Қадим Чин юртига сафар

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов жорий йилнинг 13-17 июнь кунлари Хитой давлатида хизмат сафарида бўлди.

Шу йил ўтказилган “Олтин қалам” XVII Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” номинациясида биринчи ўрин соҳиби деб топилган Хитойнинг   “Жэньмин хуабао” нашриёти муҳаррири Сан Хаоянгга мамлакатимизнинг Пекиндаги элчихонасида мукофотни топшириш тадбири бўлиб ўтди. Унга танлов статуэткаси, дипломи ҳамда пул мукофоти тантанали равишда топширилди.

— Кейинги йилларда Ўзбекистонда жадал олиб борилаётган ислоҳотлар билан танишиш баробарида уларни Хитой оммавий ахборот воситаларида ёритилишига ҳисса қўшиб келмоқдаман, — деди Сан Хаоянг. — Ҳар қандай инсон ютуққа эришса қувонганидек, нуфузи юқори “Олтин қалам” халқаро танловида ғолиб бўлганимдан жуда хурсанд бўлдим.

* * *

“Жэньмин хуабао” нашриётига қарашли марказ директори Цзян Юнган билан Х.Салимовнинг учрашуви ҳам самарали бўлди.

Ташкил этилганига 70 йилдан ошган “Жэньмин хуабао” наш­риётида ноширлик ишларидан ташқари “Китай”, “China pictorial”, “Шелковый путь-ревю”, “China-Indiya dialogue” каби тўққиз номда журналлар чоп этилади.

Журналлар хитой, рус, инглиз, қозоқ сингари ўн икки тилда нашр этилади.

Учрашувда икки мамлакат   журналистлари тажриба алмашишини таъминлаш бўйича ҳамкорлик қилиш каби масалалар хусусида фикр алмашилди.

* * *

Пекин шаҳрида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси билан Умумхитой Журналистлар ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Президент Шавкат­­ Мирзиёевнинг жорий йил 18-19 май кунлари ушбу мамлакатга давлат ташрифи доирасида эришилган келишувлар, Ўзбекистон ва Хитой, умуман, Марказий Осиё давлатлари журналистлар уюшмалари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, биргаликда халқаро медиафорумлар ўтказиш бўйича сўз юритилди.

Шунингдек, имзоланган келишув асосида икки мамлакат оммавий ахборот воситалари вакилларининг таж­риба алмашишини таъминлаш, ўзаро борди-келдини йўлга қўйиш хусусида фикр алмашилди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Умумхитой Журналистлар ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик келишувини имзолаш маросимида томонлар бир-бирига эсдалик совғаларини топширди.

* * *

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов Хитойга сафари доирасида мазкур мамлакатдаги йирик медиатузилмалардан бири – “Синьхуа” ахборот агентлиги марказий офисида бўлди ва иш жараёнлари билан танишди. “Синьхуа” музейида агентлик тарихига оид экспонатларни кўздан кечирди.

Дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакатида 182 нафар ходимига эга “Синьхуа” қошида йигирмадан ортиқ газета ва журналлар чоп этиб келинади. Агентлик мухбирлари тайёрлаган матн­­ли, фото ва видеоматериаллар 15 тилда жаҳонга тарқатилади.

Хитой марказий телевидениеси – “ССТВ”да ўткизилган учрашувда Ўзбекистон ва Хитой давлат телеканаллари ўртасида ҳамкорликни, хусусан, материаллар алмашиш, биргаликда кўрсатувлар тайёрлашни йўлга қўйиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси билан Умумхитой Журналистлар ассоциацияси ўртасида имзоланган келишувга биноан ўзбекистонлик тележурналистларнинг Хитой марказий телевидениесида малака ошириши, стажировка ўташига шароит яратиб берилиши маълум қилинди.

* * *

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Х. Салимов Хитойда ана бир йирик медиатузилма – “China daily” газетаси раҳбарияти билан учрашди.

“China daily” фақат инглиз тилида қоғозда чоп этилади. Нашрнинг электрон вариантида хитой тилида ҳам материаллар берилади. Газетада унинг Америка Қўшма Штатлари, Анг­лия ва Африкадаги бўлимлари ҳамда Рос­сиядаги вакиллигида ишловчиларни қўшиб ҳисоблаганда бир минг беш нафарга яқин ходим фаолият олиб боради.

Айни кунда 300 минг нусхада чоп этилаётган мазкур газета дунёнинг кўп­лаб мамлакатларига тарқатилмоқда.

Таҳририятда ўтган учрашувда Ўзбекистонда нашр этиб келинаётган газеталар билан мазкур газета ўртасида ҳамкорлик алоқаларини, тажриба ва материаллар алмашинувини йўлга қўйиш ва ривожлантириш каби масалалар бўйича фикр алмашилди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one + eight =