Маънавий уйғоқлик ва огоҳликка чорлов

Жорий йилнинг 11-12 декабрь кунлари пойтахтимиз Тошкентда бўлиб ўтган “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусидаги халқаро конференция фаолияти нафақат юртимизда, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида жуда катта қизиқиш уйғотди.

Маълумки, Туркистонда Х аср охири – ХХ аср бошларида юзага келган жадидчилик ҳаракати вакиллари ўлкани мустамлака кишани ҳамда асрий қолоқликдан озод этиш, мазлум халқ қалбига маърифат зиёси, миллий ўзлик ва эрк туйғусини сингдиришни олий мақсад қилган эдилар. Шу тариқа улар Ўрта Осиё тафаккури тарихида ўзига хос янги Уйғониш даврини бошлаб берганлар. Афсуски, мураккаб тарихий шароит жадид боболаримизга ўз мақсадларини тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилган.

Сталин қатағонлари даврида жадид маърифатпарварларининг асосий қисми жисмонан йўқ қилинди. Ҳурриятни байроқ қилиб чиққан инсонларга “миллатчи” ва “халқ душмани” тамғаси босилди. Маърифатпарвар боболаримиз ёзган бадиий, илмий ва публицистик асарлар халқ қалбида эрк туйғусини жўш урдириши, миллий ўзликни уйғотиши мумкин эди. Шу боис шўро пропаганда машинаси миллатнинг чинакам зиёлилари номини халқ қалби ва хотирасидан буткул ўчиришга ҳаракат қилди, ҳатто жадид адабиётини ўқиш тақиқланди. Зотан, қизил империя халқни тарихий хотираси ва миллий ўзлигидан маҳрум этиш орқали осонгина бошқариш ва ўз измига солишни кўзлаган эди.

Абдулла Қодирий ва Абдулҳамид Чўлпон қаламига мансуб асарлар айрим қисқартиришлар билан чоп этилган бўлса-да, халқимиз ўзининг улуғ фарзандлари номини унутмаган эдилар. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Мунавварқори Абдурашидхонов, Худойберган Девонов, Исҳоқхон Ибрат каби пешқадам маърифатпарварлар номи, тор доирадаги мутахассисларни инобатга олмаганда, кенг жамоатчиликка нотаниш бўлгани бугун тасаввурга ҳам сиғмайди.

Бугун юртимизда миллий ўзликни уйғотиш, халқнинг маънавий, тарихий ва маданий меросини тиклаш масаласи давлат сиёсати, стратегик вазифа даражасига кўтарилди. Жадид ҳаракати вакилларининг 60 йил давомида темир сандиқларда сақланган асарлари яна ёруғ дунё юзини кўрди, уларнинг илмий-адабий мероси кенг тадқиқ этила бошлади, маърифатпарварларнинг ғоялари ва фаолияти ўрта ҳамда олий таълим дастурига киритилди.

* * *

Тошкент шаҳрида “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусида халқаро илмий анжуман юқори даражада  бўлиб ўтди. Унда юртимизнинг ҳамда дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан келган таниқли олимлар, тарих соҳаси вакиллари иштирок этишди.Тадбир Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва Туркий давлатлар ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқаро конференция иштирокчиларига йўллаган мурожаатини Президент маслаҳатчиси – спичрайтер Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди. Президент табригида, жумладан, шундай дейилади:

“Барчамизга аёнки, “Тилда, фикрда, ишда бирлик” деган эзгу ғоя билан майдонга чиққан жадид боболаримиз халқларимизни жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш, уларни ғафлат ботқоғидан қутқаришнинг асосий йўли — билим ва маърифатда, дунёвий тараққиётни эгаллашда, деб билдилар.

Улар шу йўлда фидойилик кўрсатиб, янги усул мактаблари, театр ва кутубхоналар, нашриётлар очдилар. Жамият аъзоларининг дунёқараши ва турмуш тарзини ўзгартириш мақсадида газета ва журналлар нашр этдилар. Ёшларни илғор давлатларга ўқишга юбордилар.”

