Меҳр — дунёнинг офтоби

Болалик инсон ҳаётининг энг гўзал, покиза даври. Бола дунёга бутунлай бошқа нигоҳ билан қарайди. У дунёни ўрганар экан, энг аввало меҳр, эзгулик, яхшилик ва гўзалликка қизиқади. Шу боис бола катталар меҳрига, эътиборига, эъзозига жуда муҳтож!

Болаларнинг севимли адибаси Дилфуза Шомаликованинг “Зағизғоннинг арғимчоғи” тўпламидан жой олган кўп­лаб ҳикояларида болалик ҳаётининг ана шу жиҳатларига алоҳида эътибор берилган. Муаллиф кичкинтойларнинг маънавий салоҳиятини ўстиришда, қалбида Ватанга, оилага, табиатга муҳаббат туйғуларини уйғотишда катта одамнинг нечоғли ўрни борлигини бугунги ўзбек оиласи мисолида кўрсатган. Оиладаги катталар ва кичиклар, хусусан, она, буви ва бола муносабатларини янги йўналишда ёритишга интилган. Яъни, оиладаги катталар болага ҳаддан ортиқ меҳрибон, ўргатишдан, панд-насиҳат қилишдан чарчамайдиган киши сифатида эмас, балки бола шахсини ҳурматловчи доно устоз, уни қўллаб-қувватловчи самимий дўст, дилкаш суҳбатдош, меҳрибон инсон қиёфасида намоён бўлади.

Ватан ичра кичик Ватан бўлмиш — оила ҳар бир инсон учун азиз ва муқаддас жой. Халқимиз қадим-қадимдан оилага, бола тарбиясига алоҳида эътибор берган. Катталар кичикларга меҳр кўрсатиб, ўзаро иззатда, ҳурматда яшаганлар. Фарзандлар болалигиданоқ оилага — ота-онасига, бувию бобосига, жигарларига меҳр қўйиб улғайган.

Шу маънода унинг “Осмондаги қушлар уяси”, “Қиш келтирган болалик”, “Кўзимнинг ичидаги чироқ”, “Ўзимизнинг қалдирғочлар” ҳикоялари диққатга молик. Уларда тинч-тотув оилаларда камол топаётган болаларнинг оламни билишга қизиқишлари, бир олам қувончу шодлик­лари, беғубор орзулари ёрқин лавҳаларда талқин этилади. “Кўзимнинг ичидаги чироқ” ҳикоясида оиладаги ўзбекона муҳит, бувининг неварасига меҳри, боланинг руҳиятидаги ўзгаришлар, кўнглига осудалик бермаётган соғинч туйғуси ишонарли тасвирланган. Ҳикояда бола ўз оиласи ҳақида сўзлаб берар экан, Бувижонисига алоҳида тўхталади… Бувижон набирасини “чироғим” деб эркалайди, “Сен кўзимнинг ичидаги чироқсан, болам” дейди. Набирани бағрига босиб, ачомлайди. “Қалбингдаги меҳр… дунёнинг офтобидан ҳам равшанроқ” эканлигини сингдиради, набирасининг қалбини меҳр-муҳаббатнинг тоза нури билан нурлантиради. Набира бу сўзларнинг чин маъносини уйидан узоқда, оромгоҳда, соғинч ҳиссини туйганидагина тушунади. Муаллиф ҳикоя давомида бу соғинч айнан оилага, жондан азиз жигарларингга бўлган улкан муҳаббат эканлигини ёш китобхонга англатиб боради. Она юртга муҳаббат оилага бўлган муҳаббатдан бошланади. Болалик қалбига сепилган бу соф, покиза ҳис кейинчалик ўсиб, она-Ватанга муҳаббат билан чамбарчас боғланади. Инсон қаерда, қайси гўшада бўлмасин, у ҳеч қачон умрбод сўнмайди, ҳамиша оловланиб туради.

Тўпламдан жой олган “Гулнинг онаси чиройлими?” ҳикоясининг сарлавҳасиёқ ўқувчини завқлантиради, диққатини тортиб, тасаввурини уйғотади. Муҳими, ҳи­кояда муаллиф бола тилидан ёлғон саволлар тўқимайди, балки ҳаммаси табиий ва ишонарли берилади:

“— Ойижон, кампирларнинг ҳам онаси бўладими?

— Ҳа, болам.

— Дарахтларниям, қушларниямми?

— Албатта, жамики жониворларниям. Яралган ҳамма мавжудотларнинг онаси бўлади…

— Энг чиройли кимнинг ойиси?

— Билмасам, болам.

— Гулниям онаси борми?

— Ҳа, болам, бор-да онаси.

— У жуда-жуда чиройлими?

— Жудаям.

— Сиздан ҳамми?”

Келтирилган парчада кичкинтойлар оламидаги битмас-туганмас қизиқувчанлик, дунёни билишга бўлган интилиш, оддийлик тубидаги жиддийлик ва айни пайт­­да боланинг тоза, беғубор қалби, ҳайрати яққол кўринади. Қанақасига, ахир у онажониси ҳаммадан гўзал эканлигини аниқ билади-ку!.. “Йўқ, ишонмайман… энг чиройлисиям сиздек эмас… Сиздан кейин… иккинчи, учинчи, тўртинчи улар… Биринчи фақат — Сиз… сиз!..”

