Миллат байроғи — ифтихоримиз

18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кун

 

Миллат байроғи. У жондек азиз, жуда мўътабар. Қуёш кўкда фалакнинг байроғи бўлиб порлаб турибди, кўнгилда муҳаббат байроғи ҳилпирайди, онгимизни эса тафаккур байроғи нурлантиради. 

…Ўқишдан қайтар эканман, автобус пойтахтимиздаги “Халқлар дўстлиги” саройи олдидаги бекатда бироз тўхтади.

— Ойижон, қаранг, Ўзбекистон байроғи! — онасининг ёнида ўтирган болакай ҳаяжондан ўрнидан туриб кетди.

Болакай автобус деразасига ёпишиб, виқор билан ҳилпираётган байроққа тикиларди.

— Юринг ойижон, олдига борайлик!

— Майли, фақат кечқурун опанг, аканг — ҳаммамиз бирга келамиз. Кечаси бу ерда рангли чироқлар ҳам ёнади… Маза қилиб томоша қиласан, хўпми?

Уларни кузатар эканман, мен ҳам беихтиёр байроғимизга қарадим. Ҳар сафар шу ердан ўтар эканман, мағрур ҳилпираётган байроғимиз қалбимга ғурур туйғусини тўлдиради.

Давлатчилигимиз тарихининг қайси даврини олиб қарамайлик, байроқ аждодларимиз учун озодлик, куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлган. Буюк соҳибқирон Амир Темур ғолиблик байроғини юксак кўтарди. Бу байроқ остида буюк эл бирлашди, у барпо этган улуғ салтанатни дунё тан олди. Бу давр ватан тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилди. Байроқ эса том маънода мамлакат рамзи, улуғворлик тимсолига айланди. Жангчиларга жанговар руҳ бағишлаш, уларнинг кайфиятини кўтариш, иродасини чиниқтириш мақсадида жанг майдонлари узра баланд ҳилпираб турди. Бу байроқ энг ишончли баҳодирлар томонидан қўриқланди. Бехос дайди ўқ келиб туғ кўтарган жангчига тегса-да, у тупроққа қоришмади — дарҳол шаҳид сарбоз ўрнини бошқаси эгаллади, мақсад — жанггоҳдагиларга байроқ кўринмай қолмасин. Мудом ҳилпираб турсин, куч-қудрат берсин, олға интилишга маёқ бўлсин! Соҳибқирон бобомиз замонида байроқни паст тутиш ёки сарбознинг қўлидан тушиб кетиши хосиятсиз саналган. Айтишларича, бунга соҳибқирон бобомиз алоҳида эътибор берган. Байроқнинг пасайтирилиши мағлубият ва ортга чекиниш ишораси бўлган. Шунингдек, «Темур тузуклари»да таъкидланишича, душман устидан шижоат ва мардлик кўрсатиб, ғалаба қозонган амирлар ва сипоҳийларга давлат тимсоллари — туғ ва ноғора инъом қилинган. Бу соҳибқирон давлатида салтанат рамзлари нечоғлик баланд мақом тутгани ва улар қандай катта ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий аҳамият касб этганидан далолат беради.

Тарихдан маълумки, шайх Нажмиддин Кубро кекса ёшига қарамай Ватан ҳимояси учун мўғул босқинчиларига қарши жангга киради. Душман қиличи зарбидан ҳалок бўлаётиб, чингизийлар байроғининг учидаги “кокили”ни – пўпагини чангаллаб олади. Ватан ҳи­моясига отланган мард ўғлонларнинг душман байроғини маҳв этиб ҳалок бўлиши – юксак ватанпарварликнинг буюк бир тимсоли вазифасини ўтаган.

Мутафаккир бобомиз Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асарида Афросиёб туш кўради. Тушида кучли бўрон туриб, байроғини қулатади:

 

Кўтарилиб шу зум шиддаткор бўрон,

Байроғимни юлиб йиқди ногаҳон.

 

Байроқнинг қулашини Афросиёб мағлубият белгиси, деб билади.

Ёки оташин рус шоири Сергей Есениннинг “Она ибодати” шеърида онанинг қишлоқ четидаги пастаккина уйда яшаши тасвирланган. Ўғли жангга кетган, Онанинг кўнгли хавотирда. У дилбандига омонлик тилаб, Худога илтижо қилади, кўзлари эса жиққа ёшга тўлган. Хаёли уни жанг майдони сари олиб кетади. Қараса… Ўғли кўкрагидан жароҳат олиб, далада жонсиз ётибди. Қўлида душманнинг байроғи. Урушда душман байроғини маҳв этиш ғалаба рамзи эди.

Ватанимиз байроғи… У тарихнинг халқимиз бошига мусибат тушган даврлари — ўтган аср бошларини ёдимизга солади. Ўша кунлар халқимиз қалбида кетмас доғ бўлиб қолди. Ватан байроғини тутган қўллар қайрилди, озодликни куйлаган овозлар бўғилди. Миллат фидойилари “халқ душмани”, “қулоқ”, “сотқин” деган қора номлар билан таъқибга олинди. Дунёга не-не алломаларни берган қадим халқ оми, саводсизга чиқарилди. Халқимизга нисбатан айтилган бу ҳақорат асл ватандошларимиз қалбида маърифат оловини ёқди — улар белини маҳкам боғлаб, миллатни эрк ва озодлик байроғи остида бирлашишга чақирди. Бу мағрур элнинг асрлар давомида орзу қилган ғурури, шаъни, қадр-қиммати, иродасини ифодаловчи озодлик байроғи эди!

Унда аждодлар орзу-армони акс этади. Унда халқимизнинг бугуни, ўлмас хотираси, иймон-эътиқоди, келажакка бўлган комил ишончи жилоланади.

Ватан ҳимоясидек муқаддас бурчни мардона ўташ учун байроғимизни ўпиб қасамёд қилаётган ҳарбийларимизнинг қалбидаги оловни, кўзларидаги жўмардлик туйғуларини кўриб фахрланамиз. Ана шундай лаҳзаларда ҳеч муболағасиз Ватанимиз байроғини кўзимизга тўтиё қилгимиз келади. Бу фахрланиш аслида юртга бўлган чексиз меҳр ва садоқатнинг ёрқин кўринишидир.

* * *

…Кечки пайт байроқни кўриш учун майдонга бордим. Кундузи автобусда кўрганим — болакай чироқлар нурида янада улуғвор кўринаётган байроғимиз атрофида гир айланади, тўхтаб, бошини баланд кўтариб, унга фахр билан тикилади.

Ҳар бир инсон онгу шуурига Ватанимиз рамзларига нисбатан чуқур ҳурмат туйғуларини сингдириш, умуммиллий ва эҳтиром тимсоллари бўлган байроқ, герб ва мадҳиямизни улуғлаш ва ардоқлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Токи байроқ бор экан, миллат бор, давлат бор, Ватан бор. Ўзбекистон фарзандлари қаерда бўлмасин, қандай натижаларга эришмасин, Ватан байроғини ардоқлайди. Чунки, байроқ — ҳурлик тимсоли, эзгулик, тинчлик рамзидир!

Ислом АСИЛБЕКОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 4 =