Ёруғ кунлар ҳали олдинда

У маҳалларда октябрять, пионер, комсомолники эди ёшларни овунтириб-эргаштирадиган ташкилотлар. Шу жойларда ақл таниганлар эпчил-уддабурон бўларди – “комсомолдан чиққан” деган ибора ўшандан қолган. Йўлимиз янги, ишимиз янги, гапимиз янги – энди халқ онгини ҳам ўзгартиришимиз керак, дейишарди. Доимий иддао, шекилли. Уларнинг самимий туюлган бундай қизғинликлари эътибордан четда қолмасди, ҳаш-паш дегунча бўлмай коммунист деган “шараф”га эришиб, мансаб пиллапояларидан чопқиллаб чиқиб боришаверарди. Акс ҳолда, минг чиран, Куҳи Қофни янч – фойдаси бўлмасди.

Бир азамат йигит коммунист бўламан деб, райком бюросига савол-жавобга кирипти. Шериги эшик тирқишидан қулоқ солиб турибди. Азамат йигитдан бюро аъзолари таржимаи ҳолини сўзлаб беришини сўрашибди.

— Мен босмачилар сафида бўлганимда, —дея таржимаи ҳолини сўзлай бошлаган экан, уни шу заҳотиёқ бюродан ҳайдаб чиқариб юборишибди.

— Калланг ишлайдими? – дебди шериги куюниб. – Босмачилар сафида бўлганингни айтишинг керак эмасди.

— Бошқа нима дейишим керак эди? – дебди боши қотган бўлғуси коммунист.– Ахир, тўрда қўрбошининг ўзи ўтирган эди-ку?

Ўша маҳалларда халқ орасида ярми ҳазил, ярми чин бунақа латифалар кўп эди. Айниқса, “арман радиоси” теша тегмаганларини тарқатиб турарди. Фирқалик билетларини ёстиқ остига яшириб қўйишганида ҳам уларга катта тажрибалари қўл келаверган.

Ҳозирги “Тонг юлдузи” газетасининг номи у кезларда “Ленин учқуни” эди. Биринчи саҳифадан доҳий каттароқ тангадек болалик суратидан кулибгина қараб турарди. Тўгарак юзли, жингалак сочли ёқимтой болакай. Барча газеталарнинг шиори “Бутун дунё пролетарлари бирлашингиз!”. “Ленин учқуни” ҳам мустасно эмасди – шу ёки шунга ўхшаш бир шиори бор эди.

Газета ҳафтада икки марта чоп этиларди. Иш кўп. Ўзбекистоннинг, қўшни республикаларнинг турли ҳудудларидан минг-минглаб хатлар келади. Ҳар бирига жавоб ёзиш шарт. Мазмунидан қатъи назар, бундай жавоб хатлари олган мактаб ўқувчилари уларни фахрланиб кўтариб юришарди. Тоҳир Маликнинг Т.Ҳобилов имзоси билан ёзган хатини бир қария яқинда қаердадир кўрсатувди, болалик чоғи  “Ленин учқуни”дан олган экан.

Афсуски, ҳозирги кунда юртимизда чоп этилаётган барча босма нашрларини йиғиштириб келганда ҳам ўшандаги биргина “Ленин учқуни” нусхасига тенглаша олмайди. Чунки бир миллиондан ортиқ эди!

Заҳматкаш газетчиларга яхши маълумки, бош муҳаррирдан кейин масъул котиб саналади. Материаллар тайёрланишидан тортиб то газета эсон-омон эгаларига етиб боргунча у балогардон – ўз номи билан масъул. Ёзнинг қайноқ кунларида оқ куйлаги енги тирсагигача шимариғлиқ, қишда бўйинбоғини ечмай лабида тутаб турган сигарет билан Икром Ўтбосаров “Ленин учқуни”да мана шу вазифани қойилмақом бажариб турган маҳали экан. Ишга кирмоқчи бўлган ёшларга бир ой синов даври белгиланаркан. Гулчеҳра Алибоева шу вақт мобайнида каминани  “тарбиялаб”, ишга олиниш-олинмаслигимни айтиши керак эди. Хуллас, ҳаш-паш дегунча белгиланган фурсат ўтди-кетди.

