Самарқанд қоғози нега харидоргир бўлган?
Шубҳасиз, дунёда қоғознинг яратилиши, кашф этилиши энг улуғ воқеалардан бўлган. Биринчи навбатда маълумотларни авлоддан-авлодга етказувчи, мозий ҳақиқатларини келажакка элтувчи, жамиятдаги силсилалар, илм-фандаги янгилик ва ўзгаришларни ўзида қайд этиб борувчи, вақт ва макон билмайдиган инсон закосининг буюк маҳсулларидан эди. Қуйида ана шу хусусда филология фанлари доктори, профессор Иброҳимжон ЙЎЛДОШЕВ билан суҳбатлашдик.
— Иброҳимжон ака, дунё маданий тараққиётида Шарқ китобатчилик санъатининг ўзига хос бетакрор ўрни бор. Кўҳна Шарқда, хусусан, Ўрта Осиёда китобатчилик соҳасининг шаклланиши ва тараққий этиши Шарқ дунёсида илк бор айни шу ҳудуд бағрида қоғоз ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилганлиги билан узвий боғлиқ бўлса керак. Юртимизда инсоният тамаддунида муҳим ўрин тутган қоғоз ишлаб чиқариш тарихи ҳақида нима дейсиз?
— Манбалардан маълумки, эрамизнинг II асрида Хитойда қоғознинг кашф этилиши ва унинг ишлаб чиқарила бошланиши дунё миқёсида китобатчиликнинг тез суръатлар билан ривожланишига туртки берган. Хитойликлар сердаромад соҳа ҳисобланган қоғоз ишлаб чиқаришни қанчалик сир тутмасинлар, VIII асрнинг иккинчи ярмидан эътиборан Самарқандда Хитой қоғози сингари сифатга эга бўлган, харидоргирлиги жиҳатидан ундан ҳам юқори турган қоғоз тури тайёрлана бошланади. Чунки, Самарқандда қоғоз ишлаб чиқариш учун керакли бўлган хомашёнинг барча турлари – ипак, пахта, каноп, қамиш, похол, тут новдасининг пўсти кабилар мавжуд эди. Самарқандда тайёрланган қоғоз турларига нисбатан Самарқанд қоғози ёки Шарқона қоғоз терминлари ишлатилган. Шу тариқа Самарқанд қоғози деб номланувчи қоғоз турининг довруғи ўзининг сифати ва нафислиги билан қисқа вақт ичида дунёга таралади.
Самарқанд қоғозининг яратилиши хусусида тарихий манбаларда турлича фикрларни учратиш мумкин. Манбаларда ёзилишича, VII асрда ҳали Европада папирус ва пергамент асосий ёзув ашёси сифатида фойдаланилаётган бир вақтда Шарқ мамлакатларида аллақачон қоғоз ишлаб чиқариш йўлга қўйилган эди. Бу эса Араб халифалигига қарашли барча юртларда, айниқса, ҳозирги Ўрта Осиё ҳудудларида қўлёзма китобларнинг ёйилишига кенг имконият яратди. Дамашқда энг сифатли қоғоз ишлаб чиқарилганлиги, бизгача етиб келган ва илк араб қоғоз китобининг Дамашқ (ўрама) китоби деб номланганлиги тарихий манбаларда далиллар билан асосланган. Баъзи олимларнинг фикрича, Ўрта Осиё ҳудудида, хусусан, Самарқандда қоғоз ишлаб чиқариш Араб халифалигига қадар ҳам мавжуд бўлган. 1931 йили Муғтепа тоғидан топилган Самарқанд ҳукмдорларига оид ҳужжатлар ҳамда Тупроққалъада қўлга киритилган Хоразм архив материаллари Сўғдиёна, Хоразм ва Бақтриядаги қоғозга ёзилган маҳаллий қўлёзмаларнинг араблар босқинидан аввалги даврларга оидлигини асослайди. Баъзи тарихчиларнинг фикрича, самарқандликлар қоғоз ишлаб чиқариш сирларини 751 йили Таласда бўлиб ўтган жангда Зиёд ибн Солиҳ томонидан асирга олинган хитойлик қоғоз усталаридан ўрганишган. Нима бўлганда ҳам, Х асрнинг охирларига келиб Самарқанд қоғози Ислом мамлакатларида папирус ҳамда пергамент ўрнини тамоман эгаллади.
— Юртимизда яратилган қоғознинг бошқа ёзув ашёларига нисбатан ўзига хос афзалликлари нимада? Уни дунё цивилизациясида тутган ўрни қай даражада деб ўйлайсиз?