Муаллиф шу тарзда ҳикоя қаҳрамонининг онасига бўлган чексиз муҳаббатини, меҳрини гўзал ифодалайди. Шубҳасиз, бу сўзлар дунёдаги барча болажонларнинг дил изҳори каби эшитилади.

Тўпламдан мактаб ҳаёти, дўстлик, ўртоқчилик ҳақидаги ҳикоялар ҳам ўрин олган. Жумладан, “Тўрт ўртоқ” ҳикояси ўртоқчилик ҳақида. Ҳикоя биринчи шахс тилидан баён қилинади… Унда тўртта маҳалладош ўртоқ биринчи синфга чиқади. Ҳамма хурсанд! Аммо Комилнинг табиатидаги айрим болаларда учрайдиган димоғдорлик, киб­ру ғурурга берилиш каби қусурлар унинг ўртоқларидан ажралиб, яккаланиб қолишига сабаб бўлади. Бахт­­га қарши, Комилларнинг оиласи шаҳарга кўчиб кетади. Орадан вақт ўтиб, уч ўртоқ ёзги оромгоҳда Комил билан учрашиб қолади. Эски гиналар унутилади. Ҳар куни бирга чой ичадилар, “бувилари, оналари пишириб берган нарсалар билан” Комилни меҳмон қиладилар. “У ҳеч нарса олиб келмаган, шекилли…” деб ўйлайдилар.

Комил оромгоҳ ишларида фаол, унга ҳавас билан қарайдилар. Лекин бир куни ётоқхонада қандайдир нохуш ҳид тарқалади. Қидириб кўрилса, Комилнинг каравоти тагидан иккита катта халтада ҳидланиб қолган егуликлар чиқади… Хонада Комил бўлмаганлиги учун, ҳамма ўгирилиб, унинг ўртоқларига қарайди. Улар эса нима дейишни билолмай лол қоладилар! Тасаввур қилинг, ўртоқчиликнинг масъулияти қанчалик катта! Ўртоғинг қилган ёмон иш уни шарманда қилиши билан бирга, сени ҳам мулзам ҳолатга солади, бошинг эгилади…

Ёзувчи ҳикоя тагматнида ўртоқлик, дўстликнинг ҳам шартлари ва қоидалари борлиги, дўстлар бир-бирларини ҳурмат қилсалар, қўллаб-қувватласалар, худбинликдан, кибру ғурурдан воз кечиб, самимий бўлсаларгина мустаҳкам ва бардавом бўлади. Худбинлик, кибр, қизғанчиқлик, хасислик каби ёмон сифатлар дўстликка, ўртоқчиликка путур етказиши ҳақида ёш китобхонга сабоқ беради.

Д.Шомаликова ҳикоя ва эртакларида бизни ўраб турган табиатни, бирин-кетин келадиган йил фаслларини бутун жозибаси, латофати билан тасвирлайди. Ёш китобхонни она-табиат билан уйғунликда яшашга, гулларга, дарахтларга, “қанотли дўстларимиз”га эътиборли бўлишга, ёрдам беришга, асраб-авайлашга, гўзалликдан завқланишга ундайди. Тўпламдан жой олган “Зағизғоннинг арғимчоғи”, “Қуёш билан саломлашаман”, “Осмондаги қушлар уяси”, “Тупроқ ўйнаётган бола”, “Мен баҳорни кўрдим”, “Табиб қушлар”, “Қушларнинг катта онаси”, “Кўкламнинг овози” ва бошқа қатор асарларда бу боқий мавзулар таъсирли воқеалар, дилбар суҳбатлар, ибратларда кўрсатилади.

Лекин яна шуни алоҳида айтиш жоизки, бир қараганда оддий кўринган воқеаларга кенгроқ назар ташланса, оиладаги катталарнинг табиатга бўлган онгли муносабати кичкинтойлар шуурига, қалбига чуқур таъсир қилади. Табиат билан ёнма-ён, дўс­тона яшаш сирларини енгилроқ ўзлаштиришларига замин бўлади.

Дилфуза Шомаликованинг болалар учун ёзган гўзал бадиалари ҳам диққатга сазовор. “Тупроқ ўйнаётган бола”, “Менинг азиз ватаним”, “Бизнинг буюк боболаримиз”, “Мактуб ёзаётган бола”, “Мен баҳорни кўрдим”, “Кўкламнинг овози” каби бадиалари жуда гўзал, бадиий тилда, санъаткорона ёзилган. Бадиалар шоирона руҳ, нафис тасвир, болалар дунёсига, дидига мос, улар тушунадиган (ёки… тушунмайдиган) даражадаги фалсафий фикрлар билан йўғрилган. Бадиалардаги сержило оҳанг, фикрнинг ўзига хос ифодаси бола онгига етиб бормаслиги мумкин, аммо қалбига, юрагига шубҳасиз етиб боради. Энг муҳими, маҳоратли болалар адибаси Дилфуза Шомаликованинг янги тўпламидан жой олган асарлар болалар қалбида Ватанга, ота-онага, табиатга, миллий қадриятларимизга муҳаббат уйғотади, гўзалликка, яхшиликка, эзгуликка ишониб улғайишига кўмак беради.

Замира ИБРОҲИМОВА,

филология фанлари номзоди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 1 =