Сунъий интеллект одамнинг эгизагими?

Энди бемалол хаёл ҳам суролмайсиз чоғи! Нега десангиз, яқинда сунъий интеллект нима ўйлаётганимизни ҳам билиб олиши мумкинлиги ҳақида бир маълумот ўқиб қолдим. Техас университети олимлари шундай тизим яратишибди. У функ­циональ магнит-резонанс томография (МРТ яъни патология ва касалликларни ташхислашнинг замонавий усули) ёрдамида инсоннинг фикрларини ўқиб оларкан. МРТ мия фаоллигини кузатади, сунъий интеллект эса сигналларни сўзга айлантиради. Тажрибада 20 ёшдан 30 ёшгача бўлган аёллар ва эркаклар қатнашган. Улар кузатув давомида радио тинглаганлар. Бу вақтда нимани ўйлаганлари сунъий интеллектга асосланган компьютерга туширилган. Тизим инсоннинг ўй-фикрларини ипидан игнасигача билиб беролмайди, албатта. Аммо хаёлларнинг асосий мавзуси аён бўлади.

Одатда, робот деганда кўпчиликнинг кўз олдига инсонлардек гап­лаша оладиган, уларнинг ўрнига барча юмушларни бажарадиган ёрдамчилар келади. Аммо сунъий интеллект нисбатан кенгроқ тушунча. Аслида мобиль қурилмангиздаги дастурлар: google-таржимон, луғатлар, турли хил ўйинлар ва ҳоказолар ҳам сунъий интеллектга яққол мисол бўла олади. Фақат уларнинг қамрови кичик­роқ бўлиб, маълум бир йўналишдагина сизга ёрдам беради. Яъни бажармоқчи бўлган амалларингиз турига қараб тегишли дастурдан фойдаланасиз.

Хўш, ўзи сунъий интеллект нима?

Сунъий интеллект деганда инсоннинг мантиқий ва ижодий функцияларини бажарувчи интеллектуал сунъий тизим тушунилади. Ушбу атама ўрганиш ва муаммоларни ҳал қилиш каби инсон ақли билан боғлиқ хусусиятларни намойиш этадиган ҳар қандай технологияга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин. Унинг идеал хусусияти – аниқ мақсадга эришиш учун энг яхши имкониятга эга бўлган ҳаракатларни баҳолай олиш ва амалга ошириш қобилиятидир.

— Биласизми, энг ғалатиси нимада? Биз сунъий интеллектни инсонлаштиришга ҳаракат қиляпмиз, лекин ўзимиз инсон кимлигини унутяпмиз, — дейди “Глобал инқироз. Бу энди ҳар кимга тегишли” конференция­сида сунъий интеллект вакили бўлган Cody исмли маърузачи. Мутахассис бугунги кунимиз ҳақида гапириб, яқин келажак учун ҳам хулосаларини берди, шунинг­дек, у замонавий жамиятнинг асосий муаммосини ҳам айтди. Яқин келажакда сунъий интеллект бизнинг ўрнимизни қайси соҳаларда эгаллаши мумкин? Шу саволга ҳам у жавоб берди.

Codyнинг фикрига кўра, унинг таъсири — тасвирий санъат, мусиқа, тиббиёт, таълим ва ҳатто динда ҳам кузатилади. Токиода андроид-роҳиб, Германияда робот-руҳоний, Киотода робот-маъбуда — булар албатта, бемаъни бўлиб туюлиши мумкин, лекин ҳақиқат! Психология соҳасида ҳам илғор ўзгаришлар юз берди. Энди одам психолог қабулига бориши шарт эмас, у ўз смартфонига махсус дас­турни юклаб олиши кифоя ва унинг психологик ҳолати кунига 24 соат давомида назорат остида бўлади.

У ўз фикри давомида таълим соҳасига ҳам тўхталиб ўтар экан, унинг сифати ҳам сезиларли даражада ошиши, чунки сунъий интеллект ҳар бир ўқувчига индивидуал ёндаша олишини таъкидлайди.

—Тадқиқотларга кўра, таълим муассасаларининг 99 фоизи яқин уч йил ичида сунъий интеллект асосидаги машғулотларга ўтишни режалаштир­япти, — дейди Cody.

Чиндан ҳам, сунъий интеллект инсоният ҳаётига бўрондек кириб келмоқда ва жамиятнинг ҳар бир соҳасига ўз таъсирини ўтказиб, ақл бовар қилмайдиган ўзгаришлар ясамоқчи.

Аслида коронавирус пандемияси дунёдаги кўплаб воқеаларни тезлаштириб юборди. Бундан ўн йил кейин рўй бериши керак бўлган ўзгаришлар бугунги кунда кузатилмоқда. Эпидемия “масофавий” тармоқлар ривожига ҳам катта туртки берди. Натижада роботлар, сунъий интеллект, автоном электрон тижорат, учувчисиз учиш қурилмалари, онлайн конференциялар, тасвирларни таниш ва бошқа соҳалар тараққиёт оқимига ўта фаол даражада қўшилиб кетди.

– Аслида онлайн ҳаёт — сунъий онг­нинг инсон қобилияти даражасигача юксалишидир. Бу аслида келажак тенденцияси эди. Ваҳоланки, коронавирус ана ўша истиқболни бугунга олиб келиб қўйди, – дейди Хитойнинг Цинхуа университети профессори Шэнь Яннинг “Хуаньцю шибао” газетасида чоп этилган мақоласида. – Сунъий интеллект биздаги муайян қобилият ўрнини босар экан, алалоқибат ўша қобилиятимиз сўниб бораверади. Шундай экан, агар инсон ўзининг маънавий савияси ва майдонини кенгайтирмаса, ижтимоий функциялар қиймати сезиларли даражада пасайиб кетади.