Бош муҳаррир хонаси. Гулчеҳра Алибоеванинг мен ҳақимдаги “ҳисоботи” тингланди– раҳми келганиданми, боримни ошириб, йўғимни яширди. Савол-жавобга навбат етди.

— Шеър ёзасизми? – Бош муҳаррир Жаббор Раззоқов менга синовчан нигоҳ тикди.

— Йўқ.

— Ёзувчи бўлса керак, — Икром ака гап ўрови келганида шунчаки айтгандек қистириб қўйди.

Бир ой мобайнида газетанинг адабиёт бўлими мудири, ажойиб болалар шоири Ҳамза Имонбердиев  (бугун орамизда йўқ. Аллоҳ раҳмат қилсин) билан анча иноқлашиб қолгандик. Унинг “мободо сўраб қолишса ҳикоя ёзаман, қисса ёзаман деб гуллаб юрманг,  ижодкорлигингизни билдирманг, шоир-ёзувчилар газетада иш бермайди, ижодини қилсин, дейишади”, дея қайта-қайта огоҳлантириб қўйганди. Қолаверса, синов даврида ўзим ҳам гувоҳ бўлувдим, бир-иккитаси иш излаб келишганди, “шоир экан” деб қабул қилишмаганди. Энди нима десамикан?

— Нурали Қобул ҳам тавсия этган, – Икром ака гапининг тўғри экани исботини топгандек Жаббор акага қараб қўйди.

Мен газетачилик фаолияти давомида жуда қўл келадиган катта ёлғонлардан кичикроқларини қалаштириб ташлай дедиму, нимадир тўсқинлик қилди. Қўлга тушган фашистдай индамай туравердим.

— Нурали яхши йигит, – енгил нафас олди Жаббор ака. – Унгаям айтганман, бизга яхши журналистлардан юборинг деб, майли аризасини ёзсин, кейин яна кўраверамиз.

Шу-шу Икром ака билан чиқишиб кетдик. У маҳоратли журналист, меҳрибон раҳбар. Матн­­ни ўқиётиб жаҳли қўзиб кетгандаям:

— Э, отагинам-а?! – дейишдан нари ўтмас, ўзи таҳрирлаб, номини ўзгартириш керак бўлса ўзгартириб, тахт қилиб қўяверарди.

Майда гап, ғийбат унга ёт эди. Мард, танти.

Ўқувчилик кезларимданоқ Азиз Несиннинг “Демократия шунқори” ҳикояси қаҳрамонига ўхшаб менинг дастимдан тепаликнинг қир учидаги бармоқ билан санарли хўжаликка эга қишлоғимизнинг қаламга тушмаган жойи қолмаганди. Қабристон қоровулидан тортиб боғбонгача, миробдан тортиб махсидўзгача беш-олти марталаб газетага чиққан эди. Мақолаларимда девор остида носвой капалаб ўтирган бекорчихўжалар қандайдир фидойиликлар кўрсатишарди. Тупроқ кўчаларга асфальт қўнарди. Уларни ўқиганлар ёзда туп­роқ, қишда лой кўчалар ободлигига ҳавас қилиб, бир кўргиси келиб қоларди. Қўшниси танимайдиган одамларни менинг дастимдан хатто республикада яхши билишарди.  Эсида қолган экан, кейинчалик устоз ёзувчи Солиҳ Қаҳҳор, “ҳайрон қолардим ҳар куни икки-учта янгилик бўладиган бу қанақа жой экан деб, ёзаверган экансиз-да”, деб ҳазиллашганди. Азиз Несин қаҳрамонининг “Бизнинг нарсани эртага газетада ўқийсиз” деган гаплари каминага ҳам хос эди. Мухбирлик касбига хиёнат қилмай, маҳобатни ўрнига қўя билар эдим. Ишга қабул қилинганимдан сўнг, газета йўналишидан келиб чиқиб, ёшларнинг юқори комсомол ташкилотидаги корчалонлари дирижёрлигидаги умумий хорига жўр бўла бошладим. Дориломон замонамизда таълим-тарбиядан муҳим нарса йўқлиги,  илму маърифат аҳлининг қадр-қиммати кўтарилиб, уларга ҳамма шарт-шароитлар яратиб қўйилгани, ўқитувчиларнинг юз фоиз олий маълумот олишгани, энг олис қиш­лоқдаги мактаб ҳам шаҳар мактабидан қолишмаслиги – бунақаси ўтмишда бўлмагани, октябряту пионерларга бутун дунё болакайлари ҳавас қилиши, улар порлоқ келажак коммунизм пойдеворини қуришаётгани, пахта теримидаги уюшқоқлик, пионер лагерларида “ёз ўтмоқда соз”лиги кабиларни тез орада қалаштириб ташладим.