— Қадимги юнон китобатчилигида қўлланган ёзув ашёлари борасидаги қимматли маълумотларни буюк аллома Абу Райҳон Берунийнинг “Ҳиндистон” асарида учратишимиз мумкин. Беруний ёзади: “Қадимги юнонлар сингари териларга ёзиш одати ҳиндларда бўлмаган эди. Суқротдан асар ёзмай қўйишининг сабабини сўрашганида: “Илмни тирик кишилар қалбларидан ўлик қўйларнинг териларига кўчирмайман” деган. Ушбу матндан англашиладики, буюк юнон файласуфи Суқрот териларга ёзишдан ўзини тияди. Бу ҳолни турлича тахминлар билан изоҳлаш мумкин. Суқротдек инсон нима сабабдан қўй терисидан қилинган ашёга ёзмоқчи эмас? Биринчидан, Беруний айтганидек, Суқрот илмни тирик кишилар қалбларидан ўлик қўйларнинг териларига кўчиришни истамаяпти. Иккинчидан, тери ашёлар кўпроқ қўзичоқнинг ёки бузоқнинг терисидан тайёрланган. Айтайлик, бир саҳифа тайёрлаш учун битта қўзичоқнинг териси лозим бўлса, икки юз саҳифалик қўлёзма учун икки юзта энди дунё юзини кўрган қўзичоқнинг баҳридан ўтиш керак бўлган. Ўзингиз ўйлаб кўринг, бир қўзичоқ сўйиш ҳолига келиши учун камида 1-2 йил яшаши керак бўлгани ҳолда уни мурғаклигидаёқ ёзув ашёси учун териси шилиб олинса, қанчалик аянчли? Суқрот кўз ўнгида ҳам шу мурғак қўзичоқ гавдаланган бўлиши мумкин-ку! Бир саҳифа ёзса, бир қўзичоқ кўз олдида гавдаланаверса, даҳшат-ку! Шунинг учун ҳам Суқроқ терига ёзишдан ўзини тийган бўлиши мумкин. Хулоса: демак, тери ашё тайёрлашнинг нақадар қиммат ва ўта машаққатли бир жараён эканлиги ўзбек қоғозлари кашфиётининг жаҳон фани, техникаси, умуман, дунё цивилизациясида тутган ўрни ниҳоятда беқиёс бўлганлигидан далолат беради. Юртимизда қоғознинг кашф этилиши, уни Буюк ипак йўли орқали Европа бозорларига етказиб берилиши, бунинг натижасида, дастлаб Европада, сўнгра жаҳон миқёсида матбаачиликнинг вужудга келиши тарихий нуқтаи назардан дунё миқёсида фан-техника тараққиётига оламшумул йўл очиб берди. Зотан, машҳур рус адиби ва тарихчиси Карамзин таъкидлаганидек: “Ақл тарихи икки асосий даврни тақдим этди: ҳарф ва матбаа ихтироси. Қолган ҳамма нарса уларнинг натижасидир”. Яна айтадики: “Оламни олтиндан кўра қўрғошин кўпроқ ўзгартирди” (Бу ерда ўша даврдаги полиграфия усулида матн босишда қўлланилган қўрғошин ҳақида сўз боради). Карамзин билдирган ушбу фикрга ҳеч эътибор берганмисиз? Карамзин айтмоқдаки, уша давр дунё тамаддуни, тараққиётининг асосини бойлик – олтин эмас, балки – оддий қўрғошин эгаллаган. Чунки, Суқротдек буюк олим ҳайвон терисига ёзишдан бош тортиб, умуман ёзмай қўйганлигидан жаҳон фани қанчалик азият чеккан бўлса, инсоният тафаккурининг буюк меваси сифатида қоғознинг кашф этилиши натижасида матбаачиликнинг пайдо бўлиши жаҳон фан-техникаси ривожида инқилоб ясади. Карамзин ҳам шу фикрни айтмоқчи. Демак, қадимда юртимиз сарҳадларида, хусусан, Самарқанд, Қўқон ва Бухоро шаҳарларида қоғознинг ишлаб чиқарилиши ва унинг Буюк ипак йўли орқали Европа, умуман, жаҳон бозорига олиб чиқилиши дунё тамаддунида янги даврга асос солди. Ўзбек қоғозининг кашф этилиши ва жағон бозорига кириб бориши дунёни янги бир цивилизация сари етаклади.
