Сингапур “мўъжизаси”ни ким яратган?

Илму фанга эътибор, жамиятда муаллимларнинг мақомини кўтариш, коррупцияга қарши беаёв курашиш, тадбиркор ва инвесторлар манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатнинг туризм салоҳиятини кўтариш, қўшни давлатлар билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш ва бошқа кўплаб устувор вазифаларни амалга оширишда Сингапур тажрибаси Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошлаган ва амалга ошираётган ислоҳотларда дунёнинг кўплаб сиёсатдонлари ва экспертлари Хитойнинг собиқ раҳбари Дэн Сяопин ҳамда Сингапур асосчиси Ли Куан Юлардагидек ғайрат, шижоат, тиним билмаслик, қоидаларда истисноларга йўл бермаслик каби хислатларни кўришади. Бу икки буюк раҳбарлар қаторида Ўзбекистон Президенти ҳам давлат равнақини ёшлар билан боғлаб, таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Бунинг ёрқин исботи сифатида жорий 2023 йил мамлакатимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилиниши яққол мисол бўла олади. Ана шу йилда режалаштирилган чора-тадбирларни амалга оширишда, жумладан, Хитой ва Сингапур давлатлари тажрибасини ўрганиш фойдадан холи эмас, албатта.

Сингапур тажрибаси сирларини ўрганмоқчи бўлган ҳар ким, аввало, Ли Куан Юнинг “Учинчи дунёдан биринчи дунё­­га” асарини синчиклаб ўқимоғи лозим. Унда ғоят оғир шароитда йирик давлат таркибидан ажралиб чиққан, бор мол-мулки ўн уч қаватли ижара уйидангина иборат бўлган Сингапурни қисқа вақт ичида жаҳоннинг иқтисоди бақувват, коррупциядан холи, бугун ҳам шитоб билан ривожланаётган мамлакатга айлантирган, барча дунё­вий рей­тингларда биринчиликни сақлаб келаётган ушбу мамлакатга узоқ йиллар бошчилик қилган машҳур давлат арбоби Ли Куан Юнинг ноёб таж­рибалари ҳақида гап боради.

Сингапур ҳукумати мустақилликка эришганининг илк йиллариданоқ асосий эътиборни таълим тизимида ислоҳотлар ўтказишга қаратди.

Мамлакатда янги мактаб­лар очилди, миллий дарсликлар ишлаб чиқилди, техник таълим тизими яратилди. Сингапур таълим тизими ҳақида сўз борганда, “мўъжиза” сўзи қўлланилади. Дарҳақиқат, қисқа давр мобайнида дунё­даги энг қашшоқ давлатда муваффақиятли таълим тизимини яратиш ҳукумат бошқарувидаги тўғри ёндашувнинг маҳсули ҳисобланади.

Сингапурдаги мактаблар ягона давлат тизими асосида фаолият юритади. Таълим дас­тури давлат назоратида. Мамлакат таълим тизими меритократияга асосланган бўлиб, ўқувчиларнинг қайси таълим муассасасида ўқишида уларнинг келиб чиқиши ёки моддий имконияти эмас, қобилияти ва интилиши ҳисобга олинади. Мактабнинг бошланғич синфидаги машғулотларда асосий эътибор хорижий тиллар ва аниқ фанлар ўқитилишига қаратилади.

Сингапур мактабларида масофавий таълим шакли деярли ривожланмаган. Ўқувчиларнинг таълим муассасасига қатнаши қатъий назоратга олинган бўлиб, онлайн таълим олиш ҳолатларида таълим вазирлиги қарор чиқариши керак бўлади.

Сингапур мактаб таълимининг муҳим жиҳати — дарслар маҳаллий бўлган хитой, малай, тамил тиллари билан бирга, инглиз тилида ўқитилади. Шунинг учун деярли барча сингапурликлар инглиз тилини мукаммал билади. Бу эса халқнинг Европа ва Осиё цивилизацияси ўртасида воситачи сифатида шаклланишига имкон берди. “Агар сингапурликларни инглизча ўрганишга мажбурласам, қаршилик кўрсатишган бўларди. Агар хитой тилини ўрганишга мажбурласам ҳам, ишнинг пачаваси чиқарди. Аммо мен инглизча ёки ўз она тилини танлаш ихтиёрини ҳар бир ота-онага қолдирдим. Орадан ўттиз йил ўтди ва инглиз тили Сингапурда етакчи тилга айланди”, деб ёзади Ли Куан Ю.

