Болам бахтли бўлсин десангиз…

Айтишларича, Алишер Навоий Хуросон вазири бўлган вақтда мулозимлари билан Ҳиротдаги катта кўчаларнинг биридан ўтиб борарди. Аллома шоир кутилмаганда бир тўда болалар ўйнаётган жойда от тизгинини тортиб тўхтатди-да, сакраб тушди. Сўнг мулозимларни ҳайратга қўйиб, йўл четида ўйнаётган болалар орасидаги 5-6 ёшли болакайнинг ёнига бориб тўхтади. Қўлидан ушлаб соғлик-саломатлик сўради. Икки-уч оғиз суҳбатлашгач, чиройли хайрлашиб, қайтиб отига минди. Унинг бу ҳаракатидан ҳайрон бўлган мулозимлардан бири сўради:
— Мавлоно, сиз бутун бир мамлакатнинг вазири бўлсангиз. Не боисдин болакайга бунча ҳурмат кўрсатдингиз?
— Чунки, – жилмайди шоири даврон, – у болакай менинг пирим ҳазрати Жомийнинг набирасидур.
Ҳа, бизда устозга ҳурмат боболардан ўтган бебаҳо мерос, шахсий ибрат, миллий қадрият саналади. Устоз — отангдан (отангдай эмас, унданда баланд тутилади) улуғ деб эъзозланади. Бунинг боисини соҳибқирон бобомиз Амир Темур шундай шарҳлаганлар: “Ҳар бир эркак ота бўла олади, бироқ ҳар бир эркак, ҳамма истаган киши ҳам устоз бўла олавермайди”. Устоз-муаллим болага нафақат билим беради, балки уни келажакка тайёрлайди, яхшини ёмондан, оқни қорадан ажратишни ўргатади. Дунёда инсон зоти борки, устози олдида қарздор. Бир умрлик меҳнатимиз билан ҳам унинг олдидаги қарзимизни уза олмаймиз. Зеро, ҳазрат Навоий бежизга “Ҳақ йўлинда ким санга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила, Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила”, дея уқтирмаганлар. Дунёнинг тўртдан уч қисмини забт этган фотиҳ Искандар Мақдуний ҳам “Отам мени осмондан пастга туширди. Устоз эса пастдан юқорига кўтарди” дея устози меҳнатини шарафлаган. Узоққа бормайлик, ўзимиз ҳам болалик қилиб устозимиздан нолисак, ота-онамиз ёки бобо-бувимиз: “Муаллим сенинг фойдангни кўзлаб шундай қиляпти. Аслида сенинг ўрганганларингдан унга эмас, сенга кўпроқ фойда бор”, деб устознинг ёнини олишар, бизнинг қалбимизда ўқишга нисбатан масъулият, устозга нисбатан ҳурмат уйғотарди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда таълим тизимига, ўқитувчиларнинг жамиятдаги ўрни, қадр-қиммати, обрўси, меҳнатини қадрлашга давлат даражасида жиддий эътибор қаратилмоқда. Янгиланган Конституциямизнинг 52-моддасида “Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади” деб белгилаб қўйилгани ҳам ушбу масала юртимизда давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири эканини англатади.
Дарҳақиқат, ўқитувчи – келажак яратувчиси. У ватанимиз эртаси бўлган ўғил, қизларга нафақат таълим беради, балки уларни тарбиялайди ҳам. Лекин тан олиш лозим, бугун жамиятимизда ўқитувчиларга бўлган муносабат ушбу таърифларга унчалик ҳам мос келавермайди. Афсуски, кейинги пайтда биз ана шу анъана, қадриятдан анчагина узоқлашиб кетдик. Ота-оналар (аксарият ёш ота-оналар) боласини ҳаддан ортиқ эркалатиб юборяпти. Боласининг айтгани айтган, дегани деган. Ўқитувчи билан боласи ўртасидаги муносабатларга ҳам ҳуда-беҳуда аралашади, боласининг ҳақ-ноҳақлигини суриштирмай ёнини олаверади. Боласига ўқитувчиси ҳақида номақбул гапларни айтади. Арзимаган кўнгилсизликни ҳам пашшадан фил ясаб ижтимоий тармоқларда кўрсатяптилар. Бу билан ўқитувчининг обрўсини тушириб қўяётганини гоҳ сезиб, гоҳ сезмаяптилар. Афсуски, бу нарса боланинг таълим олиш жараёнига, тарбиясига, устозга муносабатига ҳам таъсир қилмоқда.
