Гўзаллик тараннум этилган шеърлар

(Шоир Икром Искандар ижодига чизгилар)

Адабиёт, шеъриятда ибтидо бордир, аммо интиҳо йўқдай!..

Ўзбек замонавий шеърияти таҳлилини камолга етказган адабиётшунос олим ва адиб, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуровнинг қуйидаги фикрлари ҳар бир шоир учун сабоқдир: “Шеър ёзиш учун шоир маълум бир кайфиятга эга бўлиши лозим. Шеърни ўқиб, ундан лаззат оладиган шеърхонга ҳам ана шундай алоҳида бир кайфият тақозо қилинади”. Замонавий ўзбек шеърияти ўтган аср 90-йиллар авлодига мансуб Абдували Қутбиддин, Аъзам Ўктам, Равшан Файз, Чори Аваз, Эшқобил Шукур, Зулфия Мўминова, Оллоёр Бегалиев, Иқбол Мирзо каби шоирлар қаторида Икром Искандар ижоди ҳам адабиётимизда ўзига хос воқеликка айланмоқда.

Бу авлоднинг тақдирига икки хил даврда яшаш ва ижод қилиш ёзилгани ўзи бир мавзу! Ижтимоий тенглик давридан бирданига бозор иқтисодиётига ўтиш йиллари бир хилдаги омманинг иқтисодий жиҳатдан турли тоифаларга кескин ажрала бориши кишилар онгида ўзгаришлар яратиши табиий. Бу ўзгаришлар шоирлар ижодида ҳам акс этмасдан қолмайди, албатта.

Шоирни шеър ёзишга ундайдиган иштиёқ, илҳом бир хил бўлмайди, албатта. Бу жараён оммавийликдан холи бўлади. Бир шоирнинг ўзи турли шеърларини турфа кайфиятга, дейлик, шодликка тўлганида, тушкунликка тушганида, алданиб қолганида, алам ўтганида, бировни соғинганида, айрилиққа чидай олмаганида ёзиши мумкин. Эндигина шеър ёзишни машқ қилаётган ҳаваскорлар бундан бехабар бўлишини тўғри тушунмоқ керак. Айтиш мумкинки, уларда ҳали ҳаётий тажриба етарли эмас, шу сабабли ҳам илҳом ҳақидаги тасаввурлари жуда юзаки, у ўзи қанақа бўлишини тасаввур қила олмайдилар. Бинобарин, мактаб ёшидаги ҳар ўн боладан бир-иккитаси шеър ёзишга қизиққани ҳолида бу туйғуларини пинҳон сақлайдилар. Шеърга қизиқмайдиган баъзи тенгдошларини кўриб, ҳафсаласи пир бўлиши мумкин. Баъзи ҳаваскорларда ўзига ишонч шу қадар юксак бўладики, шеърини ҳаммага ўқиб бераверади, кўрсатади ва танқидий фикрларга умуман тоқатсиз бўлишади, пинҳона ёки ошкора ғурурланиб юради. Мана шундай пинҳоний ва ошкора ҳаваскорлардан саноқлиларгина ҳақиқий шоирлик мартабасига эриша оладилар.

* * *

Табиатан самимий инсон Икром Искандар (Бўрибоев) 1972 йили Жиззах вилояти Дўстлик туманида туғилган. Ғаллаорол тумани Авлиё ота қишлоғидаги ўрта мактабда таълим олган ҳавас­кор йигитнинг илк шеърлари ва мақолалари 4-синфда ўқиётган кезлари туман газетасида, рес­публика болалар нашрларида ёритила бош­ланган.

ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомлагач, иш фаолиятини Ғаллаорол туман газетасида бошлаган. Сўнгра “Оила ва жамият”, “Маърифат” газеталарида турли вазифаларда меҳнат қилган. 2008 йилдан буён масъул вазифаларда фаолият кўрсатмоқда. Шу кунга қадар унинг “Бир даста гул” (1994), “Баҳорни излайман” (1995), “Бугунги нақллар” (2005), “Ёмғирли фасл” (2006), “Ҳангома ва нақллар” (2008), “Яшил хиргойи” (2010), “Фасллар оҳанги” (2013), “Шамол қўшиғи” (2015), “Висол қушлари” (2017), “Мен сен билан бахтлиман” (2021), “Номаълум номаларим” (2022) деб номланган шеърий ва насрий китоблари мухлислари қалбидан жой олган.

