Таҳрир санъатга айлансин
ёхуд ҳудудий матбуот саҳифаларида нима гап?
Даврлар оралиғида ҳамма нарса ҳам ислоҳга, янгиланишга эҳтиёж сеза бошлайди. Айни кунда катта ислоҳотлар ва кескин янгиланишларга ниҳоятда муҳтожи — бу Ўзбекистондаги аксар ҳудудий босма оммавий ахборот воситаларидир.
Дарҳақиқат, ўзбек адабий тилини ривожлантириш ва унга янги атамаларни киритишда, айниқса, оддий одамлар орасида ўзбек адабий тилини тарғиб этишда, оммавий ахборот воситалари, хусусан, босма оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва аҳамияти катта.
Бироқ, барча газеталарни ҳам бу вазифани тўлиқ адо этяпти, дея олмайман. Бунга ҳаққим йўқ! Ўзбекистондаги “Халқ сўзи”, “Янги Ўзбекистон”, “Мilliy tiklanish”, “Маънавий ҳаёт”, “Тafakkur” каби нашрларнинг бу борадаги ўрнини алоҳида қайд этиш керак, албатта. Шунинг баробарида, “Zarafshon”, “Тoshkent haqiqati” сингари ҳудудий газеталарнинг аҳамиятини ҳам таъкидлаш лозим.
Аммо, ўқувчига энг яқини, шубҳасиз, туман газеталаридир. Туман газетасини ўқимайдиган газетхоннинг бошқа бирон нашрни ўқиши душвор. Таъбир жоиз бўлса, маҳаллий газеталар муштарийларда газетхонлик маданияти билан бирга ўзбек адабий тилида сўзлаш кўникмасини ҳам шакллантириши лозим. Лекин, маҳаллий газеталардаги материалларни таҳлил қилиш давомида ўзбек маҳаллий матбуотида бир қанча муаммолар борлиги кўзга ташланади.
Биргина “Паркент тонги” газетасининг 2023 йил 14 сентябрдаги 36-сонида эълон қилинган материаллар таҳлил қилинса, газетанинг 1-саҳифасидаги “Полвонлари кўп юрт – қудратли бўлур” мақоласи эътиборни тортади.
“Туманимиз прокурори Жасурбек Ҳайитбоев ўз сўзида юртимизда спорт турларини ривожлантириш, ёшларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун шарт-шароит яратишга қаратилаётгани туфайли спортнинг кураш тури янада оммалашаётгани ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди. Шунингдек, прокурор туманимизда курашга қизиққан ўғил-қизларни қўллаб-қувватлаш, истеъдод эгаларини юзага чиқаришда ҳар томонлама амалий ёрдам беришга тайёрлигини билдирди”, – дейилади ушбу мақолада.
Аввало, газета – оммавий ахборот воситаси, “тўртинчи ҳокимият” вазифасини ўтар экан, у учинчи шахс сифатида воқеа ё ҳодисага ўз муносабатини билдириши ёки оммага ахборот етказиши керак, вассалом. Бу ўринда “туманимиз” сўзи “Паркент тумани” сўзига алмаштирилиши лозим эди. Бундай матнда журналистнинг ўз позицияси мавҳумлашади.
Матндаги мужмал ҳамда узун жумлалар ва мақолани ортиқча шишириш учун фойдаланилган ҳавойи фикрлар ўқувчини зериктиради ва ўзбек тилининг бетакрор жозибасига нисбатан шубҳа уйғотади.
Бундан ташқари, “Тoshloq tongi” газетасининг 29 сентябрдаги 28-сонида “Камолот сари йўл мактаб остонасидан бошланади” сарлавҳали мақоласида ҳам мақсадга номувофиқликлар кузатилади.
“Халқимизда “Устоз – отангдек улуғ” деган ҳикмат бор. Ҳа, отадай улуғ деб нисбат берилувчи инсон, бу – устоздир”, – дея бошланади ушбу мақола.
Энг аввало, “Устоз – отангдан улуғ” дейилса, тўғри бўлади ва бу ҳикмат эмас, ўзбек халқ мақоли. Ўзбек тили имло қоидаларида эса -дир қўшимчаси қўшилган тақдирда тире (“–”) қўлланилиши жоиз эмас.
Газетанинг шу сонидаги “2 октябрь – душанба куни ҳам дам олиш куни бўлади”, “Астрономлар янги галактикани кашф қилишди”, “Вирусли гепатит А касаллиги ҳақида қисқача маълумотлар”, “Бу масканда ёшлар ҳам сифатли билим, ҳам ҳунар эгаси бўлишмоқда”, “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан байрам тадбири” каби сарлавҳалар таҳрирга ниҳоятда муҳтож.
Бу каби луғавий камчиликлар ва таҳрирталаб материаллар маҳаллий матбуотда талайгина. Энг аввало, бунинг сабаби малакали кадрларга юқори эҳтиёждадир. Ҳудудий нашрларда меҳнат қилаётган журналистларнинг малакасини оширмай туриб, бу муаммони ҳал қилиш мушкул. Тўғри, ўрта махсус маълумотли кадрни тўрт йил олий таълим муассасасида ўқитиб, уни ҳудудларга етказиш иши кўп қовун пишиғини талаб қилади. Бу мақбул ечим эмас. Аммо, бизда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси мавжуд-ку?!
Ҳар бир вилоятда навбати билан малака ошириш курслари ва маҳорат дарсларини ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлади, менимча. Бунда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамкорликда чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаб, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети, қолаверса, вилоятлардаги олий таълим муассасаларида мавжуд журналистика факультетларининг малакали ўқитувчиларини, шунингдек, марказий газеталар таҳририятларининг тажрибали журналистларидан иборат педагоглар жамоасини шакллантириши ўринли бўлар эди. Мана шундай семинарлар ҳудудларда ўтказилса, маҳаллий газеталардаги кадрларга бўлган эҳтиёж малака жиҳатидан қондирилган ва ҳудудий матбуотдаги материалларда таҳрир масалалари ечимини топган бўлади.
Бундан ташқари, ҳудудий газеталар ўртасида материаллар мазмуни ва таҳрир маҳоратини инобатга олган ҳолда республика мониторингини юритиш керак. Энг яхши натижани қайд этиб, республикадаги энг намунали ҳудудий газета таҳририяти сифатида эътироф этилган туман газетаси жамоаси моддий ва маънавий қўллаб-қувватланиши лозим.
Қолаверса, таҳририятлардаги кадрлар малакасини ошириш ва уларнинг ўз устида ишлашлари учун қулай шароит яратиш учун таҳрир санъати устаси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Маҳмуд Саъдийнинг “Таҳрир санъати” рисоласи билан барча таҳририятларни таъминлашни тавсия қиламан. Зотан, таҳрир кундалик иш тарзи эмас, маҳоратга, санъатга айланмоғи шарт!
Отабек ИСРОИЛОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.