Бобур бобомиздан олгин нур, зиё…

Тўлқин ЭШБЕК

Муаллиф ҳақида:
Тўлқин Эшбек — 1963 йили Иштихон туманида туғилган. 1985 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетини тамомлаган.
Унинг “Таҳририят ишини ташкил этиш” (2001), “ОАВда реклама санъати” (2003), “Ахборот хизмати: ишлаш усуллари ва тамойиллари” (2009), “Мафкура майдонида ахборот-психологик хавфсизлик” (2011), “Ахборот-психологик хавфсизлик: назария ва амалиёт” (2013) ўқув қўлланмалари, ҳаммуаллифликда “Жаҳон журналистикаси тарихи” (2008), “Очиқ ахборот тизимларида ахборот-психологик хавфсизлик” (2013) дарсликлари ва “Журналистика, маънавият, жамият” (2010) рисоласи чоп этилган.
Адиб ва публицистнинг “Жигарбандлар” (1992), “Шабада эсган кун” (1993), “Қишлоқлик бола қиссаси” (1994), “Жайдари ҳангомалар” (1996), “Адашган қиз қисмати” (2000), “Ҳаёт карвонлари” (2005), “Самарқанд фарзанди” (2020), “Олимнинг беқиёс олами” (2020), “Ўзбекнинг ёмони бўлмайди” (2020), “Икки аср одами” (2022), “Коррупциясиз ҳаёт завқи” (2023), “Генералнинг мангу юлдузи” (2023) деб номланган нас­рий ва шеърий тўпламлари китобхонлар қалбидан жой олган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Адабиёт соҳасидаги Усмон Носир мукофоти лауреати (1993), 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига биноан “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

 

БОБУР МУНОЖОТИ

Жонажон Ватанимиз миллий ривожланишнинг янги босқичига — Учинчи Ренессанс даврига қадам қўяётган, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар юз бераётган бугунги кунда Бобур Мирзонинг бебаҳо меросини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш янада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин  Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қароридан.

“Ўн икки ёшдан кейин рамазон ҳайитини бир ерда икки бор қарши олмоқ Бобурга насиб этмади – умри мудом от устида, жангу жадалларда, сиёсат гирдобларида ўтди”.

Хайриддин Султоннинг “Бобурийнома” асаридан.

 

* * *

Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди,

Ҳар ишники айладим, хатолиғ бўлди.

Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,

Ё раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди?..

Заҳириддин Муҳаммад БОБУР.

 

Толеъ йўқи, бошимға бўлди балолиғлар,

Танамгамас, дилимга тошти яролиғлар.

 

Бир ён Қисмат қавоғидан урса қор ила дўл,

Кўнглима ҳеч раҳм этмади қоши қаролиғлар.

 

Ахсисойда отам ила чўкди болалигим,

Шу-шу унутдим не ўзи дили оролиғлар.

 

Тағойилар панд берганда етимлик ҳолима,

Отамдан сўнг тутдим яна мотамсаролиғлар.

 

Темур бобомнинг бешинчи авлоди бўлсам-да,

Шоҳ ўғлига тақдир раво кўрди гадолиғлар.

 

Тенгримга боз шукр айладим, саёқни доим ҳам

Таёқ ила сийламайин, берди фароғлиғлар.

 

Ўз юртимда умид топмай заррача, Ҳинд сори

От бошини бурдим, қилиб юзи қаролиғлар.

 

Икки ёндан қанча мўмин-кофир қони оқди,

Бир-бирини кўролмасди қаро қароғлиғлар.

 

Узоқ умр — узоқ гуноҳ дермишлару аммо,

Оз яшаб кўп хато қилдим, қилманг худолиғлар.

 

Бир бошимга юз бор ўлиш насиб этди, ё Раб,

Воқеъликда бир борадур жондин жудолиғлар.

 

Бир қўлимда ханжару бир қўлга тутиб қалам,

Қолдирмадим қайда, қачон қилдим хатолиғлар.

