Тожикистон таассуротлари
(Биринчи мақола)
Сафарга чиқишнинг ҳамиша ҳам ўз гашти бўлади. Айниқса, узоқ йўлга чиқаётганда ҳар ким ҳам тадорик кўради. Аммо бугун қадимги даврлардагидек, оту туяларда ҳафталаб, ойлаб юрадиган замон эмас. Яратган Эгамнинг иноятига кўра ҳазрати инсон темир учоқларни, авто деган темир уловларни кашф қилиб қўйибди. Шу боис, имкон бўлса, бир неча кунда дунёнинг нариги чеккасига бориб келиш ҳам ҳеч гап эмас.
Болалигимда ёши улуғ кишилардан эшитган эдим. Бир бечора ўзи яшайдиган қишлоқдан чиқиб, узоқроқ бир тепаликнинг нариги чеккасига бориб ҳайратланиб шундай дебди: “Эҳ ҳе, дунёнинг чеки-чегараси йўқ экан-да, мен фалон тепаликнинг нариги тарафига бориб келдим”. Маълум бўлишича, бу тепалик 3-4 чақирим наридаги бир жой экан. Шу гапни айтишиб, ҳаммамизни кулдиришар эди.
Майли, бу бир ҳангомали гап, ўринлими- ўринсизми, шунчаки хаёлга келиб қолди. Асло бугунги кунларга ҳам, сафаримизга ҳам алоқаси йўқ.
Бу галги ижодий сафар қўшни ва биродар давлат — Тожикистонга бўлди.
Тожикистонда шахсан камина иккинчи бор бўлишим. Ўтган йили айнан шу октябрь ойида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Тожикистон Журналистлар иттифоқи ташкил этган сафар иштирокчиси бўлганим ва бу юрт ҳақидаги тасаввурларим ниҳоятда бой бўлганини сира унутиб бўлмайди. Чунки бу ўлканинг ниҳоятда гўзал табиати, пурвиқор тоғлари, кўм-кўк арчазорлари, меҳмондўст ва самимий одамлари юракдан жой олган.
Аммо ҳамиша шундай. Гапни нимадан бошлаш, сафар давомидаги таассуротларни ҳикоя қилиш сира осон бўлмайди. Чунки ўқувчига бор кўрган-кечирган воқеалар, таассуротлар тафсилотини сўзлаб беришнинг қизиғи бўлмаслиги мумкин. Шундай бўлса-да, таассурот ва ҳайратлар шунчалар мўл, бойки, уларнинг бари ҳақида ўртоқлашгинг келаверади.
Аввало, ўтган ҳафтадаги 4 кунлик сафар учун ташкилотчиларга сўзимиз аввалида миннатдорлик билдириб ўтиш фарздир. Хусусан, Тожикистон Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Раҳмонзода жанобларининг ёрдами, ташаббуси, сафар давомида Тожикистон Энергетика ва сув захиралари вазирлигининг яқиндан берган кўмагидан миннатдормиз. Ўзбекистон ва Тожикистон ташқи ишлар вазирликларининг вакилларига ҳам катта раҳматлар айтиш жоиз.
Тожикистон — улкан тоғлар, дарёлар, гўзал табиат, ГЭСлар мамлакатигина эмас, балки азалдан ўзбекка дўст, биродар бўлган мард ва танти одамлар юртидир. Бу юртга қадам қўйган меҳмон борки, ҳайратларга ошно бўлмаслигининг иложи йўқ.
Сафарда эса ҳамроҳларинг, сафдошларинг ўзингга яқин, дилингга яқин кишилар бўлса, омадинг келгани шу экан. Чунки гап-гапга қўшилади, узоғинг яқиндай бўлади. Неки мурод қилган бўлсанг, албатта, барига эришасан. Таниқли устоз журналист, “Sevimli” телеканалининг фидойиларидан бири Шоқаҳҳор Салимов, жасоратли инсон, моҳир тележурналист, публицист, “Mahalla” телеканали етакчиларидан бири, жаҳонгашта журналист Рўзибой Қўлдошев ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “XXI аср” газетасининг Бош муҳаррири Норқобил Жалил билан сафаримиз қандай ўтганини сезмай қолдик.
