Соҳибқирон салтанати

ёки жаҳон цивилизациясида буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темурнинг ўрни ҳақида

 

Ҳар бир инсон ҳаётда ҳар соҳада ўзини ҳақман деб ўйлайди, лекин унинг бу ҳақиқатини ҳамма ҳам тан олавермайди. Аммо шундай инсонлар бўладики, бундайларнинг ҳақиқатини хоҳлабми-хоҳламайми ҳамма тан олишга мажбур бўлади. Уларнинг биринчиси шунчаки Инсон деб юритилади (сўзнинг биологик унсур маъносидаги “Одам” деган синоними ҳам бор). Иккинчиси эса Шахс деб аталади.   Ҳа, барча замонлар ва даврларда ҳақиқати тан олинадиган ва бош ҳарф билан ёзиладиган Шахслар кўп ўтган. Шуларнинг бири, шубҳасиз, Соҳибқирон Амир Темур ҳазратларидир. Инсоният тараққиётининг ҳозирги босқичида бу муҳташам зот шахсиятига қизиқиш тобора кучайиб бормоқдаки, бу ҳол замон ва макон нуқтаи назаридан қонунийга ўхшайди.   Дунё худди ХIII асрдагидек бир ажаб тарзда эврилаяпти. Ижтимоий ҳаётда янги ғоялар, тузум ва тизимлар, ёндашувларга эҳтиёж бордек. Иккинчидан, юртимиз мустақиллиги туфайли Соҳибқирон меросини чинакамига ўрганиш даври бошланди ва бундай саъй-ҳаракатлар туфайли бобокалонимиз хазинасидан айни замонавий муаммоларни бартараф этишнинг янги-янги ечимлари, манбалари кашф этилмоқда. Жумладан, “Амир Темур ва Ғарб” мавзусида айтиладиган, тадқиқ этиладиган гаплар, янги ҳақиқатлар   анча-мунча.

Умумий маънода Ғарб, яъни кун ботиш, аниқроғи — Европа материги, истиоралар билан таърифланганда “Кўҳна қитъа” кўплаб файласуфларнинг нуқтаи-назарида муросасиз, баджаҳл эркак сифатида таърифланган (Осиё эса, аксинча, меҳрибон ва саховатли аёл тимсолида). “Ғарб – эркак ақли, жазавали қудратни тақдим этади. Шарқ эса мулоҳазага таянадиган аёл ақлини тақдим этади. Редьярд Киплинг таъкидлаганидек, Шарқ ва Ғарб ҳеч қачон учрашмайди. Бу айни ҳақиқат, чунки учрашиш имкони йўқ, негаки уларнинг ҳаракат тарзи бутунлай тескари, қоқ бўлинган икки қутбда. Ғарб агрессив, илмга зўр берган, табиат устидан ғалаба қилишга тайёр. Шарқ эса агрессив эмас, мулоҳазали — табиатга бўйсунишга тайёр…” (Ошо. “Философия Переннис”. М., 2002 г.).

Гарчи цвилизациянинг илк куртаклари шу маконда, яъни Ғарбда пайдо бўлган эрса-да, бу жараёнлар қизғин курашлар, қирғин-баротлар, вайронгарчиликлар оламида кечган. Помпей харобалари, Карфагеннинг таслим этилиши, Бастилияга ҳужум, улардан ташқари юз йиллик, ўттиз йиллик, етти-ўн йиллик урушлар, икки марта Жаҳон уруши, Ватан урушлари… буларнинг саноғи узун, бўҳронлар шунчалик кўпки, кўҳна қитъа заминида тарих қўрғошин эритмалари билан дарж этилганга ўхшайди.

ХIII асрга келиб Европада саноат инқилоби бошланди, шаҳар маданияти ривожаланди, одамлар чекка ҳудудлардан обод масканларга оқиб кела бошлади. Ана шу даврда Рим папасининг мавқеи жуда юксалди ёки унинг юксалган обрўси ижтимоий ҳаётда бир кўтарилишга туртки бўлди. Ҳар ҳолда биринчи марта 1095 йил Клерман собори майдонида папа Урбан II томонидан оқ йўл тиланган Салибчилар   юриши Исо қабрини излаш баҳонасида 1272 йилгача қуёш йўналишига қарши, яъни Шарққа томон тўққиз марта сафар қилди ва осуда дунёни чинакамига ларзага келтирди. Аслида “Мазлумларни салжуқ туркларининг зулмидан қутқариш”ни шиор қилган бу ҳаракат чиндан ҳам Ғарбу Шарқда ғулу солди ва барча қадриятларни остин-устун қилиб, аралаштириб ташлади. Бинобарин, Рим папаси ана шундай салоҳиятга эга тузилма эканини амалда кўрсатди. Албатта, зарба ўзига қарши зарбани чақиради. Салибчиларга қарши нафақат туркийлар олами, балки жами ислом дунёси оёққа турди ва бу мислсиз муҳорабанинг натижалари бутунлай кутилмаган бўлди. Табиатида жанговарлик, нафақат жанговарлик, балки оташин ватанпарварлик бўлган туркийлар ислом байроғи остида бирлашдилар, шу билан бирга ҳудудлардаги диндошларини ҳам оёққа турғаздилар. Бу бирлашишнинг натижаларини солномалардан топса бўлади. Натижалардан бири — Кичик Осиё­­да умргузаронлик қилаётган туркийлар ўз давлатини тузиб, оёққа турди, 1230 йиллардан бошлаб уларнинг атроф-теваракка, биринчи навбатда Византияга босими кучайди.

