Бир тантана содир бўлажак

Болтабой БЕКМАТОВ

 

Муаллиф ҳақида:

Болтабой БЕКМАТОВ — 1958 йили Туркманистон Республикасининг Тош­ҳовуз вилояти, Тошҳовуз туманида туғилган.

Москва шаҳридаги М.Горький номли Адабиёт институтини битирган.

Муаллифнинг “Алвон учқунлар” (1992), “Сени кўргим келади” (1993), “Биллур гулдон” (2012), “Измингда кои­нот” (2018), “Қўлингни бер менга, фариштам” (2019) номли шеърий тўпламлари нашр қилинган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

АРАФА

Бир тантана содир бўлажак,
Бир тараддуд кезиб юрибди.
Мийиғида кулимсираган
Қуёш буни сезиб юрибди.
Новдаларнинг юзида сепкил,
Дарахтлар ҳам бир тараддудда.
Сезилар бир ажиб ҳаяжон
Йўл четида, каллакдор тутда.
Нами қочган тўнка устида
Кукулашар бир жуфт кабутар.
Ана, ҳовуз ичра фаввора
Ҳозир буюк сирин фош этар.
Кезар недир қилиб овоза,
Тилсиз жарчи баҳор еллари.
Сиғмай кетди қўлқопчаларга
Хонимларнинг нозик қўллари.
Бир тантана содир бўлажак,
Бир тараддуд кезиб юрибди.
Мийиғида кулимсираган
Қуёш буни сезиб юрибди.

УСТА

Матназар Абдулҳакимга

1

Елкасига ғишт минган сайин,
Сайқалланган сайин тобора
Устани ҳам кўкка кўтариб,
Юксалиб бормоқда минора.
Уста моҳир, нигоҳи теран,
Уста бир ҳикматни ҳис этар
Ва минорасининг шаклини
Найзанинг учига ўхшатар.

2

Мадрасанинг олдида ёлғиз
Хаёл сурар қариган чинор.
Вужудида яшин солган из,
Довуллар қолдирган дард, ғубор.
Теваракда ҳукм сурар куз…
Япроқлар-да заъфарон, ғариб.
Муллаваччалар эса ўйсиз,
Чилим чекар тагига бориб.

ГУВОҲ

Бугун қушим ҳуркди,
Парвозни тарк этди ожиза қушим
Ва қўнди қолипнинг ёнига ҳорғин.
Бугун қотилликнинг гувоҳи бўлдим,
Бўлдим уйғонишнинг гувоҳи,
Даҳлиздаги катта ойнага қараб.

КУНГАБОҚАР

Қуёшга интилиб бўй чўзди илҳақ,
Элнинг нигоҳини жалб қилиб ўзга.
Дунёни унутди, унутди мутлақ,
Ердаги қуёшдек ташланди кўзга.
Бошини танидан жудо қилдилар
Шунда етилмаган кунгабоқарнинг.
Тишлар орасига олиб тилдилар
Уруғларин, гарчи тўйдирмас қорнинг…

ҚАЙСАР

Сени таъқиб қилар бир умр қолип,
Кўз очсанг, қаршингда бўлар кўндаланг.
Эрк эса қафасга кўникмас ғолиб
Бир қушки, бошингга қўнолмай ҳалак.
Дарёнинг устида чарх урар бу қуш,
Тўлқинлар қўйнида сени кузатар.
Қанотлари толиб борар, боёқиш,
Бир кун йиқилади (оҳ, кўзи етар!)
Сен эса сузаркан оқимга қарши,
Қуш учун бошингни кўтаролмайсан.
Сен — мангу қолипга кўникмаган шум,
Сен — сокин қирғоққа чиқмаган қайсар.

ПИЧОҚ СУЯККА ЕТГАНДА

Пичоқ суякка етганда
чумоли томошабинга айланар,
лоқайд ва беташвиш томошабинга.

Ниначидек қанот чиқариб
учиб юрар бамайлихотир.

Пичоқ суякка етганда
ниначи меҳнатни ўрганар,
меҳнат одам қилар уни бир куни.
Одамнинг эса суяги йўқ,
пичоқ суягига етмас одамнинг.

* * *

Қурбақа ўтирган дўнглик ёнидан
қанотларин ялтиратганча
сузиб ўтди тилла балиқлар.
“Вақ-вақ-вақ!” қичқирди қурбақа,
аммо қалқиб чиқиб зум ўтмай
суза кетди дўнгликка томон.
Тирмашиб чиқди-да ўрнига аранг,
“Вақ-вақ!” деб қўйди қурбақа ҳорғин.

ЮҲО

Юҳо оғзига тиқар ўн бармоғини
биратўла ялар ўнтасини ҳам,
барибир қаноат тополмас зарра.
Ниҳоясиз бир очлик қийнар юҳони,
мол бўлиб кўринар юҳога ҳар не,
мебеллар, китоблар, буюмлар пулдир,
тўрт томонда пулнинг суврати.
Юҳонинг ғори бор,
борлиқни ютгудай бесарҳад бир ғор,
уни тўлдирмоққа уринар юҳо.
Баъзан телба билан тўқнаш келганда
бахтдан сармаст кўрсатар ўзини юҳо,
лекин кундан-кунга каттаяр қорни,
бесўнақай бўлар тобора
оғзи ғорга,
кўзлари охурга ўхшаб.
Гоҳида ойнага боқар-да юҳо
нафратланиб кетар юҳолигидан
ва онт ичиб қўяр ўзига ўзи
одам бўламан дер,
оддий бир одам.

Тунда уни қийнар
оддий ҳақиқат.
“Одам айланиши мумкин Юҳога
ва лекин одамга айланмас
Юҳо”.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × two =