Шоирнинг “Манзара” сарлавҳали шеъридаги ушбу сатрлар мухлислари қалбига ҳам нақшланиб қолса ажабмас.

 

Қуёшнинг шашти паст,

ё бир ўйга ғарқ,

кўзин қисиб қарар

оламга бефарқ.

Нима бўлётганин

англолмай карахт,

атрофга безовта

боқар ҳар дарахт.

 

Она табиат шоирларга илк илҳом манбаига айланади. Бундай ажиб манзараларни шоирона тасвирлаш Икром Искандарга хос маҳорат, дегимиз келади. Ҳаммамиз ҳам аввало, табиатнинг фарзандларимиз. Кўплаб мумтоз шоирлар – Пушкин, Есенин, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи илк шеърларини ёзган ўн тўрт ёшларида табиатга мурожаат қилганлар. Бошқа мавзуларда ҳам ёзишган бўлсалар-да, бу шеърлари ўша давр­­да ҳаваскорнинг малакаси етишмаганлиги учун чалалигича қолиб кетган, ўзлари бу қораламаларидан воз кечган бўлишлари мумкин. Мунтазам мутолаа, адабиёт тўгаракларида орттирган тажрибалари ўз-ўзига талабчанликни шакл­лантириб, ўз шеърларига танқидий ёндашиш­ларига сабаб бўлади. Инсоннинг руҳий кечинмалари Икромнинг қуйидаги сатрларида ёрқин ифодасини топган:

 

Шодланаман қисинибгина,

Қайғу чексам ичимда ёшим.

Осмон четин қилганча пана,

Ўтиб ботар мискин қуёшим.

Билмам, қайдан келди бу савол,

Қайдан бунча кўнглим зорлиги…

Айтинг, сизга келмасми малол,

Бу дунёда менинг борлигим?

 

Қалб кечинмалари билан умргузаронлик қиладиган шеърият шайдолари учун бундай қуйма сатрлар дил малҳамига айланиб кетаверади. Асли шоирнинг адабиёт бўстонидаги вазифаси ҳам ана шундай дилга пайваста шеърлар туҳфа этиб боришдир.

 

* * *

Икром Искандар шеъриятнинг икки чашмасидан баҳраманд бўлиб улғайган шоир. Болалигидан мумтоз адабиёт намуналари билан ошно бўлгани унинг ижодида сезилиб туради.

 

Йигитликда йиғ илмнинг маҳзани,

Қарилик чоғи сарф қилғил ани.

(Алишер Нaвоий)

 

Кўҳна Шарқда шеърият адабий ижоднинг якка ҳокими эди. Шу сабабли ҳам, эски мактабларда ва мадрасаларда Саъдий, Румий, Аттор, Яссавий, Боқирғоний, Ҳофиз, Навоий, Сўфи Оллоёр девонларидаги шеърий намуналар дарслик дас­туридан анча-мунча ўрин олган. Шу билан бирга шеър ўқиш ва ёзиш техникаси юзаки тарзда ўргатилган, ўзларида бунга иштиёқ ва салоҳият мавжудлар бу борада илмларини ошириш учун махсус дарслар олишган, бевосита шеърият билан жиддий шуғулланувчи катта ёшдаги шоирларга шогирд тушганлар.

Шоир Икром Искандар шахсида бугунги кўп­лаб ёш ижодкорларда камдан-кам учрайдиган олис мозий билан доимий боғлиқлик сезилиб туради. Албатта, буни бир қарашда сезиш қийин. Икром Искандар бу боғлиқликдан ўз ижодида хўжакўрсинга фойдаланмайди. Чинакам зиёли инсонлар ўз илдизларини назардан пинҳон сақлай олишади.

Гулларингни яширмағил,

Илдизингни сақла сир.

