Замон ва оламни қалбига сингдирган сиймо

Чингиз Айтматов таваллудининг 95 йиллиги

“Юртимизда Чингиз Айтматов ҳаёти ва ижодини ҳар томонлама чуқур ўрганиш масаласи ҳам адабиётшунос олимларимизнинг доимий диққат марказида бўлиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида бу борада жиддий илмий изланишлар олиб борилгани, йирик монография ва тадқиқотлар эълон қилингани Ўзбекис­тонда ўзига хос “айтматовшунослик мактаби” шаклланганидан далолат беради”.

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

XX асрнинг энг буюк донишмандларидан бири, бетакрор адиб, жамоат ва давлат арбоби, дипломат Чингиз Айтматовга бағишланган ёднома китобим нашрдан чиқди. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 2 апрелда қабул қилинган “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида таъкидланганидек, “Чингиз Айтматов нафақат қирғиз эли, айни пайтда, бутун туркий мамлакатлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли сиймо, Ўзбекистоннинг улкан дўсти эди”.

Биз Чингиз Тўрақулович билан 1995 йилда танишган бўлсак, ўша пайтдан бери қарийб 13 йил давомида қандайдир латиф – оға-инилар, дўстлар, қавмдошлар, ҳатто ўзаро фикрдошлар каби яқин ва самимий муносабатлар билан боғланган эдик. Демоқчиманки, бу буюк шахсни узоқ вақт давомида кузатар эканман, адиб ҳақида бугунги хотираларимни ёзиш учун етарли материаллар тўплай олдим.

Ушбу мақола, асосан, кўп йиллар давомида Чингиз Айтматов асарларидан ҳамда Тошкентда ва Москвада, Парижда ва Брюсселда, Сочида атоқли ёзувчи билан бўлиб ўтган дилкаш суҳбатларимиз таассуротларига бағишланган.

Ўша олис гурунгларимизда Чингиз оғанинг ўзи сўзлаб берганидек, бўлғуси адиб бувисининг қўлида тарбия топди, унинг ҳаёт ҳақидаги илк таассуротлари қирғиз халқининг миллий турмуш тарзи билан боғлиқ ҳолда кечди. У шундай бир муҳитда яшадики, у ерда эртак, ривоят, афсона ва асотирлар оғиздан-оғизга ўтиб юрарди.

Айтматовлар оиласида қирғиз ҳамда рус тилларида тенг гаплашар эдилар, бу унинг ижодий фаолиятида икки тиллиликни белгилаб берди. Оила таъсирида Ч.Айтматов болалигидан рус тили ва адабиёти, рус маданияти билан жуда яқиндан танишди.

Чингиз оға умри давомида жуда кўп адолатсизликларга ҳам учради. Унинг ҳаётидаги биринчи адолатсизлик – отасининг қатағон этилиши эди.

Ёш бўлишига қарамай, у қатағон туфайли қандайдир мудҳиш воқеа содир бўлганини тушуниб етди ва бирон-бир нарсани ўзгартиришга ожизлигидан азоб чекди.

Инсон қалбида ҳамиша адолатга яширин интилиш мавжуд бўлар экан. Афтидан, “мана шунга чидаб берилса, кейин ҳаммаси изга тушиб, бошқача бўлади”, деган умидвор фикр ёш Чингизни ҳам тарк этмади.

“Жамила” қиссасидан сўнг адибнинг иккинчи қиссаси – “Сарвқомат дилбарим” дунёга келди, у ҳам ўзининг ҳаётийлиги ва ҳаққонийлиги, истеъдод қуввати жиҳатидан аввалги асаридан қолишмайди. Асар Айтматовнинг носир сифатидаги имкониятларини янада кенг намойиш этди. Асарнинг мазмундорлиги, фабулага ишлов берилиши, характерлар тавсифи ёш ёзувчининг ишонч билан куч тўплаётганидан, ўзига хос қудратли овозидан дарак берди.

Ч.Айтматовнинг рус тилида ёзилган биринчи асари 1965 йилги “Алвидо, Гулсари!” қиссасидир. Асар бош қаҳрамони – қирғиз деҳқони Танабойнинг тақдири “қишлоқ прозаси”нинг энг яхши қаҳрамонлари тақдирига айнан ўхшаш, яъни типикдир.

