Дўстлик ва бирдамлик рамзи
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳамда Қирғиз Республикаси ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилди. Бунда Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаровнинг сиёсий иродаси, қатъияти муҳим асос бўлди.
Ўзбекистон яқин истиқболининг муҳим дастуриламали бўлган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида “Марказий Осиёда хавфсизлик, савдо-иқтисодий, сув, энергетика, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги яқин ҳамкорликни сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқиш” вазифаси алоҳида устувор мақсад сифатида қайд этилган.
Ушбу мақсаднинг ҳаётий инъикоси 2023 йил бошида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан шу мамлакатда бўлгани ҳамда мазкур ташриф доирасида имзоланган тарихий ҳужжатларда яққол намоён бўлди. Мазкур учрашувда Томонлар кўп қиррали ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини батафсил муҳокама қилиб, уни чуқурлаштириш бўйича аниқ қарорлар қабул қилдилар. Ушбу қарорлар икки қардош ва ёндош мамлакатлар ўртасидаги маданий алоқаларнинг ривожига, таълим соҳасидаги ҳамкорлик истиқболига ҳам хизмат қилди десак, муболаға бўлмайди. Қачонки қўшнилар тинчлик ва ҳамжиҳатликда ҳаёт кечиришса, улар учун умумий манфаатларга дахлдор минтақавий хавфсизлик масалаларидан тортиб таълим, энергетика, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик ва бошқа соҳалардаги йирик лойиҳаларни амалга оширишгача бўлган ҳар қандай муаммоларни ҳал этиш осон кечади. Шу нуқтаи назардан Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги мулоқот стратегик шериклик мақомига эга бўлгани, икки мамлакат етакчилари иттифоқчилик муносабатларини ривожлантиришга бел боғлагани қувонарлидир. Маълумотларга назар ташланса, ўтган 6 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 7 баробарга ошганини кўриш мумкин. 2023 йил январь-август ойларида ушбу кўрсаткич 700 миллион АҚШ долларига етган. Мамлакатларимиз ўртасида савдо ҳажмини 2 миллиард АҚШ долларга етказиш учун етарли салоҳият ва барча имкониятлар мавжудлиги мутахассислар томонидан қайд этилмоқда.
Жорий йил Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатлари ривожида тарихий давр бўлди. Хусусан, гуманитар ҳамкорлик масалалари бўйича амалга оширилган ишларнинг ўзиёқ сўзимиз тасдиғи бўла олади. Шу ўринда ўзбек ва қирғиз халқлари анъаналари, маданияти ва қадриятлари муштараклигини алоҳида қайд этиш жоиз. Бизнинг тилимиз, динимиз, тарихимиз ва меросимиз бир. Бу жиҳатлар маданий-гуманитар алоқалар ривожида муҳим омил бўлмоқда. Ўзбекистонда қирғиз тили ва маданиятини, Қирғизистонда ўзбек тили ва маданиятини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биргина Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети мисолида гапирадиган бўлсак, шу кунгача Қирғиз Республикасининг 8 та университети билан ҳамкорлик ўрнатилган. Университетимиз қўшни мамлакат таълим муассасаларидаги ўзбек тили ва адабиёти таълим йўналишлари учун таянч ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, ўтган йиллар давомида дорилфунунимизда Қирғиз Республикасидан 32 нафар ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси ўз малакаларини оширишди. Бизнинг профессорларимиз мунтазам равишда Қирғиздаги ҳамкасблари билан мулоқот қилиб, ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш соҳасидаги замонавий тенденциялар, методик усуллар, муаммо ва ечимлар ҳақида маърузалар ташкил қилишади.
