Калтакни етим ер экан-да…

(ёки Ҳаким Сатторийга очиқ хат)

Ассалому алайкум!

Сизнинг “Hurriyat” газетасида шу йил 31 май кунги № 21 (1345)-сонида эълон қилинган “Нуқтаи назар” рукни, “Туман газетаси нега ёпилди?” сарлавҳали мақолангизни ўқиб, матбуот соҳасида 35 йилдан буён (шундан 25 йили – 1998 йилдан кейин) фао­лият юритаётган инсон сифатида ўз фикр­мулоҳазаларимни билдиришни бурчим, деб билдим.

Аввало таъкидламоқчиманки,  газетачиликнинг ҳозирги ночор аҳволи ҳақида жуда кўп мулоҳазалар билдириляпти. Уларнинг аксариятида, айрим муаллифларнинг  чиқишларида қуйи матбуот, яъни вилоят ва туман газеталари фаолиятининг бош айбдори қилиб шу жойда фаолият юритаётган журналистлар олиняпти.

Сиз ҳам гарчанд кўпдан-кўп мушоҳадалар, яъни газетачилик тарихи, собиқ шўро давридаги газетачилик ҳақида атрофлича фикр юритган бўлсангиз-да, мақолангизнинг хулосасини “Мабодо, умуман олганда, қайси давлатда бўлса-да, матбуот умуминсоний мезонлардан чекиниб, ўз қобиғида ўралашиб қолган экан, бунга соҳани эмас, ўша соҳа одамларини айблаш лозим бўлади. Бизда тарихий тажрибалар асосида ривожланаётган, қонуний асослари мустаҳкам миллий матбуот мавжуд. Давр талаблари эса энди эски қолиплар доирасида ишлаб бўлмаслигини кўрсатаяпти” деган жумлалар билан якунлагансиз. Яъни инқирозга учраган бошқа нашрлар каби Асака шаҳар газетасининг ёпилишига шу жамоа журналистларининг алмисоқдан қолган талаблардан қутула олмаслиги, бугунги газетхон қизиқадиган мавзуларни кўтариб чиқишга қурби етмаётганлиги сабаб қилиб кўрсатилган. Эҳтимол, сизнинг хулосангиз ҳам тўғридир. Агар шундай бўлса, нега унда сизнинг ўзингиз мақолангизда Асакадаги бор ҳолатни борича ёзишни эп кўрмадингиз ёки чуқур ўрганмадингиз?

Айтмоқчи бўлганим, Асакага бориб, ёпилган газета жамоаси билан дилдан суҳбатлашсангиз, уларнинг оҳу-ноласини эшитсангиз (ҳар ҳолда улар газета ёпилганидан хурсанд бўлиб байрам қилмаётгандир?) Газета тахламларини варақлаб, унда чиққан мавзуларни таҳлил қилсангиз, газетани ёпиш қарорини чиқарган ҳоким жанобларининг фикрини олсангиз, яна шаҳар аҳолиси билан ҳам суҳбатлашсангиз ва борини-борича қаламга олсангиз бўларди-ку!

Мен билганим — Асака мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти баланд шаҳарларидан бири. Ундаги биргина “UZAUTO MOTORS” акциядорлик жамиятида ўн мингдан ортиқ одам ишлайди ва улар яхшигина маош олишса керак. Наҳотки, ҳеч бўлмаса, шу корхона раҳбарияти ёпилиш даражасига келган газета жа­моасига ёрдам қўлини чўзиб, 1000-2000 обуначи топишга ёрдам бера олмаса?

Газета муассиси бўлган ҳоким жаноблари-чи? Яна у кишининг падари бузрукворлари ўша газета муҳаррири бўлган эканлар.

Ҳоким жаноблари учун оталарининг ҳурмати ҳам шу эканми? Бир қарор билан газета фаолиятига нуқта қўйиб, аҳолини сиз мақолангизда таъкидлаган “республика учун малакали ходимлар тайёрлаб берадиган устахона”дан маҳрум этсалар!

Вазиятни чуқурроқ ўрганиш учун матбуотга оид қонунчиликларимиз ижросига масъул мансабдорлар фикрини ҳам олсангиз ёмон бўлмас эди.

Ахир муҳтарам Юртбошимиз мамлакатимизда фикр эркинлигини таъминлаш учун қанча имкониятлар яратяптилар-ку? Сиз асакалик газетачилар мисолида вазиятни аниқ маълумотлар асосида ечиш ўрнига, осонгина йўл тутиб, айбни энг қуйи бўғинда, энг ночор аҳволда ишловчилар бўйнига қўйибсиз. Э, раҳмат-е, Сизга!

Бу борада мўътабар газета минбарида чиқишдан олдин наҳотки бир ўйлаб кўрмадингиз? Газетачиликдаги муаммоларни уларнинг кичкина, ночор жамоаси еча билса газета таҳририятлари бирин-кетин ёпилармиди?

Мабодо “ночор” деганда дарров менга бирон-бир ношукурлик тамғасини босишга шошилманг. Мен ношукур одам эмасман. Аммо бор нарсани яширмай, борича айтишни ва ёзишни хоҳлайман. Маддоҳлик қўлимдан келмаган ва келмайди ҳам.

