Ҳар миллат ўз тили ила фахр этар

Бу сарлавҳанинг муаллифлик ҳуқуқи бизга эмас, жадид боболаримизга, тўғрироғи, ўша давр матбуотида ёниқ руҳдаги мақолалари билан фаол иштирок этган Саидризо Ализода бобомизга тегишли. “Ойна” журналининг 1914 йил 11-сонида босилган ушбу мақолада она тилга бефарқлик миллатга бефарқлик экани, унинг софлигини асраш нечоғлиқ муҳимлиги ҳақида сўз юритилган. Бу масала ўтган аср аввалида нақадар долзарб ҳисобланган бўлса, бугун ундан ҳам кўра кўпроқ эътиборни тақозо этади. 2023 йил 22 декабрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган мажлисидаги тарихий нутқида маънавият ва маърифатнинг барча жабҳалари қаторида ўзбек тили, унинг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш, ёшларни миллий руҳда тарбиялаш заруратига алоҳида диққат қаратилгани бунинг исботидир.

Сир эмас, ниҳоятда мураккаб, зиддиятли ва таҳликали замонда яшаяпмиз. Дунёда мафкуравий таҳдидлар, ўзга давлатлар мустақиллигига, бошқа миллатлар озодлигига тажовуз ҳолатлари ҳар қачонгидан ҳам кучайиб бораётир. Миллий руҳиятни сўндиришга зимдан ҳаракатлар тобора авж олаётир. Мустамлака зулмини, эрксизлик уқубатини ўз вужудида синаб кўрган халқимиз, табиийки, бундай ҳолатларга бефарқ қараёлмайди. Эски замонни қўмсаётган кимсаларга эса жавобимиз тайин: чучварани хом санабсиз, Ўзбекистон ўз мустақиллигини ҳимоя қилишга қодир!

Миллий руҳият – миллат мавжудлиги ва тараққиётининг асоси. Ана шу руҳият уни бирлаштирувчи, мусибатлардан асрашга қодир тенгсиз манбадир. Миллий руҳни сақлаган халқни ҳеч ким енга олмайди. Савол туғилади: бизда шу руҳ борми? Бўлса, етарли даражадами? Бунга эриша оляпмизми? Бу саволларга икки хил жавоб бериш мумкин: биринчиси, бизда миллий руҳ албатта бор ва ҳар қандай синовга дош бера олади. Иккинчиси, маълум хавотир ҳам йўқ эмас. Ҳар икки ҳолатга мисоллар келтириш мумкин. Энг аҳамиятлиси, бугунги кунда она тилимиз Давлатимиз раҳбари тимсолида дунё минбарларида янграётир. Президент Шавкат Мирзиёев ҳар доим БМТ минбарида, халқаро ташкилотлар билан ўтказиладиган саммитларда, дунё давлатлари лидерлари билан учрашувларда фақат ва фақат ўзбек тилида сўзлашмоқда.

“Бўлар экан-ку… Жаҳон минбарларида оламшумул фикрларни, илғор ташаббусларни ўзбек тилида ифодалаш мумкин экан-у…” – деган туйғу халқимиз дилида ифтихор, тилида шукрона ҳиссини кучайтиради, шаксиз.

Хавотир ҳиссига келсак, юқорида зикр этилган тарихий йиғилишда Президентимиз бунга алоҳида урғу берди. Ёшларимиз энг тараққий этган давлатларнинг нуфузли университетларига ўқишга юборилаётгани, бу йўлда маблағ аялмаётганини таъкидлаган Юртбошимиз ўта бир жиддий саволни ўртага қўйди. Ёшларимиз ахборот технологиялари, математика ёки исталган ўзлари танлаган соҳанинг етук мутахассиси бўлиб етишишига шубҳа йўқ. Лекин улар хорижий давлатда ўқишни битиргач, юртимизга ўзбек бўлиб қайтадими? Ҳақиқатан, бу – энг муҳим, эътибор қаратмаса бўлмайдиган масаладир. Ҳар биримиз бу ҳақда жиддий ўйлашимиз, ёш авлод қалбида миллий руҳиятни кучайтиришга жидду жаҳд қилмоғимиз шарт ва зарур. Лекин одамни ташвишга соладиган яна бир фикр бор: нима учун токи Президент эътибор бермагунча, жим юрамиз? Ахир бу миллат ойдинларини ўйлантириши, уйқусини қочириши, ҳаловатини ўғирлаши керак бўлган муҳимдан ҳам муҳим масала эмасми? Ҳолбуки, жадидларимиз айни шу туйғу – миллат ва миллият учун куйинган, курашган, шу муқаддас йўлда қурбон бўлган эди-ку… Нимага биз лоқайдмиз? Нега эркимизга дахл қилмоқчи бўлсалар ҳам, ёшларимизнинг онгу шуурини заҳарласалар ҳам этимиз чатнамайди?!

Тошкент жадидларининг ёрқин намояндаларидан бири Тўлаган Тавалло ўз даврида миллият туйғусини ўйлаб, кўнг­лидан кечган изтиробларини мана бундай ифодалаган эди:

 

Ҳама ўз бошига оввора, миллатга назар қилмас,

Миллият ҳислари бизда кўринг миқдор йўх,

                                                                                   йўх, йўх.

 

Ҳолбуки, бу сатрлар жадидларимиз Ватан ва миллат тараққийси йўлига бутун салоҳиятини, керак бўлса, молини-ю жонини ҳам бағишлаётган бир замонда ёзилган эди… Энди-чи, энди лоқайдликни, ўзибўларчиликни қандай оқлаш мумкин?!

