Ҳур сўз – халоскор куч

Ўзбекистон Республикаси референдуми — 2023

 

Оммавий ахборот воситаларининг ва журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши Конституциямизда қатъий белгилаб қўйилмоқда

 

Биз барча нарсаларнинг баҳосини белгилашга устамиз-у, бироқ уларнинг асл қадрини англашга келганда оқсаймиз. Шундан бўлса керак, одамлар, ўзларига дафъатан тегишли бўлган эркинликлардан жуда бесамар фойдаланишади. Масалан, беназир аҳамиятга эга — фикрлаш эркинлигидан баҳраманд бўлиш ўрнига, улар сўз эркинлигини талаб қилишади. Ахир, тан олайлик, соғлом ва моҳиятан фикрга йўғрилмаган сўзлар тўплами – оддий грамматик белгилардан бошқа нарса эмас-ку. Шу боис, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 33-моддасининг биринчи қисмида айнан фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқи яхлит бир бутунликдаги норма сифатида белгиланганлиги юқоридаги мулоҳазаларимиз ўринли эканидан далолат беради.

Аслида, фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги инсоннинг базавий, фундаментал эркинликлари сирасига тааллуқли бўлиб, бу норманинг бевосита медиа соҳасига, ОАВлари фаолиятига доир жиҳатлари билан жамият учун алоҳида аҳамият касб этади. Чунки, Бош қомусимизда айни норманинг муҳрланиб қўйиши эса, Ўзбекистонда давлат раҳбари томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсатининг инъикоси, сиёсий ироданинг ёрқин намоёни десак тўғри бўлади.

Модомики, гап миллий ОАВларимиз фаолиятини янада такомиллаштириш, турли жабҳаларда ислоҳотлар жараёнининг моҳиятини очишда, миллий лойиҳалар ижросини бекамикўст таъминлашда, фуқароларимиз ишончини мустаҳкамлашда уларнинг амалий иштироки хусусида бораркан, шубҳасиз соҳа олдида тўғаноқ бўладиган ҳар қандай тўсиқлар, чекловлар ва босимлар олиб ташланиши даркор. Ушбу мақсадда яратилаётган ташкилий, инс­титуциал ҳамда ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитларни жорий этишда, табиийки ҳуқуқий, аниқроғи, фундаментал конституцион асосларнинг яратилиши айни муддаодир. 33-модданинг иккинчи қисмида акс этган ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига доир норма ҳам давлат чегараларидан ва шаклларидан қатъи назар турли ахборот ва ғояларни қидириш, олиш ва тарқатиш эркинлигини қамраб олади. Бу фаолият учун шароитларни яратиш давлат томонидан кафолатланади. Бироқ шу билан бирга, мазкур йўналишда айрим чеклаш шартлари ҳам конституцияда аниқ белгиланмоқда. Уларни Конституциямизда мустаҳкамлаш фуқароларимизнинг ҳуқуқларини амалга ошиши, уларнинг ҳимояси ва хавфсизлигини таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга. Мазкур ҳуқуқ ва чекловларни рақамлаштириш асрида демократик, ҳуқуқий ва адолатли жамият қураётган барча давлатлар ўз амалиётида қўллаб келади.

Бугунги журналистларнинг бош вазифаси – мавжуд имкониятлардан муносиб ва умумманфаат йўлида фойдаланишни тақозо этади. Яшириб нима қилдик, биз ҳали ҳануз, соғлом ва конс­труктив фикрлаш амалиётини, ҳақ сўзнинг мислсиз қудрати-ю, холис фикрнинг чексиз салоҳиятини тўла-тўкис англаб етаётганимиз йўқ. Эркинликни ҳам баъзида сарҳадсиз инъомдек қабул қилиш ҳоллари афсуски, учраб турибди.