Сингапур Республикасининг биринчи Бош вазири (1959-1990) Ли Куан Ю (1923-2015)нинг ислоҳотлари учун бугун мамлакатдаги ҳар бир фуқаро ундан миннатдор. Аввалига баландпарвоз бўлиб туйилган “Учинчи дунёдан биринчи дунёга” шиорини кўп ўтмасдан ҳар бир фуқаро ҳис қила бошлайди.

Бугунги кунга келиб, Сингапур давлатининг йиллик даромади ҳар бир фуқарога 55000 АҚШ долларини ташкил қилади. Буни иқтисодчилар “иқтисодий мўъжиза” деб аташади. Бугун сингапурликларнинг 90 фоизи шахсий уй-жойига эга. Даромади 20 фоиздан кам бўлган оилаларнинг ҳам 80 фоизи шахсий уйларига эгалик қилиши уларнинг юқори турмуш тарзидан дарак беради.

Мутахассислар Ли Куан Юни ғайрат-шижоатда, тафаккур ва жасоратда бир вақтлар ўзининг машҳур “Очиқ эшиклар сиёсати” билан Хитой иқтисодини баланд чўққига олиб чиққан, ялпи ички маҳсулотнинг бардавом ўсишини таъминлаган Дэн Сяопинга қиёслашади. Сингапур босиб ўтган йўлга эътибор берсак, бу қиёснинг ғоят ўринли эканига ишонч ҳосил қиламиз.

“Мендан қисқа вақт ичида Сингапур қандай қилиб дунёнинг ривожланган мамлакатига айлангани ҳақида сўрашади, — дейди Ли Куан Ю. — Мен уларга: “Бу ерда ҳеч қандай сир йўқ, мўъжиза яратганим ҳам йўқ. Шунчаки Ватаним олдидаги бурчимни бажардим, холос”, деб жавоб бераман. Ишни шундай ташкил қилдимки, давлат бюджетининг катта қисмини таълим соҳасига йўналтирдим. Муаллимлар мавқеини жамиятнинг қуйи табақасидан юқори мартабага кўтардим. Бизда мўъжиза яратган кишилар, шубҳасиз, муаллимлардир. Улар илм, ахлоқ, меҳнатни севадиган, ҳақиқатни қадрлайдиган янги ватанпарвар, айни чоғда камтарин авлодни тарбиялаб етиштирдилар”.

Ўзининг “Учинчи дунёдан биринчи дунёга” номли китобида Ли Куан Ю янги авлод яратган мўъжизаларга доир кўплаб маълумотлар келтиради. Ҳозирги кунда мамлакат аҳолиси 5 миллион киши. Эркаклар ўртача 80, аёллар 85 ёш умр кўришади. Бизнес билан шуғулланиш шароити бўйича жаҳон “Бизнес қилиш” рейтингида Сингапур 1-ўринда туради. Ли Куан Ю мамлакат бош вазири бўлиб иш бошлаган 1959 йилда ялпи ички маҳсулот аҳоли жон бошига 400 АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 1999 йилда бу кўрсаткич 22000 долларга етган. Сингапур рақобатбардошлик бўйича 2015 йил маълумотларига кўра, Швейцариядан кейин иккинчи ўринда туради. Бундан кўринадики, Сингапурда, гарчи буни жаноб Ли Куан Ю эътироф этмаса-да, чинакам “мўъжиза”, фаровонлик сари “буюк сакраш” юз берган. Давлат арбоблари, сиёсатдонлару иқтисодчиларни айни шу феноменнинг сири қизиқтиради.

Сингапур деб номланган ушбу шаҳар-давлатнинг барпо этилиш тарихи, ривожланиши ва гуллаб-яшнаши айнан шу инсон билан боғлиқ. Мустақилликка эришганидан сўнг деярли 40 йил ичида Жануби-шарқий Осиёнинг энг қашшоқ ва қолоқ ҳудудидан энг саноатлашган марказига айланган Cингапур Республикаси ҳозирда нафақат Осиё минтақаси, балки халқаро сиёсатда ҳам муҳим аҳамиятга эга давлат ҳисобланади.

