ИСТАРА
Истара ҳақида кўп ёзилмаган. Истара — Сурхон воҳасининг қадимги Шеробод ҳудудига қарашли, ҳозирда Қизириқ туманидаги катта бир маҳалла, қишлоқ. Бу макондан жуда кўп таниқли, истеъдодли ва энг муҳими, яхши одамлар етишиб чиққан. Бугунги кунда ҳам фозил, оқибатли одамлар яшашади. Истараликлар ниҳоятда меҳнаткаш, билимга чанқоқ, лекин содда ва ўзига хос эл. Аммо бирозгина хафа қиладигани аҳолисининг кўпчилиги Истара деган ном ҳақида кўп маълумотга эга эмас. Бунга сабаб — бу макон тарихи, ўтмиши кенг тадқиқ қилинмаганида бўлса керак. Афсуски, бу ерда яшаган эски одамлар, билгичларнинг кўпи бугун орамизда йўқ, улар оламдан ўтиб кетишган.
“Истарали одамлар яшагани учун”, “Ис-ифор таратиб турувчи дегани бўлса керак?”, “Қадимги Исфара деган номдан олинган бўлиши мумкин”, “Испарак” деган ўт-ўсимлик номидан келиб чиққан…” ва ҳ.к.
Ўзларича ана шундай талқин қилишади ўз маконлари ҳақида бугунги қишлоқ донишлари. Эҳтимол, бу гапларда ҳам жон бордир. Аммо юқорида айтганимиздек, бир пайтлар Шеробод заминига қараган, бироқ бундан 60 йилча аввал Бандихон ва Қизириқ чўлларида ташкил этилган мазкур кўп минг кишилик хўжалик ўз тарихига, ўтмишига эга. Бу ҳақда бир пайтлар археолог олим, Сурхоннинг катта ёзувчиси бўлган Худо раҳмат қилгур Менгзиё Сафаров билан ҳам суҳбатлашган эдим.
Ҳа, бу ҳудудлар тарихи жуда қадимий. Истара тарихини ҳам Бойсун ва Шеробод чўллари тарихи билан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Биласиз, Бойсун дунё цивилизациясининг бешиги бўлган. Бойсунда илк неандартал одам — бола суяги, бош чаноғи топилган. Бу эса бундан 40-50 минг йил аввалги яшаган одамларга тааллуқлигини аллақачон фан исботлаган. Буюк жаҳонгирлар Александр Македонский, Чингизхон, Амир Темур от сурган бу заминда. Ва бу гаплар асло афсона эмас. Қадим гўшада яратилган “Алпомиш” достонини ҳам афсона дейдиганлар янглишади. Чунки бу достонни сел бўлиб бир буюк оқин айтган. У тилдан-тилга ўтди. Дилдан дилларга кўчди.
Секин-аста орадан йиллар, ўн йиллар, юз йиллар ўтди. Минг-минг йиллар ҳам шундай ўтиб кетаверди. Шу боис у буюк шоир, оқиннинг номи унутилди. “Алпомиш” халқ достонига айланди…
Ўйлаб кўринг, одамлар жам бўлиб, тўда-тўда бўлиб қўшиқлар куйлашган. Лекин юз ёки минг кишининг бир бўлиб шеър ёзганини, қўшиқ битганини ким эшитган, ким кўрган? Албатта, қанчадан-қанча халқ достонлари, қўшиқлари, термаларини ҳам шу элдан етишиб чиққан истеъдодлар битганлар!
Ҳатто халқ мақоллари ҳам элнинг донишлари, кўпни кўрган фозиллари томонидан айтилган. Узоқ йиллар давомида кузатишлар, тажриба ва синовлар маҳсулида айтилган бу ҳикматлар. Лекин айнан ким айтган, қачон айтган? Буни ҳеч ким билмайди. Бу ҳикматлар “халқ мақоллари” деб юритилади-да.
Бу орада неча минг-минг, юз минглаб, миллионлаб одам яшаб ўтиб кетаверишди. Не-не суронлар, қирғинбарот урушлар, бурилишлару ўпирилишлар, яратишлару бунёдкорликларни, қанчадан-қанча табиий офатларни, хуллас, не бўлса Яратган бошига солган синовларни кечирган эл яшашда давом этди. Уларнинг барисига сукутдаги она замин, баланд-пастликлардан иборат қирлар, далалар, жарликлару текисликлар, қоялару баланд ўркачли тоғларгина гувоҳдир.
Ўтмиш ҳикоятларда айтилганидек, буюк жаҳонгир Александр Македонский ўз қўшини билан Жайхундан кечиб ўтар экан, ҳайратдан лолу ҳайрон бўлиб қолди. Қараса, бу қадим Бақтрия ерлари шу қадар гўзал, мафтункор кўм-кўк далаларга, яйловларга эга эди. У кўзлари ёниб, шундай ўйлади: “Наҳот, оламда менинг Македониямдан ҳам гўзалроқ, ободроқ жойлар бўлса?!”
