Савол — нишонни кўзлаб отилган ўқ
Расул Ҳамзатов таваллудининг 100 йиллиги
Юртимизда ҳам деярли ҳар куни матбуот анжумани ўтказилади. Улар ҳақида ОАВда “Матбуот анжумани бўлиб ўтди…” деган хабар чиқади ва бу тезда унутилади. Бироқ бундан олтмиш йил илгари Махачқалъада бўлиб ўтган матбуот анжумани ҳақидаги мақола ҳамон севиб ўқилади ва ибрат олинади. Биз атоқли авар шоири Расул Ҳамзатов ёзган ва уни ўзининг машҳур “Менинг Доғистоним” асарига киритган ушбу мақолани эътиборингизга ҳавола қилишни лозим топдик. Негаки… сабабини ушбу мақолани ўқиган муштарий, албатта билиб олади.
…Шу ўринда Махачқалъада бўлиб ўтган матбуот анжумани ёдимга тушади. Йигирма тўққиз давлатдан келган ўттиз саккиз нафар мухбир Москвада расман рўйхатдан ўтиб, Доғистонга ташриф буюришди. Аввал улар овулларда бўлишди, тоғлик кишилар билан учрашишди, таржимонлар ёрдамида улар билан суҳбатлашишди. Кейин матбуот анжуманига тўпланишди. Фотоаппаратлар чироқлари ялтиллади. Телекамералар у ёқ-бу ёққа сурилди. Мухбирлар ручка-қаламларини олишиб, олдиларига оппоқ қоғоз ё дафтарларини қўйишди.
Биз минбардаги узун стол ёнига қаторлашиб ўтирдик. Ичимиздаги ёши улуғимиз Абутолиб эди ва унга матбуот анжуманини очиш топширилди. Абутолиб ўрнидан туриб деди:
— Хонимлар ва жаноблар, ўртоқлар! (Биз матбуот анжуманини шундай сўзлар билан очиш кераклигини ўргатгандик. Кейин у ўзи хоҳлагандай гапирди). Келинглар, танишиб олайлик. Мана бизнинг уйимиз. Мана бизнинг ўзимиз. Мана бизнинг таниқли шоирларимиз…
Абутолиб девордаги портретларга ишора қилди. Меҳмонлар Батирай, Казак, Маҳмуд, Сулаймон, Ҳамзат, Эффенди портретларига назар ташлади.
Бу вақтда Абутолиб ҳар бир шоирнинг исм-шарифини айтиб, қайси миллатга мансублиги, қайси тилда ёзганлиги, қандай мавзуларда ижод қилгани ва қандай асарлари билан халқ эътиборини қозонгани тўғрисида қисқача сўзлаб берди. Навбат ўзининг портретига келганда, Абутолиб ўша оҳангда давом эттирди:
— Бу мен. Сиз портретлар орасидан келиб стол атрофидаги даврага қўшилибди деб ўйламанг. Аксинча, мен стол атрофидаги даврадан чиқиб портретлар орасидан жой олганман.
Шундан кейин Абутолиб стол атрофида ўтирган шоир-ёзувчиларни таништира бошлади ва қўшимча қилди:
— Уларнинг портретлари ҳам шу деворга ярашиб турган бўларди. Танишинг: Аҳмедхон Абубакр – кубачинлик сўз заргари, Доғистон халқ ёзувчиси.
Мусо ва Фазу. Эр ва хотин. Бир оилада икки ёзувчи, икки романчи, икки шоир, икки драматург. Баъзан ҳамкорликда, кўпинча алоҳида-алоҳида ёзишади.
Мутолиб Митаров – аварлар куёви, табасаран шоири.
Шоҳ Эмир Муродов – “тинчлик кабутари”, лезгин шоири, кўпроқ кабутарлар ҳақида ёзади.
Жамидин – бизнинг ҳажвчимиз, бизнинг Марк Твенимиз, бизнинг Адабиёт жамғармамиз.
Анвар – Доғистон халқ шоири, беш тилда чиқадиган адабий баёз бош муҳаррири.
Трунов – Доғистонда яшаб ижод қилаётган рус ёзувчиси.
