Эртанги кун эгалари сиз — ёшлар!

Мамлакатимизнинг келажаги бўлмиш ёшларимизни ҳар томонлама етук, билимли, салоҳиятли шахс, комил инсон сифатида тарбиялаш масаласига алоҳида аҳамият қаратилаётганлиги бежиз эмас. Зеро, Юртбошимиз таъкидлаганидек, “Янги Ўзбекистонни албатта ёшларимиз билан қурамиз”, деган азму шижоатни навқирон авлоднинг юзи, кўзида намоён бўлаётганлиги ҳам шундан, аслида.

Айтиш керакки, бугун ёшларнинг барча ҳуқуқ ва эркинликлари, имконият ва манфаатларини ҳимоя қилишда ташкилий-ҳуқуқий асослар тобора такомиллашиб бормоқда. Биргина таълим тизимида масофавий таълимнинг йўлга қўйилиши уларнинг узлуксиз билим олиш ҳуқуқи таъминланганининг яққол исботидир. Шунингдек, бу жиҳат мамлакатимизда ёшларга берилаётган таълим-тарбия ва кўрсатилаётган ғамхўрликнинг амалий ифодаси десак, муболаға бўлмас. Айниқса, сўнгги йилларда юртимиз таълим тизимини янги шаклга ўтказиш, халқаро стандартларни жорий этиш, меҳнат бозори талабига мос юқори малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш борасида тарихий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнда олий таълим тизимини дунё стандартларига мослаштириш, халқаро рейтингларга киритиш, ўқув юртларига қабул қилишда адолатли ва шаффоф тизимни ўрнатишда катта ўзгаришлар кузатиляпти. Бу жараён Президентимизнинг 2019 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижроси билан биргаликда фаол кечмоқда.

Аслида, олий таълим малакали кадрлар тайёрлашнинг энг муҳим тизими ҳисобланади. Мазкур масканда талаба нафақат билим олади, балки бевосита амалиётга киришади. Ана шу босқичда соҳаси бўйича ишлаш кўникмасини эгаллаган ёшлар салкам мутахассисга айланиб, иш жойига етук кадр сифатида боради. Бу мақсадларга эришишда олий ўқув юртларида қўшма таълим дастурларининг йўлга қўйилиши, хорижий давлатларда амалиёт ўташ жараёнларининг кенг тус олиши, битирувчи талабаларнинг ишлаб чиқариш корхоналарида амалиёт ўташи яхши самара бермоқда.

Жумладан, Жиззах полтехника институтининг Қурилиш материаллари ва кимёвий технологиялар факультети Кимёвий технология кафедраси ҳамда Қурилиш материаллари буюмлари ва конструкцияларини ишлаб чиқариш кафедраси профессор-ўқитувчилари ҳамкорлигида факультетнинг 2-курс талабалари учун Зафаробод туманидаги “Huaxin Cement Jizzakh” МЧЖга қарашли заводига саёҳат уюштирилди. Талаба-ёшлар саёҳат аввалида завод ишчиларнинг ётоқхонаси ва уларга яратилган шароитлар билан танишиб, завод фаолияти, маҳсулот турлари, ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди. Шунингдек, талабаларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.

Таълим сифатини оширишда нафақат моддий-техник базани мустаҳкамлаш, балки юқори салоҳиятли ва рақобатбардош кадрларни меҳнат жамоасига жамлаш ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Малакали ўқитувчи талабани тўғри йўналтириб, ҳам илмий, ҳам касбий фаолиятида унга яқиндан кўмаклашади. Иқтидорли талабаларни қўшма таълим дастурларига жалб қилади.

Бугунги кунда Жиззах вилоятидаги 5 та олий таълим муассасасида 400 дан зиёд йигит-қиз қўшма таълим дастурларида иштирок этмоқда. Жиззах политехника институти, асосан, 4 йўналиш — транспорт ва логистика, қурилиш, энергетика ҳамда саноат технологияси бўйича кадрлар тайёрлаб келади. Бу ерда бир нечта хорижий ОТМлар билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари ташкиллаштирилган бўлиб, талаба икки йил ўзимизда, кейинги икки йил эса чет эл университетида таҳсил олади. Худди шу форматда Москва давлат қурилиш университети, Москва энергетика инс­титути, Иваново давлат кимё-технология университети, Қозон Федерал университетлари билан ҳамкорлик шартномалари имзоланган. Ҳар икки томоннинг таълим имкониятларини уйғунлаштираётган қўшма дастурлар асосида биргаликда юқори малакали кадрлар тайёрланмоқда.