Сингапур Малайзиядан 1965 йили ажралиб чиққанда мамлакат қашшоқ ва у ерда коррупция авж олган эди. Порахўрликка қарши курашишга бел боғлаган собиқ бош вазир Ли Куан Ю шундай ёзади: “Агар коррупцияни йўқ қилмоқчи бўлсангиз, дастлаб ўзингизнинг энг яқин уч нафар дўстингизни фош қилинг. Сиз нимага шундай қилаётганингизни аниқ биласиз, улар ҳам худди шундай — нимага фош қилинганини аниқ билишади”. У порахўрлик ва қариндош-уруғчиликни бюрократик тизимларнинг офати деб ҳисоблаган. “Коррупцияни йўқ қилиш учун шафқатсиз бўлиш керак, агар қариндошлар ва танишларингиз ҳам пора олсалар, уларни панжара ортига юборишга тайёр бўлишингиз керак”, деб ёзади Ли Куан Ю. У ҳеч кимни аямаган ва кечирмаган. Ўзи шакллантирган ҳукумат вазирларидан порахўрликка аралашган бир нечтаси, ҳатто энг яқин дўстини ҳам аяб ўтирмаган.

35 ёшида, 1959 йили Бош вазир лавозимини эгаллаган Ли Куан Ю шундай ёзади: “Менда иккита йўл бор эди: биринчиси, юртни талаш, қариндош-уруғларимни атрофимга йиғиш, уларга мансаб бериш, уларни дунёнинг энг бой одамлари рўйхати эълон қилинадиган “Форбес” журналига киритиш, бунинг эвазига халқни ҳеч нарсасиз қолдириш. Иккинчи йўл, ўз халқимга хизмат қилиш ва мамлакатни жаҳондаги 10та энг ривожланган мамлакат сафига қўшиш. Мен иккинчи йўлни танладим”. У ўзи ўйлаганидек Сингапурни энг ривожланган давлатлар сафига қўшди.

Бу натижаларга эришишда Ли Куан Юнинг қарорлари, пок ва ҳалолликка асосланган тамойиллари муҳим ўрин эгаллайди. “Мамлакатга фақатгина унинг майдонига қараб буюк деб таъриф бериш — хато. Давлатни унинг улкан орзулари, ҳалол йўлбошчилари ҳамда меҳнаткаш халқи буюк қилади”, деган эди у. Қуйида Ли Куан Юнинг Сингапурни ўзгартира олган 7 қарорини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

1-қарор. Тадбиркор ва инвесторлар ишонч­­ли ҳимоя остига олинади. Мамлакатда соғлом рақобат муҳити ўрнатилади. Бош вазир Ли Куан Ю хорижий тадбиркор ва сармоядорларга кенг қучоқ очади. Натижада европалик пулдорлар Сингапур томон ошиқадилар. Бу эса давлат ғазнасига маблағ олиб кела бош­лайди, ишчи ўринлари яратилишига сабаб бўлади.

Бош вазир топшириғига кўра, маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар ўртасида бизнесни осонлаштиришга оид сўровлар мунтазам ўтказилган, тадбиркорлар дардига қулоқ тутилган. Сингапур бугун ҳам Жаҳон банкининг “Бизнес қилиш” рейтингида етакчи ҳисобланади.

2-қарор. Ли Куан Ю ихчам, самарадор ва ҳалол ҳукумат яратишга ҳаракат қилган. Сингапурга қўшни давлатларга айнан ана шу жиҳат етишмас эди.

Бош вазир коррупцияга қарши қатъий курашади. У коррупцияга сабаб бўлаётган майда деталларни ўрганиб, уларни йўқ қилишга киришади. Коррупцияга қарши ишлаб чиқилаётган қонунлар холис ва ҳамма учун тенг эди. “Давлат раҳбари бўлишни энг яқин уч дўстингни қамоққа ташлашдан бошла. Шундагина одамлар сенинг ҳалоллигингга ишонишади”, дейди у.

3-қарор. Ли Куан Ю жамиятда қонун устуворлигининг қатъийлигини ўрната олди. Қонун олдида ҳар бир фуқаронинг тенг жавоб бериши Сингапур муваффақиятининг омили бўлди. “Жазонинг муқаррарлиги коррупцияни жиловлаб турувчи биринчи омилдир. Иккинчи омил — бозор даражасига мос келувчи маошдир. Биз энг кўп маош тўланадиган ўн фоиз кишиларнинг даромадига диққатимизни йўналтирганмиз”, дейди у.