Ҳа, шундай эди. Қадимги Шеробод қишлоқлари то Деновгача файзли ва ҳосилдор ерларга эга бўлган замин эди.
Бу юрт тарихи бугун агар ўрганилган бўлса, балки ўн фоизи тадқиқ қилинган бўлса, ажаб эмас. Чунки бугунги чўл ва саҳролардай туюладиган Бандихоннинг кенгликлари, Қизириқнинг қумликларида не-не сирлар, ҳикматлар яширин. Ушбу ерларда бундан минг-минг йиллар аввал яшаган ота-боболаримиз қўналгоҳларининг қолдиқлари топилган. Энг қизиғи, бу заминда сополдан ясалган сув қувурлари, оқова сувлар тизими ҳозирги тилда айтадиган бўлсак, “канализация”нинг барпо этилганининг ўзи бизни кўп нарсалардан воқиф этади.
…Менгзиё Сафаров билан бўлган гурунгларни ва унда айтилган кўп қизиқ гапларни орадан 30 йиллар ўтиб хотирамнинг аллақайси бир “бурчак”ларидан титкилаб эсламоқдаман. Албатта, у киши гапириб берган кўп далиллар, фактлар эсимдан чиқиб кетган. Лекин шу нарса худди кечагидек ёдимдаки, юрт тарихини, ўтмишини жондан севган ёзувчи бу ҳақда кўзлари ёниб сўзлаган эди.
Истара қишлоқлари ҳақида, ҳатто Менгзиё ака ҳам аниқ бир гап айтмаган бўлса-да, бу номнинг кеча пайдо бўлиб қолмаганини, кимдир ўйин қилиб қўймаганини англаб етиш қийин эмас. Айтайлик, бу ерда “Аширхоннинг қудуғи” деган жой бор. Қип-қизил Қизириқ чўлида бу қудуқни ким қазиган? Демак, номининг ўзи айтиб турибди. Аширхон деган бобомиз бош бўлган бу юмушга. Қудуқ қачон қазилган, Аширхон бобо қачон яшаб ўтган? Булар ҳақида ҳам бугунгилар аниқ гап айтолмайди.
Ўзини Истарадан чиққан олим ва ёзувчи деб билувчи бир акамиздан шу ҳақда сўрадим: “Сиз ҳамиша ўзингизни қизириқлик катта ижодкор-адибман дейсиз. Бунинг устига истараликман деб мақтанасиз. Хўш, “Истара” деган номнинг маъносини билсангиз, бизга сўзлаб беринг!”
Жавоб шундай бўлди: “Мен тарихий нарсаларни билмайман. Бир-икки соат ўйлаб кўриб, кейин фикр билдирсам бўладими?”
Ана шу бир-икки соатлар ойларга айланди ҳамки, Истаранинг номи ҳақидаги фикрларни ҳамкасб акамиздан ҳанузгача эшитмадик.
Худди шундай. Йиллар ўтиб бораверади. Одамлар ҳам абадий эмас-да. Бу Сурхон воҳасидаги Истара кенгликларига ном қачон қўйилган, қандай маънога эга, қайси манбаларда бу ҳақда қайд этилган каби саволларга жавоб топиш зарур, албатта.
Мана сизга оддийгина туйилган савол ва унинг мушкул жумбоғи!
Албатта, бу каби Истарадан ҳам қадимийроқ манзиллар юртимизда жуда кўп. Уларнинг номлари ҳам турлича ва айримлари кўп ажабтовур. Масалан, Сурхондарёнинг Қумқўрғон тарафларига йўлингиз тушганда катта йўл ёқасида “Боймоқли” деган ёзувга кўзингиз тушади. Бу ҳам бир қишлоқнинг номи. Лекин маъноси нима? “Бойимоқ” деган сўзидан олинганми? Агар шундай содда ўйласак, бу хато бўлса керак. Ўзбек уруғлари, аймоқлари номига оид десангиз, тўғрироқ бўлар. Яна шу нарса аниқки, бу номлар жуда қадимий ва ҳеч бириси бекордан-бекорга қўйилмаган.
Демак, камина ҳам туғилиб-ўсган “Истара” маҳалласининг номи, атамаси ҳақида бугун нима дейиш мумкин? Ҳақиқатан ҳам “истарали одамлар яшайди” деган маънога эгами?
