Газеталар албатта керак!

Фақат жасорат ва холислик фаолиятга бош мезон бўлса…

 

Президентимизнинг шу йил Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригида шундай сўзлар бор: “Биз мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлигини, ахборот олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқини таъминлаш масаласини инсон қадрини улуғлаш демократик жамият ва халқпарвар давлат қуришга қаратилган тараққиёт стратегиямизнинг муҳим ва ажралмас қисми деб биламиз”. Ушбу жумлаларнинг ўзи журналист аҳлига, матбуот соҳасига берилаётган юксак баҳо ва катта ишончдан далолатдир.

Биласиз: юртимизда оммавий ахборот воситаларига оид бир қанча қонунлар мавжуд. Улар йилдан-йилга такомиллаштириб борилмоқда. Мисол учун, бош қомусимиз — Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг бутун бир боби оммавий ахборот воситаларига бағишланган. Қолаверса, журналист ҳуқуқлари, хусусан, журналистнинг шахс дахлсизлиги ҳуқуқи, сир сақлаш ҳуқуқи, ахборот олиш ҳуқуқи ва имконлари, шунингдек, унинг касб мажбуриятлари ва масъулияти, эркин фаолиятининг кафолатлари борасида бир қанча ҳуқуқий асослар мавжуд.

Бугунги кунда бутун дунё аҳли, жумладан, юртдошларимиз ҳам яхши тушуниб етишдики, айни пайтда цензурага йўл қўйилмайди, ОАВ фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка тортилади. Бундай қатъиятни Президентнинг ўзи ҳам қўллаб-қувватлаб: “Ишонч билан айта оламанки, мен эркин фикрли журналистлар тарафида бўлганман ва доимо шу позицияда бўламан. Айни вақтда ахборот маконида ҳаққонийлик ва холислик бош мезон бўлиши керак”, – деган эди.

Аслида ҳар қандай фикрнинг халқ онгига, қалбига кириб боришида журналистлар, умуман олганда, барча оммавий ахборот воситаларининг ўрни ниҳоятда катта. Шу маънода элимизнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда ҳам улардан самарали фойдаланиш мумкин. Муфассал таҳлиллар, ҳар томонлама ўрганилган чуқур танқидлар учун, айниқса, газета жуда муносиб минбардир. Бунинг учун одамларнинг қўлига рўзномаларнинг етиб боришига эришмоқ лозим. Телеведение, интернетнинг ўрни бўлак, аммо моддиятга айланган сўз, яъни маълум фикрнинг қоғозга туширилган ҳолатдагисини мутоллаа қилиш инсон онгу шуурига етарлича таъсир ўтказа олади. Матбуот билан доимий танишиб борган кишининг фик­ри шаклланади, дунёқараши ривожланади. Ўз мустақил тафаккурига эга кишилар ижтимоий-сиёсий ва маънавий-ҳуқуқий жараёнларга бефарқ бўлмайди. Бу жараёнда жасоратли, ҳақ сўзни айта оладиган журналистларга эҳтиёж катта. Улар оммавий ахборот воситалари орасида олдинги сафларда бўлади. Бўлиши шарт ҳам.

Ҳаётимизда кенг қамровли ва шиддатли янгиланиш жараёни юз бер­япти. Бу янгиланиш ҳар соҳада ва ҳар бир нарсада тобора яққол кўзга ташланмоқда. Жумладан, оммавий ахборот воситаларида ва унинг қайноқ жабҳаси бўлган матбуотда ҳам. Бу ўзгариш фақат матбуот нашрлари дизайнида эмас, энг аввало, эркин сўзга, фикрлар ранг-баранглигига эътибор кучайиб бораётганлигида, хақ сўзга интилишда ўзини намоён этяпти.

Бугунги кунда Янги Ўзбекистон халқаро сиёсатда, иқтисодиётда, ижтимоий-маънавий ривожланишда ўз ойдин йўлини топибгина қолмай, дунё оммавий ахборот воситалари майдонида ҳам ўз мавқеига, ўз ҳақ сўзи қудратига эга бўлиш сари одимлаяпти. Кенг қамровли матбуот нашрлари, довюрак ва ҳақ сўзли журналистлар мамлакат ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-маънавий ҳамда сиёсий-ҳуқуқий ҳаётига таъсир кўрсата олаётгани, ҳақ сўз қудратини намойиш этаётганлиги жуда қувонарли. Мен ўзим кузатиб бораётган газеталар: “Халқ сўзи” — “Народное слова”, “XXI аср”, “Ишонч” — “Доверие”, “Правда Востока”, “Ҳуррият”, “Ўзбекистон овози”, “Миллий тикланиш”, “Ватанпарвар”, “Постда — на посту”, “Жамият”, “Маърифат” кабиларда ишлаётган фидойи журналистларнинг меҳнатларини қадрлайман. Муҳтарам Президентимиз ташаб­буси билан “Янги Ўзбекистон” газетасининг таъсис этилгани матбуот­­га бўлган ишонч ва эътибордан далолат бўлди. Таҳририятлар ходимлари замон нафасини чуқур ҳис қилиб, долзарб воқеалар, муҳим мавзуларни тезкор ва чиройли дизайн услубида чоп этишмоқда.