Профессорнинг гапларида жон борга ўхшайди. Тўғри-да, кун сайин одамлар интернет қаршисида кўпроқ вақт ўтказмоқда. Агар инсон бир кунининг 8 соатини уйқуга сарфлаб, қолган 16 соатининг ярмини интернетда ўтказишда давом этса, реал ҳаётга кетаётган вақтидан ҳам кўп-ку! Демак, бутун дунёни бир қутига қамаб қўйган эпидемия бизни муддатидан олдин виртуал реалликка олиб кирди.

Бугун ижтимоий тармоқларда шифокор ўрнига беморларга жавоб берадиган сунъий интеллект, ресторанларда хўрандаларга хизмат қилаётган робот–оффициант, жарроҳлик амалиётини ўтказаётган робот–врач каби бир қанча янгиликларни ўқиб қолаяпмиз.

Тўғри, ўзгаришлар замонида яшаяпмиз. Замон — шиддаткор. Бугунги ихтиро эртангисидан, эртанги янгилик эса индингисидан қулай, тезкор, имкониятларга бой бўлиб бормоқда. Буни инкор этмоқчи эмасмиз. Аммо…

Яқинда америкалик тадқиқотчилар “Сунъий интеллект табиий ресурсларга зарар келтирмоқда” деган иддао билан чиқишди. Унга кўра олимлар ChatGPT сервери қанча сув талаб қилишини ўрганиб чиқишди. Маълум бўлишича, чат-бот 50 та саволга жавоб бериши асносида 1 литр сув сарф  бўларкан. Нейротармоқни GPT-3 тил моделида тузиш ва билимлар ўргатиш жараёнида кунига 700 000 литр сув кетаркан. Бу 5 минг одамдан иборат бир қишлоқ аҳолисининг кундалик истеъмолига тенгдир.

Чат-ботга сувнинг нима алоқаси бор, дейсизми? Гап шундаки, кўп ишлаганидан қизиб кетган ва зўриққан серверни совитиб олиш учун тоза ичимлик суви талаб этилади. Кунига миллионлаб одам унга савол бериш билан банд экан, сервер бор кучини бериб ишламоқда. У бир кунда сарфлаган сув Teslaнинг 320 та машинасини ишлаб чиқаришга етади. Бинобарин, шу йил февраль ойи ҳисобига кўра, ChatGPTга бир кунда 13 миллионта (сониясига 150 та) одам ташриф буюради. ChatGPTни ўргатишнинг ўзи 1300 МВт/с қувват талаб қилган. Бу йилига 200 нафар инсоннинг истеъмолидаги миқдордир. Бошқача айтганда — шунча электр энергияси билан Нью-Йоркдан Сан-Францискога 550 марта электромобилда бориб келиш мумкин. Сунъий интеллект тармоқларининг ресурсларга бўлган талаби йил сайин ўсиб бориши аниқ. Бунинг экологияга таъсири жиддий мушоҳадаларни талаб қилади, албатта.

Ёки яна бир мисол: Aмериканинг Goldman Sachs банки яқин 10 йил ичида сунъий интеллект туфайли жаҳон меҳнат бозорида 300 миллионга яқин бўш иш ўринлари йўқолишини башорат қилди. Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, ChatGPT каби тизимлар меҳнат унумдорлигини йилига 1,4 фоизгача оширади. Дунё бўйлаб фирмаларнинг камида ярми сунъий интеллект технологияларига ўтгандан сўнг тахминан 10 йил ичида дунё ялпи ички маҳсулоти 7 фоизга ошади. Тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, AҚШдаги ҳар 10 ишчидан етти нафари ўз ишида сунъий интеллект таъсирига учрайди, бироқ фақат бир нечтасигина ишини тамомила йўқотиши мумкин. Ҳозирча сунъий интеллект кўпроқ офис ишчилари ва юридик ходимлар ўрнини босиши кутилаётган экан.

Ўйлаб кўрайлик: инсон тафаккури билан қилинган, унинг онгу-шуури асосида амалга оширилган хизматлар билан техника ёрдамида қилинган ишнинг ўртасида фарқ бўладими? Назаримизда ҳеч бир сунъий интеллект манбаи инсон қалбидаги одамийлик, меҳр-муҳаббат, севги, садоқат каби ноёб туйғуларни ўзида жамлаб ололмайди. Мисол учун, ижодкор ёки журналист бўлиш ҳар бир инсондан туғма қобилият ва Аллоҳ юқтирган истеъдодни талаб қилади. Ўзида минглаб қулайликларни жамлаган робот ҳам, бошқаси ҳам инсон бўлолмаганидек, сунъий маҳсулотлар табиийсига тенг­лашолмайди, инсонлар яъни одам одамга муносабатини эса энг зўр қурилма ҳам инсоннинг ўзидек адо этолмаслиги аниқ. Техника, тараққиёт, замонавий қурилмалар яна ва яна ривож топиб бораверар, бироқ бу дунёда инсон ўзлигини, ўтмишини, одамийлигини ҳеч қачон йўқотмаса бас.

Энг катта хавотир ана шунда.

Ислом АСИЛБЕКОВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × three =