(Саъдулла Ҳаким)

* * *

Икром Искандар “Қобуснома” асарини қанчалик иштиёқ билан мутолаа қилганини бу китобни қунт билан ўқиганлар яхши англайди. Илк бора 1966 йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Субутой Долимов томонидан нашрга тайёрланган бу асар ихчам рисола шаклида ўн беш минг нусхада босилиб чиққан. Ўша пайтлари бу китобнинг ихлосмандлари кўп бўлганидан уни ҳатто сотилмасдан чанг босиб ётган икки-учта катта-катта, семиз китоблар билан энг юзасига қўйилган зайлда белига лента боғланган ҳолда “Совға” шаклида сотишган ҳам. Нархи ўттиз беш тийин турадиган бу китобчани яна ҳар бири бир сўмдан турадиган икки китоб қўшилгани ҳолида ҳам сотилган дамларни яхши биламиз. Тезда бу китоб библиографик ноёб нашрга айланган. Одамлар бири-биридан сўраб олиб ўқишганидан деярли титилиб ҳам кетарди.

Икром Искандар ҳам бу китобчани Чорсудаги китоб пассажида эски китоблар сотиладиган жой – букинистлар бўлимидан эски бўлишига қарамай, 1989 йили бир сўмга сотиб олган экан. У бу китобнинг ёзилиши ҳақида ғаройиб тарихни мароқ билан ҳикоя қилишни яхши кўради. Каминада эса бу китобнинг 2010 йили атоқли олимнинг ўғиллари, адабиётшунос олим Улуғбек Долимов қайтадан чиқарган савлатли ва чиройли нашри мавжуд. Демоқчиманки, дурдона китоб­ларни астойдил ўқиб борганлар шунга яраша қалам тебратишнинг ҳам уддасидан чиқади. Икромнинг яна бир фазилати: ўқиган китобларидан ўзига яраша маънавий нур олади ва ўзи ҳам шунга яраша шеърлари билан зиё таратишда давом этаверади.

* * *

Ўрта асрлар “Одобнома”си бўлмиш “Қобуснома” китобида “Шоирлик расми зикрида” деб аталган ўттиз бешинчи бобида ижодкорлик табиати ҳақида сўз боради. 1082-йилларда Ғарбий Эрон, яъни Каспий денгизининг соҳилига ёндош (Ҳозирги Туркманистоннинг жанубий-ғарбий қисми ҳам қўшиб олинган) Журжон шоҳи Кайковус ибн Искандар ўз ўғли Гилоншоҳга бағишлаб “Насиҳатнома”сини яратди ва ўша давр анъанасига кўра, бу асарини бобоси подшоҳ Шамсул маолий Қобус шарафига “Қобуснома” дея номлайди. Шоҳ Қобус, сизларга маълумки, йигирма ёшлардаги доно Абу Райҳон Берунийни 994-йиллари ўз хизматига олган, унга бош вазирлик мансабини ҳам берганди. Мамлакатини бадавлат мулкка айлантирган шоҳ Қобус умрининг охирида жуда ҳам бадгумонликка берилиб кетганидан, ўз тахтига эга чиқмоқчи бўлган якка ўғлининг ва ундан бўлган набираларининг ҳам ўлимига сабабчи бўлганди, тез орада ўзи ҳам вафот этади. Беруний ана шу нотинч кунлардан сал бурунроқ ўз юрти Урганчга кетади ва Қобус вафотидан бехабар қолади. Тахтга бошқа даъвогар бўлмаганидан, унинг бева қизи Саида вақтинча тахтни бошқариб туради. Мана шу пайтда жанубда Султон Маҳмуд Ғазнавий салтанати кучайиб, Бухорони босиб олади. Бухородан қочган йигирма ёшли ибн Сино йигирма саккиз ёшли устози Беруний хизмат қиладиган Хоразмшоҳдар ҳузурига бош олиб кетади. Аммо, Султон Маҳмуд ғазабидан қўрққан Хоразм шоҳи ибн Синога ё султон хизматига бориш ёки бошқа бирор ёққа кетишини маслаҳат беради. Ибн Синога Беруний ўзи хизматда бўлган Журжонга бориши ва шоҳ Қобус хизматига кириши учун ўзи яхши муомалада бўлган малика Саида номига мактуб ёзиб беради. Ибн Сино етиб борганида, шоҳ аллақачон вафот этиб, тахтни Саида бошқараётган экан. Ибн Сино айнан мана шу “Қобуснома” асари муаллифи Кайковус ибн Искандар ёш болалик пайти хизматга киради ва шаҳзодага турли фанлар қатори шеърият бўйича ҳам дарслар ўтган. Демак, ке­йинчалик ёзилган “Қобуснома” асари пайдо бўлишига улуғ ҳамюртимиз ибн Синонинг ҳам аҳамиятли таъсири бўлган.