Тарихдан маълумки, Византия давлати э.ав. VII асрдан мавжуд эди, у қулаган Рим импе­рияси (117 йил)нинг бўлаклари — Афина, Спарта, Рим, Македония шаҳарлари, форслар, эллинлар ҳисобидан   Буюк Константин (272-337)нинг саъй­-ҳаракатлари туфайли қайта тикланди, кучайди, ҳатто уни Шарқий Рим империяси деб ҳам атай бош­ладилар. Тарихий қонуният уларни ҳам четлаб ўтмади, юксак ривожланишдан кейин таназзул бош­ланди. Империя парчаланиб кетган бўлса ҳам маркази Константинополь (330 йилдан) бўлган давлат бўлаклари ҳали даври-даврон сурар, унинг ворислари ўз таъсирини кенгайтириш учун тинмай ҳаракат қиларди. Болқонда (яъни, Кичик Осиёда) Салжуқ турклари давлатининг юксалиши эса Византиянинг осуда кунларига чек қўйди, ҳаловатини бузди. Албатта, мағлубият шунчаки қабул қилинмасди. Энди ўртада ҳаммасини ҳисоб-китоб қилиши лозим бўлган тўқнашув юзага келиши аниқ эди.   Бу муҳорабада диний омиллар етакчилик қилди.

* * *

Албатта, вазиятни дунёда христиан руҳининг устувор бўлиши учун ўзини масъул деб билган, бу ҳолни Салиб юришларига раҳнамолик қилиш билан кўрсатиб қўйган Рим папаси ҳушёрлик билан кузатиб турарди. Худди шунингдек, Усмонли туркларнинг Кичик Осиёда мавқеи ошиб бораётгани, Византиянинг позицияларини бой бераётгани черковни ташвишга солмай қўймасди. 1389 йилдаги Косово жангида Усмонлиларнинг ишончли ғалабаси уларнинг кўзини очиб қўйди. Бу пайтга келиб, ҳақиқатан, ўз жанговарлиги билан танилган туркийлар моҳир саркардалар Эртўғрул – Усмон – Урхон – Мурод (Косово жанги қаҳрамони) замонида чинакам юксакликка эришганди. Уларнинг ғалабалари Европанинг юрагига ғулғула солган, ҳатто етакчилик тахтига ўтирган Боязид I ҳеч ким тўхтата олмайдиган “Йилдирим – шамолдан ҳам тез” деган лақаб олган эди. Унинг музаффар юришлари давом этарди. 1393 йилда турклар томонидан мустаҳкам қалъалардан Никополь эгалланди, шу билан Болгария қироллиги тугатилиб, унинг ҳудуди Туркияга қўшиб олинди. Венгрия, Венеция хавф остида қолди. Генуя денгиздаги ҳукмронлигини бой бера бошлади. Усмонлиларнинг бундай зафарли юришларидан ўша пайтдаги Рим папаси Бонифаций IХ ташвишга тушиб қолди ва 1394 йилда яна Салиб юришини эълон қилди. Бу туркларнинг муттасил ошиб бораётган таъсирини жиловлаш учун сўнгги чора эди.

Ана шундай шароитда эълон қилинган Салиб юриши қандай кутиб олинди? Афсуски, бу мурожаат етарли даражада пўртана қўзғай олмади. Замонлар ўтиши билан қаҳрамонлар ҳам ўзгарган, куч бир қутбдан бошқасига ўтган эди. Рим папасининг бу илтижоси, яъни темир совут ёпинган рицарларнинг майдонга чиқишга чорлови ҳавода қолиб кетди. Бу чақириқ биронта христиан давлат бошлиғи томонидан қўллаб-қувватланмади. Аввало, бунга   черков ҳаётида ички зиддиятлар юзага келгани ва Англия-Франция ўртасида давом этаётган юз йиллик урушнинг яна қўзғалгани сабаб қилиб кўрсатилса-да, омад юлдузи иккинчи томонда порлаётган эди: ғолиб Усмонлиларнинг зарбини унутишмаганди. Лекин Йилдирим Боязид бошлиқ осиёликлар нафақат Европага, балки Рим черковига ҳам катта хавф эди. Буни назардан қочирмаган папа янги режалар билан банд бўлди.