4-қарор. Ли Куан Юни “иқтидорларнинг раҳнамоси” дейишар эди. У иқтидорли фуқароларни масъулиятли лавозимларга қўйиш ва уларга яхши маош тайинлашга ҳеч қачон иккиланмаган. Шу билан бирга, Сингапурда мансабни суиистеъмол қилиш ҳам аёвсиз жазоланган.

5-қарор. Давлат маблағи биринчи галда аҳоли фаровонлиги, саломатлиги ва таълимига сарфланади. 1965 йилда Сингапурда туғилган 1000 нафар боладан 35 фоизи нобуд бўлган бўлса, 1985 йилга келиб, бу кўрсаткич 10 фоизга тушади.

6-қарор. Барча мактаблар замонавий таълим масканига айлантирилган. Сингапур болалари жаҳоннинг энг самарали ва яхши таълим тизимлари асосига қурилган мактабларда ўқийдилар. Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг “Асосий универсал кўникмалар” рейтингида 15 ёшдаги сингапурлик ўқувчилар математика ва аниқ фанлар бўйича жаҳонда биринчи ўринда туришади. Бу ташкилотнинг ўқувчилар саводхонлигини баҳолайдиган “PISA” тестига кўра, сўнгги 5 йилликда сингапурлик талабалар “муаммоларга ечим топиш” имтиҳонларида мутлақ етакчилик қилишмоқда. Жумладан, 2017 йилнинг 25 декабрида эълон қилинган рейтинг бунинг исботидир.

7-қарор. Хориждан энг малакали ўқитувчилар олиб келинган. Таълим соҳасидаги экспертларнинг фикрича, Сингапур иқтисодий тараққиёт ва турмуш даражасини юксалтиришни таълим билан боғлаган. Хусусан, бу ерда биринчи ўринда таълим бериш стандарти ишлаб чиқилади. Бунинг учун катта маблағ сарф қилинади. Айниқса, энг яхши ўқитувчиларни жалб этиш ва уларнинг нуфузини оширишга аввалбошданоқ алоҳида эътибор қаратилган. Ҳозир ҳам Сингапурда ўқитувчиларни жаҳоннинг энг нуфузли таълим муассасалари битирувчиларининг орасидан ёллаш анъанаси сақланиб қолган. Шу билан бирга, бу ўқитувчиларнинг барчаси Миллий таълим институтида қайта тайёрловдан ўтказилади. Бу эса таълим сифатини назорат қилиш ва меҳмон-ўқитувчиларга миллий таълим тизимини ўргатишда муҳим.

“Менинг армоним қолмади. Мен умримни бу мамлакатни бунёд этишга сарф қилдим. Шундан бошқа олий мақсадим ҳам йўқ эди. Йўқотганим — ўз ҳаётим бўлди. Топганим эса — халқимнинг фаровонлиги, муваффақиятли Сингапурдир”, дейди Ли Куан Ю.

Дунё сиёсатдонлари Ли Куан Ю қатъият ва ишонч билан ўтказган ислоҳотларни бежиз “инқилобий” деб аташмаган. Унинг биргина тозаликка риоя қилиш борасидаги сиёсати бугун ҳам дунёнинг кўпгина мамлакатлари учун ноёб намуна бўлиб турибди. Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида Сингапурда умуммиллий тозалик кампанияси ўтказилади. Унга кўра, белгиланмаган жойга чиқинди ташлагани, кўчага (жамоат жойларига) тупургани учун катта миқдорда жарима жорий этилади. Масалан, сигарета қолдиғини ерга ташлагани учун 1000 долларгача, бу иш қайта такрорланса 2000 долларгача, учинчи мартасида 5000 долларгача жарима ундирилади. Тўпланган пуллар ахборот технологияларини ривожлантиришга сарфланади.