Хизгил Авшалумов – тат ёзувчиси, ўз она тили ва рус тилида ижод қилади.
Доғистонлик шоир-ёзувчиларни таништирар экан Абутолиб яна Бадавий, Сулаймон, Саша Грач, Ибрагим, Алиризо, Мажид, Ашуг Ратульскийдан ўрнидан туришини сўради. Кейин адабий альманахлар муҳаррирларини таништирди ва деди:
— Меҳмондорчилик таомилимизга биноан биз ҳеч қачон меҳмонларимизнинг исм-шарифини сўрамаймиз…
Меҳмон мухбирлар навбатма-навбат туриб ўзларини таништиришди: қайси давлатдан, қайси газета-журналдан келганликларини айтишди.
Шундан кейин барча матбуот анжуманларида бўлгани каби савол-жавоб бошланди.
САВОЛ: Сизда жуда кўп миллат ва тил бор экан. Худди қадимий Бобил бозорларига ўхшаш ҳолат дейиш мумкин. Қандай қилиб бир-бирларингизни тушунасизлар?
АБУТОЛИБ жавоб қайтарди: — Тилимиздаги сўзлар ҳар хил, лекин шу сўзларни айтаётган оғзимиздаги тиллар бир хил (Қўлини юраги устига қўйди). Бу ҳаммасини яхши тушунади. (Қўли билан қулоғини ушлади). Фақат булар ёмон эшитади.
САВОЛ: — Мен Болгария газетаси мухбириман. Айтинг-чи, Доғистондаги тиллар ўртасида рус ва болгар тиллари каби қандайдир ўхшашликлар борми?
АБУТОЛИБ: — Рус ва болгар тиллари – туғишган ака-ука. Бизнинг тилларимиз тўрт авлод нарисидаги қариндош. Бир хил сўзларимиз кам учрайди. Ёзувчилар ўртасида гуруҳлар бордир, лекин тиллар ўртасида гуруҳбозлик йўқ. Ҳар бири алоҳида-алоҳида.
САВОЛ: — Сиздаги тиллар қайси бошқа тилларга ўхшаш, қайси тиллар гуруҳига киради?
АБУТОЛИБ: — Татлар айтишади, улар форс тилини тушунишади ва Ҳофиз ғазалларини бемалол ўқишади. Мен улардан сўрайман, агар сиз Саъдий ва Хайёмни тушунар экансизлар, нега уларга ўхшаб ёзмаяпсизлар?
Илгари совчилар келишганда, куёвни шундай мақташарди: “У қўмиқ тилини билади”. Бу куёв бўлмиш ҳамма нарсани билади, қизингизни унга берсангиз куйиб қолмайсиз, деган маънони англатарди. Чиндан ҳам қўмиқ тилини билган одам турк, озарбайжон, татар, болқор, ўзбек, қозоқ, қирғиз, бошқирд ва шу гуруҳдаги бошқа тилларни тушунади. Таржимасиз Нозим Ҳикмат, Қайсин Қулиев, Мустай Карим шеърларини тушуна олади.
Аммо менинг она тилим ҳақида бундай дейиш мумкин эмас. Лак тили хусусиятларини узоқ йиллар ўрганиб, докторлик диссертацияси ёқлаган олимнинг хулосалари фикримни тасдиқлайди. Бир вақтлар таниқли лак фарзанди бутун дунёни кезиб чиқиб, охири Эфиопияда тўхтайди ва шу мамлакатда вазир лавозимига кўтарилади. Унинг таъкидлашича, сафарда юрган вақтида дунёнинг ҳеч жойида лак тилига ўхшайдиган тилни учратмаган.
УМАР ҲОЖИ: Бизнинг авар тили ҳам бошқа тилларга ўхшамайди.
АБУТОЛИБ: — Даргин, лезгин, табасаран тилларига ўхшайдиган тилларни ҳам айтиш қийин.
САВОЛ: — Сиз ўзингиз бир-бирига ўхшамайдиган тилларни қандай ўргангансиз?
