“Хўжайинингиз келсин”

ёхуд “копток”ка айланган бемор ҳикояси

 

Ҳозир нима кўп – касалхона кўп. Ўнгга қарасанг ҳам, сўлга қарасанг ҳам касалхона. “Дом”нинг тагида ҳам касалхона, чорраҳада ҳам – касалхона. Ҳамма ёқ касалхона. Лекин… Шифохоналар кам!

Қизиқчи ҳангомаларидан.

 

Жимитгина жимжилоқнинг катта нағмалари чиқиши беморнинг хаёлига ҳам келмаган эди. Ҳамма бало орзусидаги этик харидидан бошланди. Фалон пулга “заказ” қилиб олинган этик оёқни шундай “қучоқлаб” олдики, аёлнинг кўзларидан олов чақнаб кетди. “Олаверинг, кожа, ташийди. Тем более… ўзингиз буюртма бергансиз. Возврат йўқ!” Чала хушмуомала интернет-сотувчи билан тортишиб ўтиришни ўзига эп билмаган аёл этикни кўтариб, уйи­­га қайтди. Билган усулларини қўллаб, оёқ кийимини ўзига мослаштиришга ҳаракат қилди. Эртаси куни “гап”га алламбало этикни кийиб бориб, бир хурсанд бўлди-ей. Гўё йиғилган хонимлар унинг этикларини кўриб, ҳавасдан ёниб кетаёзгандай эди.

Уйга қайтгач, ўнг оёғининг жимжилоғи қизариб қолганини пайқамади. Оғриқни ҳам ҳис қилмади. У ахир орзусидаги поябзалга эришган, қолган ноқулайликлар эса ўткинчи деб билди. Кунлар қувлашмачоқ ўйнаб ўтар, жимжилоқ ҳам борлигини сездира бошлади. Бир ойга қолмай қизариб-бўзариб, шишиб кетди. Аёл шифокорга мурожаат қилганида иш тагига олиб бўлган эди…

Азизим, айтинг-чи, шифокорга ишингиз тушса, таниш-билиш қидириб қоласизми? Ёки бирор ишончли одамдан ишончли докторнинг манзилини олишга ҳаракат қиласизми? Менимча, шундай. Аёл ҳам тавсияларда алқанган, тажрибали, олий тоифали, турли сертификат ва дипломлардан деворлари лиққа тўлган шифокорнинг ҳузурига борди. “Вой-вой-вой, — деди доктор ярани кўздан кечириб. — Ўтказиб юборибсиз-ку! Эртага операция!”.

“Яхшиларнинг борига шукур, тезгина бўлди бу ёғи. Кўрмагандай бўлиб кетаман”. Сўнгги йиллар давомида уч марта мураккаб жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган, очиқ юрак операциясидан “бутун” чиққан аёл учун жимжилоғидаги жарроҳлик жимитгина, ихчамгина муолажа мисоли тасаввур уйғотди.

Врач камгап, жиддий инсон экан. Салобатига аллақандай виқор бериб турган ялтироқ ҳошияли кўзойнаги, ўткир нигоҳи, дўрилдоқ овози бемор қаршисида гўёки Ўзбекистон шификорларининг пири-комили, устозларнинг устози гавдалангандек таассурот уйғотди. Хлор ва озодалик иси уфуриб турган жарроҳлик хонаси тиббий асбоб-ускуналар товуши, ходимлар шивир-шивиридан жонланди.

Укол урилиб, устида бомба портласа ҳам сезилмайдиган оёқдаги яра очилди. Аҳвол чатоқ. Йиринг жимжилоқнинг суягини емириб,   тўпиққача борган эди. Жимитгина жимжилоқ ампутация қилинди. Яллиғланган мушаклар олиб ташланди.

Операция жараёнида индамас жарроҳнинг тилга кириши машъум хаёллар исканжасида қолган аёлни бироз тетиклаштирди. Врач погон таққан масъул ходимлар каби аёлнинг кимлиги, қаерда ишлаши, аввал қайси шифокорлар қўлида ва қаерда даволанганини сўраб-билди. “Бу ерларга қандай келиб қолдингиз?” дея яна қизиқди врач. “Сиз соҳангизнинг энг, энг, энги экансиз. Фалончи Писмадончиевич тавсия қилганди”.