Айтиш керакки, ўрта асрларда қоғозсозлик сердаромад соҳа бўлган. Шу боис қоғоз ишлаб чиқариш Самарқандга катта фойда келтирган. Самарқанд ўз қоғозини халифаликнинг бошқа вилоятларига ҳам чиқаришга эришган. Дарҳақиқат, Самарқанд ўша даврда бутун халифаликдаги котиблар ва қаламкашларни қоғоз билан таъминлаб турган. Бундан ташқари, Буюк ипак йўли орқали қоғоз савдоси Европаликлар билан ҳам олиб борилган. Чунки бутун Европада ХII-ХIII асрларга қадар ҳам ҳали қоғоз ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган эди. Самарқанд қоғози турининг Европа бозорига етказиб берилиши у ерда илгари ёзиш учун асосий ашё сифатида ишлатилиб келинган папирус, чарм, пергамент кабиларнинг ўрнини энди қоғоз эгаллашига ва бу эса, нафақат Европа, балки бутун дунё моддий-маданий тараққиётининг юксалишида сезиларли туртки бўлди. Самарқандда тайёрланган қоғозлар дунё миқёсида танилди. Уларга нисбатан турларига кўра Самарқанд қоғози, Султоний ҳамда Хуросон қоғози каби терминлар қўлланди. Бу хусусда ўз даврининг буюк шоир ҳамда мутафаккирлари Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийлардан ўз баҳосини олган буюк санъаткор-хаттот Султон Али Машҳадий шундай ёзади: “Ҳар қанча синасанг ҳам Хитой қоғозидан яхшиси йўқ. Аммо Самарқанд қоғози бебаҳодир. Агар сен ақлли одам бўлсанг, ундан воз кечма, ундаги ёзув равон ва гўзал бўлади, аммо у оқ ва покиза бўлиши керак. У оддий бўладими, “султоний” бўладими, яхшисини олишга ҳаракат қил”. Самарқанд қоғозининг таърифи хусусида Заҳириддин Муҳаммад Бобур шундай ёзади: “Оламда яхши коғаз Самарқанддин чиқар, Жувози коғазлар суйи тамом Конигилдин келадур. Конигил Сиёҳоб ёқасидадурким, бу қора сувни Обираҳмат дерлар”. Ушбу матндан кўринадики, қоғоз ишлаб чиқаришга мослаштирилган сув тегирмонлар ўтмишда жувози коғаз деб юритилган.
— Дунёнинг кўплаб мамлакатларида қоғоз ишлаб чиқариш технологиясининг ўзлаштирилишида юртимизда тайёрланган, давруғи оламга машҳур бўлган ўзбек қоғозларининг ўрни қай даражада бўлган ва уларнинг шуҳрати нега сўнгган?
— Самарқанд қоғозини тайёрлаш тахминан уч юз йил давомида сир тутиб келинган. Тарихий манбаларга таяниб айтиш мумкинки, фақатгина ХI асрга келиб Самарқанд қоғозини ишлаб чиқариш технологиясидан андоза олган ҳолда, дастлаб, Ироқ ва Сурияда қоғоз тайёрлана бошланади. Кейинроқ тарихда “араб кўприги” деб ном олган Миср, Шимолий Африка ва Марокаш орқали Испанияга ҳам Самарқанд қоғозини тайёрлаш технологияси етиб келди. ХIII асрга келиб бу қоғоз турини тайёрлаш сирлари бутун Европага ёйилди. Испанияда ХII аср бошларида, Италияда 1276 йил, Францияда 1348 йил, Олмонияда 1390 йилларда илк қоғоз ишлаб чиқариш корхоналари қурилди. Рус давлатида ХIV аср ўрталарида қоғоз ишлаб чиқарила бошланди. Биринчи рус қоғоз китоби 1381 йилда дунё юзини кўрди.
Самарқанд ўзининг харидоргир қоғози билан минг йилдан ортиқ вақт давомида дунё миқёсида шуҳрат қозониб келди. Фақатгина Ўрта Осиёнинг Чор Россияси истилосидан кейин Самарқандда қоғоз ишлаб чиқариш тўхтатиб қўйилди. Ўрта Осиёда қоғоз Самарқанддан ташқари яна Бухоро, Қўқон шаҳарлари ва уларнинг теварак-атрофида жойлашган қишлоқларда ҳам ишлаб чиқарилган. Венгер олими Ҳерман Вамбери Бухорода тайёрланган қоғоз ҳақида қуйидагиларни ёзади: “Бухорода тайёрланган ёзув қоғозларининг шуҳрати нафақат Туркистонга, балки қўшни давлатларга ҳам таралгандир. Бу қоғозлар ипакдан тайёрланган бўлиб, силлиқлиги ҳамда нозиклиги билан араб ёзуви учун жуда қулай бўлган”.
Маълумотларга қараганда, Ўрта Осиёнинг Чор Россияси томонидан забт этилганидан кейин қоғоз тайёрлаш фақатгина Қўқон хонлигида давом эттирилган, холос. ХIХ асрнинг бошларида Тошкентга келган сибирлик К.Максимов қолдирган маълумотларга кўра, Тошкент ва Қўқон шаҳарларидаги қоғоз фабрикаларида бир вақтнинг ўзида йигирмага яқин усталар ишлаган. Қоғознинг нархи нисбатан арзон бўлган: бир варақ қоғоз 1 пулдан сотилган. ХIХ аср охирларида Ўрта Осиё бўйича фақат Қўқон шаҳридагина қоғоз ишлаб чиқарилган. Рус олими В.Григорьевнинг ёзишича, Қўқонда 1924 йилга қадар қоғоз ишлаб чиқаришда махсус обжувозлардан фойдаланилган. Қоғоз Қўқон шаҳрида, шунингдек, унинг атрофида жойлашган Қоғозгар ва Чорку қишлоқларида ҳам тайёрланган. В.Григорьев 1931 йилда бу қишлоқларга боради ва у ердаги қоғозгарлар билан учрашади. Улардан қоғоз ишлаб чиқариш усуллари ҳақидаги қимматли маълумотларни тўплайди.
Эгамберди ХЎЖАМУРОДОВ
суҳбатлашди.