Кундалик ҳаётимизда ўқитувчилар билан боғлиқ ўзимиз гувоҳ бўлаётган турфа воқеалар Конституциямизнинг юқоридаги моддаси амалга татбиқ этилиши, халқ ичига кириб бориши осон бўлмаслигини кўрсатмоқда. Ушбу хулосага келишимга сабаб бўлган баъзи воқеаларни сизлар билан ҳам ўртоқлашсам.
Биринчи воқеа
10-синфдаги Азиз жуда кўп дарс қолдиради. Шунданми, ўзлаштириши жуда паст. Лекин ўзи ювошгина бола. Бир неча бор чақирганимиздан кейин Азизнинг онаси мактабга келди. Синф раҳбари унга аҳволни тушунтиришга ҳаракат қилди. Бунақада чорагига икки тушиши мумкинлигини айтди.
— 10-синфда ҳам “икки”га ўқиётган бўлса, демак, сиз вазифангизни уддалай олмаяпсиз. Эплолмасангиз, мактабни бўшатиб қўйинг, билимлироқ ўқитувчи ишласин, – деди у.
— Унинг яхши ўқишини истасангиз, давоматини яхшиланг. Ўқишга ҳар куни келсин! – деди ўқитувчи.
— Ўйлаб гапиряпсизми, у ҳар куни ўқишга келса, тирикчилигим нима бўлади?! Сиз менинг оиламдаги муаммоларни билмайсиз-ку, аралашишга ҳаққингиз ҳам йўқ. Сизнинг вазифангиз болага керакли билимни бериш. Агар болам синфда қолса, сиз билан бошқа жойда гаплашаман…
Ана шундай дағдағали суҳбатдан кимга фойда? Ўқитувчи “бошқа жойда гаплашмаслик учун” онанинг прогулчи ўғлига “уч” баҳони қўйиб бераверади. Бундан на боланинг билими, на ўқитувчининг обрўси ошади. Ўқитувчининг “эсини киргизиб қўйиб”, кўча-кўйда мақтаниб юрган она эса жуда катта нарсани – ўғлининг келажагини бой берганини сезмайди ҳам.
Иккинчи воқеа
4-синфларга инглиз тили ўтилади. 6 нафар ўқувчининг машғулотдаги иштироки жуда суст. Уйга берилган вазифани бажармайди. Муаллима бир неча бор огоҳлантиришига қарамай дангаса болаларнинг ота-оналари беэътибор бўлаверди. Ноилож қолган устоз болаларнинг суратлари ва исм-шарифларини изоҳ билан телеграм каналдаги ота-оналар гуруҳига ташлаб қўйди. Орадан бир соат ўтар-ўтмас ўқитувчилар хонасига ўқув йили бошлангандан буён қорасини кўрсатмаган иккита она важоҳат билан кириб келиб, инглиз тили муаллимасини сўради.
— Нега сиз ўғлимни, у орқали мени ҳам интернетда шарманда қилдингиз? Бунга ким ҳуқуқ берди?! Бу билан ўғлимнинг ўқишга бўлган қизиқишини баттар синдирганингизни биласизми? Ҳеч нарсани билмайман, пулини олганингиздан кейин қандай йўл билан бўлса ҳам болага ўргатиш сизнинг ишингиз, сиз шунинг учун ойлик оласиз! — деди оналардан бири ўқитувчини ургудек бўлиб. Улар анча тортишишди.
Ахир иш шу даражага бориб етишига ким айбдор?! Нега айрим ота-оналар фарзандининг мактабда қандай ўқиётгани билан мутлақо қизиқмайди. Унинг ўқишини, билим олишини талаб қилган (аслида бу онанинг вазифаси) устозга дағдаға қилади. Лекин бирор марта “Бу ўқитувчи нега бошқа болаларни эмас, менинг боламни уришди? Балки ўғлимни ўзида ҳам айб бордир?” деб ўйламайди. Аксинча, ўғлига пишанг беради: “Ўқитувчингдан қўрқма, ғинг деса менга айт”, дейди. “Ўғлим, бугун уйга қандай вазифа берилган эди, нега дарс тайёрламаяпсан?” деб сўраса, ўғлининг ўқишини назоратга олса, кимга фойда – кимга зиён? Сув ҳам қаттиқ жойда тўхтайди. Болангиз бахтли бўлишини, келажакда сизнинг юзингизни ёруғ қилишини истасангиз уни ортиқча талтайтирманг. Талабчан бўлинг. Эҳтимол, ўқитувчиларнинг обрўси тўкилишида баъзи ўз устида ишламайдиган, бола билан ишлашни хушламайдиган муаллимларнинг ўзлари ҳам сабабчидир. Лекин, хулосага шошилмайлик. Аввал воқеликни тўлиқ ўрганиб, кейин бирор фикрга келайлик.