Аммо яхши эслаймиз. Бундан 6-7 йил олдин юртдошларимизнинг Тожикистонга бориб-келиши ёки тожикистонликларнинг Ўзбекистонга келиб кетиши ҳақида ўйлашнинг ўзи мушкул эди. Асрлар давомида дўст-биродар, қуда-анда бўлган бу икки юрт кишиларининг йўллари симтиканлар билан тўсилган, ундан кўра океан ортига бориб келиш осонроқ эди.
Ҳа, бу сир эмас. Ҳатто чегара ҳудудлардаги икки юртнинг одамлари худди катта қамоқхонадаги маҳбуслар каби узоқдан бир-бирларига қўл силкитиб, овозларининг борича бақириб-чақириб сўзлашганлар, бир дарёнинг ёки ариқнинг у ёқасидан бу ёқасига ўтишнинг асло имкони бўлмаган-да. Қондошлар, қариндошлар бир-бирларининг меҳрларига зор, чегараларга тақатақ қулфлар уриб ташланган эди. Бугун-чи?
Хайриятки, бу кунлар ортда қолди. Бугун ҳар икки давлат чегарачиларининг муносабати самимий, илиқ. Бор-йўғи беш дақиқага қолмасдан Ўзбекистондан Тожикистон ҳудудига ўтилди. Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон жанобларини ҳақли равишда ҳар икки халқ алқамоқда. Ана шундай ёруғ ўзгаришларга, дўстона муносабатларга энди ҳеч қачон кўз тегмасин, – дея ҳамкасб дўстларимиз билан сафарни давом эттирдик.
Тожикистоннинг Сўғд вилояти, бу қадим юртдаги илк учрашувлар, янги дўстлар билан танишув ва мамлакат пойтахти Душанбе шаҳри билан боғлайдиган Шаҳристон довонидан ўтишдаги ҳаяжон, яширмаймиз, озгина ҳадик билан ўтган лаҳзаларни таърифлашга сўз ожиз. Туркистон тоғ тизмаларининг осмонталаш чўққилари, булутлар бағрини тешиб ўтган ўткир қоялар, ям-яшил арчазорларга бурканган бу жаннатий гўшаларда энг қадим номларни олган юзлаб тоғ қишлоқлари… Бу қишлоқларнинг кўзга яхши кўринадиган, дилга пайваста бўладиган, ҳеч қачон эскирмайдиган номлари жуда иссиқ, ёқимли туюлгани учун ҳам машинада кетаётиб, ҳамроҳларимиз бугунги “замонавий пластик дафтар” — шапалоқдек телефонларимизга ёзиб боравердик. Улар: Ўроқли, Чорбоғ, Сўфи Ориф, Қўрғонча, Лакат, Яккатол, Вахдат, Янгиқўрғон, Чашмасор, Обизилол, Қадамжо, Далён, Сурхи, Обжувоз, Қалъачаи калон, Куруш, Сарой, Сурхий, Қади об, Сино, Обигарим… Шу ва бошқа ўнлаб макон номларидаги жойларда шундай гўзал манзараларнинг шоҳиди бўлдикки, қаранг, қандай жаннатий жойларда яшашаркан, деймиз бу ердаги гўзал табиатдан ҳайратимиз ошиб. Яна ўнлаб катта-кичик дарёлар. Уларнинг ҳаммасини эслаб қолиш қийин, албатта. Варзоб, Яхноб, Пите, Фондарё, Кумарих, Чирино-Кондара-Гажне-Тагоб, Такфон-Ғабируд… Тип-тиниқ ва осмон рангидек кўм-кўк бўлган зилол сувлар оқаётган тоғ дарёларининг бари Зарафшонга, Амударёга келиб қуйилади.