Менга қолса, бу фикрни юз фоиз қўллаб-қувватлаган бўлар эдим. Чунки бу ерда ростдан ҳам истарали одамлар яшашади. Бироқ “ис-ифор”ли деган гап кўпроқ ҳақиқатга яқинга ўхшайди. Сабаби, бир пайтлар кенг ва гўзал далаларга, адирларга эга бўлган бу ерлар минг хил гул-чечакларга ва чучмомаларга тўла бўлган. Шунинг учун ҳам боболаримиз “исини қаранг, ифорини қаранг, ажойиб ис таратар экан, истара экан” дейишган бўлса, не ажаб!
Шубҳасиз, бу ҳақда дарров бир хулоса ясашга шошилмаймиз. Чунки Истара номи, бу макон тарихи, бугуни хусусида бир нечта китоблар ҳам чоп этилган. Улардан бири шу ерлик оқсоқоллардан бири ва ушбу хўжаликнинг бир қанча йиллар раҳбари (совхоз директори) бўлиб ишлаган Ғаффор Холиқовнинг “Истаранинг жамоли” деган мўъжазгина китобчасида кўпроқ шу ердан етишиб чиққан пешқадам деҳқонлар, хўжаликни обод қилишда меҳнати сингган инсонлар фаолиятига ўрин берилган бўлса, нафақат Сурхондарёнинг машҳур шоири ҳисобланмиш, балки республикамизда ҳам жуда кўпчилик яхши биладиган, не-не машҳур зотларнинг эътиборига тушган бахши-шоир Карим Маллаевнинг ҳам “Истараликлар” китоби 2013 йили Тошкентдаги “Тафаккур” нашриётида чоп этилган. Шуни айтиш керакки, ушбу китоб жуда кам ададда нашр этилган бўлса-да, анча пишиқ, чуқур таҳлилларга асосан ёзилган.
Карим Маллаевнинг “Истараликлар” тўплами хусусида қуйида батафсилроқ тўхталиш ниятимиз бор. Ҳозир эса бироз сўзимиз ана шу бахши шоир ҳақида бўлсин.
“Ижодкорлар ва оддий халқ орасида Карим Маллаев ҳақида гап кетганда лабларда самимий бир жилмайиш пайдо бўлади:
— Боладай беғуборлиги бор, — дейди кимдир.
— Бахшиларга хос қувлиги ҳам, гапни ётиб отарлиги ҳам бор, — дейди бошқаси.
— Энг муҳими, қалби тоза, шукроналиги бор, — яна биров мулоҳаза билдиради.
— Ҳаммада ҳар хил феъл бор. Қани энди ҳаммага ҳам Худойим ҳалимлик, тўғрисўзлик, очиқ чеҳралик феълини берса, — дейди даврадагилардан яна бири.
Қисқаси, қайси даврада бўлсангиз ҳам, у ҳақда салбий баҳо эшитмайсиз, илиқ сўз эшитасиз. Илиқлик эса тозаликка хизмат қилади”.
Бу самимий эътирофлар Сурхоннинг катта шоирларидан бири бўлган Болта Ёриев томонидан Карим Маллаевнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ёзган “Бахши-шоир олами” деб номланган китобидаги кириш сўзларидан олинди. Дарҳақиқат, Истаранинг Оқжар (номга эътибор беринг, аждар эмас, оқ-жар. Бу ҳақда ҳам кўп тўхталиш мумкин) қишлоғида яшаб, бир умр ҳалол меҳнат қилиб, ҳозирги кунда ҳам улуғ ёшда бўлса-да, дала, рўзғор юмушларидан ортиб, яна ижод билан машғул бўлиб келаётган Карим Маллаев ўзига хос истеъдодли шоирдир. Унинг шу пайтгача ўнлаб китоблари нашр этилган. У 1938 йилнинг 28 мартида Оқжар қишлоғида туғилган. Болта Ёриевнинг китобида ёзилишича, Карим аканинг отасини Малла Тошбой, Малла чобағон дейишарди. Истарада деҳқон, сўнгра бригада бошлиғи бўлиб ишлаган. Карим аканинг ўзи ҳам хўжаликда бригада бошлиғи бўлиб ишлаган. Болалик чоғларини хотирлар экан, у Истара, Шеробод, Бойсун дала-даштларида қўй-қўзилар боққанини, умрининг энг завқли паллалари Истарада, Оқжарда кечганини ҳамиша мамнуният билан таъкидлайди. Унинг биринчи китоби — “Эрка санамлар” Тошкентда 1991 йили Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида чоп этилганди.
Ёнимда сен борсан, армонларим йўқ,
Ҳали сени кўраман деб юрганларим йўқ,
Тўрт томоним қибла, йўлларим ёруғ,
Ўзин билмас оғзи полвонларим йўқ.
* * *
Булбулни кўраман боғлар ичинда,
Қузғунни кўраман доғлар ичинда,
Бириси яйратар, бири қақшатар,
Гоҳ муртад кўраман соғлар ичинда.