Хўш, бошқа боблар орасида кўлами билан анчагина катта бўлган мазкур бобда шоирликка қандай таъриф берилганига эътибор қаратайлик: “Эй фарзанд, агар шоирлик қилмоқчи бўлсанг, ҳаракат қил, токи сўзинг осон ва фойдали бўлсун, ўзинг билиб, ўзгалар унинг шарҳига муҳтож бўлғудек сўзни айтмағил, нединким, шеър айтғон киши халқ учун айтур ва ўзи учун айтмас” (Муҳаммад Ризо Огаҳий (1809-1874) томонидан, Хоразм хони Муҳаммад Раҳимхон Феруз (1844-1910) илтимосига кўра таржимаси, 1860 йил).

Икром Искандар ҳар гал бу тарихни завқ билан ҳикоя қилиб бераркан, ҳозирги ёшлар “Қобуснома”ни ўқиганча шоирлик илмини ўрганмаслигини афсус ила таъкидлайди. Умуман, ҳозир шеърият ҳам илм эканлигини ёш ўқувчилар тугул, катта ёшли шоирлар ҳам деярли билишмаса керак.

“Шеърият аввалгидан кўра оммалашиб кетгани билан, унинг тоши анча енгиллашиб кетди”, дейди шоир Икром Искандар афсус ила. Шеърият илми арабий аруз вазни билан чамбарчас боғлиқ бўлибгина қолмай, бошқа халқлар тилидаги мумтоз шеърият қоидалари билан ҳам боғлиқ.

Аллома ал-Беруний ҳам “Ҳиндистон” илмий рисоласида арабий аруз ва ҳиндларнинг шлока вазнини бир-бирига қиёслар экан, ҳиндий шлоканинг имкониятлари ранг-баранглигини таъкидлаган.

 

Шукур, бўлибмен ноил эътиборига ёрнинг,

Кўйида куйманиб жон ўрнида изин сақлаб,

Кўзларимга сурубмен ҳар босган қадамини,

Ёр бизни Мажнун демиш,

                                           бул лақаб била алқаб.

 

* * *

Шоир Икром Искандар арузни ўрта мактаб дастури бўйича ўрганган. Ўзбек халқ шеърияти кўпроқ бармоқ вазни билан боғлиқ бўлгани учун ҳам Икромнинг шеърларида анъанавий бармоқ вазни устунлик қилади. Бу айнан етмишинчи йилларда туғилганлар учун хос услуб.

 

Қаламимнинг ичи ҳам

Кўмирдай куйган эмиш,

Дардим баён этгунча

Жонидан тўйган эмиш.

 

Икром Искандар устозлари қаторида шоир Рауф Парфи ижодини ўзгача ардоқлайди. Янгича фикрлаш, кутилмаган қофиялар кашф қилишга интилиши билан ўзбекнинг буюк шоирига яқинлашишга ҳаракат қилади.

Рауф Парфининг “Ёз кечаси” шеърида ўқиймиз:

 

Ёз кечаси, осмон фалакда

Кундузнинг китоби ўқилди.

Тарс ёрилди қовун палакда,

Олтин шафтолилар тўкилди.

 

Икром Искандар Жиззах даштларидаги яшил далаларга куз қай ҳолда писиб яқинлашишини “Полиз натюрморти” шеърида шундай ифодалайди:

 

Бир тараддуд кезар полизда.

Гарчи ҳали осмон мовийдир,

қайноқ кунлар қолган олисда –

тарқаётган тун салқинида

қовуннинг бадани совийди.