Истеъдодли журналист, жаҳонгашта публицист Рўзибой Қўлдошев сафаримизнинг илк таассуротлари ҳақида ўзининг “Facebook”даги саҳифасида шундай ёзди:
“Суғд вилоятининг қадимий шаҳарларидан бири бўлган Истаравшанда қисқа фурсат тўхтаб, мамлакат пойтахти Душанбе шаҳрига йўл олдик. Суғд вилоятини Душанбе шаҳри билан боғлайдиган Шаҳристон довонининг бошланиш жойига етгач, йўлнинг икки томонидаги қалин арчазорлар ва баланд тоғларнинг ажиб кўринишларидан ҳузурланиш, тоғнинг мусаффо ҳавосидан сипқормоқ мақсадида автомашинадан тушиб, бизга пешвоз чиққан ҳайбатли чўққилар пойида тўхтадик. Туркистон тоғ тизмаларининг энг баланд ва арчазор чўққилари шу манзилда қўним топган. Бу ердан бир оз кунчиқар томонда яна бир пурвиқор тоғ чўққиси бор. Уни Осмон яйлов дейдилар. Осмон яйловнинг этагидаги мўъжазгина қишлоқда каминангиз туғилган. Қизиқ томони шундаки, мен шу ерда туғилиб, ўсган бўлсам-да, осмонўпар Шаҳристон довонидан юрмаганман. Душанбе шаҳрига ҳам келмаганман. Ўрта мактабни битирибоқ Тошкентга ўқишга бориб, кейинги ҳаётим қадрдоним — Тошкентимга боғланиб кетди. Агар шундай деб айтиш жоиз бўлса, мен ўзимни ўта бахтли инсон деб ҳисоблайман. Чунки, Парвардигори олам мени иккита қондош ва қардош халқнинг фарзанди этиб яратди”.
Ҳа, шундай. Биз шунинг учун ҳам Рўзибой акага ҳазиллашиб: “Бизга раҳмат дейишингиз керак, биз бўлмасак, Ўратепада туғилган бўлсангиз ҳам Шаҳристоннинг бу қўрқинчли, лекин гўзал довонидан ўтмаган, Душанбе шаҳрига ҳам бормас эдингиз”.
— Ҳа, — дейди Рўзибой оға. — Бунинг учун сизларга “ҳақ” беришим керак!
— “Эримай” ҳам кўринг-чи, ҳамма сирларингизни шу ердаги қариндошларингизга айтиб бераман”, — дея “пўписа” қилади Норқобил Жалил.
Яна бир устоз ҳамкасбимиз Шоқаҳҳор ака Салимов ҳам асли шу заминда туғилиб ўсган. Бугун Тошкентда яшаб, журналистика соҳасининг фидойиларидан бирига айланган. Айнан шу йил у халқаро “Олтин қалам” мукофоти соҳиби бўлди. Кўп йиллик самарали меҳнатлари учун яна Президентимизнинг Фармонига биноан юксак “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.
Сафар давомида дастлаб Истарафшанда қисқа фурсат тўхтадик. Бизни бу ерда Истарафшан шаҳар ҳокимлигининг ишлар бошқармаси бошлиғи Тоҳир Абдувоҳидов ва Шоқаҳҳор аканинг туғишган иниси, яъни акалари Тошбой Муҳаббатов кутиб олишди.
— Бу киши менинг туғишган акам бўлади. Исмлари Тошбой, Республикада хизмат кўрсатган артист, Халқ таълими аълочиси, ўзлари тарих муаллими. Лекин санъатни бир зум унутмаган, — дея бизни гўзал қўшиқлар куйлаб хушнуд этган дўппи кийган камтарин инсон билан таништирар экан. — Акамиздан миннатдор бўлишим керак, чунки ота-онамиз “Тошбой” исмини бекорга қўймаган-да, оиламизда фарзандлар туравермагач, ният қилиб, ирим қилиб шундай исм қўйишган. Ана шундан кейин мен туғилганман. Бўлмаса… – дея кулади Шоқаҳҳор ака.
— Ўзбекистон Президентидан, ўзбек халқидан жуда миннатдормиз. Чунки Тожикистон билан азалий дўстлик алоқалари тикланди. Ҳозирги кунда бемалол бир пайтлардагидек бориб келяпмиз. Ҳатто ҳафтада турли бозор-ўчар учун Самарқандга, Сирдарёга, Тошкентга бориб келадиган қанча юртдошларимиз бор, — деди Тоҳир Абдувоҳидов.