 

Ҳар товбамга Роббим бирни ҳазор қилган киби,

Ширин-ширин фарзандларни қилди атолиғлар.

 

Бу дунёнинг молига дил боғламангким зинҳор,

Ким кўрубди шод бўлганин молу матолиғлар?

 

Мен ўттиз қилойин дердим, Худо қилар тўққиз,

Бир чатоғлиқ орқасидан чиқар чатоғлиғлар.

 

Амунинг бўйига бир бор бормоқ орзум бўлди,

Аролиқда Ҳиндикушдек ястанган тоғлиғлар.

 

Ҳар ишнинг ўз муддати бор экан-да, эй рафиқ,

Бир муддат – азо, бир муддат – кайфи тароқлиғлар.

 

Туриб-туриб, шунга ҳайрон бўлмишманки, менга

Насиб этмиш, водариғоким, дили доғлиқлар.

 

Армон бўлди Андижоннинг юлдузли осмони,

Юлдуз санаш иши бўлгай дили фироғлиғлар.

 

Тўқ одамнинг қанчалар ҳам иши бор оч билан,

Чироқсиз ҳолин на билсун уйи чироғлиғлар?!

 

Тенгрига таваккул ила кўп ишга эришдум,

Уйидан чиқмай ўтирсин “аммо, бироқ”лиғлар.

 

Ҳар ким ўзи учун экан олий бир оқловчи,

Тенгрининг олдида ҳамма бирдай сўроқлиғлар.

 

Бу дунёни қилич ила обод қилмоқ хаёл,

Обод этар уни фақат кетмон, ўроқлиғлар.

 

Ризойи Ҳақ дея суввор ҳар битта раҳбарким

Элу юрт хизматида тун-кун бели боғлиғлар.

 

Қиёматга тамал қўйгай ирқу дин ёвлиги,

Фақат меҳр ила яқин бўлгай йироқлиғлар.

 

Дини ислом қувватига қилдек қўшинг ҳисса,

Мулки араб, Шом ила Рум, Турон, ироқлиғлар.

 

Ҳар касб ривожини берсун Ул Тенгри Таоло,

Ўз кунига омон бўлсун нари-бероқлиғлар.

 

* * *

Яна саҳни чаман бўлди мунаққаш ранг гуллардин,

Магарким сунънинг наққошиға ранг имтиҳонидур.

 

* * *

Қайғунгни чека-чека қарибдур Бобур,

Раҳм айлаки, ўзидин борибдур Бобур,

Норанж юборди сангаким билгайсен,

Яъники, бу навъ сарғарибдур Бобур.

Заҳириддин Муҳаммад БОБУР

 

“…Бобур Деҳлининг тунги осмонига тикилиб, болалигида кўрган Андижоннинг юлдузли шомларига қиёслади. Андижон осмони нафармон духобадек, юлдузлар эса катта-кичик гавҳарларга ўхшарди. Деҳли осмони эса нилу рангда, қоп-қора, юлдузлар эса кўзёшларга ўхшайди. Балки адашаётгандирман, деб ўйлади Бобур, болаликда беғам эдим, ҳозир эса ўйларимнинг ўзи қоп-қора – келажак мавҳум, ҳар ёнда душман ҳинд рожалари ўраб олган, фақат Афғонистон томонгина очиқ. Аммо бу дегани, вазият хавфли бўлган заҳоти орқага чекинишни англатмаслиги керак. Энди ортга йўл йўқ!”

Пиримқул Қодировнинг

“Юлдузли тунлар” романидан.

 

Болалик ранглари зангори, пушти,

Бобурга келганда қора ранг тушти.

 

Ўн икки ёшида атодин жудо,

Ул мурғак жонга раҳм этмади Худо.

 

Бул нимжон кифтига тахт ғамин уйди,

Бобур бахт рангини йўқотиб қўйди.

