Мен сенда абадий қолмоқ истайман…

Муаллиф ҳақида:

Ҳаким САТТОРИЙ – 1953 йилда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидаги Тошқўрғон қишлоғида туғилган. Ихтисослиги педагог, журналист. Ҳозиргача турли жанрларда қирққа яқин китоблари нашр этилган. “Ҳар бир ёш шоир, ҳар кекса ёзувчи”  (Гёте) деганларидек, Ҳаким Сатторий ўқувчилик йилларидан шеърлар машқ қилган. “Адашган йўл” (1995), “Тошқўрғоннома” (2003) номли шеърий тўпламлари нашр этилган. Лекин муаллиф шеърлари матбуотда илк бор эълон қилинмоқда.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. 

 

Шеърият, мунисим, кўп интизорман –

Қалбимга ўт ёққан нигоҳларингга.

Самарсиз йилларим, майли, алишай

Бир зум  тутқич берган хуш чоқларингга.

 

Баҳодир тирикликдан руҳ олиб кирай,

Ёниқ илҳом билан қучоқларингга.

Мен сенда абадий қолмоқ истайман,

 Тенг тутма шунчаки қўноқларингга…

 

* * *

Томчи гар уммонга дохил,

Томчида уммон зоҳирдир.

Уммонда томчи муттасил

Уммондек кучга қодирдир.

 

Интилар ҳар битта жилға

Баҳри уммонлар томон.

Барча йўлчи босган олға –

Манзилга етмоғи гумон.

 

Мен кўз очган кўҳна тупроқ –

Беркинган тоғлар бағрида.

Толенинг рухсори, бироқ

Юз очди Тошкент шаҳрида.

 

Чўнг дуолар мустажобми,

Эш бўлдим уммонга мен.

Ҳам қўшалоқ кулди толе —

Етдим озод замонга мен.

 

Қалбим ифтихорга тўлса,

Бугун камолимга қараб.

Гар иқболим кулган бўлса –

Барига Тошкентдир сабаб.

 

Қанча урфону ободлик —

Бағрингдадир азал, Тошкент.

Барча ҳайрат, барча шодлик —

Сенда кулди, гўзал Тошкент.

 

ОЙБЕК БИЛАН СУҲБАТ

 

Бемаврид кирмоқчи эмасман, Устоз,

Марҳумлар шаҳридаги хилхонангизга.

“Навоий”ни ўқишдан тин олиб бир оз,

Хаёлан суҳбатдош бўламан сизга.

 

Кафтдагидек маълум сиру синоат,

Мумкин ХХII асрдан сўзлаш.

Сўз аҳли аро қалтисдир фақат

Сизни ёд билмасдан узоқни кўзлаш.

 

Ахир серкўлам, теран насрнинг саси

Сиз билан таралди жаҳон саҳнига.

Ўзбек ва Ўзбекистон боқий нафаси

Шеър бўлиб қуйилди башар маънига.

 

Беш аср аро узатиб қўлни,

Навоий шеърига жавоб битдингиз.

Сарҳадлар оша кенг олиб йўлни

Серкўлам  жанрнинг қўлин тутдингиз.

 

Самода чарх урган қўш қанот лочин,

Баҳри муҳитни қучмоққа қодир.

Наср ва назм  ёзгач қулочин

Ойбекона сатр — оламга татир.

 

Одамлар, фикрлар ўзгарди бир қадар,

Аруз, бармоқ топди янги ўртоқларни.

Баъзан янги номда тақдим қилурлар  —

Сизлар ёқиб кетган шамчироқларни.

 

Сизнинг даҳонгизга таъзим, ифтихор,

Маъни барча дилга бориб етмаган.

Шеър аҳли аро қанча одам бор

Сатрда ўзлигин қўшиб битмаган.

 

Баъзида ўз сўзин ўқимай, толиб,

Теранлик излайди узоқдан одам.

Не ажаб, мен ҳам Мусавой қолиб,

Дон Кихот билан қўл ушлашиб турсам.

 

Давралар жиддий, хабар югурик,

Илҳом эмас, фармон кўрсатар кучин.

Ижодий давралар ўрнин бергандек  –

Қандайдир расмий қабуллар учун.

 

Эшиклар остида лол ва ҳайрондир

Шеър учун туғилган бир бола музтар.

Табиат  инъоми  —  истеъдод, тақдир

“Сахий амаки”дан илтифот кутар.

 

Ширинликка бисёр тўйиб олган бола

Кечаси  уйқуси бузилган мисол.

Баъзан хархашадан кўзларда вола,

Даврнинг қистови келгандек малол.