Нима бўлганда ҳам таҳлика остида қолган черков барча воситаларини ишга солиб, Боязидга қарши юришни уюштиришга эришди. Бу пайтда юз йиллик урушда вақтинча сулҳ тузилган эди ва Франциядан қирол Карл VI ўз қўшини билан майдонга чиқадиган бўлди. Венгрия қироли Сигизмунд ҳам бой берган ҳудудларини қайтариб олиш илинжида майдонда талабгор эди. Умуман, манбаларда қайд этилишича, французлар, инглизлар, голландлар, испанлар ва бошқа халқ вакилларидан иборат юз мингга яқин лашкар Боязидга қарши йўлга тушади. Унга юз йиллик уруш фронтларида чиниққан, тажрибали француз маршали Жан ле Менгр Бусико қўмондонлик қиладиган бўлади. Бу мислсиз тўқнашув 1396 йил 25 сентябрда Никополь шаҳри яқинида рўй беради. 60 минг аскарга эга бўлган туркларнинг бу жангини кейинчалик мутахассислар ҳарбий салоҳияти юксалган Боязиднинг бутун Европа олдидаги намойишкорона чиқиши деб баҳолашади. Жанг христианлар қўшинига заррача имконият қолдирмай, турклар фойдасига ечим топади. Боязид рақибларига асло шафқат қилмади, ҳатто асир тушганларни ҳам батамом қириб ташлади. Яничарлар ва серб суворийлари ўзини кўрсатди. Шу билан тарозининг шайини Осиё томон оққандек бўлади.

Маълумки, худди шу паллаларда воқеалар саҳнасида Амир Темур бошлиқ Самарқанд қўшини ҳам фаол эди ва айнан шу ҳудудларда ўз миссиялари билан банд эди.   1395 йил бошида Тўхтамишнинг шаккоклигига қарши йўлга чиққан Турон лашкарининг илк қадами апрель ойида Терек ва Қура дарёлари ҳавзасидаги мисл­сиз тўқнашувда зафар билан ниҳоясига етгач, сулҳпарвар ва тинчликсевар қўшин салтанатда осойишталик ўрнатиш вазифасига киришиб кетади. Ҳамма ишлар муваффақиятли уддаланиб, музаффарият билан юртга қайтилди ва шундан кейин Соҳибқирон фаолиятида нисбатан муқим давр бошланди. Агар Ҳиндистон сафарини ҳисобга олмасак, юз йилликнинг бошигача Мовароуннаҳрда тинч, бунёдкор ҳаёт давом этди.

Аммо Европани ларзага солаётган янги куч – Йилдирим Боязидни жиловлаш борасидаги ҳаракатлар тўхтамаётгани аниқ эди ва папанинг сиртдан қараганда нисбатан тинч қароргоҳида катта тўфонларга сабаб бўладиган режалар тузилаётгани ҳам сир эмас, яъни мантиқ тақозоси эди. Христианлар Никополдаги мағлубият аламини унута олмас, унинг ўрнини қоплаш учун минг-бир чора изларди. Жумладан, папа Бонифаций IХ (1356-1404 й., 1389 йилдан умрининг охиригача шу мансабда) 1398-99 йиллар орасида ҳам Европа давлатларини император Мануэл II Полиологни қувватлаб ва Усмонли турклар тазйиқи остида қолаётган Константинополни ҳимоя қилишга чақириб, бир неча марта мурожаат билан чиқди, аммо ҳеч ким унинг даъватларига жавоб бермади. Гапнинг сирасини айтганда, Боязид муаммосини ҳал қилиш ялакат Рим папасининг зиммасида қолгандек эди. Гўё диний раҳнамо жанг майдонида юрагини олдириб қўйган ношуд болаларини қутқариш учун чора топиши керакдек туюлаётганди. Зотан, билмадик, ҳазрат папа ҳар куни неча марта самога илтижо қилиб, иконаларга чўқиниб, тилагининг мустажоб бўлишини сўраган, аммо христиан руҳининг устуворлигини таъминлаш учун нажот излагани бор гап. Вақти келиб, тадқиқотчилар томонидан кардиналлар, епископлар, попларнинг архивдаги ҳисоботлари ўрганилса, вазият яна ҳам ойдинлашиши мумкин. Нима бўлганда ҳам папанинг тинч ўтирмагани аниқ. Албатта, бу юмуш черков талабларига кўра ўта махфий ва сирли тарзда олиб борилар, сукунатга чўмган хоналарда роҳиблар мураккаб шахмат масаласига ечим излагандек мук тушиб, турли муқобил йўлларни тарозига қўйишарди.