 

Қандай туси бўлгай аслида бахтнинг?

Қандайин фарқи бор нася ва нақднинг?

 

Давлатманд оила чароғи эрди,

Эркалик бир наъви яроғи эрди.

 

Ҳали бола эди – варракбоз жони,

Шодлик эди шундоқ жону жаҳони.

 

Атоси Умаршайх эса – каптарбоз,

Икки бола – орада йиллар бор, холос.

 

Баланд каптархона томида ота,

Яйрар каптарларни самога ота.

 

Каптарлар осмонда урганида чарх,

Ота ва болада йўқдай эди фарқ.

 

Бир пайти забтига олди зилзила,

Ота ерга учди қўрғони ила.

 

Пастда Ахси сойи оқар эди маст,

Шу кун толеъ келди Умаршайхга паст.

 

Ҳали азадорлик нелигин билмай,

Ҳали бу қайғуни назарга илмай,

 

Бобурнинг дилида илинж – шер эди,

“Отам ўлмаган, у қайтар!” – дер эди.

 

О, бола хаёли, бола хаёли,

Ҳали бирор қаро ранглардан холи!

 

Ҳали не-не кунлар олдинда юкли,

Бирин ургунг келар, бири – суюкли…

 

Ҳаётидан кетди сукунат бадар,

Катта оилага у энди падар.

 

Ёш бошига илм, нафсу тахт жанги:

Қандоғ ўзи, айтинг, сукутнинг ранги?

 

Катта бир ўлканинг у энди хони,

Ҳали жуда мўртдир мурғак иймони.

 

Уни солмоқ мумкин истаган йўлга,

“Гаҳ!” дея қўндирса бўлади қўлга!

 

Аммо, нигаҳбондур Тенгри етимга!

Бундай пайт ишониб бўлурди кимга?!

 

Аввалинг хор бўлсин, охиринг – аъло,

Қўлласин ҳар қачон Тенгри Таоло!

 

* * *

Гоҳ забун, гоҳ устун ўтди кунлари,

Баъзан кундан ёруғ ўтди тунлари.

 

Ёшлик захираси – умид ва орзу,

Посангиси ўйнаб турган тарозу!

 

Ой ўн беши қаро, ўн беши ёруғ,

Ўн бешда уйланиб, ғамлардан форуғ.

 

Дам гашти дашт бўлди рангин Наврўзи,

Арғивон бодани излайди кўзи.

 

Йигитлик авони – ишрат замони,

Ўқ отар бехато таранг камони!

 

Ичса ҳам тотлидур чойу ёвғони,

Бобо юрти – Сурхон, Ғазни, Афғони.

 

Аммо бек бўлсанг-да, ўзга бунда бош,

Мусофир бўри ҳам тортаркан ювош.

 

Аммо у – бўримас, Бобурдир номи,

Шернинг қудратига тўлиқдир коми.

 

У шердир, шунчаки занжирбанд бир шер,

Вазиятга кўра этмас – алаф ер!

 

Пастлаб бораётир қудрат-посанги:

Айтинг, қандоқ бўлур қудратнинг ранги?

 

* * *

Ҳинддан чопар келди: туркий элат хор,

Ҳинд шоҳи солиқлар солганмиш қатор.

 

Мусулмон солиғи, масжид солиғи,

Уларга ёқмасмиш олам Холиқи.

 

Туркийча сўзлашга тақиқ бор эмиш,

Мажбурлаб қилармиш чўчқани емиш.

 

Туркий биродарлар тубан, хор эмиш,

Довюрак дарғага улар зор эмиш.

 

Бўлса эди бирор шерюрак хоқон,

Уларни бошлабон кетса жанг томон!

 

“Мана менинг галим, мана шу довим!

Ҳинд сори бургайман отим жиловин!”

 

Йигирма беш ёшли Бобур қилди аҳд:

“Туронда тегмагай менга зарра тахт!

