Бизга фидойилар керак

ёки Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Пўлат БОБОЖОНОВнинг мамлакатимиз аҳолисига мурожаати мутолаасидан кейинги ўйлар

 

Интернет тармоқларидан жой олаётган катта-кичик, ҳатто ақлбовар қилмас жиноятлар тафсилотларига кўзинг тушганда, ё тавба, одамларга нима бўлаяпти ўзи, дея беихтиёр хўрсиниб қўясан киши. Хўрсиниш ҳам гапми? Кимнингдир ўта лоқайдлиги ёки шафқатсизлиги туфайли мутлақо гуноҳсиз бир одамнинг ҳаётдан эрта кўз юмганини кўрганингда ич-ичингдан ачинмай, куймай бўладими? Йўқ, бўлмайди! Ҳалол меҳнат қилиб, оиласи билан тинч-тотув яшаб юрган одам машинасини учириб келаётган маст бир кимсанинг айби билан жон таслим этса, раҳмингиз келмайдими? Келади! Хурмачасига сиғмаган ҳайдовчини лаънатлайсизми? Лаънатлайсиз!

Ҳар куни кўриб юрган одамингиз ўғирликми, гиёҳвандликми ёки фирибгарлик билан қамалса, ишониб-ишонмай бош чайқайсизми? Чайқайсиз! “Туппа-тузук ишлаб юрган бу одамни нима бало урди бирдан?, — дея оила аъзоларингиз даврасида афсус билан муҳокама қилиб: — “Билмайин босдим тиконни, тортадурман жабрини” деганлари мана шу бўлади. У ўзигагина эмас, ота-онаси-ю, бола-чақасига ҳам жабр қилиб кетди”, дейсизми? Дейсиз!  Хорижга савдо-сотиқ қилгани кетган хотини билан телефонда жанжаллашиб, болаларининг умрига завол бўлган бемеҳр отадан нафратланмайсизми? Нафратланасиз! Қаттиқ нафратланасиз! “Менга фалон миллион сўм топиб берасан” баҳонасида ўз отасининг қотилига айланган ўғилдан-чи?! Тўғри, уни ҳам қарғайсиз. Ҳаммасидан кўпроқ қарғайсиз! Чунки, падаркуш ўғил ҳар қандай қарғишга муносиб. Аслида, бундай малъунлар беш-олти йилга эмас, умрбод қамоқ жазосига лойиқ. Ахир ота ота-да! Уни қийнаб ўлдириш у ёқда турсин, ҳатто кўзларига тик қараш ёки қаттиқ гапириб, кўнглини оғритиш ҳам гуноҳи азим. Хўш, бундай жиноятларни содир этаётган инсон қиёфасидаги ваҳшийлар қаердан пайдо бўлаяпти? Ердан чиқаяптими ёки осмондан тушаяптими? Унисидан ҳам эмас, бунисидан ҳам. Улар ёнимиздаги одамлар. Бири қўшнимиз бўлса, бири маҳалладошимиз. Улар жиноятчи бўлиб туғилганмидилар? Йўқ! Улар ота-она, оила, мактаб ва маҳалланинг, аччиқ бўлса-да айтиш керакки, барча-барчамизнинг ўта лоқайдлигимиз, эшитиб эшитмаганликка, кўриб кўрмаганликка олишимиз, “сен менга тегма, мен сенга тегмай”нинг оқибатида пайдо бўлган ва бўлаяпти. Ростини айтганда, ҳар бир оила таълим-тарбияда беқиёс ўрин тутадиган “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она” деган мақолга қатъий амал қилганида, авваламбор, ота-онанинг ўзи манманликка берилмас, “Менинг боламга танбеҳ берадиган сенмисан?” дея бировнинг ёқасига ёпишмас, аксинча, камчиликни ўзи ва фарзандидан излаган бўларди. Афсуски, ақл билан оқилона йўл тутадиган ота-оналар тобора камайиб бораётганлигини маҳаллада ҳам, кўча-кўйда ҳам кўриб турибмиз. Айниқса, айрим шаҳарлик ота-оналар учун пул топиш, мол-дунё орттириш, башанг кийиниш, ғўдайиб машина ҳайдаш, ўзларини кўз-кўз қилиш шиддат билан ҳаётларининг мазмунига айланиб бораётганлиги, бу эса ўша оилаларнинг фарзанд таълим-тарбиясига “демократ”ларча қарашини юзага келтираётганлиги ҳам сир эмас.

