Илму маърифат қадрланган юрт

Ўзбекистонда давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларининг таъминланиши  устувор вазифа этиб белгиланиши, бу бунёдкор халқимизга, фидокор ота-оналаримизга, қолаверса, ёш авлодга бўлган эътибор саналади. Сўнгги йиллардаги олий таълим тизимида асосий эътибор мамлакатимиз ёшларининг таълим олиши учун кенг имконият ва зарур шароит яратишга қаратилганлиги, мамлакатимизда олий таълим муассасалари сонининг кўпайиши, бугунги кунда 210 тага етганлиги, уларга қабул 3,5 бараварга ортганлиги биз учун қувонарли ҳолдир. Юртимизда олий таълим тизими тубдан ислоҳ қилиниши натижасида тизимда кўплаб муаммолар ўз ечимини топмоқда. Сўнгги йилларда олий таълим мактаб битирувчиларининг 9 фоизини қамраб олган бўлса, бугунги кунга келиб ёшларнинг 39 фоизи олий таълимда таҳсил олиш имкониятига эга бўлдилар.

Юртбошимиз: “Биринчи навбатда, эътиборни Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратамиз”, деб айтишлари бежиз эмас. Давлат томонидан ёшларимизга  нафақат сифатли таълим берибгина қолмай, балки касб-ҳунарга ўргатиш, уларнинг банд­лигини таъминлашга  ҳам эътибор қаратилаётгани соҳа ходимларини ҳам давлат раҳбари сингари фидойи бўлишга чақиради. Зиммаларига чексиз масъулият юклайди.

Юқори малакали мутахассисларни тайёрлашда таълимдаги сифат катта аҳамиятга эга. Илғор таълим — ёруғ келажак, бағрикенглик ва инсонпарварлик сари йўл очади. Ёшларни юксак ахлоқли ва интизомли қилиб тарбиялаш, уларнинг сифатли таълим олиши ва ватанпарварлик руҳида вояга етиши мамлакат иқтисодий ва сиёсий тараққиётининг калити ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари бежиз ўз маърузаларида “Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда. Чунки, барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади”, дея алоҳида таъкидлаб ўтмаганлар. Бу билан улар сифатли таълим хизматларига эга бўлиш даражасини оширишни кун тартибига қўйяптилар. Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир.

Муҳтарам Юртбошимизнинг нутқларида белгилаб берган вазифалари таълим соҳасини ривожлантириш, унинг сифатини янги даражага кўтаришга ундайди. Президентимиз таклиф этган механизм шу мақсадга хизмат қилади. Бугунги кунда таълим сифатини ташқи таъминлаш бўйича 30 нафардан иборат экспертлар гуруҳи шакллантирилди ва улар халқаро даражада аккредитациядан ўтказувчи мутахассис сифатида нуфузли хорижий экспертлар томонидан малакаси оширилди.

Юртбошимиз берган имкониятлар туфайли ҳозирги пайтда  41 та етакчи университетларга академик, иқтисодий ва ташкилий соҳада мус­тақиллик берилди, ҳар бир олий таълим муассасасининг молиявий имкониятлари оширилди. Бу эса  олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини такомиллаштиришга ҳамда профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ижтимоий ҳимояси яхшиланишига имкон берди.

Сўнгги йилларда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва хусусий секторни жалб қилиш орқали 65 та нодавлат олий таълим муассасалари ташкил этилди. Хорижий олий таълим муассасалари сони 30 тага, давлат олий таълим муассасалари 115 тага етказилди. Биргина Сирдарё вилояти бўйича айтадиган бўлсак, 2016 йилга қадар 1 та олий таълим муассасаси мавжуд бўлиб, унда 6,5 мингта талаба таҳсил олар эди, бугунги кунда эса Сирдарёда 3 та олий таълим муассасаси мавжуд. Уларда 20 мингдан ортиқ ёшлар таҳсил олмоқда.

