Қалбим тоғларда қолди

Туроб НИЁЗ

Муаллиф ҳақида: Туроб Ниёз — 1959 йилда Ғаллаорол туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида таҳсил олган. “Муҳаббат осмони”, “Гуллаган боғлар”, “Муҳаббат гуллари”, “Очиқ юрак”, “Кўнгилга мурожаат:”, “Уммон юрак” номли шеърий китоблар муаллифи.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

УМР

Тоғларимнинг янтоғи

Менга гулдай кўринар.

Уларда ўтган чоғим

Тушда тинмай кўринар.

 

Мен шаҳарга кўникдим,

Қалбим тоғларда қолди.

Шеър – тақдирга йўлиқдим,

Бутунлай ақлим олди.

 

Умр эса ўтмоқда

Шамолдай шитоб билан.

Янги тонглар отмоқда

Энг кўҳна офтоб билан.

 

НАЗМ ҚИЛГАЙДИР

Гуллар ҳавас билан таъзим қилгайдир,

Қуёш, ой ҳайратда разм қилгайдир.

 

Юлдузлар тунлари тўймасдан боқар,

Қувончдан энтикиб, базм қилгайдир.

 

Шоир назар солса унга баногоҳ,

Сочдан тирноққача назм қилгайдир.

 

Кўзларимга раҳмим келмоқда жуда,

Бу ҳуснни қандай ҳазм қилгайдир?

 

ОНА ТИЛИМ

 Сен туғилган куни қайта туғилдик,

Халқ номини олдик сен сабаб бўлиб.

Қайтадан қувончга, бахтга йўғрилдик,

Кўксимиз фахрга кетди-ку тўлиб.

 

Орадан ўтса-да қанча асрлар,

Асло эскирмадинг, бординг ёшариб.

Тутдайин тўкилди сонсиз қасрлар,

Сен эса дарёдай оқдинг жўш уриб.

 

Навоий бобомиз миниб ғайратга,

Англатиб қўйди-ку сеҳру қудратинг.

Уни ўқиганлар қолди ҳайратда,

Қоядай юксалди обрў, ҳурматинг.

 

Аммо ғанимларинг эди саноқсиз,

Йўлингни тўсдилар қароқчи мисол.

Борлигинг уларга келарди малол,

Бир-бир айтаверсам, қайғунг адоқсиз.

 

Ниҳоят сенинг ҳам кулди омадинг,

Давлат тили бўлдинг – ушалди армон.

Ёвларинг қўлида хор бўп қолмадинг,

Элим дардларингга бўлолди дармон.

 

Ҳали ҳам йўлингда учрар ғанимлар,

Улар танимайди ўз онасини.

Ўзга оналарга қучоқ очурлар,

Бир кун англармикан бу хатосини?!

 

Лек сени суяди элим нақадар,

Сен учун аямас ҳатто жонини.

Ахир бу дунёда бўлмасанг агар,

Ким ҳам билар эди ўзбек номини!

 

ОДАМЛАР

Бир-бирига ўхшамас улар,

Аммо бари меҳрга ташна.

Меҳр берсанг шод бўлар, кулар,

Юз-кўзлари кетгайдир яшнаб.

 

Ишонч билан қўлин узатгай

Кўтаргайдир ҳаттоки бошга.

Меҳр билан умрин безатгай,

Ҳавас қилиб ўтгай қуёшга.

 

ЎЙИНЛАР

 Қувноқ болалигим ёдга солар ёз,

Бир-биридан қизиқ ўйинлари кўп.

Уларни ўйнашга вақт ҳам эмас оз,

Айниқса, қўлимдан тушмас эди тўп.

 

Таом емоққа ҳам тополмасдим вақт,

Ўйинлар ўзига чорларди тинмай.

Ҳа, улар ўшанда экан шодлик, бахт…

Мен эса ўйнардим эътибор қилмай.

 

БАҲОР ВА СЕН

 Баҳор билан эгизакдирсан,

Ўхшайдирсан унга нақадар.

Уни ҳар кун эслатгайдирсан,

Баҳор эса сени эслатар.