Уйимизнинг орқа томонида қўни-қўшнининг гурунглашиб ўтириши учун қурилган замонавий айвончада баъзан ўн тўрт-ўн беш ёшли ўқувчи йигит-қизларнинг хохолашиб, чекиб ўтирганларини, эрталаб ишга кетаётганимда худди шу ерда пиводан тортиб, спиртли ичимликлар идишларигача думалаб ётганини кўрганимда кўнглимдан ана шундай ўйлар кечмай қолмайди. Шу ердаги катта бир мактабнинг икки қанотида “манаман” деб турган ароқ-вино дўконлари билан эса ҳеч кимнинг иши йўқ. Бу пойтахтнинг қоқ белидаги маҳалланинг бир бурчида бўлаётган гап. Ваҳоланки, бу ерда ҳам раис, унинг ўринбосари, бир эмас, иккита профилактика инспектори бор. Агар улар зиммаларидаги вазифани сидқидилдан бажарганларида, фаоллар кўриб-кўрмаганликка олмаганларида, мен бундай ташвишли ҳолатнинг шоҳиди бўлиб, уни сизга сўзлаб ўтирармидим?!

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг мамлакатимиз аҳолисига мурожаатини (“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2023 йил 15 сентябрь, 188-сони) ўқиб, ўтган асрнинг етмишинчи йилларида бугуннинг тили билан айтганда, профилактика инспектори бўлиб ишлаган Усмон ака Ниёзов деган инсон беихтиёр хаёлим кўзгусида намоён бўлди.

Ёши элликни қоралаб қолган бу одам баланд бўйли, буғдойранг, қотма, оппоқ сочи орқага таралган, чеҳрасидан нур ёғилиб турар, кулганда икки донагина кумуш тиши ярақлаб кўринар, қуйиб қўйгандек ўқитувчига ўхшарди.

Мен университет талабаси эдим. Ўқишдан қайтиб, тўрт қаватли уйимиз йўлаги олдида қўйилган скамейкада хонадошимни кутганча, китоб мутолаа қилиб ўтирардим. Тангадек офтоб тушмайдиган, қалин дарахтзорли бу жойга яқиндагина кўчиб келган ижарачи эдик. Катакдек-катакдек келадиган икки хонали квартиранинг бирида биз, бирида уй эгаси — ҳар икки сўзнинг бирида “та-а-к”, деб қўядиган тўқсон беш ёшли Елена Константиновна турарди. Қачон қарамайлик, кампир кўзойнаксиз китоб ўқиб ўтирар, биринчи кундан бизни ҳам шунга даъват этган эди.

— Қандай китобни ўқияпсиз, йигит? — сўради ёнимга келиб ўтирган киши менга диққат билан тикилиб.

— Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўтмишдан эртак­лар”ини, — дедим китобнинг юзини кўрсатиб.

— Эртак китобми?

— Йўқ, ёзувчининг болаликда кўрган-кечирганлари ҳақидаги қисса.

— Қизиқмикан?

— Жудаям қизиқ, — дедим китобдан кўз узмай. — Ўқимаганмисиз?

Суҳбатдошим “йўқ” дегандек, секингина бош чайқаб:

— Қайтариб бериш шарти билан сиздан кейин ўқисам бўладими? — мулойимлик билан сўради у.

— Бемалол, — дедим тантилик қилиб, китоб кутубхонаники бўлса ҳам.

— Менинг исмим Усмон, — деди у киши менга қўл узатиб ва костюмининг ён чўнтагидан қизил рангли гувоҳнома чиқариб кўрсатди. – Фамилиям Ниёзов.

Мен ҳам исми-шарифимни айтдим.

— Шу ерда “участкавой”ман, – давом этди Усмон ака. – Кабинетим йўлнинг у томонида, “аптека” жойлашган “дом”да. Эрталаб соат ўндан кечаси ўн икки-биргача шу ердаман. Ҳатто шанба-якшанба кунлари ҳам. Вақтингиз бўлганда чиқиб туринг, тортинманг! Дарвоқе, қаерда ўқийсиз?

