Дарё қаҳ-қаҳ отар мовий ранг билан
Муаллиф ҳақида:
Баҳром РЎЗИМУҲАММАД — 1961 йилда Хоразм вилоятининг Шовот туманида туғилган. 1983 йилда ТошДУ(ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини битирган. “Товушсиз қадам”, “Теракка яқин юлдуз”, “Икки нур”, “Давсаман”, “Тинч гуллайдиган дарахт”, “Кундуз сарҳадлари”, “Соялар суҳбати” номли шеърий тўпламлари ҳамда педагогика фанига оид “Чўлпон — тонг юлдузи демак” номли рисоласи нашр қилинган. Шеърлари турк, инглиз, немис, испан, француз, рус, ҳинд, форс, туркман, қорақалпоқ тилларига ўгирилган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг аъзоси.
ОРЗУ
Вақт болғачаси остида
орзу аста-аста ушалиб борар,
ушалгани сайин каттаяр одам.
Вақт болғачаси остида
орзу юмалоқ шаклда,
шар шаклида орзу.
Шундай йириклашар дақиқа сайин,
ушалмаса — одам кичрайиб-кичрайиб
йўқолиб кетади шар соясида.
* * *
Ҳар нарсанинг исми ўзига монанд
бошга кийгизилган тож каби.
Кучукка “Гул” деб
исм қўймас ҳеч ким.
Бошдаги фикр қораяр экан
тожга юқа бошлар бу ранглар.
Қарабсизки, уни
ҳеч ким киймай қўяр, ҳайиқар.
Шу боис, мен учратмадим
Гитлер деган бирор болани.
Гўдакка исм қўяётганда
унинг бошини ва ўсмоқчи бўлаётган
фикрларни ҳисобга олиш зарур.
ТИНЧЛИК
Дубулғани
гултувак деб ўйлади
ниш отаётган уруғ.
Оппоқ орзулари ила
кўмилган жангчининг
қирмизи қонин эмиб кўкарди гуллар.
Энди ўша гуллар
ва мовий осмон оралиғида
сукунатдан бошқа ҳеч нарса йўқдир.
* * *
Кумушранг, момиқ гул тушимга кирди,
алвон уфқдан сирғалиб тушди,
алвон уфқда йўқ эди туман.
Энг майда гиёҳгача
акс этди тушимда.
Тонггача яшади момиқ гул…
Оҳ, эслаб қололмадим гулнинг ҳидини.
* * *
Оқиб кетгиси келади тошнинг,
балиқларга қўшилиб
енгил,
узоқ-узоқларга оқиб кетгиси.
Дарё
қаҳ-қаҳ отар
мовий ранг билан
харсанг тошлар теварагида.
ОДДИЙ НАРСАЛАР ҲАҚИДА
1
Яхшиямки, мушт тугишни
билмас қушлар,
йўлбарс
ўлжасига ташланса
фақат тишларига ишонар.
Бу баҳайбат мушт,
болғасифат мушт
одамнинг пешонасига чизилган.
Ўша муштнинг остида
ўйинчоққа айланар
ўлжасини ютаётган йўлбарс.
2
Тувакдаги гулнинг чеҳраси
дераза ортидан
қор совуғини ютиб,
термулган сайин кўксимга уфурар,
гулханга,
тувакдаги гулханга қўл чўзсам,
дақиқа сайин музлайди кафтим.
3
Кучук ҳурса
нега сергак тортар йўловчи,
мушук миёвлаб
наъра тортгани каби йўлбарс,
бу унинг товуши,
унинг яшаш шароити шундай,
унда айб йўқ,
нафас олмоқчи бўлиб
оғзини очса
доим бир хил товуш кетар думалаб:
вов-вов.
ТЕРАККА ЯҚИН ЮЛДУЗ
Бошқа юлдузлар-ла иши йўқ унинг,
уни чорлаётир ягона юлдуз,
юлдуз — дарахтсиз кумуш бир мева,
у теракники бўлар бир куни —
терак ўсаверса, юлдузга қараб.
Ярим йўлда қолиб кетди гужум ҳам,
дарахтларнинг энг дарози — терак
кун сайин ўсади юлдузга қараб.
Юлдуз… Мевалигин билармикан у,
зумрад япроқчалар кўкиш нурига
чамбарчас боғланиб оқ, оппоқ шуъла
юлдуз силжирмикан бир кун ўрнидан?
… “Ҳозир юлдуз учди” деган хабарга
терак ишонади ҳаммадан кўпроқ.
* * *
Бахт қуши
бироз фарқ қилади аждодларидан,
қайга қўнишини аниқ билар у.
Ана
Қуёшга тегди кимнингдир боши,
Қуёш сариқ булутдек ёйилиб кетди…
(У ҳам паррандадир, иссиқ ўлкага
учиб кетгиси келгандир балки,
ҳали тухум қўйиб, жўжа очади).
Бошнинг усти қордек оқаргач
бошқа чўққиларга учиб кетди у.
НАФРАТНИ ТУШУНИШ
Қанийди кипригим ўқдек отилса,
розиман киприксиз қолишга ҳатто.
Киприксиз кўзларим кўрар шубҳасиз:
кимдир йиқилади кўксин чангаллаб,
кулишга улгурмас йиқилаётиб.
* * *
Дўстим ҳам дарахт,
у менга суянмоқчи,
дарахт дарахтга суянарми ахир?
Мен суянчиқ эмасман,
суяшдан-да муҳим вазифалар бор:
сарғаяман, дейди кўк япроқ,
шамол эса уни олиб кетмоқчи,
сарғайма, дейишим керакдир унга,
куз келгунча сабр қилсин у.