Бир-икки кун қандай ўтди, аёл билмади. Хаёллари ҳар томон кузак хазонларидай тўзғиган. Муолажалар давом этар. Аммо врачнинг чиройи сира очилмасди: “Хўжайинингиз келсин”, – деди жиддий қиёфада у. “Кеча ҳам чақиртирган эди. Ўзимга ҳеч нима демайди, нуқул бу кишимни сўроқлайди. Майли, бир гап бўлар…”

Аёлнинг турмуш ўртоғи оддий одам, қувлик-шумликдан бехабар, соддадил инсон. Шифокор нима деса, барини етказди. Миллион-миллион сўмлик дорилар харид қилинди. Шифокорнинг меҳрибонлигини қарангки, “Шаҳар бўйлаб дори ахтариб юрманг” деб ҳар сафар амакининг қўлига аптеканинг телефон рақами, кимга учраши ёзилган қоғозни тутқазар эди. У ердагилар эса “Яхшиям бугун келдингиз, эртага нархлар яна ҳам ошарди”, деб унинг дилига оро киришарди.

Аммо-лекин Тошкенти азимда топиб бўлмас яна бир дори бор экан. “Хўжайинингиз келсин” тадбирининг навбатдаги қисмида амакининг қўлига “Фалончи хоним. Фалон рақам. Фалон дори” деб битилган бир парча қоғоз тутқазилади. Фалончихон телефон гўшагининг нариги томонидан ширали овози ила “заказ”ни уч-тўрт соат ичида етказишини айтади. Амакининг “Бунча кута олмайман, аптекангиз манзилини айтинг, бориб олиб келаман” деган илтимоси муаллақ қолади. “Вой, додажон, клиникангизга шахсан олиб бориб бераман. Бир миллион етти юз минг сўмни тайёрлаб турсангиз, бас!” деган садо келди. Танг аҳволда қолган амаки “Тайёр, тайёр пули” деганини ўзидан бўлак ҳеч ким эшитмади. Қарз дафтарига эса яна бир сатр қўшилди.

* * *

Ҳа, биз тайёрмиз, доим тайёрмиз. Соғлиқ деса, саломатлик учун нима дейишса, неча пул кетса ҳам тай-ёр-миз! Баъзан оқ халатлиларга шу қадар ишонамизки, алданиб турганимизни, калака бўлаётганимни, сунъий пайсал домига тушиб, вақтимиз қуруқ витаминлар истеъмоли билан ўтаётганини билсак ҳам тан олмаймиз. Ахир – тиббиёт сиз ва мен билмайдиган соҳа. Билмаган оламингнинг паст-баландини англаш мумкинми?! Нина тиғи кунда “минг” марта аъзои баданингни тешиб турса, ҳап-ҳап этиб ҳовуч тўла дори ичсанг… Сунъий хушмуомалани урф қилиб олган ҳамширалар гирдикапалак бўлса. Уларга ишонмай, кимга ишонсин оддий одамлар? Буниси етмагандай шифокорлар партизандай гап.   Бири-бирининг айбини, камчилигини ёпиб кетади. Бирортаси хато қилса, қолганлари ўша хато ошкор бўлмаслиги учун ҳужжатлару кўрсатмаларни “куф-суф” қилиб янгилаб қўядилар. Бу гапларни осмондан олганимиз йўқ. Ҳаммага маълум ҳақиқатлар-ку бу. Тўғри, ҳаммани бирдек қоралаш ўтакетган нодоннинг иши. Аммо баъзан шифокор деган улуғ номни булғаган, “Вақтинг келди, сур бегим” қабилида ишлайдиган нопок тиббиёт ходимлари ҳам кам эмаслиги бор гап.

* * *

…Орадан бироз вақт ўтиб амаки клиника дарвозаси томон борди. Бу ерда уни лаблари ўрдакмисол чўччайган, тим қора жингалак сочлари хипча беллари узра тўлғонган икки қиз қарши олди. “Аптекачига ўхшамайди-ю булар” хаёлидан ўтказди амаки. Дунёнинг ташвишларидан бехабар шаддод қизлар пулни санаб олганларидан сўнг хумор кўзлари каби қоп-қора “Каптива”га ўтириб, шаҳарнинг тор кўчаларида ғойиб бўлишди. Амаки яна бир қимматбаҳо дорини олганча палата томон шош­ди (Таъкидлаш жоизки, бу дори асли енгил яраларга қўйиладиган, жараённи вақтинча тўхтатиб туришга ёрдам берадиган восита – ёпишқоқ қоғоз эди. Унинг бир-икки соатдан ортиқ йирингли яра устида қолиб кетиши инфекциянинг урчишига сабаб бўлар экан. Амаки олиб келган бошқа воситалар ҳам даволовчи эффекти суст, биоактив модда ёки турли витаминлар сингари муҳим дорилар қаторидан четдаги матоҳлар эди. У буни қайдан билсин).