Икром ака уларни бир-бир ўқиб, баъзи жойларига қалам теккизиб тузатар, навбати келганда саҳифаларга жойлаштирарди.

— Бўлар экан-ку! – деб қўярди баъзан мамнунлигини яширмай.

Баъзан битта-яримта мактабнинг поли ўпирилиб кетгани, пахта даласидан чиқмаётган болакайлар, қуриб бораётган Орол кабилар ҳақида жа-а танқид бўлмасаям, танқидга ўхшаб ғинғиллаб қўядиган нарсалар ёзиб бергудек бўлсам, Икром ака сигаретини чуқур тортганча бегона нарсага қараётгандек ўша қоғозга узоқ тикилиб қолар, ичида нималарни ўйлаётганини юзидаги ифодаларга қараб билиб бўлмасди. Сукунат узоқ давом этар, кейин у оғир хўрсинарди.

— Майли отагинам, — дерди уни келгуси сонга қўйиб юборадигандек. – Қичимаган жойни қашимай турайлик, ҳозирча ўзингизда тура турсин.

Бундан хабар топган тажрибали устозлар кулиб қўя қолишарди.

— Ҳали формага тушиб кетасиз! – Ҳамза аканинг эса каминага ишончи баланд эди.

Бунақа фойдасиз машғулотлар қўл қичиғини қолдиришдан ўзгасига ярамаслигини ҳамма биларди, шекилли.

Шу орада бошқа газета-журналларда бир-икки ҳикояларим чиққанига кўзи тушиб, Икром ака бош чайқагани ҳам ёдимда.

— Шоир экансиз-а?!

— Эрмак-да, – дедим айбимни яшираётгандек.

— Ничево, — деди у бепарво. – Ёзаверинг, шоир!

Бу сўзни кейин устоз Носир Фозиловдан ҳам эшитдим. У киши “шойир” дердилар. Ижодкорликнинг нуфузи шу сўзда мужассамдек эди.

Жаббор Раззоқов ҳам, Икром Ўтбосаров ҳам яхши ғояларни, ташаббусларни қўллаб-қувватлайдиган бағрикенг устозлар, ёшларга барча яхшиликларни раво кўришарди.  Жаббор аканинг ўзлари ҳам ҳикоя ёзарканлар.

— Устоз ўзингиз ҳам шоир экансизу… — деб қўярдим ҳаддим сиққанида ҳазиллашиб.

— Э мазги, — Жаббор аканинг табассуми беғубор эди. – Газета иши бадиий ижодингизни ютиб юбормасин деб Сизни огоҳлантириб қўйганмиз, холос.

Жаббор ака “Ленин учқуни”да ажойиб жамоани шакллантирганди. Устознинг умрлари узоқ бўлсин!