Бу янглиғ ўтли, халқона сатрлар Карим Маллаев ижодида сероб. У бугун табаррук 85 ёшдан ошди. Мабодо, шоирнинг Оқжар қишлоғидаги камтарона уйига борсангиз, у сизни ўзининг шахсий музейига, албатта, таклиф этади. Ҳа, ажабланманг, чинакам музейнинг ўзи. Унда камида юз йиллик тарих бор. Эринмаган шоир Сурхондарёдан етишиб чиққан бирорта ижодкорни ҳам, раҳбарни ҳам қолдирмай, уларнинг ҳар бирига битта “плакат” ясаган. Унда ижодкор билан ёхуд маҳаллий раҳбар билан қачон кўришган, бирор асари, ҳатто унинг бирор шеъри қачон ва қайси нашрда чиққан… Бари бор. Бундан ташқари, у жуда кўплаб халқ бахшичилик санъати, миллий қадриятлар, эл орасида хизмати сингган турли касб эгалари ҳақида юзлаб мақолалар ёзди. Унинг мақолалари, шеърлари, достонларини чоп этмаган Сурхондарёда бирорта газета-журнал йўқ, десак хато бўлмайди. Ёки анча йиллар олдин Карим Маллаев 35-40 ёшларда тўй-тантаналарда раислик қилар, даврага мослаб шеърлар тўқир эди.
Энди унинг юқорида тилга олганимиз “Истараликлар” китоби ҳақида. Муаллиф шундай ёзади:
“Оқжарлик 92 яшар Очил бобо Дониёровнинг айтишига қараганда, 500 йил муқаддам Шеробод туманининг кунчиқар томонидан адир бўйлаб кетган йўлнинг устки томонида Оқжар деган жойда учта ака-укалар яшаган эканлар, каттасининг оти Шайман, ўртанчасининг оти Байман, кенжасининг оти Ҳожиқул бўлган, булар шу жойда туғилиб, шу ерда улғайишган…”
Шундай қилиб, Карим Маллаевнинг ёзишича, ана шу ака-укалар ўзларидан кўпайишиб бораверишган. Бир куни улар отларини минишиб, адир-қирларни, ҳаворликларни томоша қилиб, бутун ҳудудни айланиб чиқишса, бир жойда ҳамма томони сап-сариқ бўлиб гуллаб турган табиий ўт-ўланлар босиб ётган эмиш. Бундан баҳри-диллари очилиб, “шу жойга кўчиб ўтамиз” дейишиб, шу ерга кўчиб ўтадилар. Улар бу ўт-ўланларнинг номини сўрашганда ўша вақтдаги Султонбек деган пешволардан бири “бу ўт-ўланлар испарак, баҳор ойларида қийғос бўлиб гуллайди, жуда хосиятли ўт” деб таъриф беради.
Хуллас, кекса отахон Очил бобо Дониёровнинг айтишларича, ана шу Испарак номи кейинчалик Истара бўлиб кетган.
“Бундан 500 йил олдин ўтган учта ака-ука, Шайман, Байман, Ҳожиқуллардан тарқалган аждодлардан истараликлар келиб чиққан экан. Истара халқидан ташқари, Гиламбоб, Гала, Қийғочли, Хўжақия, Чўйинчи, Таллимарон элатлари ҳам шу ака-укалардан кўпайганлар. Кармаки, Қишлоқ азон элатлари ҳам кейинчалик истараликлар бўлиб кетган”.
Карим Маллаевнинг китоби яна шуниси билан ҳам аҳамиятлики, унда қарийб бир асрдан зиёд аввал яшаб ўтган қишлоқдошлар, бу ерга оқсоқоллик қилган кайвонилар, машҳур кишилар ҳақида ҳикоя қилади. Бу маълумотлар эса ҳозир ҳатто музейларда ҳам йўқ. Айтайлик, муаллиф ўтган асрнинг 20-йилларида машҳур Қоратоғ каналини қазишга борган Маматали бобо Жўраев, Малла бобо Тошбоев, Олланазар бобо Қосимов, Худойқул бобо Пиримқуловлар билан 1977 йилда қилган суҳбатларини келтиради. Улар Йўлдош Охунбобоев билан ҳамсуҳбат бўлганини, ўша пайтда Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари бўлган Йўлдош отанинг “Қоратоғ” каналининг суви Сурхондарёга қуйилади, Сурхондарёнинг суви канал орқали Шеробод томон оқиб, Истара деган жойларни обод қилиб, боғу бўстонга айлантиради. Истара чўлларида кўк чой етиштирса, мўл ҳосил беради. Ҳали кўрасизлар, у жойлар гуллаб-яшнайди”, деган гапларини ўз қулоқлари билан эшитганликларини айтишади.
