ҚИЗИЛҚУМ “КАМАЛАГИ”

Қизилқум кенгликларига қалин қор тушди. Қора совуқда оппоқ кўрпадек тўшалиб ётган ердан буғ кўтарилди. Қўй-қўзилар жунларини силкитишди, улар ёвшан ва саксовул баргларининг “чангини чиқаришар”, бир-бирлари билан маърашиб гаплашишар, осмон тоқидаги булутларга қараб қў­йишарди. Навоий шаҳри марказидан икки юз эллик чақирим ичкарида Қизилқум бағрида жойлашган Конимех туманидаги Учтепа овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Қизилқум чорва” кластерида йигирма олти минг бош қўй-қўзи, етмиш бош туя, йигирма бош йилқи парваришланмоқда. Олтмиш нафар тажрибали, ҳаётнинг пасти-баландини кўрган чорва билимдонлари майда шохли молларни қаҳратоннинг изиллама совуғидан беталофат олиб чиқиш ниятида табиат инжиқликларига мардонавор туриб тер тўкмоқдалар. Илиқ кунларда қўра-қўтонларнинг таъмирдан чиқарилганлиги, сув масаласининг оқилона ечилганлиги, ем-хашак ва озиқ-овқат маҳсулотларининг етарли миқдорда жамғарилганлиги қаҳратонни рисоладагидек ўтказишга яқиндан кўмак бермоқда. Қуйида Қизилқум  бағрида чўпонлик таёғини муқаддас билган чорвадор Нуркен Исманов ҳақида ҳикоя қилинади.

Олтин мўйна

…Куз олмон заминига очиқ чеҳра билан келди. Гулгун чеҳралардан бир зум бўлса-да нур аригани йўқ. Одамлар тирикчилик ташвиши билан банд. Ана шундай серташвиш кунларнинг бирида қуёш эндигина тиғ сочган паллада олмон ҳукмдорининг бир саволдан боши қотди. У шунча йиллар эл-улусни бошқариб ҳам бу хил қалтис, бошоғриқ масалага дуч келмаганди. Шунинг учун ўзини чорасиз одамдек сезди. Чиндан ҳам, Бухоро заминида етиштириладиган қоракўлни қўлга киритиш  билан боғлиқ қалтис масала ўзига ишонарли жавоб талаб қилиш асносида хос имтиҳон ҳам эди. У кўнгилнинг минг бир кўчасига кириб чиқди. У ҳозир олмонлар эга чиқиши шарт ва зарур бўлган, уни бойликка кўмадиган Бухоро қоракўл қўйи ва қўчқорини қўлга киритиш ҳақида гап кетаётибди деб фикр қилди. Масалани ичакдек чўзишга ҳожат йўқ. Зарур бўлса бунинг учун олтинни ҳам аямайди. Ҳукмдор шуларни ақл тарозусида тортиб, элчини чақиришни аъёнларига буюрди. Зум ўтмай ҳузурида элчи ҳозир бўлди. Кўнглидагини элчига айтди. Элчи бир минг тўққиз юз ўнинчи йилда Бухорои шарифга ташриф буюради. Амир билан учрашиб, унинг кўнглини ийдиришга муяссар бўлади. Алал-оқибат ўн беш бош совлиқ ва икки бош қўчқорга эга чиқади. Бухородан олиб борган қўй-қўчқорларни юртимиз иқлимига ўхшаш жой Нами­бияда парваришлай бошлайди. Тез орада қўйлар бу ер иқлимига мослашади ва сифатли маҳсулот бера бошлайди. Бу ҳол ҳукмдорни қувонтиради. Шундан сўнг яна олмонияликлар Амир Олимхондан эллик бош қўй ҳамда ўн бош қўчқор олиб кетишади. Ўша қоракўл қўйларни чатиштириб, Бухоро қоракўлига ўхшаш, қимматбаҳо мўйна берувчи “Сварка” деб номланган янги зотга асос солишади. Қизиғи, “Сварка” қоракўл терилари дунёда энг қимматбаҳо ва сифатли ҳисобланади. Битта терининг нархи олтмиш доллардан икки юз долларгача баҳоланади. Маълумотларга қараганда, бугунги кунда Намибия­­да йилига бир юз қирқ минг донадан ортиқ қоракўл тери етиштирилади. Тағин бир гап. Афғонис­тонда ҳам Бухородан олиб келинган насл­­ли қўйлар асосий ўрин тутади. Биргина йигирманчи асрнинг бошларида Афғон тупроғига Бухородан бир миллион бошдан ортиқ қоракўл қўйлари ҳайдаб кетилган. Ҳозирга келиб Афғонистоннинг ўн тўққизта вилоятида шу зотдаги қўйлар боқилади.