Тахминан, илтижолар ижобат бўлганга ўхшайди. Аниқ бир ҳолат юзага келаётганди: икки енгилмас саркардани бир-бирига гиж-гижлаш! Бу тўхтамга асос — тобора кучайиб бораётган ва туркийлар мақолида таъкидлангани сингари “Икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамайди” мантиғидан келиб чиқиб, Шарқдан Темурбекнинг, Ғарбдан Боязиднинг тобора кучайиб бораётган шон-шавкати масала ечимига калит бергандек бўлади. Барча қонуниятларни рад этиб, Шарқ ва Ғарбнинг учрашиши, аниқроғи, тўқнашиши тобора тақдир тарозисига қўйилаётгани аниқ бўлиб қолаётган, яъни шу йўл танланаётган эди. Негаки, айни кучга тўлган турк саркардасига рўбарў бўладиган салоҳият Европада мавжуд эмаслиги кундек равшан эди, папанинг чақириқларининг изсиз кетгани буни яққол тасдиқларди. Билъакс, Самарқанд ҳукмдорининг мавқеи ҳам чек-чегарасиз эди, яъни муносиб рақиб тайёр, фақат ўйин ташкил қилинса бас. Хуллас, Болқон ярим оролида катта театр юзага келаётган, фақат унинг сценарийси яратилиб, парда кўтарилса, томоша нақд эди. Таажжубли томони шундаки, вазият ҳам ана шу қалтис нуқтага жадал яқинлашаётган, қайсидир ўринларда манфаатлар тўқнашаётган, йўллар кесишаётган эди.

* * *

…Самарқанд тарафда осуда кунлар поёнига етаётгандек эди. Ғарбдан муттасил ташвишли хабарлар кела бошлади. Булар, аввало, Форс ҳукмдорлигига қўйилган Мироншоҳ мирзо фаолияти билан боғлиқ эди. Бундан ҳам муҳими ва тинчлик бермайдигани Болқонда Соҳибқиронга қарши йирик иттифоқ (коалиция) юзага келаётганди. Тор-мор қилиб ташланган Олтин Ўрда ҳукмдори Тўхтамишнинг элчилари Боязиднинг саройига боргани ҳақида маълумотлар бор эди. Бу сафар, албатта, шунчаки меҳмондорчилик эмас, давлатлар тақдирига дахлдорлик даражасида муҳим эди. Аламзада Тўхтамиш (1) ўзига иттифоқчи излаётган, уни Боязид ҳам мамнуният билан қабул қилганди. Шунингдек, жалойирийлар етакчиси Султон Аҳмад (2), Миср султони Зоҳир Барқуқ (кейин ўғли Фараж) (3),   курдлар раҳнамоси қози Бурҳониддин (4), қорақуюнли туркманлар сардори Қора Юсуф (5) ўзаро тил бириктираётгани аниқ эди. Агар улар ўртасида мустаҳкам иттифоқ юзага келса, бу тузилмани енгиш мумкин бўлмасди. Ҳозиргача уларнинг бирлашишига йўл қўйилмади, бунинг учун барча чоралар кўрилди, ҳар бири билан яккама-якка ҳисоб-китоб қилиб борилди. Қолаверса, 1395 йилги муҳорабалардан, яъни Москва эгалланганидан сўнг зудлик билан ортга қайтилганининг бош сабаби ҳам шу эди. Соҳибқирон ўзига қарши кучларнинг бирлашишига йўл қўймай келаётганди.

Вазиятни аниқ ҳис қилган Соҳибқирон Амир Темур жиддий тайёргарлик билан 1399 йил кузида Самарқанддан йўлга чиқди. Кавказ ва Форсдаги юмушлар суробга келтирилиб, шу йил қиш Қорабоғда ўтказилади. Баҳор келиши билан қўшин йўлга чиқиб, ҳавоси ёқимли, яйловлари серўт Мингкўл водийсига келишди. Бу катта юришдан хабар топган Византия империясининг элчилари биринчи марта Соҳибқирон даргоҳига ташриф буюрдилар. Аниқроғи, Венеция савдогарлари бой совға-саломлар билан келиб, турк султони Боязид уларнинг бир қисмини асирга тушириб, молларини тортиб олгани юзасидан арз қилдилар. Ёрдам сўраб келган жабрдийдалар яхши кутиб олинди, иззатларини жойига қўйиб, кузатиб қўйилди. Гўё шу билан дарёлар иккига ажралди.