Ночор деганим бугун газета журналистлари улар таҳририятда икки кишими, уч кишими ё бундан  кўпми, озми, ишқилиб, ўзларини ўзлари боқишлари керак. Яъни илтимосу илтижо қилиб обуначи топишлари, обуна пулини ялиниб-ёлвориб таҳририят ҳисоб рақамига туширишлари, босмахона топишлари, нашр қилинган газетани обуначиларга етказишлари (агар обунани ўзлари орқали ташкил этсалар яхши. Аммо почта билан ишласалар, муаммо яна кўпаяди. Чунки обуна пулини олиш қийин) керак.

Ана энди ўйлаб кўринг, обуначи излаб боши эшикдан-эшикка уриладиган журналистнинг силласи қуримай, кимнинг силласи қурисин?!

Оиласи тугул, ўзига ҳам дуруст шароит ярата олмайдиган журналист қандай қилиб “янги парвозлар” билан ижод қилади?!

Қуйи матбуот журналистларининг маҳорати пастлигини пеш қилгансиз. Хўш, юқори матбуотнинг маҳоратли журналистлари ибрат кўрсатишяптими? Шу ўринда бир фикр: Президентимизнинг ташаббуслари билан Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети очилди. Унинг битирувчилари “салоҳияти” ҳақида ўзингиз ҳам мақолангизда ёзгансиз. Ахир шу университет ўқитувчи-профессорлари мамлакат журналистларининг малакасини оширишни ўз зиммасига олса бўлмайдими?

Масалан, мени 1998 йилда қайта газета муҳаррирлигига тайинлашган эди. Ўтган чорак асрда на мени ва на ходимларимиздан бирини малака оширишга, ҳатто 2-3 кунга ўз ҳисобимиздан чақиришган эмас. Ёки онлайн тарзда ўқиш ташкил этишганини ҳам билмайман.

Айтмоқчиманки, биз каби бошқа туман газеталари таҳририятлари жамоалари ҳам ўз ёғларига ўзлари қовурилиб ётибди.

Сиз собиқ шўро даври матбуотини “қўрқув машинаси” деб атабсиз. Тўғри, шўро тузумининг ноқобил қонун-қоидалари кўп эди. Шунинг учун у 70 йилда тум-тарақай тарқаб кетди. Яксон бўлди. Жумладан, матбуотда цензура ҳукмронлик қилар эди. Аммо бу матбуотда ҳамма ишлаганлар ҳам ўша тузум шотирлари эмаслиги ҳам аниқ. Матбуотда дадил, жасоратли чиқишлар кўп бўлган.

Абдурауф Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий сингари жасоратли инсонлар кўп эди. Уларнинг барини санаб ўтаман десак саҳифалар етмайди. Улар бошларини кундага қўйиб ўша матбуотдан халқ бахт-саодати, Ватан озодлиги йўлида фойдаланган эдилар. Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Комил Яшин, Ҳамид Олимжон каби халқимиз қалбидан жой олган кўплаб адибларимиз ҳам сиз бошига мағзава тўккан ўша матбуот бағридан етишиб чиққан эдилар-ку. Ёхуд Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Озод Шарафиддинов, Саид Аҳмад, Иброҳим Ғафуров каби Ўзбекистон Қаҳрамонлари-чи?

У даврлар “Шарқ юлдузи”, “Гулистон”, “Фан ва турмуш”, “Саодат” каби журналлар энг чекка қишлоқларга ҳам кириб борар эди. Газеталар, айниқса, ўқувчилар газеталари юз минг­лаб нусхаларда нашр этиларди. Одамлар газета дўконларида кунлик матбуот нашрларини сотиб олиш учун навбатга туришган. Ана шу газета ва журналларда сиз мақолангизда “тўппонча” осиб юргандек эди”, дея таъриф берган журналистлар ижод қилишарди. Бу ҳақиқат эмасми?

Хўш ўзингиз эътирозларингиздан асл муддаоингиз не демоқчимисиз?

Юқорида ёзганимдек, олдин 10 йил, ке­йинги 25 йилдан буён туман газетасида муҳаррирман. Ҳозир мен билан бирга тўрт ижодий ходим ишлаймиз. Газетамиз А-3 форматда, 8 саҳифали, кўп рангли, ҳар донаси 2788 сўм билан обуначиларга нашрдан чиққан кунининг ўзида етказилади. Лекин барибир бошқа туман газеталари бошидаги ташвиш бизларга ҳам тегишли.

Шу ўринда мақолангизни касб байрамимиз арафасида чоп этган “Hurriyat”чилардан ҳам рози эмаслигимни айтмоқчиман. Бу биз — газетачилар бошимизга қуйилган муздек совуқ сувдан-да азоб!

Бу йил халқаро “Олтин қалам” миллий мукофоти танловида ҳам бирор газета журналисти ғолиб бўлмади. Мукофотни асосий блогерлару интернетчилар илиб кетишди. Наҳотки, бутун мамлакат босма матбуотида ишловчи журналистлардан бирор киши ғолибликка муносиб бўлмаса?!

Сўзим хулосасида айтмоқчиманки, мамлакатимизда ислоҳотлар жараёни барча соҳа қатори газетачилик соҳасида ҳам ўз натижасини бериши аниқ. Фақат масаланинг ечимини кабинетларда ўтириб, баландпарвоз гаплар билан эмас, журналистларнинг ишхоналаридан, аҳоли билан очиқ-ойдин суҳбатлардан излаш керак. Ана ўшанда матбуот соҳасида мавжуд қонунлар ижроси сустлиги сабабли аниқ очилади.

Раҳим МАҚСУДОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва

Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

халқаро “Олтин қалам”

миллий мукофотининг совриндори,

“Меҳнат фахрийси”,

1-даражали кўкрак нишони соҳиби.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × four =