 

Баҳор кириб келиши билан,

Боғлар бирдан кетади яшнаб.

Сен ёнимда бўлишинг билан,

Руҳим гуллар боғларга ўхшаб.

 

Қалдирғочлар, булбуллар келар,

Мовийлашар осмон тобора.

Менинг эса юрагим кулар,

Ёнимдасан яна бир бора.

 

Яшил тоғлар, ўрик гуллари,

Яйратади қалбу кўзимни.

Гулгун юзинг, тоза дилларинг

Шеър қилади ҳар бир сўзимни.

 

Тошқин дарё, сойларга боқиб,

Жўшиб кетар сокин ҳисларим.

Бир қарашда вужудим ёқиб,

Келтирасан ялпиз исларин.

 

Мен англадим: сен ҳам, баҳор ҳам,

Гўзалдирсиз – ўхшашлик шундан.

Сизлар борки, келмас қайғу, ғам,

Миннатдорман ҳар ўтар кундан.   

 

ОТ МИНГАНЛАР

 Бугунги йигитлар отлардан кўра,

Жонсиз машинани севарлар кўпроқ.

Уларни айблаб бўлмайди сира,

Тезкор замон билан ҳамқадам, ўртоқ.

 

Лек қалбни тарбия қилади отлар,

Уларни минганлар мард бўлиб ўсгай.

Ватанга хавф солса гар душман, ётлар,

Улкан қоя янглиғ йўлларин тўсгай.

 

МАЛОЛ КЕЛМАЙДИ

 Она тилимизда бирор чет эллик

Сўзласа, қувончим етгай осмонга.

Бош ерга теккунча қилурман қуллуқ,

Раҳматлар айтарман ўша инсонга.

 

Чунки тилимизни яхши кўраман,

Ота ўз боласин севгани мисол.

Лозим бўлса, у деб фидо бўламан,

Бу менга заррача келмайди малол.

 

ЮКСАЛАР

 Янтоқнинг илдизи узун бўларкан,

Ер ости сувига тураркан тегиб.

Шундан на чанқаркан, на-да сўларкан,

Ўсаркан ғоз каби кўкрагин кериб.

 

Сенинг ҳам, ватаним, оташин меҳринг,

Юраклар тубида отгандир илдиз.

Ул сабаб ҳеч қачон тушмагай қадринг,

Аксинча, юксалар мисоли юлдуз.

 

ГАЗЕТА ҲИДИ

 Газетанинг ҳиди бўлар бошқача,

Босилиб қўлингга олган чоғингда.

Яйрайди оёқдан токи бошгача,

Юргандек бўласан Эрам боғида.

 

Ноннинг ҳидига ҳам ўхшаб кетади,

Ўхшайди гулларнинг атирларига.

Ҳар бир ўқиганни хушнуд этади,

Яшайди журналист сатрларида.

 

БЕКОРГА КЕЛМАБСАН

 Яхши китоб ёзсанг, қилсанг кашфиёт

Ё ҳал этолсанг юрт муаммосини,

Одамлар қувончин айласанг зиёд,

Доим ола билсанг эл дуосини.

 

Бекорга келмабсан, демак, дунёга,

Демак, яшаганинг бўлмабди хато.

Интилиб яшабсан, тинмай зиёга,

Ишларинг қўллабди доимо Худо.

 

КУЗ 

Олтин тангаларга ўхшар япроқлар,

Дарахт уларни ҳеч тўккиси келмас.

Худди боласидай севиб, ардоқлар,

Қайғу уммонига чўккиси келмас.

 

Аммо куз бешафқат – аямайди ҳеч,

Баргларни битталаб териб олгайдир.

Дарахт ухлолмайди – бедор эрта-кеч,

Фақат шохи қолган – ўйга толгайдир.

 

Нималарни ўйлар – билмайман буни,

Балки япроқларин соғинмоқдадир.

Лек овутолмайман, минг афсус, уни,

Кузнинг қилмишидан оғринмоқдадир.

 

Кузнинг ўзида ҳам йўқдир ихтиёр,

У ҳам бўйсунади Ҳақнинг ҳукмига.