Сафарнинг биринчи куни Душанбе шаҳрига етиб келдик. Довонда қурилган бир нечта 5- 5,6 километрлик туннеллардан ўтиб, бу йўлларнинг ниҳоятда сифатли эканлигидан ҳайратландик. Эртаси эса Тожикистонда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг салмоқли қисмини берадиган нурчилар шаҳри — Нурак шаҳрига бордик. Бу ерда Нурак гидроэлектростанцияси имкониятлари билан яқиндан танишдик. Кунига қарийб соатига 3 минг мегаватт барқ ишлаб чиқарадиган ушбу ГЭС раҳбари Фазлиддин Шаҳиддинов шу ерда қарийб 50 йилдан зиёд меҳнат қилиб келаётган тажрибали инсон экан. Унинг айтишича, ишни оддий усталикдан бошлаб, ушбу улкан мажмуа раҳбарлигига қадар бўлган йўлни босиб ўтибди. ГЭСда 750 нафардан зиёд киши меҳнат қилади. Энг қизиғи, Нурак ГЭСи Гиннеснинг рекордлар китобига нима учун киритилганини биласизми? Чунки бу ГЭС дунёда ўзининг табиий тўғон платина қурилишининг зичлиги ва зилзилага бардошлилик даражаси юқори эканлигидан ташқари, қурилиш баландлиги 300 метрдан ошганлиги учун. Жаҳонда эса бундай тўғонлар бошқа учрамайди. Чунки бу тўғон платина қурилиши табиий қум-шағал, тош зичлиги билан ажралиб туради. Дунёдаги аксар йирик тўғонлар эса бетон қоришмалари асосида мустаҳкамланган.
— Ўзи мен ҳеч қачон журналистларга интервью беришни ёқтирмас эдим. Сизларга нима бўлди-ю, камераларингизга қараб кўп сўзлаб юбордим. Илтимос, газетага ёзсаларингиз ҳам, телевидениеда кўрсатмасангиз, — дейди Ф.Шаҳиддинов камтарлик билан.
Шу куни Нурак ГЭСи мажмуасидан қайтгач, куннинг иккинчи ярмида мамлакатдаги нуфузли ўзбек нашрларидан бири “Халқ овози” ҳамда тожик тилида чоп этиладиган “Садои Мардум” рўзномалари таҳририятида ҳам ҳамкасб дўстларимиз билан суҳбатлашдик. Маълумки, бугун дунёнинг барча босма нашрларига ҳам осон бўлаётгани йўқ. Чунки “ҳамма жойда ҳам хўроз бир хил қичқиради” деганларидек, интернет ўзининг “оламшумул” кароматини кўрсатмоқда. Айримлар “ахборотни манави телефондан олавераман-да” деб юрган бир пайтда, газеталарнинг ўрни, аҳамиятини тушунган тушунади, албатта. Биз тожик ҳамкасбларимиздан сўрадик:
— Сизларда газеталарга муносабат қандай?
— Ёмон эмас, — деди “Халқ овози” газетаси бош муҳаррири Ёқубжон Абдуманнонзода. – Нашримиз тўлиқ бюджет томонидан молиялаштирилган. Обунадан тушадиган маблағларни эса қўшимча имкониятларимизни ривожлантириш учун йўналтирамиз. Обунани ташкил этиш, уюштиришга ҳукумат кўмак беради. Ҳозирги пайтда 8 минг ададда чоп этилмоқда. Тожик тилида чоп этилаётган ҳукумат нашри ҳисобланган “Садои Мардум” рўзномаси эса 40 мингга яқин ўқувчиларига эга.
Сафаримизда кўзда тутилган асосий манзиллардан бири бу, шубҳасиз, Тожикистонда бир неча йиллардан буён қурилаётган “Роғун” ГЭСи эди. Умуман олганда, бу мамлакатда 14 та ГЭС фаолият юритмоқда. Уларнинг энг йириги бўладиган “Роғун” ГЭСи эса 2030 йилгача тўлиқ қуриб битказилиши кўзда тутилган.
Роғун ГЭСига оид бизнинг саволларимиз кўп эди, албатта. Тожикистоннинг Вахш дарёси қулоқ бошида қурилаётган ушбу гидроэлектростанциясининг Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон учун хавфли томонлари бўлиши мумкинлиги кўп таъкидланиб келинган. Аслида, бу тўғонни қуриш ғояси собиқ СССР томонидан тасдиқланган бўлиб, дастлаб 1976 йилга келиб қурилиши бошланиб, сўнгра тўхтаб қолгани айтилади. Баҳайбат тўғон салкам 355 метр баландликка эга. 6 та улкан агрегатнинг ҳар бири 600 мегаватт кучланишда, жами 3600 мегаватт, яъни соатига қарийб 17 миллиард киловатт электр токи ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлиши мумкин. Ҳозирда ГЭСнинг иккита агрегати тўлиқ ишга тушган бўлиб, лекин айни пайтда тўғонда сувнинг камлиги боис, битта тармоғи ишлатилаётган экан.