 

* * *

Икром Искандар юртимиз тарихини буюк адабиёти ила идрок қилишга интилади. 1920 йилларгача ўзбек шеъриятида аруз вазни устунлик қилиб келган. Туркияда эса қадимдан, тахминан 1250 йиллардан кейин халқона шеърият йўлида ижод қилиш урф бўла бошлаган. Мавлоно Жалолиддин Румийдан кейин шогирдлари томонидан турк шеъриятининг икки бўғини – сарой шеъ­рияти (асосчиси Румийнинг ўғли Султон Валад) ва халқона шеърият (шогирд Юнус Эмроҳ) ибтидо олди. Юнус Эмроҳ ижод қилган халқона оҳанг­ларнинг асосчиси эса ўзимизнинг бобокалонимиз Аҳмад Яссавий яратган “Ҳикматлар” девони эди. Яссавий шу пайтгача араб ва форсий тилда яратиб келинган тасаввуф шеърияти асосида туркий тилда ҳикматлари баробарида катта инқилобга қўл урди.

Шоир Рауф Парфи таъбири ила “Сабр дарахти” дея сифатланган Қадим Туркистон янги бир шеър тили – туркий ҳикматларга бешик бўлганини баралла айта оламиз. Мана шу халқона шеърият кейинчалик озарбайжон шеъриятига катта таъсир кўрсатган. Чўлпон ва Ойбек ҳам ана шу оқим вакили эди. Усмон Носир ва Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом эса анъанавий арузда ижодини бошлашган. Айниқса, Усмон Носирнинг илк шеърларида аруз таъсири жуда кучли бўлган (Масалан, “Юрак” шеъри). Ҳабибий домла, Чархий, Чустий, Собир Абдулла бир умр арузда ёзиб ўтди. Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Эркин Самандар каби шоирлар ҳар икки вазнда маҳорат ила қалам тебратишган. Наздимда, Икром Искандар ҳам шу устозларга эргашган ҳолда аруз йўлида ҳам чиройли сатрлар тузишга эришди.

 

Мотамсароми бу шам?

Йиғлаб ёноми бу шам?

 

Бағри оппоқ бўлса ҳам,

Дарди қароми бу шам?..

 

Бу ғазалда Икром Искандар арузнинг таъзод санъати – зидлантиришидан унумли фойдалангани ўқувчини бефарқ қолдирмайди.

* * *

Мактаб партасида таълим олиш баробарида шеър ёзишни машқ қила бошлаган Икром Искандар катта-кичик матбуот нашрларида фаол қатнашиб келгани уни катта адабиёт бўстонига бош­лаб кирди. Унинг катта ижодий муҳитга қўшилиши айни миллий-озодлик ҳаракати авж олган давр ва мустақилликнинг илк йилларига тўғри келган. Икромнинг мамлакатда янги очилган “Оила ва жамият” газетасига ишга келиши тасодиф эмасди. Оила деганда кўз олдимизга она, бешик, қозон-товоқ, ошхона, тахмон, бола-чақа келади. Бундай тасаввурларга қарши ўлароқ, янги таъсис этилган газетанинг ижодий жамоаси асосан эркак­лардан ташкил топган бўлиб, уларнинг сардори қалами ўткир публицист ва адиб Қулмон Очилов эди ва эркакча дадил гапларни, “гапнинг ўғил боласини” муштарийлар шу газетадан топадиган бўлишди. Қалами ўткир журналистлар қаторида ўттиз ёшлардаги Ўрол Ўзбек ҳам бор эди. Газета ўша пайтлари, ҳали “Hurriyat” каби цензурага бўйсунмас газета йўқ йиллари Ўзбекистон парламенти нашри бўлмиш “Халқ сўзи”га рақобатдош, бир йилнинг ўзида тиражи бўйича рекорд кўрсаткичга эга бўлганди. Газетада жамиятнинг барча оғриқли муаммолари ҳақида ўткир мақолалар бериларди. Бу эса Икром Искандарнинг ижодига ҳам катта таъсир кўрсатганини қу­йидаги сатрларида кузатиш мумкин:

 

Вужудим Саросима кўлига тушди.

