Афсонавий шарҳловчи

Ахбор Имомхўжаев ўзбек футболининг билимдони, жонкуяри сифатида маълум ва машҳур киши эди. У ўтган асрнинг 50-йиллари сўнгида ҳали юртимизда ном-нишони бўлмаган спорт шарҳи мактабига биринчилардан бўлиб кириб келди. Ўша пайт­даги “Пахтакор” жамоасининг ўйинларини нафақат Тошкент, қолаверса, собиқ Иттифоқнинг турли шаҳарларидан радио орқали шарҳлаб, минг-минглаб мухлислар қалбидан мустаҳкам ўрин олди. Шу билан бирга Ахбор ака ҳакамлик борасида ҳам ўзининг иқтидорини намоён этиб, адолат, ҳалоллик мезонларига қатъий амал қилди. Бу унга обрў-эътибор келтирди. Ахбор ака мамлакатимизнинг қайси бурчагига бормасин эл-улус унинг соҳир овозини эшитиб, афсонага айланган фидойи инсонга ҳурмат бажо келтирди.

 

Бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Даврада Ахбор ака футболнинг бир-биридан қизиқ воқеаларини ўзгача ҳаяжон билан ҳикоя қилар экан, ҳакамликдаги ўтган асрга доир иллатларни ҳажв тиғига олган эди: яшил майдонда икки жамоа ўртасида ўйин давом этаяпти. Муросасиз бораётган баҳсда майдон эгалари ғалаба қозониш учун жон-жаҳдлари билан курашмоқда. Бироқ ҳимояда мустаҳкам рақиб бунга имкон бермаяпти. Шунда майдон эгалари вакилларидан бири ҳакамга икки бармоғини кўрсатиб, ғалаба қозонмасак бўлмайди деганида бош ҳакам икки қўлини пахса қилганча “Ўйнанглар” дея ишора қилди. Буни эшитган даврадошлар кулгига олишди. Аслида эса Ахбор ака футболдаги баъзи бир ярамас қусурларни кулгига олиш билан бирга бу ноҳақликлар айрим баҳсларнинг нохолис ўтишига сабаб­­чи бўлганини ўкинч билан ифода этган эди.

Ҳа, Ахбор ака барча соҳада, футболда ҳам ҳалоллик тарафдори бўлган. Ўзбекистон футбол федерациясининг ҳакамлар билан ишлаш қўмитасида ишлаган кезларида бу ақидага қатъий амал қилди. Ҳакамларнинг янги авлодини танлаш, тарбиялаш борасида катта кўламдаги ишларда елкадош бўлди. Натижада нафақат Тошкент шаҳри, қолаверса, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлардан ҳам иқтидорли, истеъдодли ҳакамлар тарбияланди.

Ахбор Имомхўжаев қалби тоза, кенг феълли, шу билан бирга, юксак маданият соҳиби эди. У киши ким билан   учрашмасин муомала маданиятини жо­йига қўяр, баъзи бир масалаларда ҳазил-мутойиба билан жавоб берардики, суҳбатдош ундан олам-олам таассурот олар эди.

Бир гал танишларидан бири у кишига қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўрашгач, гап бошлайди. Шунда у киши “Дўстим, авваламбор, ўзингизни таништиринг, бўлмасам сизга қизил карточка”   дегани ҳали-ҳамон эсимда. Бу билан Ахбор ака суҳбатдошига самимият билан қайсидир маънода дашном берганди.

Ўтган асрнинг 70-йиллари Ахбор аканинг турмуш ўртоғи Фарида аянинг отаси Абдусамад ака бизларникига меҳмонга келган эди. Чунки отахоннинг ўғли Абдулла ака менинг акам билан илмий йўналишда ҳамкор бўлиб, у киши падари бузрукворини Қашқадарёга саёҳат қилиб келишга юборган эди. Ўшанда отахоннинг оҳиста сўзлаши, мендек ёш ўспиринда катта қизиқиш уйғотганди. Шунда мен отахондан куёви ҳақида сўраганимда “Ахборхон ўз касбини севадиган йигит. Оилани эсдан чиқармаган ҳолда ишни ҳам дўндираяпти. Ҳатто, харбий хизматга чақиришганида катталар “Бизга бу йигит керак”, деб олиб қолишган”,— дея ҳикоя қилганди.

Инсон ҳаётда ҳеч қачон бировнинг мансаби, лавозими ёки бойлигига қараб унга яқинлашишга интилмаслиги керак. Бу йўлда ҳам Ахбор ака барчага ибрат бўлди. Қаерда, қандай маросим ёки тадбир бўлмасин, таклиф этилса, бажону-дил борарди. Иккиюзламачи, ёлғончи, иши битгунча кишига яқинлашишга интилган одамларни хуш кўрмас эди.

Ёшларни спортга, хусусан, “чарм тўпга” меҳр руҳида тарбиялар, ватан шаъни, ор-номуси учун муносиб бўлишга даъват этар эди. Тенгдошлари ва ўрта ёшдаги қадрдонлари билан “Тонг жамоаси”ни ташкил этиб, кичик майдонда копток ортидан югуришлари уларнинг танига роҳат бағишлар эди. У кишидаги мунтазам машғулот, жисмоний чиниқишга бўлган астойдил ҳаракат умрининг охирги кунларигача давом этди. Айниқса, тунги вақтда дам олиш олдидан тоза ҳавода сайр этишни одат қилиб олган эди.

“Ҳали шундай кунлар келади. Ўзбек, Ўзбекистон номи мундиал ареналарида баралла янграйди. Чунки, биз буюк бобокалонимиз Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Бобур мирзо авлодларимиз. Жанубий Америка майдонларида кучли копток зарбидан дарвоза тўрини чилпарчин қилган афсонавий Геннадий Красницкий, Биродар Абдураимов, Миржалол Қосимов, Владимир Федоров, Михаил Анни тарбиялаб дунё аренасига чорлаган, Василис Хадзипанакесдек грек ўғлонини жаҳон терма жамоаси сафида жавлон урдирган ўзига бек ўзбеклармиз”, — деган сўзлари ҳамиша қулоғим остида жаранглаб туради.

Ахбор ака ноширликда ҳам катта адабий мерос қолдирди. Унинг ўнга яқин ўқув дарсликлари, “Мафтунингман, футбол”, “Футбол қувончим-дардим”, “Ўзбекнинг Миржалоли”(икки қисмдан иборат) рисолаларини мухлислар илиқ кутиб олишди. “Асрдаги асл қадрдонларим” китоби мемуар асар бўлиб, йиллар давомида қилинган заҳматли меҳнатнинг маҳсули бўлди.

Дарҳақиқат, Ахбор ака ана шундай элда эъзозли, юртда қадрли инсон эди. Бир қўлида қалам, иккинчи қўлида ҳакамлик ҳуштаги билан бирга микрафон олдида олиб борган шарҳлари ноёб истеъдод эгасининг бебаҳо портрети сифатида қалбимизда муҳрланди. Бугун ана шу улуғ инсон ҳаёт бўлганида 87 ёшни қаршилаган бўлар эди.

Начора, ўлим ҳақ. Ҳамма ҳам эртами-кечми бу фоний дунё­­ни тарк этади. Фақат қоладигани яхшилик уруғию маънавий мерос, оқил фарзанд ва шогирдлар. Пиравардида улар берадиган ҳосил юртимизни обод, ҳалқимиз ҳаётини фаравон этажак.

Ҳусан ТЕМИРОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen + eleven =