Албатта, келганлар шунчаки “савдогар”лар эмас, балки ҳар бири маълум мақсадни кўзлаб юборилган айғоқчилар бўлгани эҳтимолдан холи эмас. Негаки, Европа бу борада катта тажрибага эга эди, Рим папасининг назоратида бўлган Гийом Рубрук бошлиқ вакиллар ҳам турли қиёфаларда 1252 йиллардаёқ махсус миссияни бажаришга сафарбар қилинган, улар ҳатто Қорақурумга, Ботухоннинг қароргоҳигача боришга муваффақ бўлишганди. Ва бундай разведка (мухобарат) ҳаракатлари узлуксиз давом этиб турган эди. Умуман, икки кучни юзма-юз қилиш учун дипломатияда синалаган барча усулларнинг қўлангани бор гап, негаки, вазият қалтис, бутун Болқоннинг тақдири қил устида турар, Византия империяси эртанги кунига маҳтал бўлиб яшаётганди. Вазият эса уларнинг фойдасига ишлай бошлади.

Шубҳасиз, ўз ҳудудида катта имкониятларни қўлга киритган, ҳали майдонда бирон марта ҳам енгилмаган Боязид ўзини тенгсиз ҳисобларди. Ғалабалардан масрур қўмондан ҳамма нарса унинг иродасига кўра ҳал бўлишини хоҳларди. Шу туфайли Амир Темурга муттасил қаршилик кўрсатиб келган Султон Аҳмадни паноҳига олган, Қора Юсуфни қўллаб-қуватлаб келаётганди. Ниҳоят, икки тарафнинг масалаларга ойдинлик киритиш фурсати етишди ва Соҳибқирон Боязидга хат билан мурожаат қилди. Бундай ёзишмалар кейинчалик ҳам давом этди ва уларнинг батафсил шарҳи алоҳида тадқиқотларнинг мавзуси, натижа шу бўлдики, кучларнинг майдонда очиқ тўқнашувга чиқиши заруратга айланди. Бунда мусулмончилик одоблари ҳам, қондошлик талаблари ҳам, диний манфаатлар ҳам иш бермади, кўринмас кучлар шундай ишладики, ҳаммасини четга суриб ташлаш ва икки ака-ука биродарнинг очиқ майдонда ёқалашиши, бошқаларга томоша бўлиши кун тартибига чиқди. Бу муҳорабанинг асоратлари ҳақида   гапиришга ҳали эрта эди.

“Қўлга тушмаган ўғри – ўғри эмас” деган гап бор. Нафсиламрини айтганда, тарих юзида қора доғ бўлиб қолган ва тараққиёт шайинини оғдириб юборишгача дунё цвилизациясига таъсир этган бу ҳарбий театр томошасининг тайёрланиш жараёни, унинг иштирокчилари ҳақида ҳужжатлар орқали фикр юритиш мумкиндир, аммо мукаммал хулоса чиқариш қийин кечар, негаки, руҳий ҳолатлар ҳеч қаерда қайт этилмаган. Майдонда икки Шахс юзма-юз турарди, уларнинг ҳар бири ўзича ҳақ ва ҳолат, мавқе тақозаси шунчаликки, муросага ўрин йўқ, ўрин қолмаган. Вазият шу даражада тайёрланган. Бунда энг нозик руҳий омиллар ҳам катта вазифа бажарган. Масалан, бир тарафнинг жиззакилиги ёки якка гегемонлик ҳисси. Йиллар соясида қолиб кетган бу руҳий ҳолатларни бугун тиклаш иложи йўқ, фақат унинг сабоқлари қадрли ва унутилмасдир. Чин маънода унутилмас бўлиши шарт.

Мулоҳаза учун бир далилни келтириш ўринли бўлса керак: Турон лашкарининг минтақада довруғ солиб, юртларни ўз измига бўйсундираётганини, қалъаларни фатҳ этиб, йўлтўсарларни жиловлаётганини, хуллас, уларнинг улкан салоҳиятга эга эканини амалда кўраётган Европа ўз элчилари орқали Амир Темур   қўшини, умуман, улар билан яқин алоқа ўрнатишни доимий мақсадига айлантирганга ўхшайди. Махфий воқеанавислардан ташқари 1401 йилнинг охирларида Соҳибқирон ҳузурига (баъзи манбаларда Авник қалъасида дейилган) нуфузли шахслардан бири — Византия империяси вакили монах Иоан Франсуа ота ташриф буюриб, Амир Темур агар Боязид билан урушда енгса (демак, бу пайт­­га келиб тўқнашув нақд бўлиб қолган), унинг давлати вассал бўлишга тайёр эканини изҳор қилади. Бу таклифининг тасдиғи сифатида қайтиб боргач, Константинополь устида Соҳибқироннинг байроғини кўтарадилар. Венеция, Генуя қиролларининг элчилари турклар билан жангда кемалар (флот) билан ёрдам беришга тайёр эканликларини билдирадилар. Ҳужжатларда шу йилнинг март ойида Соҳибқирон ҳузурига Византия (унинг вориси бўлиб қолган Трапезун) императори Мануэл II Полеологдан элчилар келиб, музокаралар натижасида 20 та кема беришга тайёр эканликларини маълум қилганликлари қайд этилган. Ҳисоб-китоб лаҳзаларига эса оз фурсат қолаётанди чамаси.