Ли Куан Ю инглиз, малай, хитой ва япон тилини яхши билгани боис, тахмин қилиш мумкинки, у саводсизликка қарши курашда, аниқроғи, мамлакатда янги илмли авлодни тарбиялашда Япониянинг урушдан ке­йинги тажрибасини, шубҳасиз, инобатга олган. Унинг “Сингапур: тараққиёт йўли ҳақида аччиқ ҳақиқат”, “Сингапур: учинчи дунёдан биринчи дунёга”, “Дунё келажаги хусусида шахсий қарашларим” китобларини ўқиган китобхон ўзи учун кўп саволларга, жумладан, ялпи ички маҳсулотнинг ақл бовар қилмас даражада ўсиши, Сингапурнинг Нью-Йорк ва Лондондан кейин дунёнинг энг йирик молия марказига айланиши сабабларини билиб олади.

Шу ўринда айтиш мумкинки, Ли Куан Ю ўзининг: “Ҳамиша ўқувчи, яхши ғояларни ўрганувчи талаба мақомида қолинг”, деган қоидасига, аввало, ўзи қатъий амал қилганини сезиш қийин эмас. Бизнингча, у улуғ муаллим Конфуцийнинг бугун ҳам ўз моҳиятини йўқотмаган назарий таълимотини, Хитой раҳбари Дэн Сяопиннинг амалий тажрибасини жуда чуқур ўрганган. Буни қуйидаги мисолларда кўриш мумкин.

Ли Куан Ю сиёсатида Хитой раҳбари Дэн Сяопиннинг ҳам салмоқли “из”лари кўзга ташланади. Бу улуғ ислоҳотчи Хитой давлати раҳбарлигига келгач, энг аввало, Ғарб давлатлари билан яхши муносабатлар ўрнатишга ҳаракат қилади. 1979 йили Оқ уйда АҚШ Президенти Жимми Картер билан учрашади. Япон-Хитой муносабатларида илиқлик пайдо бўлади. 1984 йили Хитой-Буюк Британия келишувига имзо чекилади. Кейинроқ Португалия билан ҳам битим қабул қилинади. Мамлакат иқтисодиётида ғоявий принципларнинг роли камайтирилади. Расмий йиғилишда “Капитализмми ёки социализм?” деган мавҳум баҳсга ўралашиб қолмаслик кераклигини уқтиради. “Мушукнинг ранги қандай бўлиши муҳим эмас, сичқонни тутса бўлди”, деган қоидаси дунё бўйлаб қанот қоқади. Мамлакатда “Очиқ эшиклар сиёсати” амалга оширилади.

Шу ўринда эътироф этиш керакки, улуғ донишмандларнинг давлатчиликка доир юқорида келтирилган фикрларининг ҳаётийлигини бугунги Ўзбекистон мисолида яққол кўриш мумкин. Мамлакатимизнинг истиқлол йилларида шаклланган ва кейинги йилларда янги ижтимоий маъно-моҳият касб этган сиё­сатида халқимизнинг асрлар синовидан ўтган ҳаётий тажрибалари, улуғ алломаларнинг давлат ва раиятни бошқариш хусусидаги кўрсатмалари, хусусан, Соҳибқирон Амир Темур ўгитларига амал қилиш мавжудлиги сезилади. Шавкат Мирзиёевнинг Президентлик фао­лияти халқни тинглашдан бошланди.

Дунё ривожининг бугунги шиддати шундайки, тадбиркорлик, ишбилармонликка кенг йўл очмай, инновацион ғоялар ва техноло­гиялардан унумли фойдаланмай туриб, кўзланган юксак марраларга етиш қийин. Шу боисдан ҳам мамлакат иқтисодиётини либераллаштириш, ижтимоий ҳимояни янада кучайтириш, таълим-тарбия асосларини янгилаш, яхши қўшничилик муносабатларини йўлга қўйиш кейинги йилларда давлат сиёсатининг, айтиш мумкинки, ҳал қилувчи йўналишлари этиб белгиланди. Мактабгача таълим, инновацион ривожланишга алоҳида эътибор қаратилиши миллий тараққиётнинг янги босқичига ўтишда локомотив ролини бажара бошлади.

Фикр жамиятни ривожланишда, ҳаракатда, соғлом ҳолатда ушлаб туради. Фикр фикрдан унади. Фикрлар хилма-хиллиги ҳаё­тимизни тараққиёт сари йўналтиради. Фикрсизлик дунёнинг катта бир қисмини тит­ратиб турган шўролар салтанатини инқироз­­га олиб келди.