Ўша вақтдан буён Ч.Айтматов асарларини ўқимаслик дунё бўйича адабиётдан бехабарлик сифатида баҳолаб келинади. Ҳолбуки, номи бутун дунёга танилганида, Чингиз оға ҳали қирқ ёшга ҳам тўлмаган эди.

1970 йилда унинг яна бир машҳур асари “Оқ кема” дунёга келди ва қирғиз кинематографининг пешқадам режиссёри Бўлат Шамшиев томонидан шу номдаги бадиий фильм суратга олинди. Мазкур фильм Ч.Айтматов асарлари асосида суратга олинган фильмлар ичида энг муваффақиятлиларидан биридир.

“Оқ кема” асарида ёвузликка тўқнаш келган ва балиққа айланган қирғиз болакайининг аянчли тақдири жуда жозибадор тасвирланган. Болакай ёлғиз. Қадимги ривоятлар билимдони, кексайиб қолган буваси Мўмин унга ота-онаси ўрнида. Болакай бобосидан эшитган ривоят ва афсоналар моҳиятини ич-ичидан туйган, воқеликни гўзал эртакдек қабул қилган таассуротлари билан катталарнинг шафқатсиз дунёсига дуч келади. Ҳар қандай ривоят каби, “Оқ кема” асари ҳам китобхон ва томошабинларга руҳий-маънавий ва эстетик сабоқ беради.

Шу тариқа XX асрнинг 70-йилларидаёқ Ч.Айтматов жаҳон адабиётида бадиият рамзига, янада аниқ айтганда, адабий йўлбошчига айланди. Унинг қисса ва ҳикоялари асосида саҳналаштирилган томошалар дунё театрлари саҳналаридан ўрин олди. Москвадаги “Большой театр” репертуаридан унинг “Сарвқомат дилбарим” қиссаси асосида яратилган “Асал” балети мустаҳкам жой эгаллади.

Адибнинг биринчи романи – “Асрга татигулик кун” 1980 йилда дунё юзини кўрди. Бу – Айтматовга хос улуғ фалсафий роман эди.

Ч. Айтматов асарларини оддий, жонли, ўзига хос бир тилда ёзганки, уларни берилиб, бутун борлиқни унутиб ўқийсиз, асар қаҳрамонлари билан бирга қайғурасиз. У қирғиз халқи маданиятини, турмуш тарзини жуда мукаммал тасвирлайди, нигоҳини ҳаётнинг ички, соф, меҳрли, самимий қатларига қаратади. Шу боис Айтматов асарларини ўқиш мароқлидир.

Чингиз оға ҳаётни қандай бўлса шундайлигича, ҳаққоний тасвирлади. Оддий одамлар ҳаёти, уларнинг урушга бўлган муносабати ҳақида ёзди. Унинг асарлари шу қадар ҳикматга бойки, мухлисни сеҳрлаб қўяди. Ўқиганимизда ҳар гал ўзимизни у тасвирлаган шамоллар оғушида учиб юргандек, у тасаввуримизда яратган ғаройиб олам ичра кезгандек ҳис этамиз.

Чингиз Айтматов асарлари матни ўзининг мазмундорлиги, метафорага бойлиги, инсонларга ҳамдардлиги билан ажралиб туради. Шуни таъкидлаш жоизки, Ч.Айтматов адабиёт учун энг қийин кечган даврларда ҳам ҳамиша ҳалоллигича қолди, виждонини сотмади ва зиёлилар учун ибрат мактаби бўлди, унинг ижоди “тоталитаризмга мухолифат” сифатида танилди.

ЮНЕСКО нашрларида адиб асарларининг жаҳоншумул муваффақияти, унинг бутун дунёда тан олиниши билан боғлиқ қуйидаги хабарлар эълон қилинган: XXI аср бўсағасида Ч.Айтматовнинг асарлари 168 та мамлакатда, 165 та давлат тилида, 67,2 миллион нусхада, 830 марта нашр этилган. Бу рақамлар, албатта, кундан-кун ортиб бормоқда. Адибнинг кўп­лаб асарлари асосида фильмлар яратилди, улар ҳозир ҳам қизиқиш билан томоша қилинади.

