Спортда таълимнинг ўрни беқиёс

(Чирчиқ давлат педагогика университетининг иқтидорли ёшлари қўлга киритаётган муваффақиятлар ҳақида)

 

Халқимизда ажойиб мақол бор: “Билаги зўр бирни йиқар, билими зўр мингни”. Ҳақ гап. Аммо билак ҳам, билим ҳам зўр бўлса-чи? Ана энди бу одамзоднинг орзуси бўлган баркамоллик белгиси-да. Ҳар томонлама баркамол инсон эса жамиятнинг илдам ривож­ланиши, жаҳон миқёсида тан олиниши, қолаверса, ўзидай комил авлодларнинг тарбияланишида бекаму кўст хизмат қила олади. Шу боис ҳам, айниқса, спорт билан шуғулланаётган ёшларнинг билим савияларини янада ошириш муҳим масала ҳисобланади.  

Бундан беш йил аввал Президентимизнинг ташаббуси ва қўллаб-қувватлови билан ташкил этилган Чирчиқ давлат педагогика институти кейинчалик университетга айлантирилди ва ана шундай эзгу мақсадда фаолият юритмоқда.  Жумладан, университетнинг Спорт ва чақириққача ҳарбий таълим факультети ва унинг таркибига кирувчи “Жисмоний маданият назарияси”, “Технологик таълим” ҳамда “Жисмоний маданият методикаси” кафедраларида меҳнат қилаётган профессор-ўқитувчиларнинг хизмати бугунги кунда ўз самарасини бера бошлади.

Аввало, факультет ҳақида икки оғиз маълумот: Факультетимиз Чирчиқ давлат педагогика университети Кенгашининг қарорига кўра 2019 йил 18 августда ташкил топган. “Жисмоний маданият назарияси” кафедраси мудири вазифасида доцент Ф.Нурматов фаолиятини давом эттириб келмоқда. Шунингдек, кафедранинг асосий штатида 14 нафар, ўриндош сифатида 5 нафар профессор-ўқитувчилар меҳнат қилишади. “Технологик таълим” кафедрасида эса 2019 йилнинг сентябридан ҳозирги кунгача доцент Р.Шермуҳамедов кафедра мудири лавозимида ишлайди. Асосий штатда 12 нафар, ўриндош сифатида 4 нафар профессор-ўқитувчилар педагогик фаолият юритишмоқда. “Жисмоний маданият методикаси” кафедрасининг ҳам факультетда ўз ўрни бор. Бу ерда доцент А.Абдулахатов кафедра мудири лавозимида ишлаётган бўлса, асосий штатда 10 нафар, ўриндош сифатида 5 нафар профессор-ўқитувчилар бор.

Бизда бир неча йўналишлар бўйича иш ва ўқув жараёни ташкиллаштирилган. Жумладан, юртимиз, қолаверса, Марказий Осиё мамлакатлари ичида умумий ўрта таълим мактаблари учун илмий, методик жиҳатдан етук жисмоний тарбия ва технология ўқитувчиларини тарбиялаб бериш биринчи вазифамиз ҳисобланади. Қолаверса,  “Жисмоний маданият ва спорт”, “Чақириққача ҳарбий таълим” ҳамда “Технологик таълим” фанлари соҳасида чуқур тадқиқотлар олиб бораётган иқтидорли олимлар жамоасини шакллантириб, илмий ишлардаги узвийликни таъминлаб келмоқдамиз. Бундан ташқари, соҳага зарур бўлган ўқув адабиётларнинг, меъёрий ҳужжатларнинг тайёрланилишида ижодий марказ вазифасини бажариш ҳам зиммамизда. Республикамиздаги жисмоний тарбия, чақириққача ҳарбий таълим ва технология фанлари ўқитувчиларининг маҳоратини ошириш, уларнинг муваффақиятли тажрибаларини оммалаштириш, малакаларини оширишда  ҳам факультетимизнинг ҳиссаси катта. Энг муҳими эса ёш авлодни соғлом ҳамда ақлан теран, комил инсон қилиб ўстиришдек олийжаноб мақсадимиз бор.

Ҳозирда факультетимизда учта бакалавриат йўналишлари мавжуд. Яъни, “Жисмоний маданият”, “Хотин-қизлар спорти” ва “Технологик таълим” йўналишларида бугунги кунда жами 750 нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Ҳар йили факультетимизни 180 дан ортиқ ёшлар битириб чиқади. Бундан ташқари, магистратура босқичимизда “Жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари назарияси ва методикаси” мутахассислиги бўйича таълим бериб келинмоқда.