Ёки 1930 йилларда истаралик Амир Обдаловнинг хўжаликка раҳбар бўлиши, истараликлардан яна бири Абдуназар Жўрабоевнинг ўша пайтдаги колхоз раисидан ҳам обрўси баланд бўлиб кетгани сабабли туҳматдан жабр кўргани-ю, вақтлар ўтиб номини тиклагани, бундан ташқари, Мамаражаб бобо Абдушукуров, Ҳасан Аллаёров каби оқсоқолларнинг умр йўллари ҳикоя қилинади. Бу фидойи инсонларнинг сони жуда кўп: Хушбоқ Қурбонов, Қора Хушназаров, Худойқул охун Холиёр ўғли, Мардай Ҳайдаров, Ўзбекхон Исмоилов, Парда Бобоқулов, Очил бобо Дониёров, Ёқуб Алимов, мулла Мамашукур охун, Мамаражаб Абдушукуров, Нурмуҳаммад Хушбоқов, Тўра Тошбоев, Абдусалом Сатторов, Аҳмад Дониёров, Чори Худойқулов, Абдурасул Маллаев, Маматали Жўраев, Йўлдош Чориев, Аҳмад Худойқулов, Абдухалил Абдуназаров, Номоз Худойқулов, Ёқуб Алимов, Қувондиқ Хушбоқов…
Бу номлар — уларнинг ҳар бири элга меҳнати сингган одамлар. Афсуски, уларнинг кўпчилиги бугун ҳаёт эмас. Ўтган асрнинг энг буюк сув иншоотларидан бири бўлган “Катта Фарғона” канали қурилишида ҳам, воҳадаги “Шеробод”, “Занг” сингари йирик каналларнинг бунёд этилишида ҳам юзлаб истараликлар қатнашганлиги тарихий маълумотларда қайд этилган.
Шоир Карим Маллаев китобида ҳатто ўз маҳалладоши, бундан 15-20 йил аввал нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда энг баланд, новча одам сифатида машҳур бўлган Исроил Хушбоқов ҳақида ҳам маълумот беради. Новчанинг бўйи қарийб 2,5 метрга етган эди.
— У истаралик “Гулливер” Нормон почтачининг ўғли, аниқроғи, менинг жияним эди. Бўйи 2 метр 48 сантиметр бўлган. Уни ҳатто японлар ҳам сўрашган, яшашга таклиф қилишганди. У жуда машҳур бўлиб кетганди. Бутун дунё матбуоти у ҳақда кўп ёзди. Лекин 2009 йили 30 ёшларида вафот этди, деб ҳикоя қилганди истаралик журналист Жовли Хушбоқов.
Юқоридаги маълумотлардан ҳам аён бўладики, Истара эли ўзига хос хусусиятларга, эътиборга молик маконга эга.
Бир гал Истара номи ҳақида гап кетганида сурхондарёлик таниқли шоир, журналист Сафар Омон ҳам фикр билдиргани эсимда. Адашмасам, у шундай деганди:
“Истара асли туркий сўз бўлиб, иста, истамоқ, хоҳиш, танлаш, танламоқ маъноларини билдиради. Масалан, туркларнинг машҳур шаҳри Истанбул сўзининг маъноси ҳам худди шундай. Чунки Усмонийлар ўша замонларда денгиз бўйидаги бу жойларга боқиб “биз истаган, биз хоҳлаган жой мана шу ер экан” дея бу ҳудуднинг номини Истанбул деб атаган бўлишса, ажаб эмас. Энди мумтоз адабиётни оладиган бўлсак, Алишер Навоий, Огаҳий, Махтумқули, Бобораҳим Машраб, Лутфий, Фурқат сингари мумтоз шоирлар ижодида ҳам “иста, истам, истарам, истара” каби сўзлар бот-бот ишлатилганига гувоҳ бўламиз. Демак, шулардан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, истара “иста” сўз ўзагидан бир нечта янги сўзлар яратилганки, бу мумтоз туркий адабиётнинг ва мумтоз туркий тилларнинг ҳосиласидан келиб чиққан. Чунки бу номдаги жойлар нафақат Сурхондарёнинг ўзида бир нечта ҳудудларда учрайди, балки бошқа бир қанча туркий элларда ҳам мавжуд. Шундан келиб чиқиб айтиш ўринли бўлардики, Қизириқ туманидаги Истара деган жой ҳам бир қанча асрлар олдин донишманд ва закий боболаримиз томонидан макон тутиш учун мана шундай аталган.”
Кўряпсизки, Истара тўғрисида бир-биридан эътиборли, мазмунли, ишончли фикрлар ўртага ташланмоқда. Уларнинг ҳар бирида ўзига яраша мантиқ, асослар мавжуд. Аммо нима бўлганда ҳам бу макон тарихий ва ўз илдизига, қадриятларига эга.