Давлатимиз раҳбари нутқида она тилимиз равнақи ва уни ўқитиш  масалаларига алоҳида диққат қаратилгани барчани қувонтирди. Бизда чет тиллари бўйича халқаро сертификат олган мутахассисларга устама ҳақ тўланарди. Лекин ўзбек тили бўйича бундай имтиёз бўлган эмас. “Ўзбек тили ва адабиёти” фани ўқитувчилари ҳам халқаро сертификатга эга бўлган бошқа фан ўқитувчиларидан кам бўлмаган қўшимча ҳақ билан таъминланиши керак. Бу, албатта, адолатдан бўлади”, — деди Президент. Келгуси ўқув йилидан бошлаб миллий сертификатга эга “Ўзбек тили ва адабиёти” фани ўқитувчилари 50 фоиз устама олиши белгилангани она тили таълими сифати ошишига хизмат қилиши аниқ. Бу ерда гап манфаатдорликдагина эмас, миллий тилга кўрсатилаётган эътиборда ва рағбатда эканини таъкидлаш жоиз.

Бошқа тилларда таълим олган юртдошларимизнинг давлат тилини ўрганишга бўлган қизқишини кучайтириш – тилимиз нуфузини оширишнинг муҳим шартларидан бири. Ушбу тоифадаги юртдошларимиз махсус сертификатга эга бўлса, ўқиш харажатлари давлат томонидан қоплаб берилиши она тилимизга бўлган эътиборни янада кучайтириши шубҳасиз. Бошқа тилларни ўқитишга ихтисослашган мактабларда ўзбек тилининг ўқитиш соатлари кўпайтирилиши тилимиз равнақи йўлидаги яна бир муҳим қадам сифатида баҳоланишга лойиқ.

Фан олимпиадалари ёшларга катта рағбат бериши аён. Ўзбек тили бўйича халқаро (!) фан олимпиадалари ўтказилиши, ғолиб ва совриндорлар пул мукофоти билан тақдирланиши ва ўзбек филологияси йўналишларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниши шу пайтгача кўрилмаган ҳол эди. Юртбошимизнинг бу борадаги ташаббуслари давлат тилини ривожлантириш концептуал масала даражасига кўтарилганидан далолат беради.

Хорижий тилларни билиш нечоғлиқ муҳим экани аён. Маърифатпарвар шоиримиз Аваз Ўтар мана бу сўзларни бежиз ёзмагани ҳам маълум:

 

Ҳар тилни билув эмди бани Одама жондур,

Тил воситаи робитаи оламиёндур.

Ғайри тилини саъй қилинг билгали, ёшлар –

Ким, илму ҳунарлар ривожи андин аёндур.

 

Мамлакатимизда чет тилларини ўқитадиган бир неч­та алоҳида таълим муассасалари, аксар университетларда махсус факультетлар фаолият юритади. Уларни ташкил этишдан кўзланган мақсад Ўзбекистонни, ўзбекни, унинг маданияти ва интеллектуал салоҳиятини бутун дунёда уларнинг ўз тилида тарғиб этадиган, миллий ахлоқни ва маънавиятни намоён қиладиган етук мутахассислар тайёрлаш экани сир эмас. Савол туғилади: улар шу вазифани бажара оляптими? Қайси тилни ўрганаётган бўлса, ички дунёси-ю руҳиятини ҳам, ҳатто ташқи қиёфасини ҳам ўша халққа ўхшатишга зўр бераётган ёшларни кўрганда, тўғриси, қалбимда оғриқ сезаман. Бу тоифа ўша халқ наздида бундай “ксеронусха”лар хасчалик ҳам қимматга эга эмаслигини, наҳотки, билмаса?! “Аслият”нинг қиммати баландроқ эканини англаш учун жуда кўп фаросат керакми? Бу каби саволлар фақат миллат ойдинларини эмас, бутун жамиятни ўйлантириши, ташвишга солиши керак.

Сўзимиз аввалида тилга олинган Саидризо Ализоданинг “Ҳар миллат ўз тили ила фахр этар” сарлавҳали мақоласида бундан бир юзу ўн йил муқаддам мана бундай сўзлар ёзилган эди: “Ушбу Туркистонимизда қайси бир рус, ё қайси бир арман ўз тилини қўйиб бир-бирови ила туркча сўйлайдур. Аммо бизнинг сўзлашганимиз вақтда ҳар бир жумлада бир калима рус сўзи эшитилур. Масалан: “Манго бир оз помогат қилинг”, “Они мунча иштараф қилдилар”, “Фалон одамнинг дўкони печат қилинди”. Ваҳоланки, бул сўзлар ҳаммаси мусулмонча адо бўлина олур. Масалан, помогат – ёрдам, иштараф – жарима, печат – муҳр… Агарда тил ва адабиётимизни муҳофаза қилмай, анга ажнабий луғат ва сўзларни қўшаберсак, бир оз замонда тил ва миллатимизни йўқотурмиз. Миллатимизни йўқотганда, диёнатимиз ўз-ўзи ила албатта йўқолур”. Кошкийди, бу сўзлар қачон ёзилганини билмасам… Муаллиф айтган муаммолар ҳозирги пайтда ҳам айни ўша даврдаги каби долзарб. Миллий руҳ, миллатга ҳурмат кучли бўлмаса, бундай муаммолар юз кўрсатаверар экан-да…

Албатта, бу каби муаммолар фикрлайдиган, бефарқ бўлмаган ҳар бир одамни ўйлантириши зарур. Агар бутун жамият бирлашса, ечилмайдиган масала қолмаслиги аён. Бунинг учун жадид боболаримизнинг “Тилда, фикрда, ишда бирлик” ғоясига амал қилмоқ зарур.

Нурбой ЖАББОРОВ,

филология фанлари доктори, профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 + 2 =