“Хўжайинингиз келсинлар” маросимининг навбатдагисида амаки бемор аёлини ногиронлар араваси-ю машиналарга солиб алоҳида кўрсатилган манзилдаги шифокорнинг қабулига олиб бориб, аллақандай қиммат аппаратга солиб қайтди. Даволовчи шифокор янги ташхисларни кўздан кечириб “Гангренани тўхтатиш учун оёқ томирларни очиш керак” деб, яна бир манзил ва “зўр” мутахассис исми қайд этилган қоғозни тутқазди. Сарсон бемор минг бир азобларни енгиб врач ихтиёр этган мутахассис билан кўришди.   Мутахассис йигитча касаллик тарихини ўрганиш қаторида аёлнинг турар-турмуши, топиш-тутиши, аввал қаерларда, кимларда даволанганини сўради. Сўнг аёлнинг рангпар ҳолига раҳми келгандек, “Ҳавотир олманг. Ҳозир бизда ётсангиз, кечқурунгача оёқ томирларингизни очиб операция ўтказиб оламиз. Кечаси яна аввалги шифохонангизга жўнаб кетишингиз мумкин, – деди. – Хизмат ҳақимиз йигирма беш миллион сўм”.

Оғзининг бир четидан “пуф” этиб чиқиб кетган пул миқдори аёлнинг юзига тарсаки мисол урилди. Эр аёлини аравада судраб ташқарига олиб чиқди: “Ўйлаб кўрамиз.”

* * *

Бугун Тошкентнинг ўзида юзлаб хусусий клиникалар фаолият юритяпти. Турли тиббий маслаҳатхоналар, махсус йўналишли ихчам касалхоналар, хилма-хил хизмат турларининг фаолияти янада кенгайиб бормоқда. Қувонарли жиҳати шундаки, сиз истаган вақт истаган йўналишдаги врачнинг қабулига бемалол кира олишингиз мумкин. Бир клиниканинг ўзида хориждан келтирилган замонавий тиббий техникалар, муолажа хоналари, ошхонаю дам олиш хоналаригача муҳайё.   Эътибор берган бўлсангиз юртимизда тиббий лабораториялар империяси ҳам яратилган. Авваллари биргина қон таҳлили учун турар-жойингиздаги поликлиникаларда турнақатор навбат кутишга тўғри келарди.   Ҳозир деярли ҳар қадамда лаборатория марказлари фаолият юритяпти. Улар орасида мураккаб таҳлил талабларига жавоб берадиганлари оз эмас. Бу жуда қувонарли. Аммо баъзи хусусий лабораторияларнинг хизматлари дори-дармонлар учун кетган харажатлардан ҳам ўтиб тушади. Улар билан ҳамкорлик қилаётган “ишбилармон” врачлар беморни керак-керак бўлмаган лаборатория таҳлилларига йўлланма бериб, “Қарс икки қўлдан чиқади” қабилида йўл тутаётганлари ҳам рост. Соддалигимиз баъзан лақмаликка айланаётгани кимлар учундир қўл келяпти.

Хусусий клиникалар ўз рекламаларига катта эътибор қаратадилар, бу борада маблағ аямайдилар. Тўғри, реклама тижоратнинг етакчи кучи   саналади. Бас шундай экан, бугунги тиббиёт ҳам тижорат либосини кийиб олган оппоқ малакка айланганини тан олиш жоиз. Тижорат бор жойда эса рақобат ҳам бўй кўрсатмай қолмайди. Тиббиётдаги рақобат эса кимларнингдир чўнтаги учун эмас, аввало, халқимизнинг саломатлиги учун хизмат қилиши даркор.

Эътибор берганмисиз, хусусий тиббиёт марказлари жуда шинам, тоза-озода бўлади. Врачлари шошмай ишлайди. Сабаби, уларнинг остонасида оилавий поликлиникалардан фарқли, 40-50 нафарлаб кутиб турган беморлари йўқ. Инчунин, сизни обдон тинглашади. Аммо ҳушёр бўлингки, тажрибали, жилла қурса олий ўқув юртини муваффақиятли тамомлаган шифокорга учрасангиз хўп-хўп. Акси бўлса, бир қабулнинг ўзида ўртамиё­­на докторни “фош” этолмай анча-мунча маблағингиз, вақтингиз, соғлиғингиз кетар экан. Сизни врач хонасининг деворларини тўлдириб турган турли сертификат ва ҳужжатлар, диплом ҳамда ишонч қоғозлари чалғитиши мумкин (Аслида бу қоғозларни ҳеч ким ўқимасаям керак). Врачларнинг беморлар ва у-бу таниқли санъаткорлар билан кулиб тушган суратлари ҳам деворда гулқоғоздай тобланади. Ўйлаб қоласан киши: ростдан ҳам суратдагиларнинг бари шифо топиб кетганмикан? Ёки бу ҳам сериаллар сингари ўйлаб топилган, чалғитувчи усулми?