Нақл. Бир подшоҳнинг ўғли ҳамма қатори мадрасага борар экан. Домла ҳаммадан кўп шаҳзодага танбеҳ берар, ҳатто урар ҳам экан. Бундан норози бўлган шаҳзода бир куни домланинг устидан отасига шикоят қилибди. “Ота, муаллим шогирдлар ўртасида адолат қилмайди. Бир хил айб қилсак-да, домла мени қаттиқ жазолайди, бошқаларга шунчаки танбеҳ бериб қўя қолади”.
Подшоҳ муаллимни ҳузурига чақиртириб, бунинг сабабини сўрабди.
Муаллим шаҳзоданинг сўзларини тасдиқлаб шундай дебди: “Оддий фуқароларнинг ёмон хулқи ва айблари кўзга унча ташланмайди. Лекин бундай хато шаҳзода ёки подшо тарафидан қилинса, фуқаро унга эргашиб қолиши мумкин. Ўғлингизга нисбатан қаттиққўл бўлганимнинг сабаби шу, шоҳим”.
Хулоса шуки, ўқитувчи ўғлингиздан бошқаларга нисбатан кўпроқ билим талаб қиляптими, бежиз эмас. Бундан сиз хафа бўлманг. Чунки, сизнинг ўғлингизда бошқаларда топилмаган истеъдодни, ғайратни кўряпти. Уни юзага чиқармоқчи, болангизнинг ўзини ўзига танитмоқчи. Болани чин дилдан севган, касбининг фидойиси бўлган устоз шундай қилади.
Учинчи воқеа
Учинчи чорак бошида математика муаллимларидан бири бошқа ишга ўтиб кетди. Уч ҳафтача қидириб, қўшни мактаб муаллимини ишлашга кўндирдик. Аммо, 10-синфга учинчи марта дарсга кирганда, у ерда жанжал бўлибди. Р. исмли ўқувчи кетма-кет дарс тайёрлаб келмагани, ўжарлик қилгани учун янги устоз уни койиб берибди. Шунда ўрнидан сакраб турибди-ю, ўқитувчининг юзига мушт тушириб лабини ёриб юборибди. Ҳамкасбини аранг кўндириб, ишга олиб келган математика ўқитувчиси уни шифохонага олиб кетди. Директор Р.нинг отасини мактабга чақирди. Ҳартугул, ота кўп куттирмай етиб келди. Директордан воқеани эшитган ота негадир ёйилиб жилмайди. “Ўғлим шунақа, ҳақини бировга бериб қўймайди, керак бўлса мен билан ҳам талашади”, деди гердайиб. Кейин билсак, бу боланинг ўзи мактабга янги келган экан. Асабийлиги боис шифокор рўйхатида турар экан. Калтак еган ўқитувчи ялиниб-ёлворишимизга қарамай, шартта ариза ёзиб бўшаб кетди. Ўқув йили охирлаб қолгани учун бошқа муаллим ишга келмади. Оқибатда айрим синфларда математика чалакам-чатти ўтилди. Хўш, бунга ким айбдор, касал болани соғлом болаларга қўшиб ўқитишга мажбур қилган директорми, боладан билим талаб қилган устозми, ҳақини бировга бермайдиган ўғилми ёки ундан фахрланиб юрган отами? Ким айбдорлигини қўяйлик, бундан кўпроқ ким зарар кўрганини ўйлаб кўрайлик.
Эркалатса онаси – талтаяди боласи, дейди халқимиз. Ўша талтайган бола эртага ким бўлади? Ундан жамиятга, оилага, қолаверса, ўзига қандай манфаат тегади? Ўқитувчини ҳақорат қилишдан, уни ижтимоий тармоқларда обрўсизлантиришдан аввал ана шу ҳақда ўйлаб кўрайлик. Ахир ўқитувчи келажак бунёдкорларини тарбиялайди. У устоз, у таълимгина эмас, тарбияни ҳам шакллантиради. Боламизнинг келажаги, ҳатто бахти, бахтсизлиги ҳам кўп жиҳатдан унга боғлиқ. Шундай экан, сиз тўйда, саёҳатда, меҳмондорчиликда юрганингизда тунчироқ ёруғида китобга мук тушиб эртанги дарсга тайёрланаётган, зукко ўқувчисини нима биландир лол қолдиришга, дангаса боласининг нима биландир эътиборини тортишга ҳаракат қилиб изланаётган устознинг – муаллимнинг қадрига етайлик, ҳурматини жойига қўяйлик. Ўшанда болангизнинг келажагидан кўнглингиз тўқ бўлади. Ҳурмат қилсангиз – ҳурмат кўрасиз.
Муҳаббат ҲАМИДОВА.