Истиқлол тузуги

Ҳар бир давлат ўз истиқлол ва тараққиёт йўлини танлар экан, халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган энг муҳим мақсад ва вазифаларини ўзининг Конституцияси – Асосий қонунида мустаҳкамлаб олади. Бинобарин, ўз халқининг хоҳиш-иродаси, дили ва тилидаги эзгу ниятларига ҳамоҳанг Конституцияга эга бўлган мамлакат ўзи белгилаган юксак марралардан ҳеч қачон оғишмасдан, доимо олдинга қараб боради.

Бош қомусимиз қабул қилинганлигига 31 йил тўлган бўлса-да, аслида Конституция тузишга бўлган илк қадам 1990 йилнинг 24 март кунида қўйилгандир. Шахснинг маълум бир давлат фуқароси эканлигини исботловчи ҳужжати – паспорт ҳисобланади. Давлатнинг дунё мамлакатлари орасида мавжудлигини исботловчи ҳужжати, ҳам унинг паспорти Конституция саналади.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари барча нарсадан устун эканлиги 7-моддада ўз аксини топган, яъни халқ давлатнинг бирдан-бир манбаидир. Бундан ташқари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига бағишланган нормалар ҳам “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб номланган бўлимдан сўнг жойлаштирилганлиги ҳам бежиз эмас.

Конституция – тузук дегани. Эски туркий тилимиздаги тузмоқ феъли асосида юзага келган. Амир Темур тузуклари ҳам ўзига хос бир қонун жамланмаси эди десак, хато бўлмас. Тузукда айтилади: агар айбдор, жиноятчи кишиларга жазо бериш керак бўлса, унга азоб бериш, қийнаш, танага жароҳат етказиш каби жазолар бериш тақиқланади. Уни маърифат йўли билан тўғри йўлга бошлаш керак.

Ёки бўлмаса, ўша давр кишиси адирлик, қаровсиз дашт ерларини парвариш қилиб, уни обод қилса, ундан биринчи йили солиқ олинмаган. Бобомиз тузукларида ҳам миллий қомусимиз сингари инсонпарварлик – гуманизм ғоялари илгари сурилган. Бир сўз билан айтганда, бугунги конституциямиз мустақиллигимиз тузугидир.

Конституциямиз асосида мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланди. Бугунги кунда барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳиятимиз юксалиб, фуқароларимизнинг дунёқараши тобора ўсиб бормоқда. Буларнинг барчаси, энг аввало, Бош қомусимизнинг ҳаётбахш куч-қудрати натижасидир.

Айрим давлатлар ҳатто ўз Асосий қонунларининг референдумда, халқ иштирокида қабул қилингани билан фахрланади. Албатта, бу энг олий даражадаги қарор. Бироқ бу жараёнда халқ олдида фақат икки саволдан бирига жавоб бериш имконигина бўлади: Конституция матнини тасдиқлаш ёки рад этиш. Ўзбекистон Конституциясининг ўзига хослиги шундаки, у икки маротаба халқ муҳокамасида юртдошларимиз хоҳиш-иродаси билан бойитилди.

Тарихга назар солсак, асрлар давомида шаклланган маънавий-ахлоқий қадриятлар ва инсоннинг табиий ҳуқуқлари цивилизация жараёнлари натижасида Конституция шаклига келганини кўрамиз. Конституция башарият ҳаётида илк бор инсоннинг озод ва эркин яшаш, мулкка эга бўлиш, таълим олиш, меҳнат қилиш, сайлаш ва сайланиш каби ҳуқуқларини, сўз ҳамда эътиқод эркинликларини олий қадрият даражасига кўтарди.

Яна шуни айтиш мумкинки, Бош Қомусимиз — Ўзбекистон Рес­публикаси   Конституцияси дунёда ҳеч кимдан кам эмаслигимизни, тенглар ичра тенглигимизни, келажаги буюк давлат қуришга бел боғлаган бағри кенг, кўп миллатли Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатловчи ҳужжат сифатида бизнинг йўлларимизни чароғон этувчи юлдуздир. Суверен ва демократик давлат қуриш йўлидан қатъий бораётган Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси Конституциямиз билан фахрланади. Чунки, у бахтимизнинг қомусидир.

Бунёдбек ШЕРМАТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлар академияси

катта ўқитувчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 + 20 =