Шунингдек, 2008 йилдан бошлаб хорижий донор ташкилотларнинг халқаро лойиҳаларида фаол иштирок этиб келяпмиз. Айниқса, охирги йилларда халқаро ҳамкорлик кўлами жадал кенгаймоқда. Хусусан, 2017 йилда Германия давлатидан “Ўзбекистоннинг аҳоли яшайдиган ҳудудларида иқлим ўзгаришига мослашув” номли грант лойиҳаси доирасида замонавий қуёш панеллари ва лаборатория ускуналари олиб келинди.

2019-2021 йилларда Европа Иттифоқининг халқаро Эрасмус+ дастури доирасида институтда магистратура дастури очилиб, замонавий лаборатория ускуналари харид қилинди. Ана шу дастур асосида 2021-2027 йилларга мўлжалланган талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви ҳам ташкиллаштирилмоқда. Яна бир халқаро лойиҳа — “REILEAP” доирасида эса ҳозирги кунда институтимизнинг 11 нафар профессор-ўқитувчиси Туркиянинг Эгей университетида малака оширди.

Айни кунларда институтнинг Энергетика кафедраси профессори Уришбой Йўлдошев бош­чилигида Физика кафедраси ассистентлари Муҳриддин Эшқулов ва Шерзод Кушаков Хитой Халқ Республикасида қуёш панеллари ишлаб чиқарувчи “Wuhan Ooitech Trading Co., Ltd” компаниясида илмий ўрганишлар, техник изланишлар олиб бориб, стажировка ўтамоқда. Келгусида вакилларимиз Жиззахда қуриладиган қуёш панеллари ишлаб чиқарувчи биринчи цехда фаолият юритиб, талабаларга панел ишлаб чиқаришнинг сир-асрорларини ўргатиб боради.

Транспорт логистикаси кафедраси ўқитувчилари Aзизбек Нишонов ва Бекзод Туратов Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан эълон қилинган “Ёш олимларни хорижий ташкилотларга қисқа муддатли стажировкаларга юбориш” бўйича танловда ғолиб чиқиб, жорий йил май ойидан Словакия Республикаси Зилина университетида илмий стажировка ўтамоқда. Зилина университети олимлари билан “Road Safety and Public Transport”   мавзусида илмий тадқиқотлар билан бир қаторда халқаро лойиҳалар ва адабиётлар бўйича биргаликда ишлар олиб борилмоқда.

Олий таълим муассасамизда Европа Иттифоқининг Марказий Осиёда битирувчиларнинг ишлаши учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали ОТМ талабалари учун инновацион ёндашувлар, тадбиркорлик кўникмалари ва муносабатларини ривожлантириш — ТРИГГЕР лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Ушбу лойиҳа доирасида навбатдаги “Битирувчиларни ишга жойлаштиришда иш таж­рибаси, амалиёт ва ишга жойлаштиришнинг роли”, “EntreComp асосидаги амалиётлар, университет ўқитувчилари ва компания мураббийларининг роли: Aмалиётнинг ENTER.MODE модели”, “ЖизПИда талабалар учун амалиёт режаси намунаси”, “Университетлар ва корхоналараро саноат ўртасидаги ҳамкорлик”, “Битирувчиларнинг ишга жойлашишини қўллаб-қувватлаш ва маҳаллий ОТМларда хизмат кўрсатиш” мавзуларида семинар-тренинглар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ҳамда “KNAUF GIPS BUXARA” МЧЖ билан биргаликда Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 майдаги “Қурилиш материаллари саноатини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ҳамда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили дастурида келтирилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Янги Ўзбекистон: Илм қалдирғочлари — 2023” II Рес­публика кўрик-танлови ҳамда талабаларнинг илмий-амалий конференциясининг ташкил этилганлиги олий таълим ташкилотлари магистрлари, талабалари ва ўрта махсус таълим ташкилотлари ўқувчилари учун ҳам маҳорат майдони вазифасини бажаради. Бундай де­йишга кўплаб сабаблар бор, албатта. Боиси, кўрик-танловда маҳаллий хомашёлар, саноат чиқиндилари асосида яратилган энг яхши қурилиш материаллари ва конструкциялари, минерал ва кимёвий қўшимчалардан фойдаланиб тайёрланган янги авлод бетонлари, қурилиш материаллари ва конструкциялари, янги қурилиш материаллари, буюмларини яратиш ва ишлаб чиқариш технологияси, қурилиш конструкциялари ҳамда энергосамарадор биноларни лойиҳалаш каби илмий йўналишларда лойиҳалар кўриб чиқилди.