Энди илдизларнинг ташвиши:
биттаси чиримоқчи шу пайтда
қишгача шошманг, дейман,
япроқлар тўкилсин,
қушлар уясини тарк этсин.
Мевага тушаётган қуртларни
кечқурун музокарага чақирдим.
Кавагимга уя қурмоқчи бўлган илонга
баҳорда ҳар куни ялиндим —
ундан қўрқади-да оппоқ гулларим.
Ўз ташвишим илдиздек чулғар,
менга яқин келманг, дарахтлар,
дарахт дарахтга суянарми ахир?!
* * *
Қор ёғмоқда, хаёл ёғмоқда,
хаёл каби оқарар атроф.
Отма, овчи, бутоқ остидан
қочаётган кулранг қуённи.
Оёқ босилмаган оқлик. Юр, жоним,
изларимиз ёнма-ён тушсин.
Лабларингда қизил табассум,
не сўзласанг оқ бўлур бугун.
Бугун тонгникидир биз юрган сўқмоқ.
УЧЛИКЛАР
1
Тила тилагингни деб сўрар
бақалар билан бирга
яшайдиган олтин балиқ.
2
Оёқ узатгиси келди-да бирпас
тонггача қорбободек
эриб битди бўрон.
3
Қўшиқни ушлаб кўрдилар.
Қўшиқни бармоқдан ясалган
қафасга қамаб қўйдилар.
4
Деразани чил-чил синдирди,
маҳбусни эргаштириб кетди изига
чечакларнинг исёнкор ҳиди.
5
Учаяпти қанотли нина.
Яшил кўйлак тикиб бер, ниначи,
кейин мовий кўйлак.
6
Чўнтагида пуллар
узоқ меҳмон бўлмас.
Чўнтагида шамол яшайди.
7
Зулмат қўйнида Оқ кема.
Гоҳ қон тусида,
гоҳ сут тусида чайқалар денгиз.
ТАБАССУМ УЧУН СЎНГГИ ИМКОН
1
Рухсат беринг
бир зум бошсиз яшай,
телпакдек олиб қўяй бошни,
кўзларни кўзойнакдек ечиб қўяй бирпас.
Рухсат беринг
бир марта
қўрқинчли тушларнинг барини
бошнинг ўзи кўрсин жавон устида.
2
Шов- шув
қуюқ, кулранг туман,
унинг думи, узун бир дум.
Қайга қадам қўйса-да
отнинг ёлидек
чеҳрасини сассиз чулғаб олади.
Энди ажратиб кўринг-чи
чеҳра ва кўзларни кулранг тумандан.
3
Кафт, китоб ушлаб чарчама,
умрдек узун вагон ичида.
Бу ерда
соатлаб
ўқиш мумкин пешоналарни.
4
Илтимос ташийдиган телефон –
симли,
бир-бирига уланган ҳаммоллар сафи.
Бурнидан нарини кўролмайдиганлар
овози ўрнашиб қолган оқ қути…
Ҳар уйда
шундай қути, шундай суҳбатдош.
Иккита қўлдан
кўпроқ иш бажарар
телефоннинг битта дастаги.
5
Ғалати истак:
худди ярани кўргандек
кўрмоқчиман
қай шаклда бўларкан оғриқ?
Вужуд шовқинларни енгади,
жимликка қайтади вужуд,
кўзлар қарар оғриқ келадиган йўлга.
Ҳатто тиш оғриғи шовқинни кутиб
бирзум изга қайтар кўзга кўринмай.
6
Мана, уй ҳам қариб қолди,
изғиринни назарга илмасди аввал,
кўзига бўрондек кўринар энди
баҳорда яшайдиган шабада.
Эҳ, нималарни кўрмади уй —
чивинни-да ҳайдамай
ўзида яшатадиган тўрт девор…
Уй эшикка суянди,
ёқимсиз ғийқиллаб очилди эшик.
7
Маймунни томоша қилишди,
тухум ёрган
яп-янги жўжага
қизиқсиниб қараган каби.
Маймунни томоша қилди одамлар,
маймун — одамларни.
Унинг қўли тоза,
тарих китобларини варақлаб
ҳеч ким шу пайтгача ўқимаган-ку
шаҳарни портлатган маймун ҳақида.
Панжарадаги маймун
шу қадар соддаки
гуноҳини сўраб
даъво қилиб бормас маҳкамаларга.
8
Лабни, лабдаги қонни
яширадиган аччиқ табассум.
Йиқилиб тушган одам
ўзини ўнглаб
қад-қоматини тиклаганидек
хўрсиниқдан табассумга
қайтарадиган куч.
* * *
Тишни тишга босиб,
сал ўтгач
бурунни иякка тегизиб
сақланган тоқат
ниҳоят сабрнинг тагига етди.
* * *
Воқеаларни танлаб,
бир чимдим туз сепиб,
консерва қутиларига жойланг –
йўлда
судралиб келаяпти кексалик.
АРЧА БАРГЛАРИДЕК ЯШИЛ
Умидларим соғлом ўссин деб
нафас олдим тоза ҳаводан,
қиёқ тилли майсалар,
қушлар – қанотида осмоннинг ҳиди,
ҳансираётган баҳайбат дарахтлар
нафасга йўғрилиб ичимга кирди.
Ва ўсаётган умидларим оша
бир садо вулқондек отилиб чиқди:
қандай яхши яшаш,
айниқса, сени ҳамма тушунса,
ҳамма сени севса,
юрагини юборса кўксингга,
жажжи
қизил ва оқ қушчалардек
суҳбатлашишса улар…
Вужудимни қоплади
бирдан тўлқинсимон ҳайқириқ.
Менинг севгим шундай эдики…
Севгининг ичида яшайман,
менинг севгим абадий,
менинг севгим арча баргларидек
абадий яшил.