Эл орасида қоракўл қўйлари  саккизинчи асрда араб қўйлари зотлари билан чатиштириш натижасида пайдо бўлган деган гаплар юради. Ҳозирги даврда юртимизнинг баъзи бир жойларида  жониворлар “Араби қўйлар” деб аталади. Негаки, бу зот Бухоронинг Қоракўл мавзесида боқилгани учун илмий тилимизга Қоракўл атамаси билан кирган. Қоракўл терисидан тайёрланган шубалар-у, бош кийимлар қошида узоқ қолиб кетамиз. Унинг сержило мўйнаси қуёшда ял-ял товланиб, кўзни олади. Шунинг учун ҳам Англиядаги кибор хонимлар қоракўл терисидан тикилган шубаларни ёқтиришади. Алҳол қоракўл қўйларининг туп илдизи, негизи Ўзбекис­тон заминидадир. Бир маҳаллар юртимиз дунёга мўъжизакор қоракўл терилари асносида донг таратган эди.  Айнан ана шу нарса бош чўпон Нуркен Исмановга ўзгача ғурур, ифтихор бағишлади.

 

Ой шом еган кеча

Чўпон қавми ой шом еб чиқмаган қоронғу, зим-зиё кечаларни “Тошқоронғу кеча” деб атайдилар. Итнинг қаттиқ ҳуришидан сергакланган Нуркен чўпон қўтондаги қўйлардан хабар олгани чиқди. Кеча тим-қоронғу. Негадир шу қоронғуда қўтондан таралаётган ёруғлик чўпонни ўша томонга юришга ундади. Бориб қараса, қўйи туғибди. Қоронғу кечани ёритган нур шу қўзичоқдан таралаётган экан. Бунинг сири чўл қуёши, серўт яйлов, тиллоранг шувоқда бўлса не ажаб, деб ўйлади. Негаки, шувоқ таркибида олтин зарралари мавжуд. Айтганча, шувоқ тупроғининг таркибидаги олтин зарралари тупроқдан ўтади. Уни еган қўй эса олтин мўйнали барра туғади. Бунинг турган-битгани мўъжиза эмасми?

Шунинг учун қўйчилик соҳасига “туёғидан шохигача даромад манбаи” деган таъриф берилади. Бунда тўлиқ асос бор. Негаки, қоракўл қўйларидан қимматбаҳо мўйнадан ташқари, гўшт, сут, жун каби маҳсулотлар ҳам олинадики, буларнинг бариси мўмайгина даромад келтирувчи манбадир. Қизилқумда ота-боболаримиз  дармонсизликка ва сил касаллигига чалинган беморларни тўл мавсуми (қўзилатиш мавсуми) бошланган пайтда отар бошига келтириб, янги соғилган қўй сути билан даволаганлар.

Айдаркўл соҳилга урилаверар

…Оёқ остида сон-саноқсиз майсалар ниш урган бўлса-да, баҳорнинг борлиқни қиздирувчи қуёши секин олов селини пуркайди. Шарқ томондан чиққан қуёш ниҳоят Қизилқум ортига бош қўйиб, Айдаркўл тарафдан салқин шабада уфуради.