 

Бу йўлда йўқ бўлгум, ё қолгум омон,

Гўёки иккинчи Исмоил Сомон!

 

Шиддату шаҳд ила ечилгай мушкул,

Оллоҳим, ўзингга қилгум таваккул!”

* * *

Олдинда турарди Панипат жанги,

Айтинг, қандоқ бўлур таваккул ранги?!

 

Рости, гўзал эмас – қондир қирмизи,

Ҳар битта вужудда жароҳат изи…

 

Олов туси қориш қарғишлар билан,

Қора аралашар сарғишлар билан.

 

Филлар ўкиради, бўкирар – тева,

Уруш солмоқдадир ғужғужлаб мева:

 

Ўликлар, ўликлар… Ким – шаҳид, ким – хор,

Ажал фариштаси чаққон харидор.

 

Жон нархи – сувтекин, ҳар ён – қон иси,

Ақли бут кимсадан қочади эси.

 

Бобур учун йўл йўқ зарра ортига:

“Оллоҳим, бутунлик бергин ёртига!”

 

* * *

Деҳли ётар эди Бобур пойида:

Ғолиблик аралаш ичар чойида!

 

Солмоқ мумкин янги шоҳликка асос,

Ҳали билмас эди – йўқ бўлмас қасос!

 

Дилига қўнмасди шубҳалар чанги:

Айтинг, қандоқ бўлур қасоснинг ранги?!

 

Яхшиликка қайтмас яхшилик доим:

“Болаларим асра, Ўзинг, Худойим!”

 

Бир ўзи бўлганда нечун хавотир,

“Бир бошга – бир ўлим!”– дейди ҳар ботир.

 

Аммо, энди унинг фарзандлари бор,

Яна юртдошлари ортида қатор.

 

Яна туркий эл бор бу ерда ўтроқ,

Дини ислом ҳам куч йўқотган – мўртроқ.

 

Ҳинду динига ҳам эътибор лозим,

Хулласи, шоҳмас у – элга мулозим!

 

* * *

Аммо, қасос оғу солди-ку пинҳон,

Асраб юрган экан қўйнида илон.

 

Жангда қурбон бўлган Иброҳим Лоди

Онаси – кексайиб қолган бир боди.

 

Раҳм қилиб, Бобур хизматига олди.

Она-чи, ошига жодуни солди.

 

Бобурнинг дилида йўқ шубҳа чанги:

Айтинг, қандоқ бўлур қасоснинг ранги?!

 

Уч кун заҳар ила олишди Бобур,

Кўринмас ёв билан солишди Бобур.

 

Атрофда аъёнлар сир чиқмасин дер:

Жондорлар шод бўлур, магар ўлса шер…

 

Пинжида қуролин сақлаганлар бор,

Қўшни ҳинд эллари шайланган қатор:

 

“Ҳинднинг ўндан бирин олди келгинди!”

Шердай Ҳиндистон ҳам вазмин силкинди:

 

“Кўрамиз, бормайди бу ҳол узоққа!

Кимки бунга келса – тушгай тузоққа!

 

Маҳмуд Ғазнавий ҳам, Амир Темур ҳам,

Битта чой ичиш-ла топдилар барҳам!

 

Аввало, иссиқдир бизнинг зўр қурол,

Тонгдан ўзинг асраб, соя жойга ол!

 

Бу ердир заҳарли илонлар кони,

Афтини кўрган он чиқадур жони!

 

Қанчалаб бедаво хасталиклар бор,

Ҳадемай ҳаммаси қирилар қатор!

 

Бобур ўлиб берса… Сафардир якун,

Ноғора чалганча ўйнаймиз, акун!”

 

* * *

Бобур заҳр устидан қозонди зафар,

Давоми бор чиқди, олисми сафар?!

 

Нақ уч юз йил чиқди сулола умри,

Шоирлар мадҳ этди мисоли қумри.

 

Шоир Мирзо Бедил, Зебунисолар,

Тасаввуф илмидан илҳомин олар.