Баъзи кунларда ишдан кейин гоҳ Икром аканинг, гоҳ Ҳамза аканинг хонасида “тўртта гурунг” бошланар, ҳар ёқларда ризқу насибасини териб юрган Сафар Барноев, Султон Жаббор, Райим Фарҳодий сингари болалар ижодкорлари даврамизга келиб қўшилишар эди. Раҳматилла Баракаев, Туроб Юсуф деган курсдошларини, Дилшод Ражаб, Абдураҳмон Акбар сингари шогирдларини ҳам Ҳамза ака бу давраларга чорлаб турарди.

Давра қизигандан қизиб, ижод аҳли мавзудан-мавзуга кўчиб боришаётганида Икром ака илкис ҳушёр тортиб, кўрсаткич бармоғи билан тепага ишора қилади.

— Тис-с! – дейди ўша бармоғини лабига кўндаланг қўйиб. – Секинроқ, ёзиб олинади!

Барчанинг кўнглига ғулу тушади. Баъзи бирларнинг ранги оқариб, қўнишганча жим-дим бўлиб қолади. Сафар ака бепарво қўл силтайди.

— Эшитишсин деб айтяпмиз-да! – дейди атай тепага қараб, чамаси ёнғин хавфсизлиги учун қўйилган шипдаги ўртача лампичкадан кичикроқ электр ускунасига қараб. – Фикрлар шунақа туғилади, ғоялар шунақа туғилади – бемалол олиб ишлатаверишсин. Юриш-туришимиздан тортиб нафас олишимизгача билиб туришса яхши-да, ўзи шунақа қилинади, халқдан олиб халққа берилади.

Бу бошқаларга далда бўлади, юрак ҳовучлаб, тилларига калолат келганча қотганлар ҳам давра суҳбатига аралаша бошлашади. Ботинга уруғ ташлаган қўрқувнинг ваҳимаси маҳв этилгандек бўлади. Сафар аканинг бунақа нарсаларга парво қилмаслиги бу ваҳимани ичкаридан чиқариб ташлайди, уруғини қуритмасаям, кучини қирқади.

Бир куни гап айланиб, яна ўша муаммо – бадиий ижод билан шуғулланадиган одамни газетага яқин йўлатмаслик мавзуси очилиб қолди.

— Бу гапни қайси пойнак айтди? – деди ўзи ҳам наср, ҳам назмда ижод қилувчи Сафар ака аччиқланиб. – Покистонда газеталар фақат шеър билан чиқади.

— Отагинам, маҳобат қиласиз-а? – Икром ака унга ишонқирамай қаради. – Хабар, изоҳ, таъзияни қанақа қилиб шеърга солиш мумкин?

— Ҳамма гап шунда-да! – юз грамм отган Сафар ака қатъийлашди. – Қуруқдан қуруқ гапни ҳаммаям ёзаверади-да, газетачида талант бўлиши керак!

— Гонорарни қанақа тўлашади? – хаёли оғди Ҳамза аканинг. – Мана, бизда Икром ака шеърнинг бир сатрига бир сўм қўядилар.

— Қоидаси шунақа-да, — қўшиб қўйди Султон Жаббор. – Шеър ёзиш осонми?

— Уч сатргаям уч сўм, сурат остига ёзиладиган кап-катта изоҳгаям уч сўм! – норози оҳангда хитоб қилди Икром ака. – Ўзи вообше шеър бермасак ҳам бўлади!

— Ие, унда болалар шоирлари қайга боради? – Сафар ака теварак-атрофини тўлдиришган аҳли шуарога қия қараб қўйди. – Ундан кўра изоҳниям шеърга солиб чиқа­ринглар, Покистондагига ўхшаб!

— Шунақа қилса бўладими? – ўсмоқчилади Икром ака.

— Нега бўлмас экан? – деди Сафар ака. – Покистонда бўлади-ю, бизда бўлмайдими?

