Нишонни аниқ олган Нишонов

Атроф-жавонибда куз нафаси кезади. Дарахт­ларнинг япроқлари тилла рангга кирган. Майин эпкиндан бутоқлардаги барглар чирт-чирт узилади. Икки тарафида бўйчан дарахтлар ўсиб ётган йўл бўйлаб юрамиз. Бирдан кўз олдимизда қўш қаватли қизғиш бино чирой очади. Бу Сардоба тумани, Қўрғонтепа” маҳалласидаги 16-умумий ўрта таълим мактабининг ўқув биносидир.

Бундан икки йил муқаддам сирдарёлик бир гуруҳ журналистлар Сардоба туманига ме­диа-тур уюштирган эдик. Сардоба сув омборининг ўпирилишидан зарар кўрган объектларда бўлиб, одамлар билан “ҳорма-бор бўл” қилгандик. Биз қадам ранжида қилган объектлар сирасида 16-умумтаълим мактаби ҳам бор эди. Мактабга бораверишдаги йўлдан сув омборининг дамбалари кўзга ташланиб турарди. Тошқиндан бино катта зарар кўрмаган: фақат биринчи қаватини сув босган, димоққа зах ҳиди уриларди. Мактаб қайтадан таъмирланган, девору поллар янгидай ялтирарди. Ўшанда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими мактаб кутубхонасини оталиққа олган эди.

Орадан икки йил ўтиб, мактаб бутунлай янгича қиёфа касб этибди. 2022 йилнинг январь ойида Зокиржон Нишонов мактабга директор этиб тайинланибди. Раҳбар ташкилотчи бўлса, меҳнат жамоасига ҳам юқади. Халқимизда: “Катта арава қаердан юрса, кичиги ҳам шу ердан юради”, деган нақл бор. Янги раҳбар нима каромат кўрсатибди, деб савол беришингиз табиий. Аввало, жамоада ижодий муҳитни шакллантирибди. Маҳалла ва ота-оналар билан мус­таҳкам алоқа ўрнатибди.

Журналистикада фактлар гапиради, деган ибора бор. Келинг, яхшиси, ўша фактларни рақамларда  ифодалайлик. Нишонов директор лавозимига тайинланган 1 йилу 10 ой оралиғида мактабга 60 та компь­ютер жамламаси, 10 та принтер, 2 та ноутбук, 19 та “Shang Gong” русумли Хитойда ишлаб чиқарилган тикув машинаси, 5 та дазмол, 19 та интерактив дос­­ка, 25 та доска, 23 та телевизор, 5 та видеопроектор, фаоллар зали учун 137 та юмшоқ мебель, ошхона учун 20 та стол, 120 та стул, 45 та кузатув камераси, 24 та “Wi-Fi” тезлигини оширадиган роутeр жиҳози, турли русумдаги кондиционер ва овоз кучайтиргичлар олиб келинган. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Мактаб қошида қиймати 450 миллион сўмлик сунъий қопламали футбол майдончаси барпо этилди. Буларнинг барини пулга чақсангиз, алламбало сумма келиб чиқса керак.

Нима, Зокиржон Нишонов киши билмас ғазна топдими? Ё бобосидан қолган катта бойлик бормиди? Йўқ! У имкон қидирди. Халқимиз айтади-ку: “Қаловини топсанг, қор ҳам ёнади”, деб. У ташаб­бусли бюджет (open budget) танловига ўқитувчилар ва ота-оналарнинг бошини қўшиб овоз йиғди. Икки бор танловда қўли баланд келиб, 2 миллиард 500 миллион сўм маблағ ютиб олди. Мана шу маблағни жой-жойига қўйиб, мактаб ўқув-моддий техника базасини аъло даражага етказди. Айни чоғда мазкур мактаб техника воситалари билан жиҳозланиши бўйича ҳатто шаҳарлардаги манаман деган таълим ўчоқларини ҳам ортда қолдиради.

— Ушбу йўналишдаги ишларимизни яна давом эттирмоқчимиз, — деди З.Нишонов. — Ҳозир ҳисоб-китоб қилаяпмиз. Қўлга киритган техника воситаларимиз соз соатдек чиқиллаб ишлаб туриши учун узлуксиз электр таъминоти керак. Галдаги нишонимиз мактабимизга қуёш панелларини ўрнатишдир.

Замонавий техника воситаларидан устозлар самарали фойдалангандан кейин таълим сифати ҳам ошиб бораверади. Яқинда ўтган фанлар олимпиадасининг туман босқичида мактаб ўқувчилари энг юқори натижани қайд этишди.

