Рақамли дунёнинг имкониятлари

“Ict week Uzbekistan – 2023” ҳафталиги доирасида халқаро саммит ўтказилди

Сунъий интеллект деганда инсоннинг мантиқий ва ижодий функцияларини бажарувчи интеллектуал сунъий тизим тушунилади. Ушбу атама, шунингдек, ўрганиш ва муаммоларни ҳал қилиш каби инсон ақли билан боғлиқ хусусиятларни намойиш этадиган ҳар қандай технологияга нисбатан ҳам қўлланиши мумкин. Унинг идеал хусусияти – бу аниқ мақсадга эришиш учун энг яхши имкониятга эга бўлган ҳаракатларни баҳолай олиш ва амалга ошириш қобилиятидир.

АI дунёси деярли чексиздир, у ўсиб бораётган муҳандислик ва компьютер имкониятлари ҳисобига катта таъсир кўрсатиш қудратига эга бўлиб бормоқда. Турли тор функциялар, вазифалар ва фаолиятлар аллақачон инсон қобилияти ва ундан юқори даражада амалга оширилиши мумкин, баъзан эса инсонга бўлган эҳтиёжни камайтиради.

Тошкент нуфузли ҳафталикка мезбонлик қилди. Жорий йилнинг 24–27 октябрь кунлари “ICT Week Uzbekistan – 2023” – ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги бўлиб ўтди. 2004 йилдан бери ўтказиб келинаётган ҳафталик бир қатор йирик хорижий ва маҳаллий компаниялар ўзларининг янги технологик ечимларини тақдим этгани билан аҳамиятлидир.

Тадбир Тошкент шаҳрининг 3 та асосий манзилида “CAEx (Central Asian Expo Uzbekistan)” кўп функцияли кўргазма маркази, Мирзо Улуғбек туманида жойлашган IT-Park Uzbekistan мажмуаси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхоналарида ўтказилди. Ҳафталикнинг муҳим тадбирларидан бири Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институтида ўтказилган “Сунъий интеллект келажаги ва глобал интег­рация” мавзусидаги халқаро саммит бўлди.

Ушбу тадбирда бир неча етакчи хорижий компания ва ташкилотларнинг сунъий интеллект йўналишида фаолият олиб борадиган экспертлари ва раҳбарлар ўз тақдимотлари орқали эришилаётган ютуқлар, таж­рибалар, шунингдек, соҳадаги муаммолар ҳақида мулоҳазалар билдирдилар.

Саммитда 100дан ошиқ соҳа мутахассислари, янги инновация ва технологияларга қизиқувчи талабалар ҳамда ОАВ ходимлари қатнашиб, ушбу мавзуга оид етарлича кўникмаларга эга бўлдилар.

— Халқаро саммитни ташкил қилишдан кўзланган асосий мақсад сунъий интеллект технологияларини ҳаётга татбиқ қилиш бў­йича энг сўнгги халқаро тажриба билан танишиш ва фикр алмашишдан иборат. Шунингдек, сунъий интеллект ва шу каби технологияларни давлатимизда ҳам ривожлантириб, таълим ва тиббиёт соҳасида кенг талқинда фойдаланишни мақсад қилганмиз, — деди Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти директори Анвархўжа Қодиров. – Институтимиз 2021 йилда ташкил этилган бўлиб,  ҳозирга кунда “Amazon”, “KOILA”, “Huawei”, “UZINFOCOM”, “VEON”, “Yandex”, “Sber” каби бир нечта уюшмалар билан ҳамкорликда фаолият олиб бориляпти. Асосий вазифаларимиздан бири “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегиясини амалга ошириш, шунингдек, қабул қилинган кўплаб белгиланган вазифаларни бажариш ва уларни амалга оширишда сунъий интеллект ва рақамли технологиянинг ёрдами қандай аҳамият касб этишини намоён қилиш. Шу нуқтаи назардан институтимизнинг ўз олдига қўйган вазифалари бисёр ва бу борада ҳали катта ютуқларга эришамиз.

Хулоса қилиб айтганда, бўлиб ўтган саммит нафақат тиббиёт, таълим, балки банк ва турли йирик жабҳаларда сунъий интеллект ва рақамли технологияларни қўллаш, шунингдек, ушбу ютуқларга эришган ташкилотлар билан тажриба алмашиш, ҳаётга жорий қилиниши керак бўлган муҳим тизимларни ва технологик ривожланишларни ўрганиш, ишларни таҳлил қилиш ва умумий муҳокамадан иборат бўлди.

Ислом АСИЛБЕКОВ,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen + 7 =