— Университетда.

— Ким бўлиб чиқасиз у ердан?

— Журналист!

— Зўр касб. Қўшним ҳам журналист. Радиода ишлайди. Ҳар замон овозини эшитганда ёнимдагиларга бу менинг қўшним дея ғурур билан мақтаниб қўяман. Ажойиб инсон. Унинг ҳам қўлидан китоб тушмайди. Ўзиям билимдон йигит. Бекорга чиқиб туринг демаган эканман-да. Ярим соат-бир соат мен билан квартал айлансангиз, минг хил одамни кўрасиз. Қизиқ-қизиқ гапларни эшитасиз. Кейин ижод қиласиз. Дурустми?

— Дуруст, – дедим Усмон аканинг очиқкўнгиллигидан хурсанд бўлиб.

— Унда сизни кутаман! – деди у хайрлашиш учун қўл узатиб.

Орадан икки кун ўтиб, “Ўтмишдан эртаклар” билан Усмон аканинг олдига бордим. Пештоқида “Милиция пункти” деб ёзилган жигарранг эшик очиқ турар, тўрдаги дераза олдида қўйилган чоғроққина стол устида қора рангли телефон, бир четда тахлаб қўйилган дафтарлар, уларнинг устида милиция шапкаси. Усмон ака нимадир ёзиб ўтирарди. Мен ҳали эшикни чертиб улгурмай, “Киринг, кираверинг”, деди капитан формаси ўзига ярашиб турган Усмон ака. Мен ўзимни ичкари олиб, салом бердим. Усмон ака ўрнидан туриб кўришар экан, китобни кўриб, суюниб кетди. Бир пиёла чой устида ички ишлар соҳасида қачондан бери ишлаётгани, касбининг қувонч-ташвишлари-ю оиласи ҳақида гапириб берди.

Мен капитан Усмон Ниёзовнинг ишига қизиқиб қолдим. Баъзан кечқурун, баъзан якшанба кундузи биргалашиб, етти мингга яқин одам яшайдиган мавзе ичига шўнғиб кетамиз. Усмон ака жуда синчков эди. Бирон-бир нарсани нигоҳидан ўтказиб юбормас, ҳудудидаги ёшу кексани ёд билар, йўлда учраган борки, саломлашиб ҳол-аҳвол сўрашар, қайси уйда яшашидан тортиб, нима иш қилишигача айтиб берар, уни ҳам ҳамма танир ва ҳурмат қиларди.  Ташқаридан кирганни дарров билар, бу бегона деб индамай кетавермас, “кимнидир излаяпсизми?” ёки “адашиб қолмадингизми?” деб сўрарди мулойимлик билан. Сайр қилиб юрган ёки бирон бир жойда гурунглашиб ўтирган ёшлар ундан ўзларини олиб қочмас, аксинча, ўринларидан туриб салом беришарди. Усмон ака бу ёшларни номма-ном билар, айримларининг ота-оналари билан тез-тез гап­лашиб ҳам турарди. Оилада бирон-бир келишмовчилик чиққанда каттасидан кичигигача кабинетига чақирар, айбдорнинг гуноҳини бўйнига қўйиб, узр сўраттирар ва аҳил яшашга чақириб, рухсат берарди. Мен бу одамнинг ҳозирги баъзи бировларга ўхшаб, бирон бир фуқарога дўқ-пўписа қилганини ёки олдига солиб, туман ички ишлар бўлимига олиб кетганини кўрмадим.

