Газеталардан воз кечиш қимматга тушиши мумкин

Замонавий таълим билим, кўникма, малака билан бирга ижодий қобилият (компетентлик)ни шакллантиришни ҳам тақозо этади. Бу эса бўлажак мутахассисларнинг воқеликка плюралистик қарашлар асосида мантиқий фикрлаш, танқидий ёндашув, қиёсий таҳлил санъатини эгаллашига хизмат қилади.

Илм олиш, ўқиш, ўрганишнинг ўзи қунт, сабр-чидам, машаққат. Ўргатиш эса бу жиҳатларни ўн ҳисса қийинлаштиради. Дарс жараёнларида ўқитувчи, мураббийлар ёшларга фан доирасида билим беради. Ўз навбатида уларни мустақил ўқишлари, изланишлари учун кўникма ҳосил қилиши ҳам шарт. Шундагина ёш авлод ўзи ўқиб, изланиб, малака ошириб боради. Мана шу учала компонент шаклланган инсонда ижодий қобилият (компетентлик) вужудга келади. Пировардида таълим тизимида кўзланган мақсад ёшларимиз воқеа-ҳодисаларни таҳлил қилиб, мантиқий фикрлаб, танқидий ёндашиб, тўғри хулосага келадиган салоҳиятли кадрлар бўлиб етишадилар.

Биз бугун таълим жараёнида мақсадни юқори қўйганмиз-у, лекин вазифани тўғри белгилай олмаяпмиз, назаримизда. Буни сўнгги йилларда мактаб битирувчиларининг олий таълим даргоҳларига кириш тест жараёнларидаги олаётган балларидан ҳам билсак бўлади. Замонавий тестлар жамланмаси оддийдан мураккабга, таҳлиллаш санъатига, мантиқий фикрлашга асосланганлигини инобатга олсак, ёшларимизда бу жиҳатлар етишмаётганлиги ойдинлашади. Тўғри, тест саволларининг пала-партишлиги, мантиқдан йироқлиги, “оёғи осмондан” бўлиб ётгани ҳам бор гап. Бу ҳақда ҳам кўп айтилади. Лекин барибир олий таълим даргоҳида ўқиш учун ҳужжат топшираётган ёшларнинг аксарияти, минг афсуски, ҳамон алифни калтак деб юргани ҳам сир эмас. Шундай экан, юртимизнинг 14 та ҳудудидан 9 тасида 2022-2023 ўқув йили учун ОЎЮларига кириш тестларидан 50 фоиз абитуриентлар қониқарсиз балл олганлиги, 2023-2024 ўқув йилида эса 8 та ҳудудда бу кўрсаткич қайд этилганлиги ҳар биримизни ўйлантириши лозим.

Ижтимоий тармоқларнинг ривожланиш тенденцияси газета ва журналларга фуқароларнинг, ташкилот ва корхоналарнинг обуна бўлишига тўсқинлик қилмоқда. Албатта, ахборотлар оқими кучайган давр, ижтимоий тармоқлар орқали янгиликдан ўз вақтида хабардор бўлиш яхши. Бироқ одамларимизнинг унга тобелиги оқибатида газета, журнал, китоб ўқимай қўйиши ачинарли ҳол. Бу эса ёшлар дунёқарашига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиб қўйди.

Газеталарга обуна бўлиш қандай ижобий самара беради?

Китобнинг инсон ва жамият ҳаётидаги ўрни бемисл, албатта. Бироқ газета ва журналларнинг китобдан фарқи шундаки, китоблар муайян муаллифнинг фикр-мулоҳазаларини ифода этади. Газета ва журналлар бир вақтда бир қанча муаллиф ва қисқа воқеликлар, таҳлиллар, хабарларни ўзида акс эттириш орқали уларни ўзаро таққослашга, таҳлилга ундайди. Натижада инсон тезкор фикр юритиш, ёритилган маълумотларни қиёсий таҳлил қилиш, мулоҳазаларини билдириш билан бир вақтда турли қарашлар негизида тафаккурлаш доираси кенгайиб боради. Буни барчамиз биламиз, бироқ аксариятимиз ва айниқса, айрим билимдонлар буни тушунишни хоҳламаяпмиз.

Таклиф ва тавсиялар

Ижтимоий муҳитда аксарият ташкилот ва корхоналарнинг газеталар билан ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилмаган. Улар қачонки босма нашрларда мақола чоп эттириши лозим бўлиб қолгандагина газеталарни эслашади. Бўлмаса, йўқ. Жамият ҳаётини ташкил этувчи иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маданий-маънавий соҳа ташкилот ва корхоналари газета ва журналлар обунасига жиддий эътибор қаратишлари лозим. Негаки, бу соҳаларда амалга оширилаётган ишлар ва халққа мурожаатномалар айнан газеталар саҳифаларида босиб чиқарилади. Аксарият ташкилот ва корхоналар “белгилаб берилган” нашрларгагина ўлганнинг кунидан обуна бўлишади холос. Лекин ҳар бир ҳудуддаги мурожаатларга, аввало, маҳаллий нашрлар “лаббай” деб жавоб беради. Қачонки юқори турувчи раҳбарият босма нашрларда чиқиш қилишни талаб қилса, газеталар “керак” бўлиб қолади. Демак, биз ҳам фуқароларимиздан шундай талаб қилишимиз керак. Лозим бўлса, уларга намуна бўлишимиз, газета-журналлар ўқиш учун имконият, шароит яратиб беришимиз шарт.

Ҳозирда раҳбарлар қабулига борган фуқаролар ёки меҳмонларга кутиш жойларида қаҳва, чой дамлаб беришади. Шу билан бирга газета, журналлар қўйилса, бу кутган одамларда ҳам, меҳмонларда ҳам қизиқиш уйғотади. Кутиш асносида юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан янада кенг­роқ хабардор бўлади.

Юртимизда кўплаб сайилгоҳлар, дам олиш масканлари, боғлар ташкил этилган. Бироқ аксарият ҳолларда у жойларга борган инсонларнинг шунчаки вақтни ўлдириш, ўриндиқларда бемақсад ўтиришига гувоҳ бўламиз. Шундай жойларда маҳаллий ҳокимият органлари, тегишли ташкилотлар мутасаддилари ташаббуси билан газета ва журналлар учун махсус жойлар ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Шунда фуқаролар тўлақонли маданий ҳордиқ чиқаришлари учун замин яратилади. Юқоридаги қайд этилган ишларни амалга ошириш фақатгина таҳририят ёки маҳаллий ҳокимлик­ларнинг вазифаси эмас. Ижтимоий онгнинг юксалишига ўзини дахлдор деб билган барча одамларга тааллуқлидир. Акс ҳолда, йилдан-йилга тафаккурлашдаги эврилиш прогрессга эмас, регрессга томон ҳаракатда давом этаверади.

Ижтимоий онгнинг ривожи учун барчамиз бирлашайлик! Шундагина “Биз бир бўлсак, ягона халқмиз, бирлашсак, Ватанмиз” шиори амалда янада ўз ифодасини топади. Барчамиз халқимизнинг бугуни ва келажак учун масъуллигимизни унутмайлик.

Ўйлаб кўринг!

Баҳром БОЙМУРОДОВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen + 18 =