Албатта, бу буҳрон арафасида Соҳибқироннинг аҳвол-руҳияси “Зафарнома”ларда, бош­­қа китобларда анча муфассал тасвирланган. Шубҳасиз, пушаймонлик, тақдир ўйинига мутелик, кўринмас чоҳга тушиб қолинганидан пушаймонлик ва энди ўйинни ютиб чиқиш қасдидаги илтижолар ҳар икки томонда ҳам бўлгандир, аммо унинг натижаси Европа учун жуда муҳим эди. Олис Гоби саҳроларидан, Тибет тоғларидан бошланган, Туронзаминда камолга етган цвилизация юз йиллар ўтиб, Болқон ярим оролида дунё нигоҳида имтиҳондан ўтаётганди. Бунда Шарқнинг мағлуб бўлиши мумкин эмаслиги барча ўлчамлар билан тахмин қилинган, тўқнашув юзага келиши аниқ бўлиб қолгач, Ғарб аллақачон янги режалар устида бош қотираётган эди.   Хуллас, “Рум таслим бўлди”! Қайд этилишича, бу ҳол Темурбек ҳали йигитлигида улуғ пир Зайниддин Тайободий билан илк учрашувдаги башоратнинг тасдиғи эди. Ҳа, бахтли юлдузлар дийдорлашуви палласи дунёга келган Соҳибқиронга тақдир илоҳий иноятлар қилган эди…

* * *

Йиллар ўтди, у кунлар талотўмлари муттасил муҳокамалар марказида бўлди. Инкор ва тасдиқ мезонлари нималарни тан олди, нималарни рад этди, булар бошқа масала, аммо ХV асрнинг ибтидоси, аввало, Европа учун, қолаверса, бутун дунё учун теран сабоқларни туҳфа этди. Бу Турон давлатчилиги тарихи анъанлари руҳида тарбияланган, ислом дини ҳаётбахш ғояларидан баҳраманд бўлган, кечирган ҳаётини доҳиёна ақл тарозисида таҳлил қилиб, ижтимоий тафаккурни янги босқичга кўтарган Соҳибқирон Амир Темур фаолияти самаралари эди. Амир Темурнинг ёрқин шахсияти билан дунёда Ўрта асрлар деб аталувчи, инсоният цвилизациясига кўплаб янгиликлар олиб кирган эволюцион давр ниҳоясига етди ва саноат ҳамда тафаккур инқилобларига асосланган янги давр бошланди. Амир Темурнинг сабоқлари кўҳна қитъа – Европа тараққиётига ҳам ижобий таъсирини кўрсатди. Бу ҳолни аниқ параметрларда яққол кўришимиз мумкин.

Аввало, Амир Темурнинг ёрқин шахсияти Европа учун ҳукмдор – қирол – император сингари тушунчаларни янгилади. Давлатни бошқаришда абсолют монархия ва бошқа тартиблар амал қилган шароитда ҳукмдорлик ворисийлик асосида авлоддан-авлодга ўтиб келаверган. Давлат чамбараги кимнинг қўлига тушиши тақдирга боғлиқ бўлиб қолаверган (ақли заиф ёки ногирон шахслар тахтга чиқиб қолгани Европа тарихида учрайди). Ёхуд ҳокимият ички тузилмаларида яхлитлик таъминланмаган бўлиб, маъмурият ўз йўлида, ҳарбий соҳа вазият тақозосига кўра, иқтисодиёт табиий салоҳиятлар асосида ривожланган даврлар бўлган. Гарчи шундай шароитда ягона кучли қўлга зарурат бўлса ҳам унга эришишнинг қонуний ва ижтимоий асослари мавжуд бўлмаган. Бу хилдаги тарқоқлик, қолаверса, бошбошдоқликлар турли можароларга олиб келган. Бундай қараганда, “сарой ўйинлари”, “сарой фитналари” одатдаги ҳол бўлиб, катта бошоғриқни юзага келтирган. Амир Темур фаолияти билан эса ҳамма вазифаларни бир киши эплаши мумкинлиги (ва давлат раҳбари бир вақтнинг ўзида ҳарбий қўмондон, иқтисодий ва маънавий соҳалар ислоҳотчиси, илм-фан ҳомийси, ҳатто ижодкор бўлиши) амалда исботланди. Бу билан давлат бошлиғи, раҳномаси тушунчаси кенг мазмун ва моҳият   кашф этди.