Бағримга урилди

қалқиб-қалқиб ўй:

– Юрак –

қафасда қаровсиз қолган қушдир,

Аза эса…

кўпга келган тўй…

* * *

Шоир ва мунаққид Оллоёр Бегалиевнинг адабий танқидчилик руҳи билан суғорилган мақолаларини қизиқиш билан ўқирдим. Унинг қаламига мансуб ана шундай мақолаларидан бирида, мустақилликдан кейин ўтган ўн беш йиллик вақт мобайнида яратилган шеърларни таҳлил қиларкан, Икром Искандарнинг шеърларига ҳам тўхталиб ўтганча, қуйидагиларни ёзган эди:

“Атоқли шоирлардан бири кейинги эллик йиллар ичида яратилган шеъриятнинг энг юксак намуналарида ҳам истиора – ўхшатиш учрамаётганидан нолиб ёзганди. Бу эса башариятни она табиатдан олислашиб, урбанизация – шаҳарликлашишга муккадан кетганини билдиради. Одамзоднинг саксон фоизида истеъмолчилик кайфияти пайдо бўлди. Улар дўконларда пулга сотиб олаётган маҳсулотлар она ердан, қишлоқларда яшовчи аҳоли томонидан етиштирилиши ҳақида тасаввур йўқолиб бормоқда. Болалар сигир нималигини билмайдилар ҳам. Билганларнинг тасаввурида эса оқ сигир – сут, тарғил сигир эса қаҳва берадигандек. Тараққиёт ғилдираги эса шиддат ила айланганча, одамзодни табиатдан олисларга, замонавий гаджетлар – айфонлар, компьютерлар, плазма телевизорлари сари олиб кетмоқда. Икром Искандар ана шу боғлиқликни шеърларида сақлаб қолишга ҳаракат қилади:

 

Севмасингни айтдингми,

келмасингни айтдингми,

ёки кўзгуга қараб

айтаяпсанми ҳамон –

боқиб бирор тешикдан

овозингни эшитган,

ҳар қалай, бир нимани

билиб олган бу шамол.

 

Қуш тилини қуш билар, деганларидек, бир куни “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ёритилган Икром Искандарнинг шеърларини Оллоёр ака таҳлил қилиб берганди. Мен ўша йиллари жудаям уруғи кўпайиб кетган мазмунан бўш тизмалар туфайли энди яхши шеърлар ёзилмайдими, умуман, бозор иқтисодиётига ўтиш йиллари шоирлар шеър ёзмай қўядими, деган хавотирда юрардим. Ахир, матбуотда Ўзбекис­тон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаевнинг “Адабиёт ўладими?” деган таҳликали мақола-эссеси эълон қилинганди.

Шоир Икром Искандарни шоир сифатида ана шу газетада эълон қилинган шеърлари туфайли танидим.

 

Май ойи. Кенг майдон. Ва икки жом май.

Майин шаббодада тебранган майса

узоқ сузиб кетар жойидан жилмай,

юзида шабнамлар кулар жилмайса.

 

Майин шаббодада тебранган майса.

Тебранар майсадай беғубор майл:

“Сен менинг ёнимдан мангу кетмайсан,

мангу шул майсага ёйилган сайил!”

 

Табиат билан ошноликнинг етук мисралари. Товушлар ўйини. Беихтиёр Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфниинг бир мисраси ёдга келади: “Апрель, айланайин ялпизларингдан…”

 

 

* * *

Шоирнинг саломи ҳам, каломи ҳам шеърдир. Унинг турли нашрларда эълон қилинган шеърий саломлари ўзбек элининг турли чеккаларига етиб боради. Бир-биридан чиройли шеърлар. Айниқса, бу шеърларда табиатнинг эркатойлари бўлмиш гулларга бағишланганлари Икромни кўнгил боғининг уста боғбони мақомида тасаввур қолдиради.

 

Тегсам қўлим куйдургувчи куйдирмажон,

офатижон,

оташ тўла сумбатингда не ул ниҳон,

гулми тикон?

 

Мунча ғунча лабларингни ол этгайсан,

бол этгайсан,

токай мағрур қаддим эгиб дол

                                                           этгайсан,

лол этгайсан.