 

Ёмонлар намойиш этса итликни,

Боболар курашган арслон бўлиб.

Йиғиштириб кўплар эр-йигитликни

Атай йиғлаш учун қайғуга тўлиб.

 

Чўмилган мушукни тутиб панжасида

“Дунё ғарқ бўлди”, деб қолса дафъатан.

Майда туйғуларнинг исканжасида

Қуёш ҳам мойчироқ бўлиб қоларкан.

 

Бу кунларнинг акси бўлганда пайдо,

Сизнинг келбатингиз анча пурвиқор.

Бу зулмат мавҳумлик пардаси аро –

Устоз Ойбек, энди қайда нажот бор?

1987 йил.

 

ТУШ

…Қypғyp кўнгил қистаб қўймайди,

“Уйингдасан, олисда шаҳар…”

Афсус, кўзлар рангга тўймайди,

Чеҳралар  муз, тилларда заҳар.

Бир навозиш, эркалик ила

Меҳр истаб юрак ёнади,

Тунд ўқрайиб кишлоқдош бола

“Домулло” деб каловланади.

 

Синов қилар илмоқли сўзлар,

 (“Самимият, эй, соғинч Ватан!”)

 Ялтилласа ғазабли кўзлар –

Гуноҳингни билмай мулзамсан.

 

Туякелбат, норғул йигитлар

Уйқудаги айиқдек карахт.

 Кўпни кўрган мўйи-сафидлар —

Фисқу фасод ботқоғига ғарқ.

 

 

Тиқилади бўғзингга йиғи,

Қачон тарқар бу бадбўй ҳаво?

Теваракда кўклам сиёғи,

Тўлишмоқда янги бир дунё.

 

“Қўй, ўксима”, — дейди бир одам,

Таъбир бордир ҳар битта ишга,

 Бу қишлоқни амр этган Эгам —

Бир-бирини мутаб ейишга.

 

Ёзиғи — шу, (“кулли мин ал-ҳақ”),

Четга очар доим сирини

Пир-муршидин ўтга солган халқ

Танимайди сендек “зўри”ни…

 

Этагини силтаб, йиғлаб чол,

Кетиб борар машриққа томон.

Куфр элга масхара мисол —

Микрофондан янграйди азон.

1990 йил.

МУНАҚҚИДГА

Шеърият осмонин мусаффо кўрмоқ

Тонг каби тоза орзу — дилингиз.

“Ғуборлар бўлмасин, майда шеърият —

Катта давраларга кетмас”,  дедингиз.

 

Балки! Кўнгил нурли тоқни қўмсади.

Ахир эзгуликка ташна ҳар инсон.

Ўт ёнса маконда асари қолар —

Кул бўлмай ёнмоққа бормикан имкон?

 

Бизнинг кунлардаги ашъорпаз элнинг —

Диди юксак, димоғи нозик.

Туйғулар сиғармикан андозаларга?

Туйғулар туғёнин жиловкаши бўлдик.

 

Юлдузлар чақнаса баланд самода —

Ғуборлар айлансин кўлмакликларда.

Яхши шеър куйланса жўр овоз билан,

Ожиз қофиялар ёпинар парда.

 

Бир шоир ҳурматдан энтиккан чоғи

Ўзгаси ўзини панага тортсин.

Бир тўплам кимларга тумор аталса,

Кимлардир бошқасин аста беркитсин.

 

Ва фақат ширин мақтовлар аро —

Нордон танқиднинг бўлгани яхши.

Уялиш, изтироб оҳанги билан

Юракнинг янги кучга тўлгани яхши.

 

Гўзаллик оламида ранглар турфа хил,

Фақат ўринларга эътибор андак.

Баъзан ёмон нарсадан яхши ҳосил-ку,

Букри ток ширин узум солганидак.

 

Умидвор келажак чорласин олға,

Биз ҳам шеърлар машқ қиламиз.

 Зеро, ҳамма шеърлар яхши бўлса,

 Асли яхшилигин қандай биламиз?

 

* * *

Нигоҳларинг бунчалар маъюс,

Қарашингда қандай маъно бор?

Кўзлар қалбга кўзгу-ю, афсус,

Қалбинг аён эмас-да, дилдор.

 

Қўй, ўксима, у кунлар учун,

Бунчалар ҳам чекма азият.

Хафа қилган бўлсам ўша кун –

Болалик, деб тушунгин фақат.

 

Шафқатингдан илтифот истаб

Жонни тикдим минг бир талашга.

Нигоҳларинг турибди қистаб –

“Маъюсгинам”, деб эркалашга.

 

Кўзларингни яширма бир зум,

Қорачиқда ўзимни кўрай.