З. Нишонов етовида синф хоналари ва фан кабинетларини айландик. Ҳамма жойда энг охирги техникалар ўсиб келаётган ёш авлодга пухта билим беришга шай бўлиб турибди. “Shang Gong” русумли тикув машиналари ҳозирча иккинчи қаватнинг залига жойлаштирилибди. Яқин кунларда ушбу машиналарга алоҳида хона ажратиларкан. Президентимизнинг: “Битирувчи мактабдан битта касбни ўрганиб чиқиб кетсин”, деган топшириқларини рўёбга чиқариш учун қулай муҳит яратилмоқда. Қиз боланинг биринчи навбатда бичиш-тикишни эплаши талаб этилади. Қолаверса, чевар қизни барча келин қилишни орзулаши ҳам бор гап.

Мактабда 536 нафар ўғил-қиз таҳсил олади, дарс­лар бир сменада олиб борилади. Тушдан кейин фан ва спорт тўгараклари гуриллаб ишлаб туради. Биз мактабда бўлган куни кузги таътил давом этаётган бўлса-да, синф хоналари тўла эди. Олий тои­фали рус тили ўқитувчиси Раъно Каримова, I тоифали тарих ўқитувчиси Беҳзод Исматовлар билан қисқагина суҳбатлашдик. Улар раҳбарларининг тадбиркорлиги, ишнинг кўзини билишини мақтаб кетдилар.

Камина қайси мактабга борсам, кутубхонани кўрмай қайтмайман. Зиё маскани тўлиқ компьютерлашган. Ўқувчиларнинг электрон китоблардан фойдаланишлари учун барча шароитлар яратилган. Бироқ ҳар тўкисда бир айб деганларидек, бадиий китоблар сони анчагина кам — 585 жилд. Бу ҳар бир ўқувчига 1 тадан сал ошиқроқ китоб тўғри келади, дегани.

— Китоб фондимизни ҳам бойитиш йўлларини қидираяпмиз, — деди З.Нишонов. — Ота-оналар, юқори синф ўқувчилари орасида турли китоб ак­циялари ташкил қилаяпмиз. Электрон китоблар сони ҳам ортиб бораяпти.

Мактабда бюджетдан ташқари маблағ топишга ҳам эътибор қаратилмоқда. Сунъий қопламали футбол майдони кечки пайт маҳалла аҳолисига ижарага берилаяпти. Тикув цехи ишга тушса, ўқувчи-қизлар тайёрлаган тайёр маҳсулотларнинг сотуви йўлга қў­йилади. Мўъжазгина ҳовузда балиқ етиштириш таж­риба қилиб кўрилмоқда.

Мактабда олиб борилаётган хайрли ишлар билан танишмоқчи бўлсангиз, биринчи қаватдаги креслода мустаҳкам жойлашиб ўтирганча телевизор мурватини бурасангиз, бас, унга жойлаштирилган турли тадбирларнинг видеолавҳалари бирин-кетин кўз олдингиздан кино тасмасидек ўтаверади. Ўзингизга керакли фактларни ён дафтарингизга ёзиб олаверасиз.

Масканда яна бир ажойиб янгиликка кўзимиз тушди. Шундоқ мактабга кираверишнинг ботиш томонида велосипедлар учун қўналға қилинибди. Чунки 50 нафардан зиёд ўқитувчи ва ўқувчи таълим масканига велосипедда қатнар экан. Бу ҳам саломатликка яхши, ҳам атмосфера ҳавоси булғанмайди.

Чиройли гулзорга асалари ҳам, капалак ҳам парвона бўлади. Биз мактабда бўлган куни туман ўқитувчиларининг қурултойи, 9 ноябрь — Халқаро коррупцияга қарши курашиш кунига бағишланган вилоят семинари ҳам шу мактабда ўтаётган экан. Барча меҳмонлар мактаб жамоасининг аҳиллиги, раҳбарининг ишбилармонлигига ҳавасда. Хаёлимга беихтиёр: “Раҳбарнинг яхшиси ундирар, ёмони сўлдирар”, деган мақол келди.

Мактаб синф хоналари ва залларини айланиб, ҳовлига чиқдик. Кўкка бўй чўзган дарахтлар ёнидаги бўш жойларга навниҳоллар қадалибди.

— “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига иштирокимизни “Устозлар боғи”ни яратиш билан бошладик, — деди Зокиржон Нишонов. — Ҳали бажарадиган ишларимиз кўп.

Нишонов нишонни тўғри оладиган раҳбарлар сирасига киради. Чунки у турли лавозимларда ишлаб обдан пишган. Мазкур мактабга раҳбар бўлиб келгунга қадар тумандаги қурилиш коллежида директор вазифасида фаолият юритган. Таълим тизимимизда шундай раҳбарлар қанча кўп бўлса эди, жамиятимизнинг интеллектуал салоҳияти шунча ўсарди.

Муҳаммадали АҲМАД.

Суратда: Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев мактаб раҳбарини фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совға билан тақдирламоқда.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 − six =