Рости шуки, дадил, эркин сўзли оммавий ахборот воситалари бўлмаса, ўша ерда коррупция, тўрачилик, маҳаллийчилик, қонунбузарлик ва бошқа хавфли иллатлар ғовлайди, тараққиётга путур етказади. Шу боис­дан истиқболга умид ва ишонч билан қарайдиган ҳар қандай давлат ва жамият оммавий ахборот воситаларининг ҳақиқий демократик асос­ларда ривожланишга катта эътибор беради ҳамда зарур шарт-шароитлар яратади. Бироқ баъзи ҳолларда журналистларнинг маълумот олиш учун ҳамон айрим ташкилотлар ва идораларда тўсиқларга учрашаётгани тилга олинмоқда. Масалан, баъзи шахслар бандлигини рўкач қилиб, уларни қабул қилмайди?! Идоралардаги тегиш­ли кичик ходимлар эса “Бошлиқ рухсат берса, биздан маълумот оласиз”, дей­ди. Бундай ҳоллар, афсуски, юз бериб турибди. Аслида журналистлар билан учрашув тушунмовчиликларни бартараф этувчи, халққа ташкилотнинг фао­лиятини очиқловчи омилдир.

Очиғини айтганда, газетада битилган сўз кечаги кун ҳодисасига айланади, лекин ундаги ғоялар ҳар бир шахснинг фикрига, айниқса, тафаккурли одамга таъсир кўрсатмай қолмайди. Фикр хилма-хиллигидан рост сўз туғилади, нуқтаи назарлар баҳсида ҳақиқат яралади. “Ким нимани ёқтиради, ким нимадан завқ-шавқ олади?” — булар ҳам ҳар кимнинг дунё­қараши ва савиясига, салоҳия­­ти ва ҳоҳишига ҳавола. Табиийки, шундан келиб чиқиб бўзчи билганини тўқийди, деймиз. Лекин оммавий ахборот воситалари орасида газета аниқ принципидан кечмайдиган, айтилган сўз — отилган ўқ, қабилида иш кўрувчи ягона минбар. Боиси, электрон ОАВда бугун ёзилган фикрни икки дақиқадан сўнг ўчириб ташлаш ёхуд истаганча таҳрир қилиш мумкин. Телевидениеда бир марта берилган кўрсатувни бошқа ҳеч қачон кўрсатмаслик мумкин. Аммо газета бу — манба. Ундан йигирма йил кейин ҳам фойдаланиш, ўқиш мумкин бўлади. Энг муҳими, у чоп этилгандан сўнг, уни ўзгартириш, бирор сатрини ўчириб ташлашнинг ҳам имкони бўлмайди. Шу боисдан ҳам интернет нашрлардан босма нашрларнинг устунлиги, айтиш жоиз бўлса, “хавфли” эканлиги, ҳаққонийлиги ана шунда.

Яна бир гап. “Ўзбекона матбуот” деган атамани бундан 20 йиллар олдин эшитгандим. Адашмасам, шундай сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Мен ўзбек матбуоти чинакам ўзбекона бўлиши керак,   деган бўлардим. Яъни, Ўзбекистонда чиқадиган ўзбек матбуоти худди ўзбекдай бўлиши керак. Аниқроғи, ўзбек матбуоти ўзида миллий руҳиятни, этнопсихологиясини мужассам этмоғи лозим. Ўзбеклар ўзи яшаётган макон табиатидан нурланган, камол топиб бораётган халқдир. Дунёда ўзбеклардек бағрикенг, кенг­феъл, содда, шунингдек, андишали халқ бўлмаса керак! Менимча, халқимизнинг ана шу хислатлари ўзбек матбуоти қиёфаси бўлиши керак.

Аслида эркин фикрловчи журналист – танқидчи, янгилик изловчи, алал-оқибат, бунёдкорга айланади. Соҳибқирон Амир Темурнинг “Тафаккур, фикрлаш ва мушоҳада қобилияти, қувваи ҳафизаси кучли инсон ҳар қандай мушкулу мушкулодни осон қилиш йўлини топа олади”, деган фикр­лари ўзбек журналистларига жуда мос. Бугунги ўзбек журналистикасининг суяги – Ватан, либоси – фикр, табиати – хурлик бўлмоғи зарур.

Мақтовни жойига қўйдикку-я, ана энди “айбғина”ларимизни ҳам айтмасак бўлмас. Дунёнинг бир неча журналларида давлатимиз раҳбаридан тортиб, амалдорлар, тадбиркорларимизгача бир қанча юртдошларимиз ҳақидаги мақолаларни кузатамиз. Уларнинг биз ҳақимиздаги фикрларини, таҳлилларини ўқиймиз. Ўзбекистонда ҳам нуфузли сиёсий-ижтимоий, маънавий-ҳуқуқий газеталар, журналлар нашр этилади. Лекин улар саҳифаларида хориж давлатлари раҳбарлари, ҳеч бўлмаганда, бирор йирик тадбиркорлари ҳақидаги мақола ёки чиқишларни кузатмаяпмиз ҳисоб. Бош муҳаррирларнинг хориж сафарларига бориб-келишлари учун сар­мояси етишмайдими? Ёхуд юртимизда халқаро мақомга эга йирик босма нашрнинг ўзи йўқми?! Кейинги йиллар Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар ҳақида жаҳон матбуоти янада аниқ-тиниқ ҳолда ёзмоқда. Бу қувонарли ҳол. Айни пайтда ўз газеталаримиз, журналларимиз ҳам жаҳон миқёсида таҳлилий мақолалар чоп этадиган давр келди.

Алқисса, ўзбек матбуоти ўз сўзини айтишда давом этмоқда. Соҳа ходимларига жасоратли ва шарафли ишларида муваффақиятлар тилаш билан бирга, жасорат ва холислик иш фаолиятида бош мезонга айланишида тилакдошмиз.

Карим НОРМАТОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Қуролли Кучлари академияси профессори,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − 10 =