Усмон ака худди ҳамма нарсага жавобгардек, ҳудуд тозалиги-ю ободлигига ҳам қарар, бирон-бир уй атрофида ахлат ёки қуриган шох-шабба кўргудай бўлса, эгасини топиб олдирмагунча тинчимасди. Ҳудудда қандайдир илмий-тадқиқот институти, мактаб, болалар боғчалари, санаторий ва дўконлардан ташқари “Тошкент советининг 50 йиллиги” кинотеатри ҳам бўларди. Нозир мени уларнинг раҳбарлари билан таништириб, “бу йигит журналист, танқидга учрамай десангизлар, қонун-қоидани бузмай ишланглар” деган гапи эгаллаётган касбимнинг масъулиятли ва обрўли эканлигини янада теранроқ англашга ундаган. Хуллас, мен милиция капитани Усмон Ниёзов билан танишиб, зарар кўрмадим. У билан ўтказган вақтимга ачинмадим. Озми-кўпми масъулият, тартиб-интизом, одамлар билан муомала қилиш каби бир қатор инсоний хислатларни ўзимга юқтиришга интилдим. Ўйлаб қарасам, манманликнинг кўчасидан ўтмаган, камтар, ўз ишини яхши кўрадиган, юзма-юз  бўлган кишининг, энг аввало, руҳиятини билишга ҳаракат қиладиган, ҳалол ва фидойи бу инсон ишини икки йил кузатмаганимда, ҳозир бу гапларни ёзиб ўтирмаган бўлардим. Ёзишдан мақсад эса битта – бу инсонни ҳозирги профилактика инспекторларига ибрат қилиб кўрсатиш. Токи уларнинг айримлари ўзларини энг аввало инсон сифатида тутишларини, вазифаларини адолат ва ҳалоллик талабларига таяниб қонуний бажаришларини, погонларини пеш қилиб, “кимлигингдан қатъи назар менинг айтганим бўлади” дейишдан тийилишларини, ёлғон кўрсатма беришдан (бошқаларни ҳам бунга мажбур қилишдан) ҳазар қилишларини, маънавиятли ва маърифатли бўлишларини, инсон қадр-қимматини топтамасликни, муаммоларни ҳал этишда кўпни кўрган, тажрибали, обрў-эътиборли одамлар билан маслаҳатлашиб қарор қабул қилишни таклиф тариқасида яна бир бор эслатиб қўйиш, холос.

Мурожаатга қайтиб, шуни айтишим мумкинки, мен тилга олган давр билан бугунги кун ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Бугунги одамларнинг онги ҳам, дунёқараши ҳам эллик йил бурунгиларга асло ўхшамайди. Бугунги ички ишлар тизими эса замонавий шароит ва техник воситалар билан таъминланган,  жиноятчиликнинг олдини олишда, содир этилганларининг изини совутмай, тез аниқлашда янги усул ва услублар, шунингдек, хорижий мамлакатлар билан тажриба алмашиш ва ҳамкорликда ишлаш имконига эга.

Мурожаатнинг аввалида таъкидлаб ўтилганидек, “асосий эътиборни содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларни илмий ёндашув асосида ўрганиш”, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятини инобатга олган ҳолда “намунали ҳудуд методикасини яратиш” мақсадида олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорлик қилиш ишнинг самарали бўлишида муҳим аҳамият касб этади.

Бугун кўпроқ ижтимоий муаммолар билан боғлиқ жиноятлар сони ортиб бораётганлиги, шу жумладан, мамлакатимиздаги “тўққиз ярим мингга яқин маҳалланинг 1,5 мингдан зиёдида криминоген вазият мураккаблигича қолаётгани”дан ташвишланмай бўлмайди, албатта. Агар ҳар бир маҳалланинг аҳолиси ўртача 1500 тани ташкил этса, 1,5 мингта маҳаллада икки миллион икки юз эллик минг киши ўз маҳалласидаги бундай аянчли аҳволдан безов­та бўлиши  турган гап. Бу нафақат ички ишлар органлари ходимларидан, балки маҳалла раҳбарларидан тортиб, унинг фаолларигача ҳамжиҳатлик билан ишлашни талаб этади. Афсус­ки, жойларда қинғир йўл билан раислик курсисига ўтириб олган айрим  нопок кимсаларни манфаатдан бош­­қа нарса  қизиқтирмаслигини, қовун қовундан ранг олар деганларидек, унинг хотин-қизлар билан ишлаш бўйича ўринбосари ҳам кун ўтсинга кириб-чиқиб юрганини кўриб, эшитиб турибмиз. Буни маҳалла аҳли билмайдими? Профилактика инспекторлари билмайдими? Ҳоким ёрдамчиси-чи? Ҳокимиятдагилар-чи?! Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилар деганлари шу эмасми?!