Шундай қилиб, ушбу тадқиқотимизда Истара номининг маъноси ва келиб чиқиши бўйича қуйидагича тўхтамга келишимиз мумкин:
- “Истара” туркий сўз бўлиб, истар, истак, истамоқ, истарам, истайман каби сўзлар ўзагидан ҳосил бўлган;
- Ис-ифор, хушбўй, гўзал, чиройли, истарали маъноларини ўзида мужассам этган;
- Испарак — табиий ўт, чечак, ўсимлик номидан келиб чиққан;
- Қадимги “Исфара” номи ҳам Истарага жуда яқин сўз эканлигини таъкидлаш жоиз.
Майли, нима бўлганда ҳам Истара кенгликлари, бу ерда яшовчи эл ўз маконлари ҳақида бугун ана шундай маълумотга эга эканлиги муҳим. Бу ҳақда айниқса ёшлар, келажагимиз эгалари бўлган авлод озми-кўпми фикрга, маълумотга муяссар бўла олишлари учун ҳам ана шу мулоҳазаларни юритдик, кичик тадқиқот ўтказдик. Ахир бугун минг афсуслар бўлсинки, кўпгина ёшлар фақат телефонга термулиб на ўзи яшайдиган қишлоғи, на ўзининг уруғ-аймоғи, на бир аждодлари ҳақида лом-мим дейишолмайди. Ўз тарихи, ота-боболари, етти пуштини билмаслик, аслида гумроҳлик белгисидир. Зеро, бизнинг ота-боболаримизни қаттол сиёсат “саводсиз” атаб, аслида бугунги “ўқимишли” авлодни тарбиялади. Аммо аввалги одамларнинг ҳатто мактаб кўрмаганлари ҳам ўз ота-боболари тарихини, авлод-аждодини яхши билишар эди. Сўзлашганларида фақат мақоллар, маталлар билан гапиришган. “Алпомиш”, “Гўрўғли” достонларини, ўнлаб халқ лапарларини ёддан билишган!
Бугун-чи, ҳозирги авлод вакилларининг неча фоизи нечта шеърни ёддан айта билади, нечта халқ мақоллари-ҳикматларидан бохабар? Шундай экан, бу масалаларга жиддий эътибор қаратиш зарур.
Истарада ўзбекнинг тўқсон икки уруғининг энг каттаси бўлган Қўнғирот элининг Оқтамғали уруғига кирувчи Очамайли аймоғига мансуб бўлган “Кўса”, “Ирими”, “Шихбача”, “Қайғи” даҳалари яшайди. Асосан, унга бугунги “Новбур”, “Оқжар”, “Кармаки”, “Чорвадор”, “Қишлоқ азон” овуллари киради.
Сўзни истараликлар ҳақида яна давом эттирсак, камина ҳам шу маконда ўсиб-улғайган бир инсон сифатида айтишим жоизки, бу ерда элга машҳур бўлган Норқобил, Раҳмат, Хурсанд, Хуррам, Ўроз, Эгамберди ва Тангир чабағон сингари ниҳоятда эпчил, кўпкарида мисли кўрилмаган натижаларга эришган кишилар яшаган. Айтайлик, Истарада Тангир Худойбердиевни танимаган одам йўқ эди. У ҳозирги кунда ҳам умр кечираётган, 90 ёшдан ошган Норай холамнинг хўжайини эди. Яъни бизга ҳам почча, ҳам бобо эди. Жуда яхши эслайман, Тангир бобо ниҳоятда сўзамол киши бўлиб, 60-65 ёшларида ҳам ғайрати ичига сиғмайдиган одам эди. Хўжаликда бригадир ҳам бўлган, тўйларда баковуллик ҳам қилган. Ёшлигида кураш ҳам тушган. Энг машҳур ҳаётий ҳангомалар, латифалар ҳам бизнинг бўлаларимизнинг отаси бўлмиш Тангир бобога тегишли эди. Улардан айримларини болалигимда эшитганман. Бир куни бобомизга хўжаликдан янги трактор беришса, негадир у яхши юрмас эмиш. Шунда бобомиз “устачилик” қобилиятини ишга солиб, янги тракторнинг моторини қирқ бўлакка бўлади-да, қайтадан териб чиқади. Аммо қараса, янги тракторнинг моторидан бир ҳовуч деталлар “ортиб” қолади. Шунда бобомиз: “Э, бу заводдагилар ҳам қизиқ экан, билишмас экан, ортиқча-иккитадан қўйишибди” дея тракторни ўт олдирса, кўп ўтмай моторининг эриб кетгани ёки янги мотоциклни “бу жониворни қанча босса, шунча йўл дейди-я” деб, тезлигининг бор кўрсаткичи — 140 тезликка чиқаргани, йўлда уловнинг аккумулятори тушиб қолгани, қишлоқ болаларини суннат қилиш учун устачилик ҳам қилгани, қишлоқда қайсидир болани суннат қилаётганида эса ўткир паки “югуриб” кетиб тўй боланинг сон қисмини бироз “тимдалагани” ва шунга ўхшаш ҳангомалар жуда кўп эди. Раҳматли Тангир бобомиз суҳбатлашганда жуда берилиб суҳбат қурар, бизнинг уйимизга келганда эса раҳматли падари бузрукворимиз, яъни божалари билан “шошманг, шошманг, полвон, аввал мен гапирай” деб бир-бирларига гап бермасдан гурунглашишларига жуда кўп бора гувоҳ бўлганман. Яна шуни айтиш керакки, Тангир бобомиз бировга ёмонлиги йўқ, ичида кири йўқ, мард ва танти хислатларга эга инсон эди.