Фикр ривожига нима туртки беради? Жамият ҳаётидаги умумий эркинлик, фикрлар хилма-хиллиги, танқидга тўғри муносабат, албатта. Матбуотда қиёсий таҳлиллар, аччиқ, аммо ўринли танқид, эътиборга молик таклифлар қанча кўп бўлса, ҳақиқатни анг­лаш, муаммоларнинг адолатли ечимларини топиш имконияти шунча ошади. Ўз-ўзига танқидий муносабатда бўлган, бошқаларга эмас, энг аввало, ўзига, виждонига ҳисобот беришга одатланган, ўз ҳисоботидан биринчи галда ўзи қониқиш ҳосил қиладиган жамият ҳеч қачон кам бўлмаган ва бўлмайди ҳам.

Дунё фавқулодда шиддат билан ўзгариб бораётган бугунги вазиятда инсон ва унинг ҳаё­­ти, она заминнинг тақдири, сув ва ҳаво, келажак насллар ризқи билан боғлиқ ўта мураккаб муаммолар ҳам юзага келмоқда. Бу муаммолар бир миллат ёки бир мамлакатга эмас, жами инсониятга тааллуқли экан, ечим йўлларини биргалашиб, ақл-идрок ва яхши қўшничилик тафаккури билан қидиришдек қадим шарқона одоб зарур бўлади.

Бугун дунё харитасидагина эмас, унинг ижтимоий-маънавий қиёфасида ҳам жиддий ўзгаришлар юз бермоқда. Илм-фан тарақ­қиёти натижалари тўла-тўкис инсон фароғати учун хизмат қилмоқда, деб айтиш қийин. Ғарб мамлакатларида йирик саноат корхоналари ишчиларини замонавий роботлар билан алмаштириш режалари амалга оширилаётгани кўпчиликка маълум. Ўзбекистоннинг янги сиёсатида “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган бу ёруғ оламнинг мангу ҳақиқати, фусункор фалсафаси мужассам тамойил устуворлик қилмоқда. Одамлар давлат идоралари учун эмас, давлат идоралари одамлар учун ишлаши керак, деган даъват жамият аъзоларининг қон томирларига янгича куч-қувват, жўшқинлик бахш этди.

Истиқлол йилларида кечган умримизга танқидий кўз ташлаб, хато-камчиликларни таҳлилдан ўтказиб, халқимизнинг сало­ҳияти ва имкониятларини чамалаб, ғайрат-шижоатга тўла ёшларимизни руҳлантириб, янги ҳаракатлар стратегиясини қабул қилганимиз, халқни тинглаш, унинг ичида бўлиш, муаммоларини ҳал қилиш давлат идораларининг бирламчи вазифасига айлангани Ўзбекистонда янги уйғониш фасли куртак ёзаётгани, мева тугаётганидан далолатдир. Дунёнинг жуғрофий жиҳатдан бир-бирига туташиб кетган неча-неча давлатларида диний ва ирқий можаролар авж олиб турган бир пайтда Президентимизнинг: “Ўзбекистон ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдоридир. Биз Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳеч истисносиз барча масалалар бўйича оқилона муроса асосида ҳамкорлик қилишга тайёрмиз”, деган сўзлари ва бу ниятнинг босқичма-босқич амалга ошаётгани кўпларнинг ҳавасини келтирмоқда. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар Ал-Ҳусайн мамлакатимизга ташрифлари чоғида бу сиё­сатнинг самараларини ўз кўзлари билан кўришди, миллий ва умуминсоний қадриятлар Ўзбекистонда юксак мақомга эга эканлигига ишонч ҳосил қилишди. Самарқандда ўтказилган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро анжуман мамлакатимизнинг янги халқчил йўли, инсон омилига бўлган юксак эътиборни дунё­­га намоён этди.

Бир вақтлар Япониянинг собиқ бош вазири, таниқли иқтисодчи Танака: “Аллоҳ яратган ерости ва ерусти бойликларидан кимнинг фойдаланиши эмас, уларнинг ҳазрати Инсонга хизмат қилиши муҳим”, деган эди. Ўзбекистоннинг яхши қўшничилик сиёсати замирида айни шу теран маъно мавжуд.

Хуррам РАҲИМОВ,

Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари

университети профессори,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − 12 =