Қурт дарахтнинг бўшини ейди. Агар, маҳаллада бирлик, ишонч, ҳамжиҳатлик, қатъийлик, адолат ҳукмрон бўлса, ундан бирон-бир гап чиқиши мумкинми? Йўқ, чиқмайди! Демак, қайси маҳалла бундай мезонлардан мосуво бўлса, унга “қурт” тушиши аниқ. Шу нуқтаи назардан қараганда, тизимда маънавий-ахлоқий масалаларга эътибор тубдан ўзгариши кутилаётганидан қувонмай бўлмайди.

Мурожаатда ички ишлар тизими фаолиятини бугунги кун талаблари даражасида ташкил этиш мақсадида бир қатор янгиликлар жорий этилиши, айниқса, “жиноят содир этган ёки жиноят қилишга мойил бўлганларга ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ва раҳбар ўринбосарлари, ижтимоий зарарли хатти-ҳаракат содир этиши мумкин бўлганларга давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ва раҳбар ўринбосарлари, назоратсиз ва қаровсиз қолганларга ҳокимликлар, таълим муассасаси директорлари ва маҳалла раислари бириктирилади”, деган саъй-ҳаракатнинг амалга оширилиши, бириктирилган раҳбарлар зиммаларига юклатилган вазифани шахсан ўзлари бажариш­лари ҳамда қилинган ишнинг натижаси бўйича тегишли жойга ахборот бериб боришлари, жиноятларни кескин камайтирибгина қолмай, уларнинг илдизларини таг-туби билан қуритишга қодир эканликларига ҳам аминмиз.  Шунингдек, бундан буён ҳам ўз касбига содиқ бўлган, эл-юрт тинчлиги  йўлида чин дилдан ҳалол хизмат қиладиган, ўз манфаатидан халқ ва ватан манфаатини устун қўядиган, фидойи кадр­ларни тайёрлаш ва жой-жойига қўйиш, айни пайтда соҳани ўз фойдаси учун елиб-югурадиган, ўзини ўзгалардан баланд тутадиган, маънавий ночор ва нопок шахслардан тозалаш вазирлик раҳбариятининг диққат марказида бўлиши тизимда ишлаётган ҳар бир ходимни ҳушёр бўлишга, ўз вазифасини виждонан бажаришга, ҳалол ишлашга, юриш-туриши, муомаласи-ю маданияти билан одамларга ибрат бўлишга ундамай қолмайди.

Мурожаатнинг мазмун-моҳиятидан яққол кўриниб турибдики, ички ишлар соҳасида хизмат қилаётган барча раҳбар ва ходимлар зиммасига жуда катта  масъулиятли вазифалар юкланган. Мақсад эса битта: ҳар қандай жиноятнинг олдини олиш, ҳар қандай жиноятга барҳам бериш. Ҳар бир маҳаллада, ҳар бир жамоада қонун устуворлигига эришиш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш… Бу энг аввало, профилактика ишларини кучайтиришни, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ва ҳуқуқий маданиятини оширишни тақозо этади. Тадбирлар мақсадли ва самарали бўлмоғи керак!

Қарс икки қўлдан деганларидек, бу ишларда ички ишлар ходимларига камарбаста бўлишни ҳар бир фуқаро ўзининг ватанпарварлик бурчи, деб ҳисоблаши лозим. Бу эса лоқайдликдан бутунлай қутулмоқни, ватаним ва халқим тинч­лиги — менинг ва оилам тинчлиги, ватаним ва халқим манфаати — менинг ва оилам манфаати деб билишни, шу эзгу мақсад учун жонкуяр, ташаббускор ва фидойи бўлишни кимлигимиздан, қандай лавозимда ишлашимиздан, ёшимиз, миллатимиз ва эътиқодимиздан қатъи назар, барча-барчамизни шунга даъват этади. Бу даъватга лаббай деб жавоб бермоқ мен Ўзбекистон фарзандиман деган ҳар бир инсоннинг қалб ва виждон амрига айланиши лозимлигини ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда.

Нуриддин ОЧИЛОВ,

Ўзбекистон Миллий университетининг

журналистика факультети ўқитувчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 − three =