АБУТОЛИБ: — Ўз вақтида Доғистон овуллари бўйлаб кезишга мажбур бўлганман. Одамларга қўшиқ тинглаш, менга эса нон топиш керак эди. Ўзга овулга қадам қўйганингда, уларнинг тилини билмасанг, ҳатто итлари ҳам сенга қаттиқроқ ҳуради. Ҳаётий эҳтиёж Доғистон тилларини ўрганишимга сабабчи бўлган.
САВОЛ: — Барибир илтимос қилардим, Доғистон тилларининг ўхшаш ва фарқли жиҳатларига батафсил тўхталсангиз. Нима учун Доғистонда шунча кўп тил бор?
АБУТОЛИБ: — Тилларимизнинг ўхшаш ва фарқли жиҳатлари тўғрисида жуда кўп китоб ёзилган. Мен олим эмасман, тиллар пайдо бўлишини ўзим тушунганимча айтиб бераман. Мана биз шу жойда бирга ўтирибмиз. Айримларимиз тоғда, бошқаларимиз текисликда туғилиб вояга етганмиз. Биримиз совуқроқ жойда, иккинчимиз иссиқроқ маконда, учинчимиз дарё қирғоғида, тўртинчимиз денгиз соҳилида. Айримларимиз ҳўкиз бор, дала йўқ жойда, бошқаларимиз дала бор, ҳўкиз йўқ жойда яшаганмиз. Айримларимиз олов бор, сув йўқ жойда, бошқаларимиз сув бор, олов йўқ жойда. Бир жойда гўшт, бир жойда ғалла, бир жойда мева бор. Пишлоқ сақланган жойларда каламушлар, қўйлар ўтлатиладиган яйловларда бўрилар пайдо бўлади. Бундан ташқари, тарихимизда бўлган урушлар, ҳар хил қўшниларимиз, географик жойлашув, табиат ҳам ўз таъсирини ўтказган.
“Табиат” сўзи бизда икки маънони англатади. Биринчи маъноси – ер, сув, майса, дарахт, тоғлар. Иккинчи маъноси – инсоннинг феъл-атвори. Ҳар бир жойнинг табиати ўзига хос номларни, урф-одатларни, тартиб-қоидаларни вужудга келтиради.
Ҳар хил жойдаги одамлар уйларини ҳар хил қуришади, бўркларини ҳар хил кийишади. Беланчаклар бошида ҳар хил алла айтилади. Маҳмуд икки торли пандур чалиб қўшиқ айтган. Ирчи Казакнинг пандурида учта тор бор эди. Сулаймон Стальский қўшиқларини тор жўрлигида ижро этган. Кимнингдир созидаги тор эчкининг ичагидан, бошқасининг созидаги тор металлдан қилинган.
Халқлар кўп, ҳар бирининг ўз одати бор. Чақалоқ туғилганда битта халқда чўқинтирилади, бошқасида суннат қилинади, учинчисида туғилгани тўғрисида гувоҳнома олинади. Бола улғайган сайин бошқа одатларга амал қила бошлайди. Ўғилга қизни унаштириб келишади. Дарвоқе, бу ҳам одат. Айтмоқчиманки, одам турмуш қургандан кейин одатларнинг навбатдаги босқичига қадам қўяди. Доғистондаги тўйларнинг расм-русумлари тўғрисида айтадиган бўлсам, гапим тугамайди. Агар бунга ким қизиқса, унга “Доғистон халқларининг расм-русумлари” деган китоб совға қиламиз.
САВОЛ: — Урф-одатлар, тилларингиз ҳар хил бўлса, унда сизларни нима бирлаштиради?
АБУТОЛИБ: — Доғистон!
САВОЛ: — Доғистон… Бизга айтишларича, бу сўз “Тоғлар мамлакати” деган маънони англатар экан. Демак, Доғистон географик жойнинг номи, холос.
АБУТОЛИБ: — Бу жой номигина эмас, бу – Ватан, бу – Республика номи! Бу сўз тоғларда яшаётганлар учун ҳам, водийда истиқомат қилаётганлар учун ҳам бирдай азиз. Доғистоннинг ўз қиёфаси, ўз мақсади, ўз орзуси бор. Унинг қучоғида яшаётган халқларнинг тарихи, тақдири, муаммолари, байрамлари битта. Ахир битта бармоқдаги оғриқ бошқаларига сезилмайдими? Бизнинг умумий сўзларимиз ҳам бор: Махачқалъа, Доғистон… Бу сўзларни таржима қилишмаса ҳам, ҳамма тушунади. Бизда шоир-ёзувчилар кўп, ҳар хил баҳслар ҳам бўлиб туради. Лекин юқоридаги учта сўз бўйича бизда ҳеч қачон баҳс бўлмаган. Сизга тушунтира олдим деб ўйлайман.
