Нима учун яшайсиз?

Ҳеч эътибор берганмисиз хориж киноларида, адабиётларида аксарият одамлар ўз номини абадиятга муҳрлаш мақсадида ҳали ҳеч ким қўл уриб кўрмаган ишларни қилишга, қандайдир ноодатий қарашлари билан инсоният ҳаётига янгилик олиб киришга уринади. Улар учун бошқа одамларнинг фикри, танқидлари, қаршиликларининг асло аҳамияти йўқ.

Бу каби одамлар кимларгадир кўр-кўрона тақлид қилишдан, кимларгадир эргашиб уларнинг ишини давом эттиришдан мутлақо йироқ бўлишади. “Одамлар мен ҳақимда нима дейишяпти?”, “Қандай натижаларга эришсам кўпчиликни ҳайратда қолдираман?”, “Шахсий маълумотларимга нималарни қўшиш орқали одамларнинг менга бўлган ҳурмати ортишига ва қизиқишига сазовор бўламан?” деган юзаки қарашларни хаёлининг бир четига ҳам келтиришмайди гўё. Бундайлар учун ўзидан бошқа идеал одам йўқ ва улар фақатгина ўзлари учун ишлашади.

Шулар ҳақида фикр юрита туриб баъзан улар билан ўзимни, атрофимдаги одамларни солиштираман. Қаергадир амаллаб ишга жойлашиб олиш, бунга худди катта бир имкониятдек қараб, олдинда қўлга киритишимиз мумкин бўлган совринларга элтувчи йўл сифатида баҳолаш – буларнинг бари ўткинчи ҳою­-ҳавас, очиқроқ айтадиган бўлсам умрни беҳудага сарфлашдек туюла бошлади.

Ўйлаб кўринг, биз кўпроқ нималар учун ҳаракат қиламиз? Ўз резюмеимизни турли олди-қочди ютуқлар, реал фикрловчи инсонлар учун бир ти­йинлик қийматга эга бўлмаган совринларимиз билан бойитиш учунми ёки ўз ишларимиз билан “мен”имизни топиш учунми?

Америкалик журналист Девид Брукснинг “Пут к характеру” номли асарида ҳам худди шулар ҳақидаги фикрларни учратдим.

Унда журналист “Сўнгги пайтларда мен резюме ва некролог ўртасидаги фарқ ҳақида кўп ўйладим” – дея ўз қарашларини асослашга уринади.

– Биринчиси, ишга киришда айтиб ўтиладиган фазилатлар, меҳнат бозорига таклиф қилинадиган ва улар ёрдамида ташқи муваффақиятга эришиладиган кўникмалардир. Некролог фазилатлари эса чуқурроқ нарса; ортда қолдирган нарсангиз. Кетганингизда сиз ҳақингизда эсда қоладиган фазилатлар – табиатингнинг моҳияти: меҳрибонлик, мардлик, ҳалоллик ва бошқа одамлар билан муносабатларингиз – деган сўзларни келтиради Девид Брукс. Ва яна шундай дейди: – Кўпчилигингиз некролог фазилатлари резюмедан кўра муҳимроқ, деб айтасиз, лекин тан олишимиз керакки, ҳаётимиз давомида барчамиз биринчисидан кўра иккинчиси ҳақида кўпроқ ўйлаганмиз.

Негаки бугунги кунда биз яшаётган муҳитнинг ўзи шунга мажбур қилади. Кимдир сизни бирор жойга тавсия қилаётганда фалон мукофотлар сов­риндори, фалон фанлар номзоди яна бир нима-бир нималарни қўшиб маълумотларингизни кўпиртириб айтиб берса бўлгани, ўз-ўзидан сизни ишга олишга талабгорлар ортиб кетади. Буёғига ўзингизни ақллидек тутиб, қаердандир кўриб олган “маълумотлар”ингиз, “янгиликлар”ингизни жорий этиш таклифини бериб турсангиз кифоя, салкам авлиёга айланасиз-қоласиз.

Нима қилибди, озгина вақт бўлса-да юқори лавозимда ишлаб олганингизнинг ўзи сизнинг шахсий маълумотларингизга жуда катта ижобий таъсир ўтказади. Нима қизиғи бор сиз киритган таклифлар 10 йилдан кейин 15 йилдан кейин қандай “натижа” берганини. Муҳими ҳаммаси яхши бошланди, мен ишдан кетганимдан кейин бари ўзгариб шу ҳолатга келди деб тураверасиз-да! Юқорида айтилганидек ҳар бир ишлаган жойингиздан резюмеингизни бойитадиган ютуқларни олиб кетсангиз бўлди-да.

Ҳеч гувоҳи бўлганмисиз, қандайдир танловлар ўтказиладиган бўлса, анча аввалдан бунинг учун тайёргарлик кўриб юрган одамлар бўлади. Энг қизиғи бундайлар 10-15 нафарни эмас, балки минг, ўн минг нафарни ташкил этади. Қолаверса, улар ўз фаолияти доирасидаги вазифаларни ҳам атайин мана шундай совринлар учун бўлган курашларда “тош босадиган” қилиб режалаштирадилар.

Нима дейсиз, шу каби инсонлар фақат резюме учун ишлайдиганларга мисол бўла олмайди-ми?

Айтинчи, сиз бирор мукофотга тавсия қилинаётган одамнинг “Йўқ менга бунинг асло кераги йўқ. Фақатгина ўз вазифамни бажаряпман холос” деган фикрларини қачон эшитгансиз? Ҳа, биз бундай гапларни фақатгина ҳамма ишлар битиб, кастюмларга орденлар тақилаётган вақтларда ўзини камтариндек кўрсатишга уринадиганлар тилидан эшитамиз. Балки шунинг учундир қанча-қанча “қаҳрамон”ларимиз эрта бир кун ҳеч кимнинг ёдида қолмас.

Афсуски, бугунги замонавий жамият қандай қилиб ажойиб мартаба қуриш ҳақида ўйлашни рағбатлантирмоқда, лекин ички дунёга қандай ғамхўрлик қилишни тушунишга ёрдам бермаяпти ҳисоб. Муваффақият ва шон-шуҳрат учун рақобат шунчалик шиддатлики, у бутун вақтимизни оляпти. Истеъмол бозори бизни утилитар фикрлашга ва кундалик қарорларнинг маънавий оқибатлари ҳақида ўйламасдан, истакларимизни қондиришга интилишга ундамоқда. Тез ва юзаки мулоқот шахсият тубидан келаётган сокин ички овозни бўға бошлади. Биз ўз-ўзини тарғиб қилиш ва ўз-ўзини реклама қилишни ўргатадиган, муваффақиятга эришиш учун зарур бўлган кўникмаларни ривожлантирадиган ва бу йўлда инсонийликдан чиқишга-да олиб келадиган, ўз камчиликлари билан ҳалол ички курашни зўрға рағбатлантирадиган маданиятда яшаймиз.

Ёшларга ҳозир нима учун “Бурунийлар чиқмаяпти, Фарғонийлар, Хоразмийлар, Фаробийлар, Термизийлар чиқмаяпти?” деб савол беришдан аввал юқоридагилар ҳақида бир ўйлаб кўрармиз?!

Тўғри, вақти-вақти билан камдан кам ҳолларда ажойиб ички яхлитлиги билан ажралиб турадиган одамларни учратишингиз мумкин. Улар мазмунли яшайдилар ва арзимас нарсаларга алмаштирмайдилар. Улар қарама-қаршиликлар билан парчаланмайди ҳам. Улар хотиржам, ўзига ишонган ва ўзларининг руҳий илдизларини ҳис қилишади. Бўронлар уларни йўлдан ағдариб ташламайди, тақдирнинг ўзгаришлари уларни эзиб ташлолмайди. Уларнинг онги ҳамжиҳатликка, қалби ишончлилик ва садоқатга тўла.

Бундай одамлар сира ҳам эътиборни жалб қилишни исташмайди: улар меҳрибон ва қувноқ, жуда эҳтиёткор. Улар камтарона фазилатларга эга, доимо кимгадир фойдаси тегиши учун интилади ва улар дунёга ҳеч нарсани исботлашига ҳожат йўқ. Улар камтар, ўзини тута оладиган, мўътадил, бошқаларни ва ўзини ҳурмат қиладиган ва ўзига нисбатан талабчан инсонлардир.

Улар билан бўлган ҳар бир суҳбат маънавий қувонч бахш этади. Уларга кимдир бақирса ҳам жимгина ва хотиржам жавоб беришади. Ноҳақ зулмга учрасалар ҳам нолишмайди. Уларнинг ишлари сўзларидан кўра баландроқ гапиради. Улар қандай жасорат кўрсатаётгани ҳақида ўйламайдилар. Ўзлари ҳақида-ку умуман ўйламайдилар. Aтрофдагиларнинг номукаммаллигидан ўзларича ғазабланмайдилар. Улар фақат нима қилиш кераклигини кўришади ва буни қилишади.

Энди барчамиз виждонан ўзимизга савол бериб кўрайлик: Биз шундай одамлар сирасига кирамизми?

Ишонч билан айтишим мумкин-ки, ҳозир бироз хаёлга чўмиб кўпчилигимиз бундай яшаш орқали кўп нарсадан қуруқ қолишимиз ва пана-пастқамда қолиб кетишимиз мумкинлигини тасаввур қилдик. Мана бизнинг ўзимизга берадиган баҳоимиз ва қўрқувимиз.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 − one =