Умуман, яхши ОАВни — ўзи билан ўзи мулоқот қила оладиган миллатга қиёсласа бўлади. Шу билан бирга, эркин ОАВ кундалик амалиётда яхши ҳам, ёмон ҳам бўлиши мумкин. Бу бор гап. Бироқ эркин бўлмаган матбуот, шак-шубҳасиз, фақат ёмон бўлади. Француз ёзувчиси, Нобель мукофотининг лауреати Альбер Камьюнинг бу фикрига қўшилмасликнинг иложи йўқ. Аслида, эркин матбуот – озодлик ва ҳурлик посбони, цензура эса – жамиятнинг ўзига ўзи ишончсизлигининг ифодасидир. Чунки чинакам цензурада одамларга бирор нарсани тақиқлаш эмас, балки умуман у нарса тўғрисида билишга ҳам йўл қўйилмайди. Цензуранинг абсурдлик ҳолати шу даражадаки, баъзида уни бутун бошли туяни ўз тешигидан ўтказишга уринган игнага ҳам ўхшатишади.

Одатда, цензура ва қаттиқ чеклов, ашаддий тақиқлар авж олган жамиятда гениал ижод асарлари яралади. Масалан, адабиёт, санъат ва матбуотда Эзоп тили, мажозий образлардан фойдаланиш, “сатр оралаб ёзиш” каби услублар цензура учун, худди Ахиллес танасининг энг нозик жойи бўлмиш — товонига урилган зарбадек бўлади. Кўчма маънода айтганда, ҳаттоки, “Қора квадрат” тасвирий санъат асарини рассом Малевич эмас, аслида цензура чизган дейишади. Айтмоқчи бўлганимиз, ҳақ сўз ва ҳур фикр қанчалик мушкулотлар яралмасин, барибир ўз сўзини ифода этишга йўл топади. Лекин бизнинг жамиятимизда, ҳозирги Янги Ўзбекистон шароитида ҳеч қандай цензурага, ижодкорлар эркинлигини бўғишга йўл қўйилмайди, журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилишга, аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Зеро, янги таҳрирдаги Конституциянинг 81- ва 82-моддаларида айни ҳолатлар юзасидан тегишли янги нормалар киритилган.

Ўзбекистон Президенти мамлакатимизда олиб борилаётган очиқлик сиёсати орқага қайтмайдиган жараён эканлигини такрор ва такрор таъкидлаган. Шу сабабли ахборот воситаларининг ва журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши Конс­титуцияда қатъий белгилаб қўйилмоқда. Умуман, тараққий этган мамлакатларнинг тарихий таж­рибаси шуни кўрсатмоқдаки, сўз ва матбуот эркинлигини таъминламай туриб иқтисодий ривожланиш ва аҳоли фаровонлигига эришиб бўлмайди.

Бугун мамлакат обрўйи, давлат мавқеи, инсоният мақоми унинг табиий бойликлари, моддий захиралари билан эмас, балки ҳазрати инсонга бўлган эътибор, қадр-қиммат билан ўлчанади. Зотан, сиёсатшунослар айтмоқчи, бир инсон ҳаётини қадрлай олмасликдан бошланадиган муаммо кўпинча бутун бир миллатлар учун ҳаёт-мамот масаласига айланиб кетади.

Жиловланган ОАВ, босимга тобе журналистнинг давлатга ҳам, жамиятга ҳам ҳеч қандай нафи йўқ! Ёпиқлик ва коррупциявий цензура билан дунё ҳамжамиятига уйғунлашишимиз мумкин эмас. Оламни англайлик, ўз ҳаётимиз, мустақил турмушимизни яхшилаш, рўшнолик, мўл-кўлчилик, миннатдор ва рози яшаш даражаларига   етиб олишимизда рост сўзнинг, эмин-эркин матбуотнинг ўрни бениҳоя беқиёс. Янги тахрирдаги Бош Қомусимиз эса   биз учун мустаҳкам ҳуқуқий кафолат, у ёки бу тазйиқ-таҳдидлардан халоскор куч ва адолат қалқони бўлажак!

Бобур АЛИХОНОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 + eight =