшини қарши олган устоз­­га, бир қанча пахта навларини кашф этган олимга узоқ умр, илмий изланишлар бахтининг бардавом бўлишига тилакдошмиз.

Ҳусан ТЕМИРОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six + 17 =