Шундай қилиб, афсонавий “Роғун” электростанцияси фаолияти билан танишдик. Унинг қурилиш жараёнида ҳозирги пайтда 20 мингга яқин ишчи ва муҳандислар меҳнат қилишмоқда. Австрия, Германия, АҚШ, Хитой, Россия ва бошқа ўнлаб ривожланган хорижий мамлакат мутахассислари иштирокида қурилаётган улкан тўғонга бориш учун дастлаб ГЭС ходимлари ҳамроҳлигида йўлга тушган “Toyota” русумли автомашина кўзимизга, аниқроғи тассаввуримизда, бу тоғ йўллари сабаб бўлса керак, гўёки ўзимизнинг “Matiz”дек туюлиб қолди. Тўғоннинг асосий қурилаётган бўғозига боргунимизча улкан тоғлар бағрини ёриб бунёд этилган боши-адоғи йўқдек туннеллардан ўтиб борар эдик. Гўёки ўзимизни “тоғости шаҳарчаси”га тушиб қолгандек ҳис қилардик.
Тоғлар остида қурилган туннеллар шунчалик кўп ва шахмат тахтаси монанд эдики, туннел йўллари бир-бирига туташиб кетган эди. Бу ер ости йўлларида қатнаётган улкан турли хил юк ташувчи автолар, замонавий, баҳайбат техникаларнинг кети узилмас эди. “Туннелда ҳам “пробка” бўлишини биринчи бор кўришим”, дея кулди Рўзибой ака Қўлдошев. Тожик забонида бу қурилиш ҳақида маълумот бериб бораётган “Роғун” ГЭСининг инженерлик мониторинги бошқармаси бошлиғи Нурилло Ғозиевнинг гапини эса Шоқаҳҳор Салимов бизга тез ва жуда содда тарзда таржима қилиб борар эди.
Албатта, бундай тўғонлар ҳар йили ёхуд ҳар мамлакатда ҳам қурилавермайди. Уни бунёд этиш ва халқ хизматига йўналтириш учун бир неча ўн йиллар керак бўлади. Лекин бизни кўпроқ ГЭС қурилишининг аҳамияти билан бир қаторда, унинг оқибатлари, мустаҳкамлиги, Ўзбекистонга таъсири қизиқтирар эди.
— Тўғон қурилиши айримлар “башорат” қилганидек ҳеч қандай сув захираларининг қўшни мамлакатларда камайишига олиб келмайди. Чунки унда ишлатиладиган сувнинг ҳатто бир литри ҳам қаёққадир исроф бўлиб йўқолмайди, балки махсус агрегатни айлантиришга хизмат қиладиган кучли сув ҳажми ўз оқимида давом этади. Тўғонга етадиган сув ҳажми эса секин-асталик билан барча республикалар эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда ва ўзаро келишилган асосларда маълум миқдорда йиғиб борилади. Тўғон учун керак бўладиган сув миқдори 20 йил давомида тўпланади. Бу миқдор ҳажмини яширишга ҳожат йўқ. Ёхуд “Роғун” ГЭС тўғонининг фавқулодда ҳолатларда ёрилиб кетишидан ҳадиксираш, унинг фожиаларни келтириб чиқариши ҳақидаги хавф-хатарлар ўринсиз эканлигини сизларга очиқ маълум қилишимиз лозим. Бунинг учун аввало тўғонда амалга оширилаётган қурилиш жараёнлари билан танишишингиз керак.
Шундай. Минг бор эшитгандан кўра, бир бор кўрган афзал. Тўғон қурилиши билан танишиш учун устоз ҳамкасбларимиз ГЭС мутахассисини саволларга кўмиб ташлади.
Тўғон ҳақида унинг фақат истиқболли тарафларини сўзлаб берган Ғозиев Нурилло Абдуллаевич “Роғун” ГЭСида қачондан буён ишлайди ва унинг ишонч билан билдираётган фикрлари қандай илмий ва амалий асосларга эга?
Абдирасул ЖУМАҚУЛ.
(Давоми келгуси сонда)