Ч.Айтматов таваллудининг 70 йиллиги ЮНЕСКО ташаббуси билан бутун инсониятнинг маданий-маънавий ҳаётидаги улкан воқеа сифатида нишонланди. Адибнинг таваллуди муносабати билан ўтказилган тадбирларда унинг жаҳон адабиёти, маданияти ва санъатига қўшган ҳиссаси эътироф этилди. Шу билан бирга, Чингиз оғанинг жаҳон халқлари учун ўта зарур бўлган дунё тинчлигини сақлаш, барқарорликни таъминлаш борасида кўрсатган хизматлари ҳам алоҳида таъкидланди.

Адибнинг асарлари инсоният цивилизациясини мифологик англашни бошлаб берган XX аср тарих солномасидан мус­таҳкам ўрин олди. Бу борада у ижодиёти жаҳон миқёсида аҳамиятга эга бўлган Томас Манн, Франц Кафка, Альбер Камю, Хулио Кортасар каби атоқли адиблар сафидан жой эгаллади. Чингиз Айтматовни “қирғизларнинг Толстойи”, “қирғизларнинг Гарсиа Маркеси” деб ҳам аташади.

“Ақл-идрок тараққиёти маърифат оламини остин-устун қилиб ўзгартириб юборганидан саросимага тушмаслик керак, балки бу эврилишлар билан муроса қила олишимиз лозим. Бу фикрга кўникиш керак. Саросима ўтиб кетади. Бутун бир маданиятни ўзгартирмоқ керак”, – деб ёзган эди жаҳонга машҳур адиблардан бири, француз донишманди Альбер Камю. Дарҳақиқат, маданият кўз ўнгимизда ўзгармоқда, фақат биз буни сезмаётган бўлишимиз мумкин. Нимага ҳайрон бўлайлик, ахир, Николай Коперник ва Галилео Галилейнинг китоблари ҳам уч асрдан зиёд вақт тақиқланиб, бўғилиб ётди-ку!

Ч.Айтматов дунё миқёсида романга хос янгича тафаккурнинг шаклланишига эътибор билан қаради. Бунда, асосан, дунё ҳалокатини ҳис қилиш, ВАҚТ, ИНСОН, ТАБИАТ ўртасидаги учлик муносабатлари ўта муҳим эди. “Ч.Айтматов ижоди ўзида Шарқ ва Ғарбнинг бадиий ва интеллектуал бирлигини (синтезини) ташиди”.

Ч.Айтматовнинг ҳажм жиҳатдан энг катта китоби бўлмиш “Қиёмат” 1986 йилда нашрдан чиқди. Мухлислар китобни қўлдан қўймай ўқидилар. “Қиёмат” асарида адиб ўз даврида овоз чиқариб айтиш мумкин бўлмаган мавзуларни кўтарди, у Яратганга ишонч, демакки имон хусусида, одамзодга хос бўлган ақл бовар қилмас шафқатсизликлар – имонсизлик ҳақида фикр юритди.

Миф – Чингиз Айтматов ижодининг ажралмас бир қисми. Миф, ривоят ва афсоналар асар матни таркибида ҳозирги воқелик билан тенг мақомда туради. Бу – Айтматов танлаган бадиий усул. У табиатан шундай эди, ўтмишдан сақланиб қолган сеҳр ва фалсафага китобхонларни жалб этишга ташна эди. Зеро, мифлар – аждодларимизнинг бизга йўллаган номаларидир. Таъбир жоиз бўлса, шуни айтиш лозимки, Ч.Айтматов асарларида мусиқа, миф ва афсона уйғунлиги мавжуд. Чингиз оғанинг асарларидаги бадиий оҳангдошлик сири, сеҳри шунда.

“Асрга татигулик кун” романи адиб ижодида сайёравий тафаккур томон бурилиш ясади. Бу асар инсондаги танлаш имкониятларини излаш, топиш, азалий ҳақиқат мавзусига қайтиш, маданиятдаги ўзгаришларни идрок қилиш йўлларини белгилаб берди.

Романнинг асосий қаҳрамони – кичик темир йўл станциясида ишлайдиган оддий қозоқ Едигей. Едигей ва унинг атрофидаги инсонлар тақдири, урушдан аввалги қатағонлар, Иккинчи жаҳон уруши, ундан кейинги оғир меҳнат фронти, одамлар яшайдиган жой яқинида қурилган атом қуролини синаш майдонлари, худди томчида қуёш акс этгандек, мамлакат тақдирига вобаста ифода этилган. Ч.Айт­матовнинг қиссаларида бўлгани каби, “Асрга татигулик кун” романида ҳам туя образи, шунингдек Найман Она ва унинг ўғли – ёвуз ниятли кимсалар қилмиши сабабли манқуртга айланган, авлод-аждодини хотирасидан ўчирган, бефаҳм ва қаҳри қаттиқ бир қаттол – Жўломон ҳақидаги афсона муҳим жой эгаллайди.