Президентимизнинг 2021 йил 25 декабрь куни Қашқадарё вилояти Ғузор туманида жойлашган “Uzbekistan GTL” заводи очилишида берган кўрсатмалари натижалари асосида, таълим кластери ташкил этилиб, иқтидорли талабалар бевосита ишлаб чиқариш билан узвий боғлиқ ҳолда таълим олаётганлиги ҳамда ўқишни битирмасдан ишга кираётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Таълим клас­терининг ташкил этилиши 100 дан ортиқ замонавий ишлаб чиқариш корхоналари учун рақобатбардош, ўз мутахассислиги бў­йича ҳар томонлама билимли ҳамда хорижий тилларни ва IT-технологияларини пухта эгаллаган кадрлар тайёрлашга замин яратиб бериши муҳим эканлиги англаб етилди.

Бугун олий таълим муассасаларида 1 млн.дан ортиқ ёшлар таълим олишмоқда. Респуб­ликамизда ўртача 4,5 млн. та оила бор деб қарасак, ҳар 3-4 та оиланинг 1 нафардан фарзанди талабалиги бу оилаларнинг бахтидир. Давлат раҳбарининг таъбири билан  айтганда, халқни рози қилиш учун кенг шароит яратилди.

Бугунги кунда талабаларга кенг имкониятлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда куннинг муайян вақтида фанлар бўйича теле­дарслар ўтказиш тизимли йўлга қўйилди.

Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун олий таълим муассасалари умумий қиймати 2 миллион 300 минг АҚШ доллари бўлган саксон бешта замонавий сервер қурилмаси  билан таъминланди. Интернет тезлиги Гбит/секундгача оширилди.

Президентимизнинг 2021 йил 24 декабрда қабул қилинган “Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 41 та давлат олий таълим муассасасига молия­вий мустақиллик берилди. Ушбу таълим даргоҳларига молиявий барқарорликни таъминлаш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, контракт асосидаги қабул параметрларини белгилашни мустақил ҳал этиш имконияти яратилди. Ҳар бир олий таълим муассасаси томонидан ўқув режалар ва ўқув дастурларининг мустақил ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши тартиби жорий этилди.

Бу олий таълим даргоҳлари қаторида Тошкент давлат техника университети ҳам шундай имкониятларга эга бўлди

Тошкент давлат техника университетига берилган молиявий-академик мустақиллик ташкилий бошқарув соҳаларида қўшимча ваколатлар, янги имкониятлар эшигини очмоқда. Бу ерда васийлик кенгаши тугатилиб, кузатув Кенгаши ўз фаолиятини бошлади.

Қисқа вақт ичида олий таълим тизимига хорижий тажриба олиб кирилди, қўшма дастурлар жорий этиш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди. Бу борада Тошкент давлат техника университетида ҳам самарали ишлар амалга оширилди. Тошкент давлат техника университети ва БМТУ билан қўшма  дастурлар ташкил этилди. Барча ташкилий масалалар ва ўқув-услубий ишлар икки томон ректорлари бошчилигида ҳамда мутахассислар саъй-ҳаракати билан амалга оширилди. Икки йил давомида талабалар учун онлайн дарс­лар ҳамда ТДТУ профессор-ўқитувчилари учун Беларусь Республикасидаги ҳамкор университетларининг педагог кадрлари томонидан ўқув жараёни ва илмий фаолиятини янада ривожлантириш бўйича тажриба алмашишга қаратилган турли семинар ва тренинглар ташкил этилди. 2023 йил июнь ойи охирида Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида Беларусь миллий техника университети (БМТУ) билан қўшма ҳамкорликдаги битирувчиларга дипломларни топширишга бағиш­ланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда ТДТУ раҳбарияти, битирувчи талабаларнинг ота-оналари, Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси-элчиси Опимак Александр Николаевич, БМТУ ректори  С.В.Харитончик бош­чилигидаги  делегация ва профессор-ўқитувчилар “ZOOM” платформаси орқали иштирок этди. БМТУ ректори: “Умид қиламизки, ушбу янги кадрлар келажакда нафақат Ўзбекистондаги, балки бутун жаҳон техника соҳасини ривож­лантиришга ҳам ўз ҳиссасини қўшади. Боиси ўтган ўқув йиллари мобайнида ўзбек талабаларидаги билимга чанқоқлик ва янгиликка интилувчанликни сездим ва бундан қувондим. Бу келажакда янада кўп ва етук мутахассислар етишиб сиқишига замин яратади деб ишонч билдирамиз”, деди.