Ва ашаддий илтифот учун –

Мағрур бошни кўксингга қўяй.

 

МУҲАББАТ

Сиз оловсиз! Бу оловдан —

Қанча қочмай ҳув нари.

Қоврилишга, кул бўлишга —

Бошлар севги йўллари.

 

Нозик кўнгил ишлари —

Сиз — оловга қистайди.

Мурғак, интиқ ҳисларим —

Кул бўлишни истайди.

 

Барибир дил тонмагай,

Майли, қўяй мен яккаш.

Айрилиқ — чексиз саҳро —

Фироқингиз ҳам оташ.

 

Сиз ҳам ўтни аяманг,

Тош қотмасин вужудим.

Не бир ҳолга тушгандан —

Сизни “Оловсиз” дедим.

 

Сиз асли муҳаббатим,

 Мен ҳам хас эмасман-ку!

 Ҳар учраган дилбарни —

“Оловсиз” демасман-ку!

 

Олиб қочманг оловни,

Унда ёниш – бир роҳат.

Оловли, чўғли бўлиб

Яшайверсин муҳаббат!

 

* * *

Оқ рўмолинг оқ юзингга  ойга гардиш тутгандек,

Беқарор нигоҳларинг у кунни унутгандек,    

Паришондир гул юзинг, лабда кулгинг қотгандек,

Тушда мени кўрганингда уйқудан уйғотгандек,

Ё бўлмаса амалингдан, хаёлингдан кечдингми?

 

Хаёлингга бошқа савдо ўз тўрини солдими?

Мен томон учган орзунг тилаклари толдими?

Кокилга солган панжанг чигинга ўролдими?

Бошқа бир куй, бошқа барно оромингни олдими?

Ё бўлмаса амалингдан, хаёлингдан кечдингми?

 

Ўша онда ишқ селига бошдан-оёқ ботгандик,

Мажнунтолнинг шохларини  термилиб тўлғотгандик,

Тортинчоқлик пардасини хилват томон отгандик,

Аҳду вафо бирлигини ўпичда кўрсатгандик,

Ё бўлмаса вафо деган амалингдан кечдингми?

 

ИЗҲОРИ ДИЛ

Сўлим нигоҳинг ёдимда қолди,

Не ҳис билан чиқдинг истиқболимга?

Нега қошларинг хиёл чимрилди,

Балки тушундингми ҳайрон ҳолимга?

 

Шоҳи кўйлакларинг елда ўйнашин,

Нозик садоларин туйдим ўша дам.

Умрбод энди учрашмасмиз-у,

Эслайман сени шу жойдан ўтсам.

 

Сен суяниб турган дарахт япроғин

Шивирида номинг қолгани аниқ.

Ҳар баҳор дарахт гул очганида

Гуллар қучоғидан боқасан ёниқ.

 

Ёқимли наво бор ўша гўшада,

Ўша жой қишлоқда ҳаммадан кўркам.

Олма гулларини кўриб тураман,

Биз энди мангу учрашмасак ҳам.

1975 йил.

* * *

Кўнгил,  пардаларинг нағмага соз эт,

Ўтган бир кечадан бошлагин қўшиқ.

Қўшиқ қатларига гулдан пардоз эт,

Гўзал қўшиқ куйла гўзалга лойиқ.

 

Неча фурсатлардан бедор ҳиссиёт,

Бугун поёнига етдимикан ё?

Менда бир туйғу ёзмоқда қанот,

Аламми, шодликми — номаълум маъно.

 

Бир олов туйғудан чўғланган юрак,

Гўё тош каби қотди шу кеча.

Машаққатли йўлда қайрилиб билак,

Омад юлдузи ҳам ботди шу кеча.

 

Йўқ, ўринсиз бўлди бу хил хулоса,

Сарбози эдим-ку ўша кечанинг.

Тўй учун қадаҳлар кўтариб роса,

 Кўнглини чоғ этдим неча-нечанинг.

 

Айрим кечалар йил каби улуғ,

Дўстлар шу онлари жамулжам бўлса.

Бу кеча мазмуни не билан тўлиқ?

Ахир дил ҳижроннинг заҳрига тўлса.

 

Ой-чи, эпкинини сочар аямай,

Нурдан мунаввардир уйнинг тўри ҳам.

Қизлар қичқириғи авжланар тинмай,

… Куёв бўй кўрсатди;

Келинчак там-там.

 

Эҳ, менга ҳарчанд насиб этмади,

Шу улуғ кечага қаҳрамон бўлиш.

Умримда шу фурсат келиб етмади,

Унинг кўз ёшларига юзимни ювиш.