САВОЛ: — Бу бизга тушунарли. Мен бир нарсани сўрамоқчи эдим. Бугун битта газетада Адалло Алиевнинг шеърини ўқидим. Уни рус тилига Анатолий Заяц таржима қилибди. Шеърнинг тагига “Доғистон тилидан таржима қилинди”, деб ёзилибди. Бу қандай тил?
АБУТОЛИБ: — Бундай тилни мен ҳам билмайман. Кеча Адалло Алиев билан учрашгандик, суҳбатлашдик. У авар эди. Бир кечада нима бўлганидан бехабарман. Аммо сиз хавотир олманг, бу газетачиларнинг оддий хатоси.
САВОЛ: — Бизнинг Америкада ҳам кўп миллатлар яшайди ва уларнинг тиллари ҳам ҳар хил. Аммо давлат тили сифатида инглиз тили қабул қилинган. Шу тилда ҳужжатлар тўлдирилади, иш юритилади. Сизда қайси тил асосий ҳисобланади?
АБУТОЛИБ: — Ҳар бир одам учун асосий тил она тилидир. Кимки ўз тоғларини севмаса, ўзгаларнинг текисликларини сева олмайди. Ўз уйидан бахтини топмаган одам уни кўчадан изласа овора бўлади. Ким ўз онасининг юзига тупурса, ўзга аёлларнинг ҳам юзига тупуради. Дўстларнинг қўлини қисганда, қилични маҳкам тутганда қўлдаги барча бармоқлар асосий ҳисобланади.
САВОЛ: — Мен Мутолиб Митаровнинг достонини ўқигандим. У бу асарида мен авар ҳам, тат ҳам, табасаран ҳам эмасман, мен доғистонликман дея таъкидлабди. Сиз бунга нима дейсиз?
АБУТОЛИБ (нигоҳ ташлаб Митаровни излади): — Митаров, эшитяпсанми? Сенинг авар ҳам, қўмиқ ҳам, тат ҳам, нўғой ҳам, лезгин ҳам эмаслигингни олдиндан биламан. Аммо сенинг табасаран эмаслигингни биринчи марта эшитяпман. Унда сен кимсан? Балки эртага мен Мутолиб ҳам, Митаров ҳам эмасман деб ёзарсан. Масалан, мен Абутолиб Ғафуровман, биринчи навбатда лакман, иккинчидан, доғистонликман, учинчидан, шу мамлакат шоириман. Буни тескарисига ҳам айтишим мумкин: биринчидан, шу мамлакат шоириман, иккинчидан, Доғистонда яшайман, учинчидан, миллатим лак ва лак тилида ижод қиламан. Мен булардан ўзимни айро тасаввур қила олмайман. Булар менинг бебаҳо бойлигим. Буларнинг ҳеч қайсисидан ҳеч қачон тонмайман. Аксинча, улар учун оловга ҳам тик боришга тайёрман.
САВОЛ: — Менинг қўлимдаги тиббиёт фанлари номзоди Аликишиевнинг китоби. Номи – “Доғистондаги узоқ умргузаронлик”. У китобида юз ёшдан ошган одамлар тўғрисида ёзиб, Доғистон узоқ умр кўриш бўйича дунёда етакчи ўринни эгаллаши таъкидланган. Кейин эса миллатлар қуда-андачилик орқали тобора яқинлашиб бораётгани, бу кетишда яқин келажакда Доғистонда ягона миллат вужудга келади дея фараз қилинади. Йиллар ўтиб авар ҳам, даргин ҳам, нўғой ҳам ўзини доғистонлик ҳисоблайди ва паспортида шундай деб ёздиради каби фикрлар билдирилади. Бошқа бир олимингизнинг мақоласини ўқигандим. Унда адабиёт миллатлар ўртасидаги чегаралардан ўтиб, Доғистон умумий адабиётига айланаётганлиги ёзилган. Фан номзодлари ва докторлари бу масалада ёзишаётган экан, демак бу масала теран ёндашишни тақозо этади.
