Ўзбекистон — гендер тенглиги таъминланган юрт

Мамалакатимизда сўнгги йилларда олиб борилаётган очиқлик ва демократик принципларни мустаҳкамлаш сиёсати жамоатчилигимизнинг сиёсий фаоллигини ошириш имкониятларини яратди. Аммо ижтимоий тармоқларни кузатадиган бўлсак, бундай фаоллик кўп ҳолларда нооқилона, тарихда кузатилмаган ва айни даврдаги инсониятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёт тажрибаси ва мантиғига тўғри келмайдиган тарзда намоён бўлмоқда.

Масалан, “Siyosiy fikr – Сиё­сий фикр” телеграм каналида Ўзбекистонда “Ўзбекис­тон Аёллар Партияси” (ЎзАП)ни тузиш таклифи илгари сурилган (https://t.me/siyosiy_fikr_uz/2428). Тарихга ва замонавий демократик давлатлар амалиётига назар солсангиз, ҳеч бир давлатда айни аёлларни алоҳида бирлаштирган, у ёки бу мамлакат сиёсий ҳаётида муайян роль ўйнаган партия шаклидаги ташкилотлар кўп бўлмаганлиги ва ҳозирда мавжуд эмаслигига амин бўласиз.

Хусусан, википедия манбаларига қараганда АҚШда қисқа вақт — 1916-1920 йилларда, Аёллар миллий партияси (Национальная женская партия (NWP)) фаолият юритган. Ушбу партиянинг асосий мақсади аёлларнинг сайловларда иштирок этиш ҳуқуқи учун курашиш бўлган. Индонезияда ҳам муайян даврда аёлларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқли бўлишига эришишни мақсад қилган Индонезия аёллар ҳаракати (Gerakan Wanita Indonesia, Gerwani) деган ташкилот фаолият юритган экан. Бизнинг мамлакатимизда эса бундай мақсадларни қўйишга ҳожат йўқ — Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар ва бу норма аллақачон амалда рўёбга чиққан.

Юқорида ҳавола қилинган телеграм каналда “Ўзбекистон Аёллар Партияси”нинг 10 та асосий мақсад ва вазифалари санаб ўтилиб, 11-бандга “…Давоми СИЗДАН… Тузилаётган “Ўзбекистон аёллар партияси” — ЎзАП яратилишида Сиз ҳам бефарқ бўлманг” деган чақириқ ёзилган. Мақсадлар қаторида аёллар ишсизлигини камайтириш, она-бола ҳуқуқларини таъминлаш ва ижтимоий ҳимоясини қўллаб-қувватлаш;   икки ёшгача бўлган болалар учун “Сут пули” берилишини таъминлаш, она-бола учун бепул тиббий кўрик тизимни яратиш; фоҳишаликка қарши курашиш; маиший зўровонлик учун жазони кучайтириш каби вазифалар белгиланибди. Фикримизча, бундай мақсадларга мамлакатимизда аёлларни қўллаб-қувватлаш, улар ҳуқуқларини таъминлаш борасида қабул қилинган қонунларга риоя қилиш, Президент фармон ва қарорларини бажариш ва қолаверса, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолияти натижасида эришилмоқда-ку!

Мантиқан қараганда, “партия тузиш ташаббускорлари” уни тузишдан мақсадларини аниқ баён этишлари лозим. ЎАПни тузишни илгари сурувчилар эса ҳали ўзлари ҳам нима мақсадда сиёсий куч тузишларини аниқ билмайдилар ҳам шекилли… Шунинг учун бундай партиянинг мақсад ва вазифаларини белгилаш ниятида жамоатчиликка қуйидаги мужмал ёзилган жумлалар билан мурожаат қилмоқдалар: “Янги ва мустақил тузилаётган ЎЗБЕКИСТОН АЁЛЛАР ПАР­ТИЯСИ (ЎзАП) учун барча таклиф ва тавсиялар бўлса, бемалол ва ёки телеграм гуруҳимизда ёзинг: барча таклиф ва фикрлар янги тузилаётган ЎзАП низоми ва дастурини яратишда инобатга олинади”.

Қарангки, партия тузишдан уларнинг биринчи мақсади “Парламентдаги сенатор ва депутат аёллар сони камида 44,44 фоизни ташкил этишни таъминлаш”. Нимага 40 фоиз, 44 фоиз, 45 фоиз эмас, айни 44,44 фоиз деган савол туғилади? Мантиқ қани бу ерда?

Қолаверса, Ўзбекистон Конс­титуциясининг 58-моддасига мувофиқ давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди. Бу нормани ҳаётда рўёбга чиқариш учун Ўзбекистонда барча қонуний шароитлар яратилган бўлса. Жамиятимизда аёллар – азиз бувиларимиз мўътабар она, қадрдон опа-сингиллар сифатида доимо эъзозланиши асосий ҳаётий тамойилимизга айланган. Ўзбекистоннинг яқин тарихида – мустақиллик даврида ҳам, ундан олдинги даврда ҳам аёлларни, хусусан, иш ҳақи бўйича камситиш ҳеч қачон бўлмаган. Ишни ким – эркакми ёки аёл бажаришидан қатъи назар, ҳар доим меҳнатга мутаносиб маош тўланиши тамойили амал қилган ва амал қилмоқда.

Хотин-қизларнинг давлат ишларида, раҳбарлик лавозимларида эркакларга нисбатан камроқ бўлиши аёлларнинг фарзанд туғиш ва уни парваришлашдан иборат бўлган табиий-ижтимоий эҳтиё­жи-вазифаси билан боғлиқ ва бу асло гендер нотенг­ликни англатмайди. Маиший ҳаётда ва оилавий муносабатларда учраб турадиган хотин-қизларга нисбатан камситиш ва зўравонликлар жамоатчилигимиз томонидан қораланади, қонун бўйича жазоланади. Бундай ҳоллар, аслида гендер тенгликка хавф соладиган даражада кўп учрамайди. Бинобарин, бундай ҳолатларни бўрттириш, умумий ҳолат сифатида баҳолаш мутлақо ҳақиқатга зиддир. Айрим камчиликлар, ечимини кутаётган муаммоларнинг сабаб-оқибатларини нотўғри талқин қилиб, кўламини сунъий равишда кенгайтирган ҳолда сох­­та тушунилган гендер тенг­лик ниқоби остида умуминсоний қадрият — анъанавий оилавий муносабатларнинг бузилишига олиб келадиган зарарли ғоялардан сақланишимиз керак, албатта.

Фикримизча, яна шуни айтиш ўринлики, кейинги йилларда мамлакатимизда аёллар ҳақ-ҳуқуқларини янада юксалтириш, қўллаб-қувватлаш учун Президентимиз раҳбарлигида жуда катта ижобий ишлар рўёбга чиқарилди. Хотин-қизлар масаласи давлат сиёсати даражасида бугунги кўламда бўлмаган. Шундай экан, алоҳида эркаклар партияси бўлмаганидек, аёллар партияси бўлиши мантиққа зид фикрдан ўзга нарса эмас.

Фарҳод ҚУРБОНБОЕВ,

иқтисод фанлари номзоди

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × four =