Таъкидлаш лозимки, глобал геосиёсий вазиятдаги жараёнлар таъсирида халқларнинг онг-шуурида юз бераётган ўзгаришлар ҳамда бунинг натижасида ёш авлоднинг миллий тарихимизни ўрганишга бўлган талабининг ошиши конференциянинг долзарб аҳамиятини белгилаб берди.

Ўзбекистон Президенти ўз чиқишларида бер неча бор таъкидлаганидек, ўз замонасининг илғор вакили бўлмиш жадидлар ўта мураккаб бир шароитда миллий уйғониш ва тараққиёт ғояси билан майдонга чиқди. Уларнинг ташаббуслари ҳамда эзгу амаллари жамиятда чуқур акс садо берди ва қудратли кучга айланди.

Қолаверса, давлатимиз раҳбари жадид боболаримизнинг гуманистик ғояларини юксак баҳолар экан, эркин фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий демократик давлат қуришда уларнинг тамойилларига таянишимиз лозимлигини қайд этган.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси Саида Мирзиёева сўзга чиқди. Нотиқ турли мамлакатлардан конференцияга ташриф буюрганларга миннатдорчилик билдириб, мамлакатимиз учун энг муҳим мавзулардан бири – миллат таълим-тарбияси масаласини муҳокама қилиш ва Ўзбекистонда жадидлар бошлаган ишларни давом эттириш вақти аллақачон етиб келганини таъкидлади. Жадидларнинг ғоялари, уларнинг орзу-интилиш­лари Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиё­сатида ўз аксини топмоқда, десак ҳақиқатдир. Давлат раҳбари етакчилигидаги Янги Ўзбекис­тон жадид боболаримиз орзу қилганидек, дунё­вий ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жа­миятини бунёд этиш, сифатли таълим тизимини яратиш, сўз эркинлиги ва очиқликни таъминлаш йўлидан дадил одимламоқда.

Саида Мирзиёева алифбони ислоҳ қилиш масаласининг аҳамиятига ҳам эътибор қаратиб, ўтган йиллар давомида миллий алифбомизни ислоҳ қилиш борасида кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилгани, қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтгани, аммо масала ҳамон очиқ турганини қайд этди.

Анжуманда Туркий тилли давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев, Халқаро туркий маданият ташкилоти – Турксой Бош котиби Султон Раев, Халқаро Туркий академия президенти Шаин Мустафоев, Туркий маданият ва мерос халқаро жамғармаси президенти Актота Раимқулова ҳамда АҚШ, Германия, Нидерландия, Озарбайжон, Туркия, Швеция, Россия, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Япония сингари мамлакатлардан ҳам таниқли олимлар қатнашди.

 

Адиб ХАЛИД,

америкалик тарихчи:

– Тарихда аксарият мусулмон жамиятлари мустамлака қилинган. Марказий Осиё улардан бири эди. Ўшанда мусулмон зиёлилари нима қилмоқ керак, деган саволга жавоб беришга интилган. Марказий Осиёда замонавий миллий ўзликни шакллантиришда жадидлар ўта муҳим роль ўйнаган. Ва менинг илмий ишларимнинг деярли катта қисми шу масалаларга бағишланган. Муҳим масалалардан бири жадидчиликнинг мустамлакачилик ва замонавий таълим учун кураш шароитида вужудга келганида. Бугун эса Ўзбекистон суверен давлат. Мустамлакачилик муаммо эмас, таълим ҳам. Чунки Ўзбекистоннинг умумхалқ таълими мавжуд. Шундай қилиб, бу саволларга ўрин йўқ. Лекин менимча, ислом ва замонавийлик ўртасидаги уйғунлик масаласи ҳамон долзарблигича қолмоқда.

 

Баҳодир КАРИМ,

филология фанлари доктори, профессор:

– Бир замонлар бўлдики, жадидчиликнинг ижтимоий-сиёсий, давлатчилик жиҳатлари муҳокама қилинмади. Ваҳоланки, 72 кун умр кўрган Туркистон мухторияти тарихдаги энг катта, энг гўзал ҳодисадир. Ва айни дамда энг фожиали, қонга ботирилган ҳодиса ҳам. Ўшандан кейин Чўлпон “Бузилган ўлкага”, деб шеър ёзди. Кейин шоирнинг “Эй, гўзал Туркистон, сенга не бўлди?”, “Эй, гўзал Фарғона қонли кўйлагингдан айланай” деган сатрлари ёзилди. Лекин Чўлпон айнан мана шу шеърининг охирини бир умид билан якунлаган. Яъни, бу мамлакатда келажакда ойдин, гўзал кунлар бўлади деган маънодаги фикрлари бор. Ана шу умидли кунларда биз яшаяпмиз.