Навбатдаги сонда одатда Икром аканинг ўзи ёзадиган суратлар остидаги изоҳлар шеърий бўлиб чиқди. Газетхон болакайлар ҳам хурсанд, Икром ака ҳам. Изоҳ муаллифининг исм-шарифи кўрсатилмасаям, қалам ҳақи тўланади. Шу-шу Икром ака ёзган, баъзан Ҳамза ака таҳрир қилиб берган шеърий изоҳлар суратлар остини безай бошлади.

— Ана-а, айтмовдимми?! –Сафар ака ғоя муаллифи сифатида кўкрак кериб қўярди. – Яхши ижодий ташаббусларни қўрқмай ҳаётга тадбиқ қилавериш керак.

Аммо бу “яхши ижодий ташаббус”га кўп ўтмай кўз тегди.

Эрталаб шошилинч йиғилиш чақирилди. Жаббор аканинг кайфияти йўқ, қовоғи солиқ. Икром ака ишдан бўшатиладиган бўлибди. Биринчи саҳифадаги Кремль сурати остидаги “биз биламиз, ҳамма билади, Мос­к­­­­вада, Кремл­­да фалон съезд бўлади” мазмунидаги  шеърий изоҳда съезднинг рақами хато кетибди, йигирма тўртнинг ўрнига йигирма бешми, йигирма бешнинг ўрнига йигирма тўртми – ишқилиб, шунақа.

Икром акани хомуш кузатдик.

Хайрият, узоққа кетиб қолмади. У маҳалларда ҳозирги “Газета корпуси” деган машҳур бино газетачилар маҳрига тушган эди. Икром ака бир қават тепадаги “Қишлоқ ҳаёти”га ўтди.

Ҳаёт – қумсоат.

Тақдир тақозоси билан  “Халқ сўзи” газетасига ишга келиб, Икром акани таҳририятда яна учратдим.

Қарашлари, жилмайишлари ўша-ўша – аммо нигоҳи тийрак тортган, хомуш, ўйчан боқади. Таҳририятда чекиш манъ этилган – у кишигагина мумкин. Ҳалқа-ҳалқа тутунларга маъюс нигоҳини қадаганида унда юрагини ғижимлаётган дард изтироби ёлқинланади. Ажойиб инсон, дилбар шоир Ўткир Раҳмат бошчилигидаги ижодий жамоада  ҳурмати баланд эди.

Иш орасидаги қисқа суҳбатларимизда “Ленин учқуни”да ишлаган дўстларимизни эслашдик. Улар ажойиб одамлар экани билинади.  Биз уларнинг кўпчилигини бой бердик. Ё жисман, ё маънан. Ўзимиз ҳам бой берилганлар сирасидан эканимиз ёдимизга тушади. Фурсат ўтган сайин уларнинг қадри ўтади – бу оғриқли, аммо оғриқ ҳамиша ҳам фожиа саналмайди. Икром ака кутилмаган ҳаёт синовларида пишган, куйган, оловдан чиққан – самимий боқиши, “отагинам” дейиши, меҳрибонлиги ўша-ўша эди.

Ўтганларнинг ҳар бири қўлимизга кўзгу тутқазиб кетганини кўпинча англамаймиз. Унинг қандай кўзгу экани номаълум, фақат эсга олиб қараганимизда муваққат ҳодисаларни ўзгача талқин қилиб юрганимиздан хижолат чека олсак, бас. Инсон қисқа умри давомида мангуликкага даъво қилади, унга шу тариқа Абадият ато этилади – бунга инонмоқ зарур. Яратганнинг даргоҳи кенг, Аллоҳ у кишидан рози бўлсин – яхши инсон эдилар, қалбимизда, ёнимизда; ишонаман, узоққа кетмаганлар – ёруғ кунлар ҳали олдинда.

Шойим БЎТАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five + 16 =