“Асрга татигулик кун” романи ҳам бутун дунёда шуҳрат қозонди. “Манқурт” тушунчаси инсон қийматини белгиловчи тамға, борлиқ билан муносабатни узган, енгиб бўлмас қийинчиликлар комида қолган одамнинг ўзига хос рамзи бўлиб қолди.

Менинг: “Нима деб ўйлайсиз, бизнинг ўта мураккаб замонда, айнан манқуртлар – робот-одамлар, бошқалар томонидан мажбуран битта мақсадга йўналтирилган одамлар инсониятнинг келажагини белгилаши мумкинми?” – деб берган саволимга Ч.Айтматов шундай жавоб берган эди: “Ҳамма даврларда ҳам бундай хавф бўлган – манқуртлар инсоният тараққиётига салбий таъсир кўрсатган. Бу хавф ҳозир ҳам бор. Эндиликда инсоният жамияти жуда мўртлашиб қолди. Глобаллашув даврида, ҳар томонлама билимга эга бўлишга ҳаракат қилинаётган бир пайтда миллий маданиятлар кўп ҳолларда ўзлигини йўқотади ва бу албатта манқуртликка олиб келади. Барча миллий маданиятлар биргаликда олинганда ягона тоталитар оммавий маданият қалпоғи остига тушиб қолиши ҳам мумкин. Ҳар қалай, мен демократик тамойиллар бизни тараққиёт томон етаклаши ва даҳшатли воқеаларнинг кучайишига йўл қўйилмаслигига умид қиламан”.

Чингиз Айтматов ижодининг марказида инсон ва жамият муаммоси туради. “Оқ кема” асарида у турмуш билан боғлиқ муҳим масалаларни кўтариб чиқди. У Табиат ер юзидаги барча тирикликнинг онаси эканлигини, Табиатга қарши чиқиш, унга нисбатан қилинган жиноят бутун инсониятни ҳалокатга олиб келиши мумкинлигини барчага маълум қилди, бу ҳақда бонг урди. “Инсоният табиат экологиясидан қалб экологиясига ўтишга ҳаракат қилиши лозим. Бугунги замонда дин ҳам ўз қобиғида биқиниб қолмаслиги, ахборотни ривожлантириш соҳасида олдинга қадам ташлаши керак”, деган эди Чингиз оға.

“Кассандра тамғаси” романини ёзганидан кейин унга космополит-ёзувчи сифатида қарашганини у гоҳ кулиб, гоҳ афсус билан эсларди.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, дунё­даги глобал жараён миллий ўзликни белгилаш, ўзини ўзи англаш, ўзини идентификациялаш билан диалектик жиҳатдан боғлиқдир. Булар бирини-биридан ажратиб бўлмайдиган категориялардир. Уларнинг мунозараси бугунги кунда тарихни ҳаракатга келтирувчи кучга айланди.

Чингиз Айтматов ижодий тафаккури ва бадиий даҳосининг ўзига хос томони шундаки, у бирон-бир асарида, адиб хоҳ “Оқ кема”, хоҳ “Асрга татигулик кун” ё кейинги асарлари бўлсин, ўзининг она юртини тасвирлаш билангина чекланиб қолмайди. У қандай мавзу ё масалани кўтармасин, нимани тасвирламасин, ҳақиқий санъаткор ва файласуф сифатида ҳамиша ўзининг мулоҳазалари ва яратган асарларида уларни умуминсоний манфаат ва муаммо даражасида англашга ҳаракат қилади. Шу боис Ч.Айтматов миллий қобиқни ёриб чиқиб, жаҳоний миқёсга юксалди. Унинг чуқур умумлашмалар ва мулоҳазаларга бой асарлари америкаликка ҳам, олмонга ҳам, япон ва поляк, қозоқ ва рус китобхонига ҳам бир хил куч ва қуд­рат билан таъсир кўрсатади.