Шу ўринда фахр билан таъкидлаш жоизки, талабаларимиз жаҳон ва юртимиз миқёсидаги турли спорт мусобақаларида муносиб қатнашиб келишмоқда. Биргина жисмоний маданият таълим йўналишида турли спорт турлари бўйича 40 дан ортиқ республика чемпиони бўлган талабаларимиз таҳсил олишади. Фахрланишимизга яна бир сабаб борки, факультетимиз талабалари орасида параолимпия терма жамоаси аъзолари ҳам бўлиб, уларнинг ютуқлари бизни ниҳоятда қувонтиради. Хабарингиз бор: шу йилнинг 26 апрелидан 30 апрелигача Самарқанд вилоятида “Байдарка ва каноэда эшкак эшиш” спорт туридан Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Ушбу мусобақада Спорт ва чақириққача  ҳарбий таълим факультетининг 2 нафар талабалари қатнашишди ва ғолиб бўлишди. Тўртинчи босқич талабамиз Ҳасан Қўлдашев 500 метр ва 200 метр масофаларда 3-ўринни қўлга киритиб бронза медали соҳиби бўлди. Иккинчи босқич талабамиз Тўрабек Назарқулов эса 500 метрлик мусобақада 2-ўринни, 200 метр масофада 3-ўринни эгаллаб, кумуш ва бронза медалларига эришди.

Жаҳон ареналарида ҳам ғолибликни қўлга киритган талабаларимиз кўп. Мисол учун, шу йил 16-19 март кунлари Таекwон-до  ITF спорт тури бўйича Марказий Осиё чемпионати бўлиб ўтган эди. Мазкур мусобақада факультетимиз талабаси Феруза Сувонова ҳам қатнашди.  У Таекwон-до ITF спорт турининг 3 та йўналиши бўйича ва уччаласи бўйича ҳам юқори натижа кўрсатди. Яъни, Sparing Woman бўйича 18-39 ёшли ва 62 кг. вазнгача бўлганлар орасида 1-ўринни, Team sparing бўйича ҳам 1-ўринни, Pattern sparing бўйича эса 3-ўринни қўлга киритиб, жаҳон чемпионатига йўлланма соҳибасига айланди.

Агарда бироз аввалги йилларга қайтсак, 2021 йилнинг 1-8 сентябрь кунлари Алжир давлатида ўтказилган 7-халқаро ARMI-GAMEC-2021 (Армия мусобақалари)да мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, фахрли 1-2-ўринларни эгаллаган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари орасида факультетимизнинг Жисмоний маданият таълим йўналиши талабаси Бибимарям Суюнова ҳам бор эди.

Бундай иқтидорли, ҳам ақлан, ҳам жисмонан баркамол талабаларимиз ҳамиша бизнинг фахр-ифтихоримиз, ғуруримиз бўлиб қолишади. Яна шуни ҳам алоҳида таъкидламоқчимизки, факультетимиз талабалари орасида чемпионлар сони йилдан-йилга ошмоқда. Шу йил 29 январь ва 1 февраль кунлари спортнинг дзюдо тури бўйича ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилди. Ушбу мусобақа ғолиблари орасида Чирчиқ давлат педагогика университети Спорт ва чақириққача ҳарбий таълим факультети талабаси Муҳибиддинов Самариддин ҳам борлиги бизни қувонтирди. У 81 кг. вазн тоифасида қатнашиб, фахрли 2-ўринни қўлга киритди.

Хабарингиз бўлгандир: шу йил 8 февралда спортнинг Кураш тури бўйича эркаклар ва аёллар ўртасидаги Тошкент вилояти чемпионати мусобақаси бўлиб ўтган эди. Ушбу мусобақада факультетимизнинг Жисмоний маданият йўналиши талабалари ҳам фаол иштирок этишди. Мусобақа натижасига кўра, Дилфуза Рустамова 87 кг. билан 1-ўрин, Ҳусан Турсунов 60 кг. вазнда 1-ўрин, Зухрахон Нўмонова 70 кг. вазнлилар орасида 2-ўринни эгаллашди.

Қолаверса, факультетимиз талабалари Универсиада спорт мусобақаларида ҳам доимо қатнашиб келишмоқда. Жумладан, ўтган йили Спорт ва чақириққача ҳарбий таълим факультетининг талаба қизлари, яъни Дилноза Фозилова, Мадина Қиличова, Сурайё Полвоновалар Қўл тўпи спорт туридан республика босқичида фахрли 1- ўринни эгаллашди.

