Демократия йўли ва унинг таянч нуқтаси хусусида

Бу кўҳна гарди дун яралибдики, бошидан не-не синовларни, курашларни ўтказмади дейсиз. Бу йўлда қанчадан-қанча ислоҳотлар, янгиланишлар, улкан ғалабалару йўқотишлар, топишларга рўбарў бўлмади. Ана шу йўлда замонлар, даврлар оша инсоният баркамолликка, юксакликка, фаровонликка интилиб яшади. Демократия, эркинлик, ҳурлик – асосий мезон, мақсад бўлди. Лекин ҳаётда мақсад бўлак, маслак бўлак.

Жаҳонда урушлар, тўс-тўпалонлар тугамаётган юртлар қанча. Бегуноҳ миллионлаб одамларнинг кўз ёшлари, оҳу фиғонлари қачон батамом бартараф бўлар экан? Қачон мақсадлар амалларга муштарак бўларкан?

Бу оғриқли саволларга жавоб беришнинг ўзи бўлмайди. Чунки якдиллик, олий мақсад ўзгарувчандир. Шундай бўлса-да, инсоният демократия байроғини кўтаришдан чарчамайди.

Хўш, шундай экан, бугун аксарият давлатлар оғишмай илдамлаётган “Демократия йўли”ни қай аҳволда   деб атасак тўғрироқ бўлади? Нима бўлганда ҳам мамлакатларнинг ўз сиёсий йўналишарини, айни ҳаракатларини умумий тарзда “Демократлаштирув” деб атасак эҳтимол хато бўлмас. Шундай экан, ҳар бир элнинг миллий умумқоидалари, йўналиш­лари азалий қоидалар қобиғига сиғиб кета олармикан? Келинг, яхшиси асосий муддао, ечим, тажрибани ўз мамлакатимиз тимсолида мушоҳада қилишга ҳаракат қилиб кўрайлик. Тўғрироғи, давлатни юксалтириш, халқ фаровонлигини ошириш йўлида олиб борилаётган кейинги ҳаракатлар асносида ҳар биримизнинг ҳаётимизга таъсир этаётган, бизни ўзгартираётган, ўзгартиришга мажбур қилаётган муҳим омиллар хусусида ўйлаб кўрайлик.

Мустақилликдан кейинги даврни, аниқроғи сўнгги олти йилни демократик жараёнларнинг ёрқин кўриниши дейишимиз мумкин. Бу Президентимиз Шавкат Мирзиёев олиб бораётган Янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек олий мақсадда янада ёрқинроқ, аниқроқ намоён бўлади. Зеро, бу машаққатли, лекин эзгу ҳаракат ҳар биримизга энди кечагидек яшаб бўлмаслигини, бугунги замон талабларига жавоб бера олиш масъулиятини, керак бўлса, мажбуриятини юкламоқда. Шу боисдан Президент ҳаётга тат­биқ этаётган, тўғрироғи, кашф этган янги умумравнақ тимсоли – Янги Ўзбекистон орзусини бемалол она Ватанимиз мустақиллигининг эртанги куни, ёруғ келажагига қўйилаётган маёқ деб айтиш мумкин. Зеро, бу умумэзгу таълимот ўзининг объективлиги, халқчиллиги ва шу билан бирга шунчаки “орзу ё хомхаёл” эмаслигини намоён этаётгани, буни Ўзбекистон тимсолида бутунжаҳон оммасига яққол кўрсатиб бераётгани бир жиҳат бўлса, ҳатто ўз юртимиздагилар ҳам бу тарихий ҳодисотни бирдек анг­лаб, тушуниб етаяпти деб айта оламизми?

Албатта, жуда кўп мамлакатларда президентлик бошқарувининг жорий этилиши ҳуқуқий демократик давлатларга хос хусусиятдир. Аксарият ривожланган, цивилизациянинг юқори чўққисига эришган мамлакатларни халқ сайлаган фуқаролар – президентлар бошқаради. Ўша раҳбар бутун фаолияти, ҳар босган қадами орқали уйғунлиги билан оламаро давлатни давлат, ўз миллатини миллат сифатида танилишида, энг катта куч бўлиб хизмат қилади. У ўша ўзи раҳнамолик қилган ва қилаётган халққа, давлатга ҳаммабоп шароитларни яратиб бериш учун бел боғлайди. Бир сўз билан айтганда, демократия халқининг эркинлиги, қонунлар устуворлиги ва албатта фаровон ҳаётни таъминлаш учун ўзини жавобгар билиб курашади. Айни кунларда биз қураётган, шакллантираётган демократик жамиятдан мақсад ҳам шу: шахсларнинг барча фаолиятини ҳимоя қилувчи куч – инсонларнинг ўзлари хоҳлагандай яшаши, ишлаши, умумий фаолияти учун шароит яратиб берувчи майдон.