Соҳибқирон ўз фаолияти билан Евроосиё ҳамкорлигини янги поғонага кўтарди. Гарчи Осиёдан чиққан фотиҳлар Атилла, Боломбир, Чингизхон, Боту ва бошқалар замон эврилишларида Европанинг анча-мунча қисмини забт этган, унинг тарихига маълум из қодиришга эришган, ўз сиёсатларини ўтказишга улгурган бўлсалар-да, улар табиатидаги дашт одамлари – кўчманчиларга хос шафқатсизлик, муросасизлик, кескинлик қолдирган излар бу ҳудудлар ҳаётида вайроналар, қаттолликлар билан эсланадиган   бўлди. Амир Темурнинг муросага асосланган сиёсати, қаршилик қилмай, ўз ихтиёри билан қаламравига ўтган эл-элатларга эмну омонлик бергани, шунингдек, бун­ёдкорлик фаолияти (қадами етган жойларда қанчалаб ташландиқ ҳолига келиб қолган қабрларни обод қилгани, бинолар бунёд этгани, ариқлар қаздириб, зироатчиликни йўлга қўйгани ҳақида етарлича маълумотлар бор) гувоҳ одамларда Шарқ ҳукмдорига муносабатни тубдан ўзгартирди, аста-секин “варварлар”, “ёввойилар” сингари стериотиплар сина бошлади. Умуман, Шарққа, Осиёга, қолаверса, ислом динига қарашлар яхши томонга ўзгарди, қизиқиш ортди.

Европада черковнинг таъсири кучли бўлган ва у кўпинча шафқатсиз (агрессив) роль ўйнаган. Салиб юришлари деб аталган компания қанчалаб одамларнинг умрига зомин бўлгани аниқ. Ёки католик ва протестантлар ўртасидаги зиддиятлар туфайли туғилган ихтилофлар, Жордона Бруно сингари маърифатпарварларни оловда куйдирган инквизиция, иеузиитлар, … сингари оқимлар ҳар қандай ҳурпарвар ҳаракатга қарши эди. Амир Темур давлатида диннинг давлатдан ажратилгани ҳамда салтанатда диннинг ўрни ва вазифаси аниқ белгилаб қўйилгани   прогресс эди ва мазкур ҳолат Европа давлатлари бошқарувида илғор ғоянинг кириб келишига замин бўлди. Бу борада аниқ мезонлар яратила бошланди ва у йиллар давомида такомиллашиб борди. Олдин фан, таълим черков ихтиёрида бўлса, энди бу соҳалар билан давлат шуғулланишга киришди. Шундай қилиб, ўқув юртларида дунёвий йўналиш кучайди, бу эса илм-фаннинг ривожланишига олиб келди. Шунингдек, дунёни билишга қизиқиш авж олиб, тадқиқотчиларнинг ер юзи бўйлаб саёҳатлари бошланди. Христофор Колумб (1492 йил, Испания), Васка да Гама (1498 йил, Португалия) оламшумул сафарларини уюштирдилар. Албатта, бу юришларга тайёрланиш, уларнинг натижалари улкан кўтарилиш, маънавий юксалиш аломати эди. Маърифатпарварлар оқими, энцеклопедистлар ижтимоий ҳаётда катта мавқега эга бўлди. Фан, техника соҳасида Европа ҳамжамияти эришган муваффақиятлар бугун дунё афкор оммаси эътирофида. Шундай қилиб, Италияда Ренессанс, Францияда Уйғониш даври деб аталган юксалишнинг илк куртаклари ҳосил бериб, Европа маданияти   тадрижида янги давр бошланиб кетди.

Европа учун тилсимли шахсга айланган ҳазрат Соҳибқироннинг ҳаёти-фаолиятидан ташқари “Темур тузуклари” асари ҳам турли нуқтаи-назарлар билан муфассал ўрганилган. Агар уни Европа ҳукмдорларининг қўлланмасига айланиб улгурган Маккиавеллининг “Ҳукмдор” асари билан таққослайдиган бўлсак, биринчи кўзга ташланадиган ҳолат – Европага хос эгоизм билан ислом оламининг муросасозлик руҳи қарама-қарши келиб қолганини сезамиз. Ҳар ҳолда “Тузуклар”да илгари сурилган ғоялар ҳаётбахшроқ ва инсонпарварроқдир.   Маккиавелли бир муаммони бартараф этиш учун уни чуқурлаштиришни таклиф этгандек бўлади (масалан, “Раҳбарнинг фазилати ваъда бериб бажаришда эмас, балки уни бажармаслик йўлини топа олишида” дейди).   “Ҳукмдор яхши фазилатларнинг эгаси бўлиш шарт эмас, бироқ шу хислатларнинг эгасидек овоза тарқатиши шарт“. (“Шарқ юлдузи”, 2002 йил, № 10). “Тузуклар”да эса ваъдасида қатъий туриш, имонли бўлиш, албатта, садоқат билан ўз сўзининг устидан чиқиш қаттиқ тайинланган. “Қайси мамлакатни забт этмоқчи бўлсам, тўғри кенгаш ва тадбир билан иш тутдим. Кенгаш аҳлидан кимки куюниб, маслаҳат берса, қулоқ солардим, кимки оқилона гапларни мардларча кескинлик билан сўзласа, уни диққат билан тинг­лардим…”. (“Темур тузуклари”, 2011 йил, 134-бет). Бу икки асар мавқеи ва руҳияти билан тес­кари қутбда туради, лекин эътироф этиладиган томони “Тузуклар” кўп тилларга таржима қилинган ва илғор қарашлар сифатида тан олинган. Шунга кўра Амир Темур мероси оламшумул ғояларга бешик бўлишга арзийди.