Мана шу эзгу ишларнинг давоми сифатида 2023 йилнинг 3-4 октябрь кунлари Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги Б.Сидиқов номидаги Қирғиз-Ўзбек университетида “Олий таълим тизимида интеграция, ҳамкорлик ва инновациялар” мавзусидаги Ўзбекистон-Қирғиз Республикаси олий таълим муассасалари ректорларининг I халқаро форуми ўтказилди. Қирғиз Республикаси билан конструктив, серқирра ҳамда ўзаро манфаатли мулоқот Ўзбекистон ташқи сиёсатининг стратегик йўналишларидан бири ҳисобланади. Икки томонлама муносабатлар ижобий тарафга силжиб, аниқ амалий мазмун билан бойимоқда. Ушбу форум ана шу ҳамкорликнинг яна бир самараси ўлароқ ташкил этилди, шу форум доирасида ТошДЎТАУ билан Қирғиз Республикасининг 6 та олий таълим муассасаси ўртасида ҳамкорлик шартномалари тузилди. Боткен давлат университети билан талабалар (бакалавр, магистр, илмий тадқиқотчилар) академик алмашинуви тизимини йўлга қўйиш ва фаоллаштириш, ўқитувчилар стажировкасини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бундан ташқари, Карасаев номидаги Бишкек гуманитар университети билан илмий, ўқув-услубий йўналишларда ҳамкорлик ўрнатилди. Жусуп Баласагин номидаги Қирғизистон миллий университети билан илмий салоҳиятни янада ошириш бўйича, Т.Содиқов номидаги Қирғизистон Республикаси Миллий Бадиий Академияси эса қирғиз тадқиқотчилари ва педагог ходимларининг ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорлигини янада яхшилаш, уларнинг ТошДЎТАУда илмий изланишлар олиб бориши учун имконият яратиш бўйича, А.Мирсабекова номидаги Ўш гуманитар-педагогика университети билан ҳамкорликда илмий семинарлар, конференция ва форумлар ташкил этиш, қирғизистонлик талабалар учун ТошДЎТАУда онлайн ва офлайн ўқиш имкониятини кенгайтириш бўйича, Б.Сидиқов номидаги Қирғиз-ўзбек халқаро университети профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилар, талабаларнинг мақолаларини ҳамкор ОТМ илмий нашрларида чоп этиш юзасидан ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Шу кунларда биз яна бир тарихий воқеа гувоҳи бўлдик, 4 октябрь куни Қирғиз Республикасининг Ўш давлат университетида Ўзбек тили ва маданияти маркази очилди. Бу марказни очиш ташаббуси бизнинг Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети томонидан билдирилган эди. Ўш давлат университети билан ҳамкорлик ўрнатган илк кунларданоқ шундай марказ очиш ҳақида таклиф билдирганмиз. Сабаби, Ўш вилоятида ўзбеклар аҳолининг қарийб 48 фоизини ташкил этади. Бу миллатдошларимиз ўзбек тили ва адабиёти билан яхши таниш, аммо уларга кўпроқ имконият яратиш, қолаверса, ўзбек тили ва маданиятига қизиқувчи кўп сонли зиёлиларнинг талабларини ҳам инобатга олган ҳолда, ушбу марказни ташкил этиш таклифи билан чиқдик. Таклифимизни Ўш давлат университети вакиллари маъқуллади. Элчихоналар томонидан ҳам бу таклифимиз ижобий қабул қилинди. Тез орада барча зарурий ҳужжатлар тахт қилинди ва биз Ўш давлат университетида Ўзбек тили ва маданияти маркази фаолиятини бошлашга муваффақ бўлдик. Университет томонидан мазкур марказга 209 номда ўзбек тилидаги бадиий ва илмий китоблар, бир нечта тасвирий санъат намуналари ва кўплаб ўзбек миллий ҳунармандчилик буюмлари совға қилинди.
Тарих ва бугунги кун қирғиз-ўзбек халқлари нафақат этник келиб чиқиши жиҳатидан, балки руҳиятига кўра ҳам ҳақиқий қардош халқлар эканига яққол гувоҳлик беради. Бу икки қардош халқ тарихий тараққиётнинг барча эврилишларига қарамасдан, шиддат билан ўзгараётган дунёда рақобатбардош бўлиб қолиш учун зарур ислоҳотларни амалга оширган ҳолда ўз миллий давлатчилигини матонат ва меҳнатсеварлик билан мустаҳкамлаб келмоқда. Қирғиз Республикаси ОТМлари билан туркшунослик, турк тили ва адабиёти, ўзбек тили ва адабиёти, минтақашунослик, Марказий Осиё халқлари тарихи йўналишларида ҳамкорлигимиз бардавом бўлсин. Зотан, эзгу мақсад йўлидаги бирдамлигимиз икки халқ вакиллари учун ҳам манфаатлидир. Муносабатларнинг бундай тарзда куртак ёзиши Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг халқаро майдонда янада нуфузи ортиб, икки давлат иқтисодиёти ўсиш суръатларининг барқарорлиги, мамлакатлар халқлари ижтимоий-иқтисодий фаровонлиги ва яратувчанлик салоҳиятининг тўлиқ рўёбга чиқишини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиздир.
Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат
ўзбек тили ва адабиёти университети ректори,
филология фанлари доктори, профессор.