 

Яна арузий оҳангларга дуч келамиз. Арузий ғазалларда биринчи банддаги фикрни иккинчи банддагисига улаб юборишни силсила санъати дейилади. Мана бир мумтоз шеъриятдан бир мисол:

Дедимки: “Сенга дилдан бир хона

                                                   керак йўқдир?”

Дедики: “Хазинамга вайрона

                                                керак йўқдир!”

Дедим: “Сўзинг ўтиға жонимни

                                                       ёқай ёрим”,

Дедики: “Чироғимга парвона

                                                керак йўқдир…”

(Хусрав Деҳлавий. 1253-1325)

 

* * *

Икром Искандар истиқлол йилларининг анча қисмини халқ таълими вазирлиги нашри бўлмиш “Маърифат” газетаси билан боғлади. Янги Ўзбекистон ўрта ва олий таълим дастурларида ислоҳотлар ўтказилишига доир янги муаммолар марказида бўлиш узоқ келажакни кўзлаш лозимлигини яхши англаганди.

Албатта, яратишдан кўра бузиш осонроқ. Бу соҳада ҳам анчагина ислоҳотлар таваккалига амалга оширилганидан кўз юмиб бўлмайди. Икром Искандарнинг танқидий мушоҳадалари шеърий сатрларига маҳорат ила жо қилинади. 2016 йил куз ойларидан мамлакатимизда ўқитувчилар обрўсини тиклаш, таълим сифатини яхшилаш сари улкан қадамлар қўйилди. Бу ҳол шоир шеъриятида ўзига хос тарзда жаранглади:

 

Муаллим демак асли, эзгуликнинг номи бу,

Миннатдор шогирдларнинг ардоқли

                                                           каломи бу,

Маърифат истар элнинг самимий

                                                           саломи бу,

Баркамол авлодларнинг мангу эҳтироми бу –

Эй азиз, эй муҳтарам,

                                    эй мўътабар устозлар.

 

* * *

Икром Искандар авлодига мансублар учун учинчи минг йилликда бошқа бир имконият эшиги очилди – ижтимоий тармоқларда истаганича ўз ижодини мухлисларига улашиш, улар билан он-лайн тарзда мулоқот қилиш имкони. Бора-бора шеърият ўз манбаларига қайтмоқда – ўтмиш адабиётида ҳам шеърлар китоб ҳолида эмас, варақларга ёзилган ҳолида тарқалар эди. Бу борада “Икром ИСКАНДАР шеърлари” деб номланган телеграм канали шеърият шайдоларининг кундалик кўзгусига айланиб қолган. Қанчалик банд бўлишига қарамасдан Икром кунда-кунора янги шеърларини шу канали орқали ҳавола этиб боради. Ўзи янги шеър ёзолмай қолган кунлари қалбига нақшланиб қолган бошқа шоирларнинг асарларидан ҳам “илиниб” туради. Навбатдаги ана шундай сатрлар Доғистон оҳангларига айланган ашъордир. Уни мутолаа қилган шеърхонлар ўзларини фусункор Доғистон манзараларига ошно бўлгандек ҳис этсалар ажабмас:

 

Саҳар чоғи булбул гулга очмасдан изҳор,

Қизгинамнинг гул юзини кўрсин

                                                           буғдойзор.

Ўрмонзорда какку қуши бошламай саноқ,

Менинг қизим қилиб бўлсин полизда ўтоқ.

Танноз қизлар бўшамасдан упа-эликдан,

Менинг қизим сув келтирсин бориб

                                                             булоқдан.

 

Ўз шеърларини гитарасида ижро этадиган шоир ва хонанда, “Кино” гуруҳи дарғаси, саксонинчи йиллардаги “Қайта қуриш” сиёсати тарғиботчиси Виктор Цойнинг жуда ибратли гапи бор: “Мен учун қўшиқларимни катта стадионларда, залларда ижро этишимдан кўра, уларни ижод қилишим муҳимроқдир”.

Ижод бир пайтнинг ўзида ҳам эркинлик, ҳам меҳнат, ҳам истироҳатдир. Буни шеърият шайдолари қалбига жо бўлиб қолаётган Икром Искандарнинг нафис сатрлари мисолида кўриш мумкин.

Тўлқин ЭШБЕК,

филология фанлари номзоди, доцент.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 + 13 =