 

Ўғли Ҳумоюнда шон чиндан балқди,

Бирлашиб дўст бўлди ҳинд, туркий халқи.

 

Бобур невараси – Акбар бўйланди,

Илк бор у ҳинд маликага уйланди.

 

Шоҳ Жаҳондан мерос қолди Тож Маҳал,

Невара Зебидан бир олам ғазал.

 

Донғи чиқсин, фақат чиқмасдан чанги,

Айтинг, қандоқ бўлур салтанат ранги?!

 

Бу борада тинмас экан токи баҳс,

Нерунинг сўзлари: “Бобур – дилбар шахс!”

 

Темур бобосидан ўзди авлоди:

Битта “Бобурнома” – ўлмас ижоди!

 

Эй авлод, аждодга бўлгин муносиб,

Шербачча улғайсин шер изин босиб.

 

Турли шоқолларга эргашма, токи

Кетмагай эл аро бирликнинг чоки!

 

Бобур бобомиздан олгин нур, зиё,

Ҳақига ўқийлик туганмас дуо…

 

ВАФО ВА ЖАФО

 

Ҳар кимки вафо қилса вафо топқусидир,

Ҳар кимки жафо қилса жафо топқусидир.

Яхши киши кўрмағай ёмонлиғ ҳаргиз,

Ҳар кимки ёмон бўлса жазо топқусидир.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур

 

* * *

“…Шоҳруҳ мирзо жамиъ Мовароуннаҳр вилоятини улуғ ўғли Улуғбек мирзоға бериб эди. Улуғбек мирзодин ўғли Абдуллатиф мирзо олди. Беш кунлик ўтар дунё учун андоқ донишманд ва қари отасини шаҳид қилди.

Агарчи ўзи ҳам беш-олти ой салтанат қилмади, бу байт машҳурдирким:

Падаркуш подшоҳеро нашояд,

Агар шояд ба шаш моҳаш нанояд”.

“Бобурнома”дан

(Байт мазмуни: “Падаркуш шоҳ бўла олмайди, шоҳ бўлганида ҳам олти ойга бормайди”. Бу қайғули воқеалар 1450-51 йил орасида бўлиб ўтди. – Муаллиф)

 

* * *

“Ушбу йили Султон Ҳусайн мирзо била Бадиуззамон мирзо орасидағи ниқорлар урушға тортти. Тафсили будурким, ўтган йил Балхни ва Астрободни Бадиуззамон мирзоға ва Музаффар мирзоға бериб, юкундуриб эдиларким, нечук мазкур бўлди, ўшул муддатдин бу муддатқача ғалаба элчилари бордилар ва келдилар.

Охири Алишербек ҳам элчиликка келди. Ҳарчанд саъй қилдилар, Астрободни инисига бермакка рози бўлмади. Дедиким, менинг ўғлум Муҳаммад Мўмин мирзони хатна қилғонда мирзо анга боғишлабтур.

Бир кун Алишербек била мирзонинг орасида бир суҳбате ўттиким, мирзонинг тез фаҳмлиғиға ва Алишербекнинг риққати қалбиға долдур. Алишербек сиррий сўзларни мирзоға гўшаки ғалаба айтти. Дағи дедиким:

– Бу сўзларни унутинг.

Мирзо филҳол айттиким:

– Қайси сўзларни?

– Алишербек бисёр мутаасир бўлуб кўп йиғлади”.

“Бобурнома”дан

(Тўққиз юз иккинчи (1496-97) йиллар воқеалари).