Дод солиб йиғлайди момогулдирак,

Ёмғир айрилиқдан беради дарак.

Айдаркўл соҳилга урилаверар,

Тўлқинлар тошиб қуйилаверар…

Тун қоронғулик қаърига чўкди. Кўк чаманида сон-саноқсиз юлдузлар хиром айлади. Нуркен  оға ситоралар чаманидан кўз олмай қолди.

Тўлин, жилвагар ой бор бўйича нур таратди. Қалин, ўтиб бўлмас тўқайзор оғир, хомуш хўрсинади. Пастликда Айдаркўл шағиллайди. Катта сувликнинг аллақандай қўрқинчли овоз чиқариши аниқ-тиниқ қулоққа чалинади. Осмонда сузиб юрган чиройли қамар одам кўзини қамаштиради. Болалигида тенгқурлари билан бу ерда қор-ёмғирдан қочиб, кўп беркинган. Айнан кўл соҳилидаги мана шу жой уларга бошпана бўлган. Нуркен оға ана шу дамларни ёдга олиб, энтикиб қўйди. Дарҳақиқат, кўлнинг ҳар икки қирғоғи ҳам ажойиботу, сир-синоатга бой эди. Ҳозирда бу кенгликларда оғайни узангидошлари қўй боқади. Вақти-вақти билан улар ёнида бўлади. Дардлашади, тажриба ўрганади.

Қорачадан келган новча, кенг елкали, бармоқлари чайир, қарашлари тийрак Нуркен Исманов қўйларсиз, чорвасиз тамоғи қақраб, чақнаб қолаётгандай сезади ўзини. Нега шувоқ ўтини еган, чангитган совлиқнинг ранго-ранг кумушранг тусли қўзи териси инсон ақли заковатини, тинчини, оромини ўғирлайди? Икки минг йигирма учинчи йил Нуркен Исманов оиласи учун омадли келди. Негаки, у кишининг турмуш ўртоғи Нурбиби Сариева Президентимиз Фармонига кўра “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Ҳозирда чўпон аёли ва фарзандлари билан беш юз бош қўйни қишловдан эсон-омон, талофатсиз олиб чиқиш учун астойдил жон куйдирмоқда.

Саҳро бағрида қуёш панеллари

Чор-атроф бийдай саҳро. Инсон зоти кўринмайди. Шамол ожизгина, этидан узилган ғармаларни осмону фалакка кўтариб учиради. Нуркен оға бош чўпонлик қилаётган отар хўжаликнинг иккинчи бўлимига қарашли Жумақул қудуқ яйловида қўним топган. Бу жой ўзининг бетакрор манзаралари ҳамда беқарор шамоли билан машҳур. Худди ана шу манзилдаги чўпон қўналғасида қуёш панеллари ўрнатилган. Ҳозирда қуёш энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги энг фойдали йўналиш­лардан бири бу биноларга қуёш панеллари ўрнатиб, қуёшдан етарлича электр қувватини олишдир. Буни яхши анг­лаб етган “Учтепа кластер” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мурод Раисовнинг саъй-ҳаракати ва елиб югуриши натижасида чўпон отарига 4 киловаттли қуёш батареялари ўрнатиб берилибди. Бу  энди Навоий шаҳри марказидан икки юз эллик чақирим олисда, саҳро бағрида ҳам доимо электр қуввати узлуксиз бўлиб туради дегани! Тағин бир гап. Яқин-яқинларгача чўлда сув муаммоси мавжуд эди. Қудуқ қурилиши масалани оппо-осонгина ечди.