Кўп кузатдим. Вилоятлардан шифо излаб келган беморлар пойтахтнинг турли хусусий клиникаларини “ишғол” қилишган. Қаерга ҳам боришсин? Ҳали-бери пойтахтдан нари ҳудудлар, йирик шаҳарлардан чекка масканларда тиббиёт хизмати қониқарли бўлмаса керак. Олис туман марказлари ва қишлоқ тиббиёт даргоҳлари фақатгина фидойилар, универсал, маҳоратли ва тажрибали тиббиёт ходимларига суяниб тургани сир эмас. Чекка ҳудудларнинг чекига тушган “кўргиликлар” ҳақида соатлаб гапириш мумкин. Зеро, бу масалада юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ижросига умид боғлаб қолишдан ўзга чора йўқ. Қишлоқнинг ҳокисор   шифокорлари ҳеч нима даъво қилмайдилар, ойлик маошларини вақтида бериб туришса бас. Улар кеч соат бешгача эмас, кечаси ҳам, сўфи азон айтиб улгурмаган саҳар мардонда ҳам хизмат бурчларини бажаришга шай бўладилар. Дори-дармон, тиббий асбоб-ускуна, хизмат машиналарининг танқислиги фаолиятлари учун тўғаноқ бўлолмайди. Уларнинг ихчам хоналарида совутгичлар йўқ, “ҳувиллаган” деворларида йил тақвимидан ортиқ хеч нима кўрмайсиз. Қишлоқ аҳли каби самимий ва содда тиббиёт ходимлари сизни “пулкетар” кўриклару турли таҳлил лабораторияларига сарсон қилмайдилар. Шароитингизга яраша муолажа қилиб, жиддий муаммо кўрсалар шаҳарга боришни маслаҳат берадилар, холос. Фидойилик ҳукм сурган бу   манзилларнинг сароймонанд биноси йўқ. Етишмовчилиги етти осмонга етади. Аммо у ердан таралаётган савоб нури ҳали кўп беморларни оёққа турғазишга етади.

Шукурки, бутун республикамиз бўйлаб ҳалол, олижаноб, малакали шифокор ва ҳамширалар жуда кўп. Бурч ва масъулиятни устун билган, беморлар олдидаги хизматни нафсидан улуғ санаган тиббиёт ходимлари аксарият кўпчиликни ташкил қилади. Акс ҳолда… акс ҳолда порахўрлик, таъмагирлик ва ёлғон исканжаси ёш авлодни ҳам ўз домига тортиши ҳеч гап эмас. Бу “юқумли касалликлар”нинг давоси эса жуда мураккабдир.

* * *

…Аёл ногиронлар аравасига михланганча жим ўтирар эди. Эри, фарзандлари “пул топилади” деб тинчлантиришга уринишди. Аммо уларнинг таскинлари кор қилмади. Пул топилар, ишонч-чи? “Сен шуларга ишондингми? Оёқ қон-томирларини очишдан аввалги муолажалар, текширувларнинг мукаммал бўлишига кўзинг етадими? Хўп, булар-ку ишини юмалоқ ёстиқ қилар… палатангга қайтиб борарсан ҳам. Жиддий доктор яна ва яна “Хўжайинингиз келсин” демаслигига кафолатинг борми? Яна “копток” бўлиб турли клиникалар, лаборатория хизмати, топиб бўлмас дорилар оламида тўп бўмаслигингга ишонасанми?” Аёл сергак тортди. Атрофга назар ташлади. Йўлакдаги ўриндиқларда ўтирган ўзи каби беморларга нимадир дегиси келди. Нималардандир огоҳ этгиси келди. “Сиз ҳам “копток” бемормисиз?” деб ҳасрат қилгилари келди.