Чингиз Айтматовнинг каминага сўзлаб берганларига кўра, 2006 йилда у Германиянинг еттита шаҳри бўйлаб саёҳат қилган, турли давраларда учрашувлар ўтказган, маърузалар ирод этган, ҳатто ўзининг халқпарварлиги билан адибни лол қолдирган ибодатхоналарга ҳам кирган. Айниқса, немис китобхонлари Ч.Айт­матовни ҳайрон қолдирган. Унинг айтишича, “немислар мени шу қадар эътибор билан тинглардики, худди барча ёзганларим уларга тегишлидек”. Эҳтимол, бу каби муносабатлар замини ва уларда эътиборнинг уйғониши – немисларнинг XX аср ўрталарида, Иккинчи жаҳон урушидан чиқарган сабоқлари билан боғлиқдир?!

Инсон ўз наслини сақлаб қолиш учун узоқ асрлардан бери давом этиб келаётган одамкушлик иллатидан бутунлай воз кечиши талаб қилинади. “Чингизхоннинг оқ булути” қиссасининг қаҳрамони бўлмиш юзбоши Эрден хотинига қарата: “Биз ҳали туғилмаган боладан кечишни истамадик”, – дейди. Улар раҳнамоларининг ҳужум пайтида фарзанд кўрмаслик буйруғига амал қилмадилар. Урушлар, бу ҳужум ва наслни давом эттиришга монелик қилувчи тўсиқ ҳамдир. Ч.Айтматовнинг хотирлашича, у болалик пайтида оиласининг ягона бойлиги – сигирини ўғирлаганларни ўлдиришга ҳаракат қилган. Чўлда ёш Чингизга эшак минган бир қария учраб: “Ҳеч кимни ўлдирма… Бу дунё адолатлидир…”, – дейди. Дунёнинг эса адолатсизлиги маълум бўлди. Бироқ ожизлигидан ўксиниб йиғлаётган боланинг қалбида нимадир қолганки, у қариянинг сўзларини унутмади.

“Нима учун асарларингизда ҳайвонлар образи кўп учрайди?” – деб берган саволимга Чингиз Тўрақулович: “Бу энди менинг табиатим, оламни идрок этиш тарзим. Мен инсонни Яратганнинг бошқа жонзотларидан айри тасвирламайман. Бу услубим асарни бутлашга ва камини тўлдиришга ёрдам беради, унга мазмун бағишлайди. “Кассандра тамғаси”даги Кремль бойқушини ўзим ҳам жуда яхши кўраман. Эҳтимол, ўша қуш ҳозир ҳам Кремль минораларида яшаб, ким қайси вақтда келаётганини кузатиб ўтиргандир. Унинг асардаги иштироки воқеани анъанавий тавсифлаб беришдан кўра кучлироқ… Инсон – ақли бор зот, у яратиши ҳам мумкин ва вайрон қилиши ҳам, яхшилик келтириши ва зулм ўтказиши ҳам мумкин. Ҳайвонларнинг эса ҳаракати чекланган. Улар инсонга қарам бўлиб қолган. Инсон ўзига муте жонзотларга нисбатан ўзини қандай тутиши лозимлигини англаши учун ҳам мен уларни асарга киритаман”, – деб айтган эди.

“Тоғлар қулаганда” романининг ҳам мавзуси долзарб: глобаллашув, шоу-бизнес, тоғ қоплонларини тижорат мақсадида овлаш, тунги клублар… “78 ёшда буларнинг ҳаммасини қаердан биласиз?” – деб сўраганимда, адиб шундай жавоб берганди: “Мен тирик жонман, даврнинг томир уришини, тўхтаб-тўхтаб нафас олишини имкон қадар ҳис қилишга ҳаракат қиламан, давр ҳақида қайғураман ва билганларимни ёзгим, кечинмаларимни ифодалагим келади. Глобаллашув даври бошланиши билан кўп нарса ўзгарди. Шу боис менинг романимдаги машҳур опера қўшиқчиси шоу-бизнеснинг қурбони бўлади. У ресторанларда юриб, опера театрида оладиган маошидан кўра юз баробар кўпроқ пул топади. Ва бу фақатгина операнинг муаммолари эмас, балки бутун маданият оламидаги бўҳронлардан дарак беради”.

Буюк адиб “Мангу қайлиқ” романида яна файласуф сифатида намоён бўлди. Романнинг асосий қаҳрамонларидан бири – тоғ қоплонининг тақдири, асарнинг бошқа қаҳрамони – журналист Арсен Саманчин билан чамбарчас боғлиқ. Роман – муҳаббат, яхшилик билан ёмонлик ўртасидаги кураш ҳақида. Зотан, улуғ адиб: “Агар мен нимадир ёза олсам, ҳамиша инсон дунёда ёлғиз эмаслиги, унинг ён-­атрофида бошқа жонзотлар ҳам яшаши ва инсон улар учун, умуман, Ерда кечаётган воқеалар учун масъуллиги ҳақида ёзаман”, – дея эътироф этганди.

Чингиз Тўрақулович олам фуқароси бўлиб, унинг чуқур бадиий-фалсафий қарашлари, қаҳрамонларининг ҳаётга бўлган муҳаббати чексиз эди. У ўз ижодида жаҳон адабиётининг халқ ҳаёти билан боғлиқ йўналишларини тадқиқ этди. Чингиз оға Шарқнинг чуқур фалсафаси ва Европа адабиётининг энг сара анъаналарини ўз асарларида мужассамлаштирди. Шу маънода у – муҳташам Евроосиё макони адабиётининг энг улкан намояндаси ҳамдир.

Бугунги кунда давлатимиз раҳбари илгари сураётган китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ғояси кишидан чинакам маънавиятли ва маърифатли бўлишни талаб қилади. Шунинг учун ҳам бугун китобга эҳтиёжимиз, китобхонликка эса эътиборимиз кучли. Энг муҳими, Президентимиз бу соҳада ҳам барчамизга амалда ўрнак ва намуна бўлмоқда.

2017 йилда улуғ қирғиз адиби ва машҳур жамоат арбоби Чингиз Айтматовнинг “Танланган асарлар”и нашр этилди.

Китобга Президентимиз “Ўзбек халқининг улкан ва ардоқли дўсти” номли кириш сўзи ёзган. Унда, хусусан, шундай самимий фикрлар бор: “Ўзбекистонда бу улуғ ижодкорнинг китоблари кириб бормаган бирор хонадонни, унинг гўзал қисса ва романларини ўқимаган, улар асосида яратилган кинофильмларни томоша қилмаган бирон-бир кишини топиш қийин, десак, адашмаган бўламиз. У нафақат қирғиз халқи, айни пайтда, бутун туркий халқлар, жумладан, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва суюкли сиймо, десак, бу ҳам айни ҳақиқат”.

Чиндан ҳам, биз улуғ қирғиз адибининг аксарият асарларини ўз она тилимизда анчадан буён ва қайта-қайта мутолаа қилиб келмоқдамиз. Бу бежиз эмас. Зеро, шундай асарлар борки, уларни яна ва яна мутолаа қилгинг, адиб гавдалантирган қаҳрамонлар билан эски қадрдон дўстинг билан учрашгандек қувончни ҳис этгинг, камтар ва софдил қўшнинг каби ўша оддий одамларнинг ўзингга таниш кўринган ҳам мароқли, ҳам изтиробли турмуши оламига шўнғигинг келади.

XX асрнинг энг машҳур ёзувчиларидан ҳисобланган буюк қирғиз адиби Чингиз Айтматовнинг қисса ва романлари ана шундай китоблар сирасига киради. Шу ўринда фақат кейинги етти йилнинг ичидагина мамлакатимиз нашриётларида адибнинг ўнлаб китоб­лари чоп этилгани диққатни тортади.

Машҳур немис файласуфи Ф. Шеллинг таъкидлаганидек, Ч.Айтматов “замон ва оламни қалбига сингдириш салоҳиятига эга бўлган” инсонлар сирасидандир. Айнан шунинг учун ҳам у кўпчиликдан ўзиб, ғоялар ифодачиси сифатида танилди ва фақат ўзибгина кетмасдан, балки ўз даврининг йўқотиш­лари, ютуқларини ҳам белгилаб бера олди.

Ишончим комилки, йиллар ўтгани сари Чингиз Айтматов асарлари бутун жаҳон адабиётида янада кўпроқ аҳамият касб этиб боради, улуғ адибнинг номи, худди юлдузлар жойида қоим турганидек, янада янгича жилоланаверади. Унинг қутлуғ номи буюк адиб, файласуф ва инсонпарвар зот сифатида мангуликка дохиллигича қолади.

Акмал САИДОВ,

академик.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × four =