Шубҳасиз, ҳар бир халқнинг ўз тамойили ҳар бир давлатнинг ўз қонунлари, ўша элнинг менталитети, ҳаёт тарзи, урф-одатлари йиғиндисидан келиб чиқади. Аммо халқни умумэзгуликка бошлаш, ўзлари эришаётган демокра­тиянинг кўлами, меъёрини олишда бутун борлиқ, бутун олам неъматлари ривожига қулай шароит яратиб унга яхшилик олиб келадиган, 18 минг олам ривожида, равнақида фойдали ўлчов ва қонунлар билан иш олиб бориши фақатгина Президентнинг ўзига боғлиқми?

Қонунларга итоат қилувчи халқ-чи? Уларнинг ўрни қандай бўлади? Афсуски, сўзи бош­­қа, амали бошқа одамлар бор экан, жамиятда депсинишлар давом этаверади.

Хўш, нима қилмоқ керак?

Президент ва унинг халқи, давлатининг сиё­сати дунё мамлакатлари ўртасида одиллик палласида тарози босишига қараб обрў-эътибор топади. Бунинг учун эса ўша раҳбар танлаган йўл, концепция ўта изчил ишланган, мукаммал илмий тадқиқотлар асосида эзгупарварлиги исботланган таълимотга асосланган ҳаёт йўлига эга бўлиши керак.

Айни пайтда минг йиллар давомида тўпланиб келаётган илмлар, катта тажриба, қоидалар давлат раҳбарлари, президентлар олиб борган турли сиёсатлардан қай бирисини дас­туриламал қилиб олиш ўринли?

Асли чинакам демократия — нима у? Унинг асл белгилари нималарда кўринади? У инсонлар учун фақатгина фаровон ҳаёт майдоними ёки у ҳам одамларга бурч ва вазифа, масъулият юклайдими?

Аксарият иқтисоди, тинчлиги барқарор давлатлардаги ҳукм сураётган демократия умум­этика, эстетика ва маданият қонун-қоидаларини менсимай қўйди. Ялонғоч шайтон янғлиқ кўнгил кўчасига кириб нафс гирдобида қолиб кетди. Ҳозирги даврга келиб демократиянинг ўзагига, томирига яхшилик ва эзгулик меъёрлари билан йўғрилган, “қон” қуймай туриб уни одилликка, ҳалолликка юргизиш мумкин бўлмай қолди. Буни қандай амалга ошириш йўлини эса Ш.Мирзиёев давлатни бошқариш таълимотидаги эришган ютуқлари билан бойитмоқда. Шарқона демократия таълимоти ҳаётийлиги, жўнлиги, ҳаққонийлиги унда ҳамма инсонийлик фъел атворида, меъёрида, юришида ўз-ўзига эътиборлилиги, ўзини ўзи яхшилик қобиғида сақлаб ҳаракат қилиши, бутун олам эзгу ҳаё­тида яшашда, ишлашда – барча борлиқ билан мулоқотда эзгулик қонунларига бўйсуниши асос қилиб олинган. Буни демократияни чегаралаш эмас, этика-эстетика меъёрлари билан сайқаллаш, умумэзгулик чашмасида тўйинтириш, жилолаш деб тушуниш керак. Демократия фалсафасидан асл шундай хулоса келиб чиқади: яхшилик қилиш ҳам осон, ҳам савоб. Ёмонлик қилиш ҳам қийин эмас, лекин — гуноҳ. Бу йўлда ҳар бир киши бир-бирига ҳам шогирд, ҳам устоз. Бунинг учун эса ҳар инсон умумэзгулик йўлида, аввало, ўз-ўзига яхшилик қилиш – қалбини, ўй-хаёлини барча ёмон, салбий иллатлардан тозалаши шарт. Демак, чинакам демократия — ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам яхшилик, эзгулик тилаш, яхшиликни, эзгуликни қўллаб қувватлашдадир.

Албатта, демократик жараёнлар ҳақиқий мавжуд ҳолати бўйича одил хулоса чиқариш, табиат ва борлиққа зарари тегмайдиган ҳолатда жамиятни босқичма-босқич ривожини таъминлашни талаб этади.

Ҳар бир яратилган янги фалсафа ҳаётга аста-секин, миқдор ва сифат ўзгаришлари билан ривожланиш объекти бўлиб қурилаверади ва ўша таълимот элга сингигач табиий шароит етилиб улкан ўзгариш рўй беради. Яъни, демок­ратия деб номланган бу янги буюк тамойилни Юртбошимиз Ш.Мирзиёев 37 миллиондан ортиқ халқи билан биргаликда амалга оширмоқда. Узоқ тарихда ёрқин машъал каби дунё тамаддунига беқиёс маънавий сарчашма нурларини таратган, Иккинчи Ренессанс маёғини ёққан юртимиз бошидан не-не синовларни, босқинларни кечирмади. Ватан ёлқинлари бўлган жадид боболаримиз йўқ қилинди. Шу боис қолоқ, иқтисодий-сиёсий жиҳатдан оғир шароитдаги давлатга айланиб қолган мамлакатни қисқа даврда ривожланаётган мамлакатлар сафига қўшиб қўйди.