Қишдан ўтиб олса, дарахт бахтиёр,

Япроқлар кўрк қўшар яна кўркига.

 

ЁРНИНГ  ВИСОЛИ

 Юрагинг дукиллаб уради бирдан,

Ловуллаб ёнгайдир олов мисоли.

Кўзларинг қамашар илоҳий нурдан,

Ахир жуда яқин ёрнинг висоли.

 

Ўзингни нақадар бахтли сезасан,

Онгу шуурингда унинг хаёли.

Энди ерда эмас, кўкда кезасан,

Ахир жуда яқин ёрнинг висоли.

 

Ниҳоят умидлар очилди гулдек,

Тамом қуриб битди ҳижрон ниҳоли.

Юраклар юракка яқин бўлгандек,

Ахир жуда яқин ёрнинг висоли.

 

ҲАВО ТОЗА, ОСМОН МУСАФФО

 Юрагим зирқирар тутунни кўрсам,

Чанг кўкка учганин гувоҳи бўлсам,

 

Нохуш ҳид, исларнинг домида қолсам,

Ҳаво тоза бўлсин, осмон мусаффо.

 

 Инсоннинг соғлиғи  муҳим нақадар,

 У соғлом, бақувват бўлмаса агар,

 Чеккани аламдир, кўргани – зарар,

 Ҳаво тоза бўлсин, осмон мусаффо.

 

 Дарахт, ўт-ўланлар  –  гўзаллик, нажот,

 Улашар бизларга соф ҳаво – ҳаёт,

 Уларсиз табиат хароба, барбод.

 Ҳаво тоза бўлсин, осмон   мусаффо.

 

 Кимдир ахлат ташлар топ-тоза сувга,

 Дарахтзор кесилиб, чўлдир бир кунда,

 Заводлар газ пуркар тинмай очунга,

 Ҳаво тоза бўлсин, осмон  мусаффо.

 

 Табиат ўч олса, бўлгайдир ёмон,

 Бундан эҳтиёт бўл, огоҳ бўл, инсон,

 Десанг гар заминда бўлайлик омон,

 Ҳаво тоза бўлсин, осмон мусаффо.

 

ШЕЪРЛАРИМ 

Шеърларим – изларимсиз,

Баҳорим, ёзларимсиз,

Энг яқин сўзларимсиз,

Шеърларим  – изларимсиз.

 

Суянган тоғларимсиз,

Зулматда моҳларимсиз,

Дардларим, оҳларимсиз,

Шеърларим – изларимсиз.

 

Туғилдингиз тонгларда,

Энг қувончли онларда,

Нур сочгайсиз онгларга,

Шеърларим – изларимсиз.

 

Орттирганим – бойлигим,

Энг гўзал, чиройлигим,

Сизга севгим лиммо-лим,

Шеърларим – изларимсиз.

 

Сиз вафоли, содиқсиз,

Жонимдан ҳам ортиқсиз,

Кўкдан ноёб тортиқсиз,

Шеърларим – изларимсиз.

 

Сизни севса бошқалар,

Кўзларимга ёш келар,

Кўнглим қуёшдай кулар,

Шеърларим – изларимсиз.

 

   * * *

Она халқим, меҳрингсиз

На шоирман, на тирик.

Силасанг қанча бошим,

Бўлурман шунча суюк.

 

Сен бўлмасанг, шеъримни

Ким ўқийди, ўзинг айт?

Ҳаттоки келмас илҳом,

Ёзолмасман бирор байт.

 

Хуллас, шоир бўлишим

Ўзингга боғлиқ фақат.

Сенсиз кўнглимга сиғмас

На шеър, на-да бу ҳаёт.

 

КЎЗ ТЕГМАСИН ДЕБ 

Товуснинг патлари нақадар гўзал,

Кўзларинг яшнатар – агар қарасанг.

Аммо овозини эшитган маҳал,

Мунча дағал деган ўйга борасан.

 

Балки бу дунёда яралган маҳал,

Товус патларига берилса-да зеб,

Овози атайлаб этилмиш дағал,

Уларга мабодо кўз тегмасин деб.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 − four =