Айтганча, Истара ўзининг номдор полвонлари билан ҳам ҳамиша машҳур бўлган. Унда Йўлдош полвон, Яхшибой полвон, Норқобил полвон, Жовли полвон, Ўсар полвон, Сафар полвон, Қодир полвон сингари кураги ерга тегмаган курашчилар нафақат Сурхон элида, балки бутун қўшни республикаларда ҳам машҳур бўлишган. Ҳозирги кунда эса бу полвонларнинг фарзандлари, набиралари катта-катта давраларни ўзига қаратишмоқда. Жумладан, Улуғбекхон Исмоилов, Юсуф Абдураҳмонов, Фахриддин ва Нуриддин Шоназаров, Нормўмин Поёнов сингари полвонлар Ўзбекистон чемпионлари саналади.
…Мен раҳматли отамиздан кўп эшитганман, у киши ҳамиша Файзуллахон, Мўминхон, Исмоилхон, Бўрихон, Ўзбекхон, Тўхтамишхон, Очилдихон, Юсуфхон, Аҳмадхон эшон боболар ҳақида қизиқ-қизиқ гапларни айтиб берарди. Бу эшон боболарнинг кароматлари, улуғ фазилатлари ҳақида. Улар Истара қишлоғининг энг обрўли инсонларидан бўлишган. Бугунги кунда ҳам уларнинг фарзандлари, набира-ю чеваралари шу ерда яшашади. Ўз ўрнига, ҳурматига, обрўсига эга одамлар.
Кароматли инсонлар, ғаройиб фазилатли кишилар ҳақида гапирганда, айтиш керакки, бундай қобилиятли одамлар фақатгина чет элларда эмас, балки ўзимизда ҳам яшашади. Айтайлик, Истарада ҳам шундайлар бор.
Билсангиз, Тошкенти азимда кеннайи дейишади, Сурхон элида, айниқса қишлоқларида янгани чеча дейишади. Камина катта Абдимурод акамнинг турмуш ўртоғи Бибидона чечамдан бир ғаройиб фазилатли қиз ҳақида олдин кўп марта эшитган бўлсам ҳам, ҳар гал қишлоққа борганимда яна шу ҳақда қайта сўрайвераман. Чечам ҳам эринмай мен — қайнисига у ҳақида сўйлайверади. Хуллас, Жумавой ака деган одамнинг 1989 йилда туғилган Феруза исмли қизи ғаройиб қобилиятга, одам тушунмайдиган фазилатга эга экан. У тилини чиқариб бурнига теккизар, одамларнинг нима ўйлаб турганини бехато айтар, кимнинг қандай касал-дарди борлигини ҳам аниқ айтиб бераркан. Гарчи ўзи далли-девонадек бўлиб юрса-да, лекин ҳар бир айтган гапи чиппа-чин чиқар экан. У қишлоқда ким тўй қилса, уни айтса-айтмаса тўйхонага келар, тўй эгасидан битта рўмол ва битта “Пепси” ёки “Фанта” ичимлигини сўрар экан. Айтишларича, ўғлини уйли қилаётган қишлоқдошларимиздан бири бир сафар уни қувиб солибди. Сўраган нарсасини ҳам бермабди. Шунда у: “Қараб туринглар, бугун тўй бўлмайди”, дея кетиб қолибди. Не ажабки, чиндан ҳам тўй бузилибди. Ўз-ўзидан куёв айниб қолиб, тўйга чиқмабди, тўй қолдирилибди. Ёки бошқа бир воқеа. Бундан 9-10 йилча аввал прокурор бошлиқ каттаконлар дефолиация қилдириш учун пахта даласида туришган экан. У пайтлар маҳаллий халқ “Кукуруз” деб атайдиган кичик самолётда далага дори сепилар эди. Феруза қишлоқдошимиз эса улар ёнига бориб, “самолётда учгим келяпти, мен ҳам самолётга чиқаман, сайр қилдиринглар” дебди. Шунда каттаконлар Ферузани турган гапки ҳайдаб юборишган. У: “Майли, лекин айтиб қўяй, самолётларинг учмайди” деган-у уйига равона бўлган. Буни қаранг, бу афсона эмас, айтишларича, ростдан ҳам самолёт учувчиси қанча ҳаракат қилмасин, учолмабди. Самолёт мотори ўт олмас эмиш. Шунда керакли мутахассисларни чақиришса ҳам уни тузатиша олишмабди. Ноилож, бу қизнинг уйига боришиб, ялиниб-ёлворишиб, уни олиб келишса, “бузуқ” самолёт бирдан соз бўлиб қолибди. Албатта, ғаройиб қизнинг истагини ҳам бажаришларига тўғри келган. У ўша куни маза қилиб самолётда сайр қилибди.