Илмий-амалий конференцияда архитектура ва қурилиш соҳасида кадрлар тайёрлаш, экологик ва иқтисодий муаммолар, соҳада AКТдан фойдаланиш, маҳаллий хомашёлар, саноат чиқиндилари ҳамда минерал ва кимёвий қўшимчалар асосидаги энергосамарадор қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини ишлаб чиқариш асосида замонавий энергосамарадор биноларни лойиҳалаш хусусида фикр-мулоҳазалар алмашинди. Қувонарлиси, мазкур жараёнда республиканинг 12 та ОТМидан 300 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этган бўлса, кўрик-танловга 90 дан ортиқ илмий ишланмалар келиб тушди. Демак, илмий изланиш йўлида фаоллик кўрсатаётган ёшларимиз сони тобора ортмоқда.

Жиззах политехника институтида талабаларнинг илмий изланиш олиб бориши, етарли билим, кўникма ва малакаларни эгаллаши учун зарур шароитлар муҳайё. Айни кунларда талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни соғлом турмуш тарзига кенг жалб қилиш, интеллектуал салоҳиятини ошириш ва маънавий юксалишига ҳисса қўшиш мақсадида турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиб келинмоқда. Жумладан, Ёшлар ойлиги доирасида “Китобхон талаба” танлови ва китоблар ярмаркасининг уюштирилиши талабалар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларда бадиий адабиётга бўлган қизиқишни оширишга хизмат қилган бўлса не ажаб.

Фахр билан айта оламанки, мазкур саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, талабаларимиз, институт ҳузуридаги академик лицей ўқувчилари орасида ҳам юксак марраларни эгаллаётганлар кўпчиликни ташкил этади. Яқиндагина Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Хива шаҳрида илк маротаба Aбу Райҳон Беруний номидаги халқаро кимё олимпиадаси ташкил этилди. Ушбу нуфузли олимпиадада Ўзбекистон терма жамоаси таркибида иштирок этган Жиззах политехника институти академик лицейи 2-босқич ўқувчиси Муқаддас Исмоилова кумуш медаль совриндори бўлди.

Ўзбекистонда илк бора ўтказилган халқаро олимпиадада Германия, Туркия, Озарбайжон, Ҳиндистон, Ветьнам, Жазоир, Бразилия, Беларус, Россия, Қозоғистон, Оман султонлиги, Грузия, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон каби мамлакатлардан ташриф буюрган 160 га яқин ўқувчилар орасида ЖизПИ академик лицейи ўқувчисининг кумуш медаль совриндори бўлиши педагогик жамоамиз меҳнатининг самараси бўлди.

Ўрни келганда айтиш лозимки, институтимизда талаба ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббусни амалга ошириш мақсадида турли маънавий-маърифий тадбирлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда. Айниқса, “Биз буюк юрт фарзандларимиз” шиори остида “Талабалар баҳори” фестивалининг ташкил этилганлиги кенг жамоатчиликнинг институт ҳақида тасаввури кенгайишига туртки берди.

Фестиваль доирасида уюштирилган спорт мусобақалари ёшларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш борасида институтда йўлга қўйилаётган ишларнинг ифодаси сифатида намоён бўлди. Талаба ёшлар арғамчида сакраш, дартс (нишонга уриш), арқон тортиш, тош кўтариш, қирқ тош, оқ теракми, кўк терак, турникка тортилиш, енгил атлетика (60 ва 100 метрга югуриш), шахмат, шашка бўйича мусобақаларда фаол қатнашиб, бор куч, салоҳият ва имкониятларини намойиш этганлиги — ўқийман, изланаман, янгилик яратаман, деган йигит-қизларга кенг имкониятлар эшиги очиқлигини кўрсатди.

Ёшларнинг эстетик дидини ошириш хусусида сўз борар экан, институтнинг “Ибрат” талабалар театр студияси фаолиятига тўхталмай илож йўқ. “Ибрат” театр студияси томонидан саҳналаштирилган спектакллар, саҳна кўринишларининг мавзуси долзарблиги, талабаларнинг маҳорати ва саҳна маданиятига риоя этиши, энг муҳими, томошабинлар эътиборига сазовор бўлиши учун ижро маромига етказиб тайёрланиши каби жиҳатларга аҳамият берилади. Жумладан, диний экстремизм ва терроризмга қарши “Баҳодир”, “Оқпадар”, одам савдосига қарши “Улар одам эмаслар”, бугунги кундаги долзарб мавзу ҳисобланган ўқитувчи ва мураббийларнинг обрў-эътибори ҳақидаги “Устоз” психологик драмаси шулар жумласидандир.