АБУТОЛИБ: — Аликишиевни яхши биламан. У бизнинг туманимизда туғилган. Чиндан ҳам у кўплаб оқсоқолларимиз ҳузурларида бўлиб, ҳаёт йўлларини ёзиб олган. Аммо ҳамма миллатлардан битта миллат пайдо бўлади деган гапни, ишончим комил, ҳурматли оқсоқолларимиздан ҳеч қайсиси унга айтмаган. Бу фикр унинг ўзидан чиққан. Мен бундай “мичурин”ларни кўп кўрганман, улар қуёнлар устида тажриба ўтказишгандай, ўз “лаборатория”ларида ҳар хил тилларни чатиштириб, гибрид ҳосил қилишмоқчи бўлишади. Улар еттита миллий театрни қўшиб, битта театр қилишга уринишганди. Бешта тилда чиқиб турган газетани битта қилишга ҳам уриниб кўришганди. Ёзувчилар уюшмамиздаги миллий секцияларни қўшиб юборишни исташганди. Ҳолбуки, бу сершох дарахтнинг новдаларини қирқиб ташлаб, фақат поясини қолдиришдай бир ишдир.
САВОЛ: — Мен Ҳиндистон газетасининг мухбириман. Бизнинг Ҳиндистонда ҳам тиллар кўп: ҳинд, урду, бенгал… Айрим миллатлар ўз она тилининг давлат тили бўлишини исташди. Натижада қанча баҳслар, тўқнашувлар юз берди. Сизда шунга ўхшаш воқеалар рўй берганми?
АБУТОЛИБ: — Бизда шунга ўхшаш воқеа икки бола ўртасида бўлган. Икки бола – авар ва қўмиқ битта эшакка мингашиб йўлга чиқишади. Йўлда авар бола “Хiа! Хiа! Хiама!” деб айтса, қўмиқ бола “Эш! Эш! Эшек!” деб айтади. Ҳолбуки, иккаласи ҳам “Эшак” дейишган. Аммо болалар тортишиб қолишади, бир-бирини силтаб эшакдан қулаб тушишади, авар бола хiамасиз, қўмиқ бола эшексиз қолади. Менимча, бу болаларга хос баҳслар. Биз тилларимизни бир-бирига тишини қайрайдиган бўриларга айлантирмоқчи эмасмиз. Бизда шундай ажойиб нақл бор: “Уйдаги аҳмоқ қўшнилар билан алоқани бузади, овулдаги аҳмоқ овуллар ўртасига рахна солади, миллат ичидаги аҳмоқ бошқа мамлакатлар тинчлигини бузади”. Ким бошқа тил тўғрисида ёмон гап айтса, бизда уни одам қаторига қўшишмайди.
САВОЛ: — Демак, сиз бу масалада бизда ҳеч қандай баҳс, тушунмовчиликлар бўлмаган демоқчимисиз?
АБУТОЛИБ: — Баҳслар бўлган. Лекин улар жиддий тус олиб, кимнингдир ё бирон тилнинг шаънига тегмаган. Майли, ким қандай тилда хоҳласа, ўша тилда гапирсин, ёзсин, ўқисин ва куйласин. Қайсидир тилнинг яхши ё ёмонлигини, тўғри ё нотўғрилигини, гўзал ё ёқимсизлигини исботлаб баҳслашиш мумкиндир. Лекин бутун бир миллат ёмон, ёқимсиз бўлиши мумкинмас! Агар шундай баҳс бошланса, билиб қўйинглар, бундай баҳсда ғолиб ҳам, мағлуб ҳам бўлмайди.
САВОЛ: — Доғистонда битта миллат ва битта тил бўлгани яхши эмасми?
АБУТОЛИБ: — “О, бизда битта тил бўлсайди”, деб кўплар гапиришади. Оқсоқ Ражбадин қўққисдан Грузия томонга йўлини бурганда, шоҳ Ираклийга шундай деган экан: “Биз бир-биримизни тушунмаганимиз учун бу бало бошимизга тушди”. Ҳожимуроддан арз қилиб Хайдак ва Табасарандан имомга шундай мактуб келган: “Биз бир-биримизнинг тилимизни тушунмадик”.