Шу ўринда асосли савол туғилади. Хўп шаҳар ва посёлкаларда ишлаб чиқариш ривожланаётган бўлса, бугун чекка қишлоқ ва овулларга қандай аҳамият берилмоқда? Ахир у жойларда ҳам инсонлар истиқомат қилишади-ку! Худди шу ўринда Ўзбекистондаги ялпи ривожланишга этиборни алоҳида жалб этмоқ керак.

Бугун ҳар бир қишлоқ, маҳалла аҳлидан “ҳолинг нима” деб сўрайдиган вақт келди. Бундан 6-7 йил аввалги ҳаётни, даромаду буромадни таққослаб, солиштирган одам жавобни ўзи дарров билиб олиши мушкул эмас.

Дунёда ягона – халқни бошқаришнинг энг демократик усулларидан бири – маҳалла инс­титути фаолияти ҳар жиҳатдан мукаммал ишлаб чиқилиб, сифатли йўлга қўйилган. Азалдан маҳаллалар халқимизнинг миллий қадриятлари, урф-одатлари, анъаналарини ўзида мужассам этган маскан бўлиб келган. Бугунги кунга келиб ушбу тузилма давлатимиз томонидан берилаётган алоҳида эътибор, яратилаётган ҳуқуқий мақоми орқали бутунлай янгича мазмун касб этмоқда. Фуқароларни иш билан таъминлаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жойларда янги корхоналар, ижтимоий объектларни барпо этиш, ижтимоий ҳимоя ягона реестрларининг (“Аёллар дафтари”, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” в.ҳ.) ташкил этилиши натижасида унинг обрў-эътибори юксалиши баробарида зиммасига юкланаётган масъулият ҳам ортиб бормоқда. Хотин-қизларни олий ўқув юртларига имтиёзли шароитларда қабул қилиш ҳам маҳалла тав­сияси орқали амалга оширилмоқда.

Умуман, биздагидек маҳалла деган тушунча, тузилма дунёнинг яна қай юртида бор? Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз сўзларининг бирида “Сизларда демократия, халқ фик­рига таяниш, очиқлик, эркин сайлов масаласи қаерда деганлар — аввало, биздаги маҳаллаларни келиб кўрсин” деганда минг чандон ҳақдирлар. Негаки, бизда ҳамма эркинлик асли маҳаллаларимиздан бошланади.

Мамлакатда ялпи ривожланиш ҳар бир янгилик ва яхшиликлар, енгилликлар, инновация юртнинг барча ҳудудларига бир маромда етиб бориб, қўлланилмоқда.

Юртимизда тараққиёт стратегияси белгиланиб, унда инсон ҳаёти ривожининг ҳамма бўғинлари мегаривож ва гео­ривожга асло салбий таъсир қилмайдиган ҳолатда ишлаб чиқилган ва у асосда ривож­ланиш дадил давом этмоқда. Муҳими, мамлакат тараққиётининг барча йўналишларига прогматик ёндашилади.

Президентимиз демократия йўли билан халқимизга раҳнамолик қилиб мегаолам қонуниятларидан чиқмай яшаш, ишлаш фаолиятининг тарзини тажриба қилди ва уларни эзгулик, тинч-тотув турмуш, ривожланишнинг кенг ва фаровон йўлига олиб чиқмоқда.

Энди демократияга ҳам ўлмас қонун, деб қараб уни эзгулик сифатлари билан шакллантириб, уни баҳолаб умумий дастурини яратиб, уни шакллантириш, соғломлаштириш, такомиллаштириш, вақти келди. Шундагина ўзимиз – дунё халқлари, табиат, барча моддиун – 18 минг олам миллион йиллар давомида яратган неъматларини, ақидаларини сақлаб қолиб, уни ривожлантиришда давом этиш — улуғ йўл. Бир сўз билан айт­ганда, эзгуликка, ҳамжиҳатликка, дунё­­да барқарор тинчлик ва тотувликка, барака-хайр эгаси демократияга, янаям тўғрироғи ҳақиқий демократияга эришамиз. Қайсики бир давлат умумэзгулик йўлида хатога йўл қўяётган бўлса, буни компьютер ва замонавий технологиялар – оммавий ахборот воситалари, ернинг сунъий йўлдошлари орқали зумда билиб олиб, ер шарининг қайси бурчида бўлмасин уни тузатиш, тинч йўл билан барча давлатлар уни тўғрилаши, одилона хулоса чиқариб эзгу йўлга бошлаши мумкин. Зеро, асосий мақсад дунё бўйлаб ягона тинч­лик, тотувлик ва бирдамликка эришиш бўлмоғи керак.

Улуғ файласуф бобомиз Абу Наср Форобий ўзининг “Фозил одамлар шаҳри” асрида юртни бошқариш, давлат ва эл фаровонлигига эришишнинг закий йўлларини келтиради. Гап ана шундай боқий таълимотни асос билишда. Назаримда Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган эркин ва очиқ жамият ҳаммамизни “фозил одамлар шаҳри” одамларига айлантиради.

Шуҳрат Мусо,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four + five =