Ёки Соҳибқирон давлат бошқарувида кенгаш — маслаҳат — машваратнинг мавқеига, ўрнига катта аҳамият берган, “Тузуклар”ида фаолиятининг ўндан тўққизини шу асосда олиб борганини таъкидлаган. Агар бу ҳолни астрономик ўлчовларда баҳолайдиган бўлсак, замонавий бугунги Конституциялар қабул қилинишида, аввало, уларга эҳтиёж борлиги ва заруратнинг амалиётда тасдиқланганида, халқнинг давлатни бошқарувдаги иштирокини таъминлайдиган Сенат ва Олий Мажлисларнинг таомилга киришида Амир Темур фаолиятида қўллаган усул ва   тамойиллар туртки бўлмаганми, ахир тарих тажрибасидаги илғор усуллар амал қилмайдими, сингари мулоҳазалар туғилади. Албатта, Европа жаҳон тажрибасидаги илғор ёндашувлардан четда турмайди.

Бугунги кунда иккинчи Ренессананс деб юритилаётган тараққиётнинг ўша босқичида ижтимоий ҳаётнинг барча соҳасида янгиланишлар рўй берди. Мислсиз ғалабаларни таъминлаган тактика ва стратегияни мужассамлаштирган ҳарбий сиёсат (доктрина), давлат бошқарувидаги солиқ тизимининг ўз даврида ҳам, ҳозир ҳам муқобили йўқлиги таъкидланади. Таълим соҳаси, тиббий хизмат борасида ҳам илғор таомиллар жорий қилинди. Аҳолининг иш билан бандлиги, ҳунармандчилик, қурилиш-бунёдкорик йўналишида ёки салтанатда хотин-қизларга муносабатда қарор топган ёндашувлар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Ижтимоий табақаларнинг жамиятдаги ўрнини белгилаб қўйиш, уларнинг ҳар бирига лойиқ сиёсат юритиш масаласидаги юмушлар айни даврда ҳам таҳсинга сазовор. Нафсиламрини айтганда, бир сатрда қайд қилинган ҳар бир йўналиш батафсил тадқиқотни талаб этади ва, натижада, шундагина ўша даврнинг маҳобатини тўлалигича тасаввур қилиш мумкин. Хуллас, Соҳибқирон Амир Темур асослаган давлатчилик тизими инсоният такомилида эскирмайдиган ҳақиқатларни устивор қилгани билан ўхшаши йўқдир. Албатта, бу ютуқларнинг ижобий таъсири дунё ройишида, жумладан, Европа тарихида ҳам акс этгани шубҳасиз.

Умуман, Амир Темур ва Темурийлар салтанатида инкишоф этилган давлатни бошқариш усуллари, жамиятни ривожлантириш омиллари ҳамда бошқа ўлчов ва мезонлар бугунги дунё амалиётида қўлланилаётгани шубҳасиз. Негаки, инсониятнинг ягона оиласи – ҳозирги Яхлит олам ўз тараққиёт йўлида одамзот ибтидоий онги уйғонган даврларданоқ пайдо бўлган умумий устахонада яратилган ҳаётий тиргак­ларга таянади, уларни янги шароитларда давом эттиради. Биз бугун умргузаронлик қилаётган дунё ҳам, бағрида яшаётганимиз тараққиёт (цвилизация) ҳам умуминсоний мулк сифатида мавжуддир. Ана шу хазинада фахрли аждодимиз Соҳибқирон Амир Темур кашф этган янгиликларнинг салмоқли ўрни бор экан, бундан чинакамига ифтихор қиламиз. Буюк Шахс ҳақиқатларининг эътирофи умумбашарий қадриятлар сифатида тан олиниб, тараққиёт учун асқатаётган экан, унинг келажак учун улкан хазина, инсониятни олға бошлайдиган нурли маёқ эканини яна бир марта таъкидлаймиз. Соҳибқирон Амир Темур мероси нафақат Ғарб учун, балки бутун инсоният учун улкан бойликдир.

Ҳаким САТТОРИЙ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − 5 =