Албатта, одамлар бир-бирларини биринчи сўзданоқ тушунгани яхши. Шунда оз куч сарфлаб, кўп нарсаларга эришган бўларди. Аммо оилада кўп бола бўлишининг ёмон томони йўқ. Ота-она борки, ҳар бир боласига бирдай ғамхўрлик кўрсатади. Кўп болали ота-оналар кейинчалик бундан афсусланиши деярли учрамайди.
Айримлар айтишади: “Дарбанддан нарида бизнинг тилимиз кимга керак? Барибир тушунишмайди”.
Бошқалари айтишади: “Бизнинг тилимиз Аракин довонидан ўтгандан кейин ҳеч нарсага ярамайди”.
Учинчилар нолишади: “Бизнинг қўшиқларимиз денгизгача ҳам учиб бора олмайди”.
Аммо улар ўз она тилларини архивга топширишга шошилишмаяптими?!
САВОЛ: — Сиз консолидация ҳақида нима дейсиз?
АБУТОЛИБ: — Бир-бирини билмайдиган, бегона миллатлар учун консолидация керак. Аммо ака-ука миллатларга консолидациянинг ҳожати йўқ.
САВОЛ: — Мен Расул Ҳамзатовнинг икки жилдлик китобини ўқиб чиқдим. У биринчи жилддаги “Она тилим” шеърида авар тилини шарафлаган. Иккинчи жилддаги шундай сарлавҳали шеърида эса рус тилини шарафлаган. Наҳотки бир вақтнинг ўзида иккита отга миниш мумкин бўлса? Биз қайси Ҳамзатовга ишонайлик? Биринчи жилддаги Ҳамзатовгами ёки иккинчи жилддагигами?
АБУТОЛИБ: — Бу саволга Расулнинг ўзи жавоб беради.
РАСУЛ: — Мен ҳам бир вақтнинг ўзида икки отга ўтириш мумкин эмаслигини биламан. Аммо икки отни битта аравага қўшиш мумкин. Майли, икки от – икки тил Доғистонни олдинга қийналмай тортсин. Улардан бири рус тили, иккинчиси бизнинг тил: аварлар учун авар, лаклар учун лак тили… Мен учун она тилим азиз. Менга иккинчи она тилим ҳам азиз, чунки у мени шу тоғ сўқмоқларидан кенг дунёга олиб чиқди. Азиз нарсани азиз дейман, бошқача айта олмайман.
САВОЛ: — Мен Расул Ҳамзатовдан яна бир нарсани сўрамоқчи эдим. Битта шеърингизда шундай ёзгансиз: “Эрта она тилим агар йўқолса, мен бугун ўлимга бўлурман ризо”. Аммо сизнинг халқингизда шундай нақл бор: “Катта одам келганда, кичик ўрнидан туриши керак”. Мана, рус тили келди. Маҳаллий тиллар ўрнидан туриб, унга жой бериши керак эмасми? Сизнинг таъбирингиз билан айтганда, бошга иккита бўрк кийиб бўлмайди. Ёки лабга иккита сигарета қистириш шарт эмас.
АБУТОЛИБ: — Тошни ердан бир қўлда кўтарган осонми ёки икки қўлда?
САВОЛ: — Барибир тоғликлар онаси чироқ ёққан уйларини тарк этишиб текисликка кўчиб ўтишяпти-ку?
АБУТОЛИБ: — Аммо улар кўчишганда ўз тили, ўз номини олиб кетишяпти. Бўркини ҳам олишни унутишмаяпти. Янги уйининг токчасида ўша чироқ ёнаяпти.
САВОЛ: — Янги жойда йигитлар кўпроқ бошқа мил¬лат қизларига уйланишяпти. Улар уйда қайси тилда сўзлашишади? Кейинчалик уларнинг фарзандлари қайси тилда гаплашишади?