“Ибрат” талабалар театр студияси томонидан ўтган ўқув йиллари давомида 60 маротабадан ортиқ спектакллар, саҳна кўринишлари, жумладан, олий таълим муассасаларида 30 маротаба, туманларда 5 маротаба, маҳаллаларда 15 маротаба, умумтаълим мактабларида 7 маротаба ва бошқа муассасаларда 10 маротаба намойишлар ташкил этилди.

Жорий йилда Жиззах вилояти мусиқали драма театрида олий таълим муассасалари талаба-ёшлар театр жамоалари ўртасида ўтказилган “Талабалар театр студиялари” танловининг II ҳудудий босқичида институтнинг “Ибрат” талаба театр жамоаси Г. Худойназаровнинг “Одамфуруш” спектакли билан иштирок этди. Танлов якунига кўра институтимиз жамоаси биринчи ўринга сазовор бўлиб, ке­йинги III босқичда иштирок этишга йўлланма олди. Минтақавий босқич Бухоро мусиқали драма театрида Тошкент давлат техника университети, Жиззах политехника институти, Шаҳрисабз давлат педагогика институти театр жамоалари ўртасида бўлиб ўтди. Танловнинг мазкур босқичида “Ибрат” жамоаси   Н. Қобилов қаламига мансуб “Тўда” спектакли билан муваффақиятли иштирок этди ҳамда томошабинлар эътирофи ва олқишига сазовор бўлди.

Шунингдек, Ёшлар ойлиги давомида “Уч авлод учрашуви”, “Талант-шоу” дастури, “Ёшлар етакчисининг бир куни” лойиҳаси ҳам амалга оширилди. Ушбу жараёнларда талабаларимиз нафақат фаоллик кўрсатди, балки ўз ташаббус ва таклифлари билан ҳам иштирок этди. Шахмат, стол тенниси, волейбол ва киберспорт турлари бўйича “Ректор кубоги” мусобақалари қизғин баҳсларга бой бўлди.

Айтиш лозимки, институт талабалар турар жойида ҳам турли маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари, учрашувлар мунтазам ташкил этиб келинади. “Билим ва тафаккуримиз — шу эл учун, шу юрт учун” шиори остида факультетларнинг ёшлар етакчилари ўртасида “Ўзбегим ошларига марҳамат!” номли ош чемпионати ҳам талабалар турар-жойида ўтказилишининг ўзига хос сабаблари бор. Ош чемпионати талабаларнинг пазандалик маҳоратига баҳо бериш баробарида дўстона муҳитни яратиш, бирдамликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшди десак муболаға бўлмас.

Яқинда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Темурбек Поёнов институтимиз ёшлари билан учрашди, суҳбат қурди. Учрашувда ёшлар етакчилари, йўналиш ва факультет координаторларига тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди. Шунингдек, бошланғич ташкилот фаолиятини янада яхшилаш юзасидан таклиф ва фикрлар тингланиб, келгусида амалга ошириладиган режалар белгиланди, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан масъулларга тегишли тавсиялар берилди.

Қадимда Аристотел мактаб, Афлотун академия ташкил этиб аҳолининг билим савиясини оширишга хизмат қилган бўлса, жадидларимиз ўз маблағи ҳисобидан мактаб очган бўлсалар, ёшлар масаласи бугун ҳам энг долзарб масаладир. Шу туфайли ёшларни олий таълимга қамраб олиш ва бу босқичда уларни меҳнат бозорида рақобатбардош кадр қилиб етиштириш долзарб масала эканлигини инкор этиб бўлмайди. Шарқ Уйғониш даврида ҳам, жадидлар фаолиятида ҳам, жамиятнинг янгиланишида ёшларнинг ўрни беқиёс бўлган. Шу жиҳатдан мунтазам шаклланиб борувчи бу қатлам доимий йўналтириб ва қўллаб-қувватлаб туришни талаб этади. Демак, ёшларнинг иқтидорларини намоён этиши учун мақбул шароит ва имконият яратиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш мустақил фикрлайдиган, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, инсон ҳаёти одоб-ахлоқ, таълим-тарбия билан бевосита боғлиқ. Бугун униб ўсаётган ёш авлод эса янги Ўзбекис­тоннинг бунёдкорларидир.

Алишер УСМОНҚУЛОВ,

Жиззах политехника институти ректори,

техника фанлари доктори, профессор

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 4 =