 

Аҳмет Бижан ЭРЖИЛАСУН,

Туркиянинг Гази университети профессори:

– Жадидчилик ҳаракати Ўзбекистонда, Қозоғистон, Туркия, Германия, Японияда, Америкада, дунёнинг кўплаб нуқталарида ўрганилмоқда. Айтишим керак, жадидчилик Туркистоннинг умум ҳаракатидир. Бунда ёлғизгина ўзбек жадидчиларини эмас, қозоқ, қрим, урал жадидчиларини ҳам бирга ўйлаш керак.

 

Ҳамидулла БОЛТАБОЕВ,

филология фанлари доктори, профессор:

– Жадидлар олдига 9 та асосий йўналишни қўйган эди. Улар ичида биринчиси, истиқлол эди. Истиқлолга бундан 32 йил аввал эришдик. Кейинги масала, ўзликни таниш ва дунёга таништириш бўлган. Бу 1-2 йил ёки ислоҳот билан амалга ошадиган ҳодиса эмас. Шунинг учун улар қўйган муҳим масалалардан бири шу. Ёки бўлмаса ўзбек тилини дунё миқёсида жорийланиши ҳам муҳим йўналиш сифатида кўрилган. Жадидлар Алишер Навоий даражасидаги ёзувчилар етишиб чиқишини орзу қилишган. Шунинг учун ҳам Қодирий, Беҳбудий, Фитрат, Чўлпонлар улуғ ва гўзал асарлар ёзиб қолдирди. Назаримда, жадидлар бошлаб берган йўл давом этади. Уларнинг улуғвор ва эзгу ниятлари бир кун келиб тўлиқ амалга ошади.

Ҳисао КОМАЦУ,

Япониянинг Токио университети профессори, турколог:

– Абдурауф Фитратнинг “Мунозара” асарини жуда таъсирланиб ўқиганман. Кейин Фитратнинг фаолияти ҳамда бошқа ёзган асарларини ўқиш ва ўрганишга қизиқишим ортди. Япо­нияда мендан аввал ҳеч бир одам жадидчилик ҳаракати ҳақида китоб ёзмаган. 2018 йилда Японияда жадидлар тўғрисида китобим нашрдан чиқди. Монографиямда Абдурауф Фитрат, Беҳбудий, Чўлпон, Мунаввар қори каби жадид­чилик намояндалари хусусида маълумот берилган.

* * *

Нуфузли тадбирнинг иккинчи куни ҳам қизғин давом этди. Бир қатор давра суҳбатлари ўтказилди. Мулоқот кенг жамоатчилик учун очиқ бўлди. Учрашувда олимлар Темур Хўжаўғли, Адиб Халид, Ҳисао Комацу, Зайнобиддин Абдурашидов ва дунёга машҳур тарихий сериаллар муаллифи Меҳмет Бўздоғ иштирок этишди.

Конференция доирасида жадидлар ва умуман, жадидчилик ҳаракати: унинг туғилиши, ривожланиши, қадриятлар учун курашиши, бос­тирилиши ва Янги Ўзбекистон замонида ушбу ғояларнинг қайта дунёга келишига бағиш­ланган “Хотира йўлаги” экспозицияси тақдим қилинди.

Шуни алоҳида айтиш жоизки, миллий ўзликни, улуғ қадриятларимизни эъзозлаш, яқин тарихимизни янада яхшироқ, чуқурроқ ўрганиш, ҳурлик ва истиқлол туйғусини баланд тутиш, улуғ бир миллат сифатида қандай ёрқин инсонлар етишиб чиққани, буюк боболаримиз жасорати, бебаҳо меросини дунёга таништириш йўлида ташкил этилган мазкур халқаро анжуман Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қўллаб-қувватлови, ғояси билан ташкил этилгани диққатга моликдир.

Ислом ЭГАМБЕРДИ ўғли,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − four =