Касални таг-томири билан даволаш ўрнига (гормонал препаратлар ёрдамида) ўн кунлик, бир неча ойлик таъсир кучига эга муолажаларга алданган шу аёл кабилар додини кимга айтсин?! Тўғри, ҳамма шифокор ўз йўлича, ўзи танлаган усулда даволаш жараёнини белгилайди. Аммо улар орасида беморнинг қайта-қайта ташрифидан манфаат кўраётганлари озми? Бор, етарли. Ҳамма билади бу ҳақиқатни ҳам. Аммо айтгани, танбеҳ бергани андиша қиламиз. Камдан-кам ҳоллардагина расмий шикоят билан юқори ташкилотларга мурожаат қилишимиз мумкин. “Бу ёғига огоҳ бўламан, бу расво докторнинг олдига бош­­қа келмайман” деб ўзимизни овутамиз. Сохта шифокорларнинг қармоғига ўзимиз каби содда беморларнинг яна кўп бора илиниши билан эса ишимиз бўлмайди. Ахир, ҳамма ўзи учун ўзи жавоб беради-да. Аслида эса тан олишга мажбурмиз,   лоқайдмиз. Бефарқлик ҳукм сурган муҳитда эса яралар албатта йиринг боғлайди, сўнг суяк-пуяк билан чириб тушади…

Баъзан тиббиёт ҳам хусусийлашиб, давлат ихтиёридан, назоратидан бутунлай четга чиқиб қолгандек таассурот уйғотади. Тўғри, хусусий клиникалар малакали шифокорлар, замонавий техника, лаборатория билан қувватланган. Нуфузли тиббиёт даргоҳларида хорижда таълим олган ва тажриба орттирган шифокорлар хизмат қилмоқдалар. Уларнинг моддий манфаатдорлиги ҳам ёмон эмас. Меҳнатга яраша пул топишнинг айби йўқ. Аммо ҳалолидан бўлсин! Касбини шарафлаган, виждони уйғоқ шифокорлар орасида илдиз отиб олган “курмакларни” тозалаш фурсати аллақачон етган. Беморларни соғин сигирдек кўриб, “копток” қилиб бир-бирларига оширишлари — на динга, на диёнатга ва на ўзбекчилигимизга тўғри келади. Баъзи хусусий клиникаларда ишлаётган савиясиз, илми суст, касбий малака ва маҳорати оқсаган шифокорларни ким назорат қилади? Бу ваколатга эга ташкилотларнинг ҳисоботлари билан танишсак зиён бўлмас эди. Токи, “мушугини ҳеч ким “пишт” демайдиган сохта врачлар қўлида қанча инсонлар, яқин-биродарларимиз нобуд бўлишганлари сабоқ бўлиши керак эмасми?

* * *

Аёлнинг ҳоли не бўлди, дерсиз? У ўзи яхши билган, бир неча бора синовлардан ўтган шифокорлари ҳузурига чоғланди. “AKFA MEDLINE” шифохонасига! Уларга аввалроқ мурожаат этмагани учун ўзини койиди. Аёл юртимиз ва хорижий давлатларга донғи кетган бу шифохонада юрак жарроҳлиги, уйқу қон томирлари операциясини бошидан ўтказгани, малакали врачлар қўлидан шифо топиб кетганини унутиш мумкинмиди? Шу куннинг ўзида беморнинг тўпиғигача ёйилиб кетган гангрена   очилди. Атрофга тарқалган бадбўй ҳид, ўлимтик, қорайган мушаклар, чала-ярим қилинган ампутация ўрни… Врачлар   кимларнингдир хатосини жимгина тозалашди. Бир соат, икки соат… Фақат “Ким қилди оперцияни?” деб сўрашди, холос. Юқорида айтганимиздек, шифокор зоти партизандек гап экан. Улар тилларига маҳкам… Шуни билдим. Ва яна билдимки, синалган дўст каби, синовдан ўтган шифокорларнинг этагидан маҳкам тутиш керак экан. Илмни, малака ва бурчни муқаддас санаган, сизнинг дардингизни ўзиники билган асл шифокорлар – ҳазрати Шифокорлар жуда кўп. Улар-да манмансирамайди. Улар олқишлардан, шов-шувлардан йироқда. Улар ҳақида кам ёзишади, кўрсатув ва эшиттиришлар кам. Ва улар бунга муҳтож ҳам эмас. Биз сатанг санъаткорларни, олифта хонимлар ҳаётини ағдар-тўнтар қилаётганимизда, жамиятимиз учун ҳалол меҳнат қилаётган ҳақиқий қаҳрамонлар четда қолади. Бу бизнинг яна бир хатомиз. Ҳар куни иш вақтини кимнингдир оғирини енгил қилиш учун сарфлайдиган, бемори билан жон олиб жон берадиган, яна ўша беморларини тузалгунича кузатиб, алал-оқибат йиллар давомида таътилга чиқмаган, қўл учида ишлашдан ор қиладиган шифокорлар бор бўлишсин, соғ бўлишсин! Зеро, бундай шифокорлар инсон тақдирини “копток” қилишни жиноят санайдилар. Жиноят эса бу дунёда, бу дунёда бўлмаса, у дунёда, албатта, жазосиз қолмайди!

Яшнар МЎМИНОВА,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty − 15 =