 

(Султон Ҳусайн мирзо тўнғич ўғли Бадиуззамон ва кичик ўғли Музаффар мирзога Балх ва Астрободни бошқаришни топширганди. Музаффар мирзо акаси Бадиуззамон тўнғич ўғли Муҳаммад Мўмин мирзога суннат тўйи қилганида ўзига бошқариш учун топширилган Астрободни жиянига оғизда тўёна қилган экан. Бадиуззамон мирзо ана шу оғзаки сўзга асосланиб, ўн икки ёшлардаги ўғли Мўмин мирзони Астробод ҳокими этиб тайинлайди. Бундан катта малика Хадичабегим тарбиясини олган Музаффар мирзо норози бўлади ва Астрободга қўшин тортиб, жияни Мўмин Мирзони асирга олиб, Ихтиёриддин қалъасига қамаб қўяди. Бундан ғазабланган Бадиуззамон жанг билан ўғлини қутқариб олишга тайёргарлик кўраётганида, Султон Ҳусайн мирзо Алишер Навоийни элчиликка юборади. Навоий ҳар қанча уриниб ҳам Бадиуззамонни ниятидан қайтара олмай, ота-бола шоҳлар аросидан оқибат кўтарилгани сабабли аччиқ-аччиқ йиғлайди.

Навоий афсус ила Балхдан Ҳиротга қайтганида, бошқа бир фожиа кутиб турган чиқади. Хадичабегим Султон Ҳусайн мирзо мастлиғидан фойдаланиб, Мўмин мирзо қатли учун фармон чиқартурғон ва шоҳ узугидаги муҳрни бостириб олган, ҳамда қатл­­ни зудлик билан ижро эттирган экан.

Султон Ҳусайн мирзо бундан хабардор бўлганида вақт ўтган эди. Ота ва валиаҳд Бадиуззамон орасида уруш бошланади. Бундан изтиробга тушган Алишер Навоий улар ишига бошқа аралашмай, узлатга чекинади ва оғир хасталаниб, 1501 йили бандаликни бажо келтиради. – муаллиф).

 

* * *

Вафо ва жафодан сўз очмак мушкул,

Бири олов эса, бири совуқ кул.

 

Бири – Оби ҳаёт, бошқаси – мамот,

Айланар шу икки теграда ҳаёт.

 

Ой Ерга вафодор, юлдузлар – мубҳам,

Вафодир қийновчи, ўртовчи шубҳам.

 

Вафодорми дўстлар, ёру фарзандлар?

Мустаҳкамми оқибат аталган бандлар?

 

Иймоним солимми ва ёким сустми?

Сизда ҳам саволлар устама-устми?

 

Одамзодни қийнар шу мавзу азал,

Қанча шеър ёзилди, қанчалаб ғазал…

 

Бобур сиймосига қилсам мурожаат,

Топмадим бирорта ризоликдан хат:

 

“Чархнинг мен кўрмаган жабру жафоси қолдиму?

Хаста кўнглим чекмаган дарду балоси қолдиму?

 

…Эй кўнгул, гар Бобур ул оламни истар, қилма айб,

Тенгри учун де бу оламнинг сафоси қолдиму?”

 

* * *

Бир манзилдан чиққанлар етишгай ўзга манзилга,

Кунлар – ҳафта, ҳафталар – ой,

ойлар-чи етишгай йилга.

 

Бобур эса ғам уйидан суввора бўлса-да доим,

Яна ғам уйига етган ва бўлган тақдирга қойим.

 

Унга дарс ўринга ўтмиш неча ўтган вақойилар,

Зулм бобида бўлса-да даҳр Ҳотами Тойилар.

 

Ўзига устози аввал билиб шеърда Навоийни,

Жойига қўймоқға жаҳд этти шеър ила рубойини.

 

Навоийдан яна журъат сифотин анча ўрганди,

Нафс шерини ёшликдан этурди ғуллара банди.

 

Ки ўзни Султон Ҳусайний киби шоҳликка чоғларди,

Алишербек каби саркори бўлмоғини хоҳларди.

 

Тақозо этса тақдир – шоҳдек амр этсин керак они,

Шоҳ, магар тан эса, оқил вазирдир бебаҳо жони!