 

* * *

Баланд  миноралар, сокин қирғоқлар,

Пойимга тўшалган яшил ўтлоқлар,

Ҳеч бири бўлмади дилимга таскин,

Жавобсиз қолди-ку эски сўроқлар.

 

Чимрилган қошингнинг  маъноси надир,

Нима ваъда қилар бизларга тақдир?

Барини ҳал қилар битта ишора,

Кипригингга осилиб тургандек шамшир.

 

Ҳузурингга борурман яқинда шошиб,

Қирларни қолдириб, тоғларни ошиб.

Паноҳингда бўлай деб йўлга тушгим,

Соғинчим мавжлари қирғоқдан ошиб.

Кутиб олиш учун пешвоз  чиқ, албат,

Соғинганинг  сир тутмай

                                гул қилиб  кўрсат.

Нигоҳлар учрашса, бармоқлар учрашса,

Кўнгиллар туташар, ахир —  муҳаббат!

 

Узоқ кетиб яқин сўзга дуч келдим,

Меҳринг жонга пайвастлигин ҳис қилдим.

Талмовсираб ўзни қанча алдамай,

Сендан ўзга нажот йўқлигин билдим.

                               

* * *

Қор учқунлари қўнди кипригимга,

Бу маъсум ташрифлар сени эслатди.

Зар замин ўхшади, билмадим, кимга?

Қўрғошин уфқдан  бир қиз  юз кўрсатди.

 

Изғирин ловуллатар соғинч  гулханин,

(Ҳатто ҳаволарда  музлайди додинг),

Момиқзор бағрида сайр этиб майин,

Этак боғлаб, пахта териб

                                юрган сен эдинг.

 

* * *

Шом чўкар лоқайд узанган қирлар ёлига,

Қораяди ёвшанлар –

                    соғинчнинг чўнг илдизлари,

Хилватда унган гулнинг қирмизи хаёлига,

Илк бўса шавқи тушиб,

                           ловуллайди юзлари.

 

Ёноқдаги қирмиз ранг сочар

                                лолагун шафақ,

Хижолатин кўрмай деб юзини ёпар қуёш,

Титроқ тутган ғунчага еллар

                                      чалади қарсак,

Қари тоғлар кулади оқ булутга чулғаб бош.

 

Борлиқда бир сесканиш қўзғар

                                гулнинг хаёли.

Ҳисларнинг туғёнидан чирпирайди дунёси.

Синган бокираликдан бокиралик малоли.

Бунча мунис бўлмасанг ўзбек қизин ҳаёси?!

 

Илк бўса шавқи тушиб…

             

* * *

Толлар зуғумидан ўйилган ўра,

Атрофга уфунот уфурган ҳовуз.

Кўмилсанг… Шеърга тушгандан кўра –

Лағмонхўр шоирнинг илҳоми боис.

 

Энди тушундилар: лойқа сув – хун об,

Ҳовуз ҳам меҳрга зорлигини.

Тилла балиқчанинг ёнида у тоб –

Пўпанак бақа ҳам борлигини.

 

* * *

Дарс бошланар. Кечиккан бола –

Кириб келар, муаллим тажанг:

“Нима, уйқунг бўлдими чала?

Ўласанми эртароқ турсанг?”

 

Ғазаб билан боқар муаллим

Ва шалпайиб қолади беҳол.

Қаршисида турар аллаким –

Оқ соқолли, мункиллаган чол.

 

Остонада йилларнинг ёди —

Икки фасл келганди пешвоз.

Эшик очган кексалик эди,

Ёшлик билан яшарди Устоз.

 

Устоз хижил,  чангаллар бошин

Ва кафтлари тўла оппоқ қор. 

…Иккиси ҳам унутган ёшин,

Йиллар ўтганини унутган такрор.

 

Қамчи босар умр шиддати — 

Икки қўлдан битта  қарс эрур.

Икки дўстнинг маҳзун ҳолати —

Дарсдан ташқари… дарс эрур.

           

* * *

Туйғу ўлмас ва йўқолмас агар бўлса юракда,

Чопқин пойга арафаси нафас

                                         ростлаш керак-да.

Юрак уйғоқ, теваракка боққан

                                      нигоҳим тетик,

 Майли, жўшиш, ҳаприқишлар

                            бир зум топди сокинлик.

 

Ул нозанин шеъриятнинг сулув

                                илҳом парисин  —

Арази бор бўлса ҳамки,

                    дилда туйғу ўлмасин.

 

Сўзим, шеърим керак бўлса,

                          керак бўлса камолим,

Бугун эмас, эрта болқар

                                бу осмонда ҳилолим!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 4 =