Факультетимизнинг 3-босқич талабаси Акмал Латипов “Универсиада-2022” мусобақаларида спортнинг баскетбол тури бўйича рес­публика босқичида Тошкент вилояти терма жамоаси таркибида иштирок этиб, 2-ўринни қўлга киритди, кумуш медаль соҳиби бўлди. Ёки 1-босқич талабаси Умарова Одина Бахтиёр қизи волейбол бўйича республика финал босқичида ушбу вилоят терма жамоаси таркибида қатнашиб, худди шундай 2-ўринни эгаллади, кумуш медаль соҳиби бўлди.

Факультетимизда бундай иқтидорлар кам эмас. 3-босқич талабаси Сурайё Полвонова гандбол спорт тури бўйича вилоят терма жамоаси таркибида фахрли 1-ўринни эгаллаб, олтин медали билан тақдирланди. 4-босқичда ўқийдиган талабамиз Дилноза Фозилова ҳам гандбол бўйича 1-ўрин соҳиби, олтин медални қўлга киритган ёшларимиздан биридир.

Мадина Қиличова эса 2-босқичда ўқийди. У ҳам 1-ўринни эгаллаган, олтин медаль соҳибаси.

Ваджиев Бобур, Ҳусанов Омадбек, Раъно Имонқулова, Муҳаммадали Асанов, Ролан Раимқулов, Бекзадбек Исраилов, Руслан Мирзалиев, Азиз Сапарбаев ва бошқа бизнинг фахримиз бўлган ёшларимиз нафақат мамлакатимизда, балки АҚШ, Ливия, Россия каби давлатларда бўлиб ўтган халқаро мусобақаларда, бутун жаҳон ўйинларида фахрли 1-ўринларни эгаллаган иқтидорли спортчилардир. Улар ҳақида ва уларнинг бошқа тенгдош­лари ҳақида кўп гапиришимиз мумкин. Чунки улар дорилфунунимиз шаъни, обрўсигина эмас, бутун Ўзбекистонимиз спорти шарафини баланд кўтаришмоқда. Келажакда ҳали яна кўпдан-кўп ютуқларни қўлга киритишларига шубҳа қилмаймиз.

Сўзимиз аввалида биз бежиз жисмоний қувват ва ақл-заковат, билим муштараклиги ҳақида фикр билдирмадик. Зотан, ҳам ақлан, ҳам жисмонан бақувват инсонларгина чинакам муваффақиятларга эриша олишади. Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, бизнинг таълим даргоҳимизда таълим олиш, билимни мустаҳкамлаш учун талабаларимизга зарур барча шароитлар яратилган. Устоз-мураббийларимиз ҳам уларнинг тафаккурлари бо­йиши йўлида ўз маслаҳат ва тавсияларини аямайдилар. Шундан бўлса керак, илм-салоҳияти кучли шогирдларимиз ҳам кўп. Жумладан, Жаҳонгирмирзо Aбдурасулов  Aлишер Навоий номли давлат стипендияси соҳиби бўлди. Бу илмли йигит факультетимизнинг Чақириққача ҳарбий таълим йўналиши 4-босқич талабасидир. Қолаверса, шу йўналиш 4-босқич талабаси Олимжон Озодқулов эса Ислом Каримов номидаги давлат стипендиясига муносиб кўрилди.

Дарҳақиқат, бугунги ёшлар — эртанги кунимиз эгалари. Айниқса, бўлғуси педагогларнинг ҳар томонлама пухта билим олишлари келажак авлоднинг комил инсонлар бўлиб етишувида муҳим роль ўйнайди. Шу боис Чирчиқ давлат педагогика университетининг Спорт ва чақириққача ҳарбий таълим факультети жамоаси талаба-ёшларнинг ҳам жисмонан, ҳам маънан мукаммал даражада тарбия топишлари йўлида астойдил хизмат қилиб келишмоқда. Ўтган беш йиллик фурсат, албатта, жуда катта вақт эмас. Аммо келгусида бизда билим, таълим-тарбия олаётган шогирдларимиз жаҳон ареналарида давлатимиз байроғини янада юқорига кўтаришлари, педагогик фаолиятлари давомида эса юрт шаънини юксалтирувчи болаларни тарбиялашларига шубҳа йўқ. Зеро, баркамол авлодлар улуғ келажагимиз гаровидирлар.

Тельман АЧИЛОВ,

Чирчиқ давлат педагогика

университетининг

Спорт ва чақириққача

ҳарбий таълим факультети

декани, доцент

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × one =