 

Вафо тимсоли – Навоий, вафо доим қадр топмас,

Вафодор ит тилаб нонни кўчада дарбадар чопмас.

 

Талоқ сўрди тағо қизи кетар пайтида хорижга,

Эмасди ҳеч бу асно мос ахир “сан-ман”га боришга.

 

Ки овга ҳеч ярармиди този, боғлиқда гар бўйни,

Ки яйрарми ўзин бегонадек тутганда ёр, қўйни?!

 

Киши нетибки ўргатгай ўзига сарв қоматни?

Нетиб ўзига боғлатгай даромад ҳамда омадни?

 

Садоқат боғини қайси миришкор айлагай бунёд?

Не зоҳидликки Тенгри шукрини айлагай ҳар кун ёд?

 

Бу олам моясида йўқ азалдан ҳеч вафо ранги,

Чашмни тарк этар нури, соқолнинг-чи чиқар чанги.

 

То эммак қайғуси борлар юрур аноси ёнида,

Инин тарк айлагай бургут қаноти қотган онида.

 

Жаҳон молига шайдода қуруқ қўл ила қарс бўлгай,

Илмга қўйганинг кўнгил вафосизларга дарс бўлгай.

 

* * *

Эрон шоҳи бўлган Хусрави Парвез,

Орзу қилар экан шароб ичган кез:

 

“Қанийди тож-тахтда бўлсайди вафо,

Уни деб, бунчалар чекмасдим жафо!”

 

Хусравнинг аёли – малика Ширин

Ташлабди киноя ила кўз қирин:

 

“Узр, сўзларингиз ғалати, бирам,

Тожу тахтда вафо бўлсайди, тўрам,

 

Отангиздан сизга ўтарми эди?”

Хом гапирган подшоҳ пишиқ панд еди!

 

Шоҳлар хатоси ҳам бўлғуси улкан,

Шам шуъласи қайда, қайдадир гулхан!

 

Ёмонлик, хиёнат бирга юрармиш,

Бирин бошқасига касри урармиш.

 

Биридан бошқаси бўлармиш пайдо,

Самонни “Зар!” – дея қилармиш шайдо.

 

Тахт деб ўғил қони бошига урди,

Абдуллатиф бир он довдираб турди:

 

“Тортиб олсанг магар отанг тахтини,

Раво кўргай тақдир Жамшид бахтини!”

 

“Отанг дини ислом йўлини бузди,

Юрт қолиб, самовот жадвалин тузди!”

 

“Тахтга уканг эмас, сен чин муносиб,

Сенинг шонинг олий, уканг – бир косиб!”

 

Шу ҳол тўнғич ўғил бўлди падаркуш,

Кутган олий нишон тарқалди нақ туш.

 

Ўзи ҳам айланди ерга озуққа,

Нима дейсиз энди бундай ёзуққа?!

 

Хадичабегим ҳам экканин ўрди,

Ахир кеча-кундуз нафсини қўрди!

 

Шаҳзодалар аро солди низолар,

Тенгри куттирмади кўп ҳам жазолар.

 

Бу каби нифоққа тўла тахт гирди,

Тинчгина кунларни берсайди эрди.

 

Кўпингга тоқату, озингга сабр

Қилолсанг, ўзингга қилмайсан жабр!

 

Аммо юртда кўпдир кутганлар пора,

Нафс қули ул – бечорадан бечора.

 

Намакоб каби ул оширар чанқоқ,

Порасиз қолганда – хаёли тарқоқ.

 

Оз ишлаб, кўп топсам деганлар қанча,

Халқ мулкин каппалаб еганлар қанча!

 

Рибо кўлмагига чўкканлар талай,

Раҳбарлик обрўсин тўкканлар талай!

 

Ўз касбига фидо, халқига содиқ,

Хаёллари теран, вазмин ва босиқ,

 

Замондошлар ила яшнар бу бўстон,

Фидойинг бўлгаймиз, Ҳур Ўзбекистон!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × one =