АБУТОЛИБ: — Бизда шундай ҳикоят бор. Бошқа-бошқа миллатдан бўлган йигит-қиз бир-бирини севиб қолишади, турмуш қуришга аҳд қилишади. Қиз шарт қўяди: “Агар мен учун юзта айтган ишимни қилсангиз, сизга турмушга чиқаман”. Йигит қизнинг хушига келган ишларни бажара бошлайди. Қояга тирмашиб чиқишни айтди, қояга кўтарилди. Қоядан сакрашни айтди, қоядан сакради ва оёғини қайириб олди. Оқсоқланмай юришни айтди, оқсоқланмай юрди. Қиз яна дарёдан сузиб ўтаётганда хуржунини ҳўл қилмасликни, чопиб бораётган отни тўхтатишни, кейин асов отни тиззалатишни, ҳатто ўзининг кўкраги устига олма қўйиб, уни қилич билан чопиб бўлишни айтди. Хуллас, йигит қизнинг тўқсон тўққиз шартини бажарди. Битта шарт қолди. Шунда қиз ўзининг охирги шартини айтди: “Энди туққан онангни, ўз отангни, она тилингни унут”. Йигит отига сакраб миниб, кетма-кет қамчи босди ва қайтмас бўлиб кўздан йўқолди.
САВОЛ: — Бу яхши эртак экан. Аслида, ҳаётда қандай бўлади?
АБУТОЛИБ: — Ҳаётда йигит-қиз бирга турмуш қурар эканлар, зиммаларига кўплаб мажбуриятларни олишади. Аммо ҳеч бири бошқасидан она тилини унутишни талаб қилмайди. Аксинча, ҳар бири бошқасининг тилини мумкин қадар ўрганишга киришади.
Ҳаётда ўз она тилини ўрганмай вояга етаётган болаларни кўрсак, уларга танбеҳ берамиз. Тез орада бундай болаларнинг ўзлари ота-онасидан ўз тилини ўргатишмагани учун ранжиб юришади. Ота-оналар эса ўзларининг беғамликларидан пушаймон бўлишади.
Ҳаётда қандай бўлишини сўраяпсизми? Мана, биз қаршингизда ўтирибмиз. (Қўллари билан ишора қилди). Мана бизнинг шеърларимиз, ҳикояларимиз, қиссаларимиз, китобларимиз. Мана бизнинг газета-журналларимиз. Улар ҳар хил тилда. Улар йил сайин кўпроқ нусхада чоп этиляпти. Улкан мамлакат тили она тилимизни истеъмолдан сиқиб чиқаргани йўқ. Аксинча, қонун йўли билан ҳимоя қилади. Энди тилларимиз юлдузлар каби кенг осмонда чарақлаб турибди. “Юлдузлар юлдузларга қараб сўзлайди”. Биз дунёни, дунё эса бизни кўраяпти. Агар шундай бўлмаганда, сиз биз ҳақимизда ҳеч нарса билмасдингиз. Табиийки, бизнинг ҳаётимизга қизиқмасдингиз, бу учрашувимиз ҳам бўлмасди. Мана бу бизнинг бугунги ҳаётимиз…
Саволлар – жавоблар, саволлар – жавоблар. Агар вақт белгиланмаганда, бу матбуот анжумани узоқ давом этган бўларди. Чунки ҳамма замонда, ҳамма халқда тил масаласи муҳокама қилинади ва бу масала муҳокамаси ҳеч қачон тугамаса керак.
— Матбуот анжумани бизнинг савол-жавоб ўйинларимизга ўхшаб кетар экан, бир томон фақат савол беради, иккинчи томон фақат жавоб қайтаради, – деди Абутолиб ўзига юклатилган ноодатий вазифани ниҳоясига етказгандан кейин.
Савол – нишонни кўзлаб отилган ўқ. Жавоб – нишонга теккан ўқ.
Савол – жавоб. Сўроқ белгиси – ундов белгиси. Савол – ўтмиш, жавоб – бугунги кун.
Қадим Доғистон тошда букчайиб ўтирган кампирга ўхшайди. Гўё у сўроқ белгиси. Ҳозирги Доғистон ундов белгиси. У – қилич, қинидан чиқарилиб ҳавога кўтарилган.
Асрор МЎМИН таржимаси.