Ҳамкорликда амалга оширилаётган бундай таълим дастурлари, олий таълим ўчоқларида олинган билим диплом сифатида эмас, балки талабаларнинг олган назарий ва амалий билимлари, мамлакатнинг интеллектуал қиёфаси сифатида намоён бўла бошлайди, йиллар ўтиб ўз самарасини албатта беради, қолаверса, давлатлар билан таълимда ҳамкорлик ўзининг ижобий натижалари билан бўй кўрсатади.

Муҳтарам Президентимиз мамлакатимиз  мустақиллигининг 32 йиллик тантаналарида сўзлаган нутқларида ҳам таълим ҳақида тўхталиб: “Маълумки, биз бир йил аввал тарақ­қиётимизнинг 5 та асосий йўналишини белгилаб олган эдик. Унда таълим соҳасини ривож­лантириш биринчи галдаги устувор вазифа сифатида қайд этилган.

Мен доимо таълим, таълим, муаллим, муаллим, деб таъкидлашим бежиз эмас. Чунки таълимни ривожлантирмасдан туриб юксак тараққиётга эриша олмаймиз. Ҳар қандай муаммонинг ечими ҳам, эртанги кунимизни ҳал қилувчи омил ҳам, шубҳасиз, таълимдир”, деган эди.

Фахр билан айтишни истардимки, респуб­лика олий таълим муассасаларининг фаолиятини баҳолаш мақсадида “Йил олийгоҳи” кўрик танловининг 2 босқичи бўлиб ўтган эди. “Йилнинг энг яхши олийгоҳи” номинациясига Тошкент давлат техника университети сазовор бўлди.

Шу муносабат билан, куни кеча ёшларни қўллаб-қувватлаш лойиҳаси асосчиси Эгамназар Абдулбоқиев университет кенгашида университет ректорига статуэтка, диплом ва талаба ёшларни курсларда ўқитиш учун 14 миллион сўмлик сертификатни топширди.

Агарда университетимиз профессор ўқитувчиларининг илмий тадқиқотларни амалга ошириш фаолиятига назар ташласак, ярим йиллик натижалар ҳам ёмон эмас. Масалан, 2023 йилнинг биринчи ярмида фундаментал ло­йиҳа 8 та, амалий лойиҳа 7 та, инновацион лойиҳалар 6 та ва лойиҳаларнинг умумий сони 21 тани ташкил этди. Шу жумладан, халқаро лойиҳалар ҳам мавжуд. Булар Ўзбекистон-Беларусь – 4 та, Ўзбекистон-Ҳиндистон – 1 та, Ўзбекис­тон-Венгрия – 1 та. Интеллектуал мулк агентлиги томонидан олинган гувоҳномалар: ихтиролар – 4 та, фойдали модел – 5 та, саноат намунасига патент – 1, DGU – 38 та, BGU (Маълумотлар базаси) – 7 тани ташкил этди.

Албатта, мақсад ва маслагимиз ёшларнинг етук мутахассислар бўлиб етишиши учун бор имкониятларни ишга солиш. Таълим — нажот демак. Эртамизнинг, келажагимизнинг ёруғ эртаси, шак-шубҳасиз, бугун ўқиётган фарзандларимиз қўлида. Ана шу улуғ масъулият ҳиссини асло унутишга ҳаққимиз йўқ.

Раҳбар ХОЛИҚОВА,

Тошкент давлат техника университети

профессори, тарих фанлари доктори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 + 2 =