Афсуски, бундан бир неча йил аввал бу ғаройиб қобилиятли қиз вафот этибди. Лекин чечамнинг айтишича, Феруза ўлими ҳақида ҳам ўзи олдиндан башорат қилган экан.
Энди мухтасар Истаранинг бугунги одамлари ҳақида: бу ерда моҳир шифокорлар, иқтидорли иқтисодчилар, ҳуқуқшунослар, ўз касбига чин дилдан меҳр қўйган муаллим-педагоглар, санъат йўлида ўзига хос истеъдодга эга бўлган қўшиқчилар, бахшилар яшайди. Истарадан Соатмурод Норқобилов, Абдулла Жовлиев, Абдурашид Алланазаров, Абдимурод Худойқулов, Худоёр Муҳаммадиев, Жовли Холмуродов, Хўжаёр Ибодов, Исмоил Маҳмадиёров, Зойир Ғаффоров, Эшонқул Холиқов, Турсунпўлат Алламуродов, Тошпўлат Маматҳакимов, Эшдавлат Пардаев, Райим Хўжақулов ва бошқа кўплаб таниқли инсонлар етишиб чиққан. Уларнинг бири иқтисод фанлари доктори, профессор бўлса, бошқа бири тиббиёт фанлари доктори, машҳур шифокор ҳисобланади. Яна бошқалари давлат ва жамоат ишларида, масъул вазифаларда меҳнат қилган таниқли кишилардир.
Истара — ёрқин ижодкорларга эга эл. Юқорида бутун мамлакатимизга таниқли бўлган бахши-шоир Карим Маллаев ҳақида бироз тўхталиб ўтдик. Унинг “Истараликлар” китобида алоҳида таъкидланишича, бу қишлоқдан етишиб чиққан катта истеъдодлардан бири 1866 йилда туғилган ва 1920 йилда вафот этган машҳур оқин, шоир Шерна бахши ўз даврида тилларда достон бўлган. Айтишларича, Шерна шоир Шеробод беклигининг бахшилари айтишувида ғолиб бўлган, “Алпомиш”, “Гўрўғли” туркумига кирувчи 40 га яқин достонни ёддан билган. Ўзи ҳам кўплаб шеърлар, термалар, ўланлар тўқиган.
Истарадан яна бир бахши — Ўзбекистон халқ бахшиси Хушбоқ бахши Мардонақулов ҳам етишиб чиқди. Аллоҳ раҳмат қилсин, ўтган йили бандалик қилган. Яна Яхшибой Жабборов, Жовли Хушбоқ, Қодир Норбўтаев, Қурбонгул Эгамбердиева, Чори Жумақулов ва Ғайрат Худойбердиев сингари таниқли ижодкорларни элу юрт яхши билади. Айниқса, Яхшибой Жабборов катта шоир эди. У қанд хасталиги туфайли бундан йигирма йилча аввал оламдан ўтган. Шоирнинг китобларини чоп этиш зарур, албатта.
Кўнгилга таскин берадигани шуки, бугун Истара элидан бир-биридан иқтидорли ёшлар етишиб чиқмоқда. Улардан бири машҳур ҳайкалтарош Ўрол Ҳусановдир. Унинг яратган асарлари кўпчиликнинг эътиборини қозонмоқда. Истаралик машҳур санъаткорлардан Ёмғир Суюнчалиев, Қурбон Каримов, Тўра Маматқулов, Умид Назаров ва бошқаларни айтиш мумкин.
Дарвоқе, Истара моҳир фермерлар, илғор чорвадорлар, боғбонлар юрти ҳамдир. Уларнинг эришаётган ютуқлари, ишлари ҳақида кўп тўхталиш мумкин. Насиб этса, бу ҳақда кейинги сўзимизда янада батафсилроқ ҳикоя этиш ниятидамиз.
Абдирасул ЖУМАҚУЛ,
Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси.