Илдизга назар

“Дарахт ҳам илдизига салом беради” – қаердадир ўқиганим бу ҳикматли сўзда теран маъно бор. Ва дарахт япроқлари бир кун бандидан ажралиб, илдизлар устига пояндоз бўлади. Яъни ўзидан ажралиб, яна ўзига қайтади гўё. Табиат мавжудотлари ҳазрати Инсонга ҳар жабҳада сабоқ бераётганга ўхшайди. Зеро, илдизга салом бериш охири илдизга қайтишдан олдинги амалдир. Шунда мисоли борлиқ ва йўқлик, омонатлик ва абадийликнинг сурати бир лавҳада мужассам бўлгандек. Шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ғулом Мирзонинг “Эй, дарвеш (Зулмни енгган мазлумлар қиссаси)” китоби ана шундай амалнинг ҳаётдаги тасдиғидир.

Унда муаллиф “узоққа бориб ўтирмай”, мавзуни ўтирган жойидан топган, яъни ўтган асрнинг 50-йилларида қатағонга учраган (қатағоннинг урушдан кейинги иккинчи тўлқини) бобоси ва отаси ҳақида ёзади. “Дастлаб ота, кейин ўғил қамоққа ташланади, бири 10 йил, иккинчиси 6 йил олис ўлкаларда  тутқунликда сақланади.  Ота-бола жазони ГУЛАГ – ахлоқ тузатиш меҳнат колониялари бош бошқармасининг Россия ҳудуд(лар)идаги   меҳнат-тузатиш лагерларида ўтаб қайтганлар. Афсуски, ота ҳам, ўғил ҳам айнан қайси манзилда жазо ўтаганини ҳеч қачон, ҳеч кимга аниқ очиқламаган” (қаранг, зулмни фош қилмаслик учун оғизга шу даражада “қулф солинган”), деб ёзилади  китобнинг “Етмиш йилда рўёбга чиққан адолат” сарлавҳали сўзбошисида.

Бир оиланинг тақдири шундай кечган: урушдан кейин яна “халқ душманлари”ни овлаш бошланган ва Қарши туманидаги кўз илғамас Хушвақт қиш­лоғида рўзғор тирикчилиги билан куйманиб юрган 44 ёшли деҳқон  Мирза Тўлаев бирданига тузум учун хавфли саналади ва терговга тортилади. Қарашса, бу хавфнинг илдизи теран, “ёв”  болалаб кетган, кўп ўтмай хавфли шахснинг 20 ёшли ўғли  Абдираҳим Мирзаев ҳам қамоққа олинади. Хуллас, ота-бола ўзлари ҳам билмаган гуноҳлари учун узоқ муддат озодликдан маҳрум этиладилар ва белгиланган жазони ўтаб, қишлоқларига омон-эсон қайтадилар, ҳар бири 80 ёшни яшаб, кейин бу дунёни тарк этадилар. Китобнинг асосий мазмуни шу.

Албатта, воқеанинг икки қирраси мавжуд. Биринчидан, улар ким эди ва нега қамалди? Иккинчидан, адолат қай йўсинда қарор топди? Тажрибали қаламкаш сифатида Ғулом Мирзо ана шу йўналишда изчил фикр юритади ва миллий ҳаётимизга хос лавҳаларни қуюқ бўёқларда чизиб, кечаги куннинг манзараларини жуда ёрқин акс эттиради. Қиш­лоқда бошқалардан фарқ қилмайдиган хонадон, тирикчилик бир нави: мол-ҳол, томорқада деҳқончилик, асосан, бодиринг етиштирилади. Бу ҳовлининг эгалари маърифатга яқин одамлар, уйи­­да китоб сақлайди, маърифатдан гапиради, Бухоро мадрасаларини хатм қилганлар бор. Ана шу жиҳат доим “қизил” тузумнинг нишонида бўлиб келган.

Китоб билан танишиб чиққан ҳар бир кишида ўз илдизига назар солиш, ўтган аждодларини эслаш, уларни ёд этиш шукронаси билан бирга, ҳам фахрланиш, ҳам пушаймонлик ҳислари  уйғонади. Чунки миллатимизнинг яхлит тарихи ҳар бир шахс, оила, сулола тарихининг умумлашган манзарасидир, унда асрлар довонларидан омон ўтиб, халқимизни асраб-қутқариб келган қадриятлар мужассамлашган, бошқа томондан эса ота-боболаримиз қандай қора кунларни бошдан кечирган? Бировга оғири тушмай юрган одамларнинг бошига қора кунларнинг келиши… Бу нима эди: жазоми, кўргиликми ёки сабоқми? Ана шундай муҳокамалар силсиласида бугун бизга муяссар бўлган мустақилликнинг моҳияти яна бир марта намоён бўлади. Бизга тақдир қандай буюк саодатни насиб этди?

Шубҳасиз, ижодкорнинг қўлига қалам тутишига туртки берган омиллар бўлади. Ғуломжон учун бу, аввало, истиқлол шукронаси бўлса, иккинчидан эса ҳаёт уммонида қайнаб, бошидан иссиқ-совуқ кунларни ўтказаётган, гоҳида ўша кунлар шарпасини ҳис этган ҳар қандай кишининг бот-бот ортига боқиб: “Мен ўзи кимман, кимларнинг зурриётиман?” тарзидаги кескин мулоҳазалари маҳсулидир. Инсон  шу тарзда савол қўйиши, бу саволларга жавоб излаши асносида унга насиб этган ҳаёт нашуъ намоларига қанчалик ҳақли экани-ю, зиммасида қанчалар масъулият борлигини ҳис этади, ана шу хаёлий саёҳатлари жараёнида аждодларидан ўзига куч олади, улар руҳи-хотираси қаршисидаги мажбурият уни олға ундайди.

Китобда бир оиланинг шажарасидан тортиб, ҳар  бир яқинларининг турмуш тарзи, ички кечинмаларигача меҳр билан ҳикоя қилинган. Уларнинг ҳаётий суратлари сўз билан жонли чизилган. Бунинг учун киши ўша кунларни тўла ҳис этиши, ўша инсонларни фарзандлик меҳри билан оташин тарзда севиши, ўз имконияти, истеъдодини уларга нисор этиши жоиз бўлади. Муаллиф томонидан бу талаблар  жуда чиройли уддаланган.

Китоб  етти қисмдан иборат. Ҳар бир қисм аввалида тасаввуф ва ирфоннинг етук назариётчиси, дунёга машҳур ватандошимиз Азизиддин Насафийнинг “Комил инсон китоби”дан “Эй, дарвеш” деб бошланувчи иқтибослар келтирилган. Бу ҳол қуйида кечаётган воқеаларни тириклик фалсафасининг дунё миқёсларидаги кўзгусида тасаввур ва таҳлил қилишга кўмаклашади. Аввало, оиланинг шажараси келтирилиб, неча йиллар олдин ўтиб кетган хеш-ақраболар эсланади, шу баҳонада уларнинг муборак номларига бугуннинг нафаси тегади.  Давомидан айни дамларда  анча фаромуш бўлиб қолган бурунги турмуш тарзи, одамларнинг бир-бирига меҳр-оқибати, самимияти, қондошлик удумлари тилга олинади. Воқеалар гирдобида бобосининг эшшагига мингашиб,  бозорга бораётган, ундан сабоқ олаётган ва хизматини қилаётган набира ҳам бор. Асосий мақсадни юзага чиқариш – шўро истибдодини фош қилиш учун эса энг ўнғай йўлдан борилади: ҳужжатларга навбат берилади. Улар билан танишган китобхон кўз ўнгида шафқатсиз хўрланган халқимизнинг жонли сурати намоён бўлади. Ҳар бир лавҳада зулм ва ҳуррият истаги, нафрат ва муҳаббат зидма-зид қўйилади, дилдан қора кунларнинг тезроқ тугашини, тонг отишини китоб қаҳрамонларигина эмас, ўқирман ҳам истаб қолади.

Бобонинг ҳибс этилишига сабаб, унинг қишлоқ масжидида сўфилик қилиб, азон чақириши, одамларни намозга чорлагани, суҳбатларида,  ваъзларида ислом дини талабларини  тилга олиб, одамларни инсоф-диёнатга даъват этгани бўлган. Бобо замонавий илмлар билан ҳам яхши таниш, тергов жараёнларида ўша даврнинг сиёсий арбоблари нутқларидаги сўзларидан мисол келтириб, маъмурларни роса довдиратган, ҳатто Пушкинни билган, шоирнинг эрк истагидаги қарашлари жиноят эмаслигини исботлаган.  Яна бобога қўйилган айб­лардан бири ўғлининг армияга боришига қарши бўлгани ҳисобланган…

Муаллиф пешона тери билан кун кўрган ҳалол одамларнинг турмуш тарзини жонли лавҳаларда чизар экан, даҳрийликка асосланган тузумнинг разолатлари кўз олдимизда гавдаланади. …Шиғил мева қилган балхи тут, унинг ҳосилига ўнлаб одамлар интилган, оғзи текканларга тириклик унсури қайтган. Рўзғордагилар эса марвариддек  мевалардан шинни, қиём, майиз тайёрлаш учун идиш­ларни  шайлаб қўйибди. Лекин “совет пилласи”га тут барги керак.  Бир зумда қиёмат қўпади, илтижолар, кўз ёшлар, фарёдларга қарамай, тут каллакланади. Ундай қилса ҳам ёқмайди, бундай қилса ҳам ёқмайди, хуллас, “…сиғса ҳам беш танга, сиғмаса ҳам…”

Шундай шароитда эътиқод билан яшаш нақадар оғир бўлган, мабодо тузумнинг ашуласини айтсанг, пичоғинг қуйруқ устида. Бундайлар кўплаб топилган: қорин ғамида, мукофот илинжида, кимдандир ўч олиш мақсадида… Ўшалар ота-бола ҳақида ҳам маромига етказиб кўргазмалар берган, ўзлари билиб-билмай одамлар умрига зомин бўлган. Улар ҳам бегона эмас, қишлоқдошлар, даврадошлар, қайсиларигадир Сўфи бобо отаси қилмаган яхшиликни қилган… Муаллиф ҳужжатларни ўрганар экан, кўплаб таниш кишиларни учратади, улар андиша қилиб ўтирмай, баралла сотганлар. Муаллиф эса андиша қилади: уларнинг исм-шарифларини ошкор қилмайди…

Айни пайтда қатағон даври тарихи ошкора таҳлил қилинаяпти, у кунлар даҳшатлари бутун бўй-басти билан намоён бўлаяпти. Бундай саъй­-ҳаракатлар  шунчаки “замона зайли” тарзида эмас, балки теран маънавий асосларда акс этиши айни муддао. Шундай бўҳрон нега содир бўлди, унга қанчалик зарурат бор эди, унинг юзага чиқиши, яъни қатағон машинасининг ишлаб кетиши қандай омилларга боғлиқ бўлган ва аслида, мақсад нима эди, сингари саволлар бундай чиқишларнинг асосида туриши мақсадга мувофиқдир. Негаки, ўтмиш сабоқлари ибрат, ҳушёрлик қўнғироғи, мақсад энди ўша кўргуликларнинг такрорланмаслиги, унинг бош кўтаришига йўл қўймаслик. Ҳолбуки, машъум “тозалаш”ларни қўмсовчилар ҳар қадамда топилади, “Бос” деса, ҳар муюлишдан ўнтаси ирғиб чиқади. Шукроналар бўлсинки, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат бундай қутқуларга йўл бермаяпти.

Маълумки, республика Олий суди  бегуноҳ жабр­дийдаларни оқлаш ҳақида қарорлар қабул қилаяпти, бу ҳол жамоатчиликнинг эътирофига сазовор бўлмоқда. Ғулом Мирзо ҳам юзага келган рўшноликдан фойдаланиб,  ҳам имкониятидан келиб чиқиб, отаси ва бобоси ҳаёти билан қизиқди, уларга доир ҳужжатларни топиб, батафсил танишиб чиқди ва воқеани муфассал баён этиб, шу китобни нашр эттирди. Ҳужжатлар билан танишишда Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази, унинг раиси академик Акмал Саидов яқиндан ёрдам беришган. Китобда ўша кунлар нафасини ўзида сақлаб келаётган кўп­лаб ҳужжатлардан кўчирмалар келтирилган, асосан, бошқа миллат вакиллари томонидан тузилган ва имзоланган, тузумнинг қиёфасини тасаввур қилишда асқатадиган бу қоғозлар қанчалик устомонлик билан тузилгани (уларда қандайдир “халқаро ҳуқуқий меъёрлар ҳам бузилгани” даъво қилинган ўринлар учрайди) қатағонлар шунчаки тасодиф бўлмагани, балки бош мақсад миллатни  синдириш, унинг қиёфасини бузиб ташлаш бўлганини тасдиқлайди.

Ғулом Мирзо бу китобни нашр этиш билан ибратли юмушга қўл урган. Зеро, ҳар бир киши ўз ўтмишини билса, аждодларини таниса, ҳам жамият олдида масъулияти ошади, ҳам тўғри йўл танлашда  адашмайди.   Дарахт япроқларининг илдизига, томирига эгилиб туришида табиий бир ҳикмат яширинганидек, ҳар бир кишининг ўз аждодларини таниши, эъзозлаши, обрўси учун кураши  ҳам чуқур ижтимоий ҳикматдир.

Ҳаким САТТОРИЙ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

8 + fourteen =