Мен билан бирга хўжаликнинг Испанқудуқ фирмасига борган Навоий вилояти Конимех туманидаги Учтепа овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Қизилқум чорва” кластери раҳбари Мурод Раисов ўнқир-чўнқир йўл адоғидаги яйловда ўт чимдиб юрган қўйларни узоқ кузатиб турди. Очиғи, икки ярим минг аҳоли умргузаронлик қиладиган Қизилқумдаги мазкур “Қизилқум чорва” клас­тери, асосан, чорвачиликка ихтисос­лаштирилган. Кенгликлар бағрида йигирма олти минг бош қўй-қўзи,  етмиш беш бош туя, йигирма бош йилқи ёйиб ўтлатилади. Бу юмуш билан ҳозирда олтмиш нафар чўпон банд. Хўжаликнинг  икки юз эллик минг гектардан ошиқ поёнсиз яйловларининг бир учи Қозоғистоннинг Қизил Ўрда вилоятидаги Чордара тумани ҳамда Навоий вилоятининг Абай, Бирлик, Оёққудуқ кенгликларига бориб уланади. Ўтган йиллар бадалига хўжаликнинг Жумақул бир, Жумақул икки, Сайманқудуқ, Шампанқудуқ, Давлатёр, Янгиқудуқ, Эранқудуқ отлиғ манзилларида  қут-барака, тўкинлик манбаи бўлган сув масаласини ўнглаш ниятида ўнлаб қудуқлар қазилди. Ҳозирда бу қудуқлардан меъёрида тириклик манбаи чиқиб турибди. Қишловда чиқимга йўл қўймаслик, чорва бош сонини бехатар олиб чиқиш масадида хўжаликда уч минг тонна дағал хашак ва етарлича ем, озуқа жамғарилди.  Чўпон отарлари иссиқ кийим-кечак ва етарли миқдорида озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиб турибди. Бу юмуш Навоий вилояти ҳокимлигининг дои­мий диққат марказидадир.

 

Етмишвойнинг КЕЛИНИ

“Тун қўйнида эски пахтадек, тўдаланиб ётар оппоқ қор” деганларидек оппоқ, кўрпадек момиқ қорли қиш она ерни тўйдирди, энди етилган хамирдек кўпчиб, оби-тобига келаётган ер эл-улуснинг қалбини се­винчга ошино қилади. Ахир бежизга халқимиз тегирмон навбати билан демайди-да.

— Негадир қувноқ ва беғубор болалик чоғларимда, қиш-қировли кунлар этагини йиғиб, кўкламой кириб келаётган кунларда бобом худди танга топиб олган боладек шод ва фавқулодда тетик бўларди, — дея ҳикоя қилади Нуркен Исманов.  — Ўша кезлари бир учи кенг ва поёнсиз уфқларга туташиб кетган ёбон ва боғу роғлар деҳқон дилидай оқ, қишлоғу овуллар, аймоқлар, қўрғонлар заргар қўлидаги кумушдек  жилоланиб кетарди. Ўшанда бобом сўзлаб берган тубандаги ҳикоя то ҳанузга қадар хаёлимдан кетмаган. Уни сизга илиндим.

Кўчадан ҳовлиқиб шошиб келган Етмишвой ҳадеганда ўз-ўзига сиғмас эмиш. Отаси ўғлидан: “Нега бунчалик жонсараксан, ишқилиб, ортингдан бўри-мўри қувиб келмаётирми?” – деб сўрабди. Шунда Етмишвойнинг оғзидан кўпиги сачраб, кўзлари ёниб: “Қарға дегани кетди, қуёш озод чиқиб, кун илиди. Энди уйда тухум босган курк товуқдек ётиб бўлмайди. Бу на Худога, на бандасига хуш келади. Бугуноқ сурувни ҳув олисдаги яйловга ҳайдаб кетаман”, дейди. Бу гапни кимсан ўз жигари оғзидан эшитган кўпни кўрган ота бирдан: “Ҳовлиқма, ҳали бироз эрта, сабр қил”, дебди ўғлига. “Бойчечак ердан аллақачон бош кўтарган бўлса, тағин яна нимани кутишим керак?” деб қисти-бастига олибди қайсар ўғил. “Ҳой ақлсиз, тентак, улкан тоғ-тош, чўлу биёбондаги оқ-қиров, аямажуз деган гаплар борлигини унутдингми?” “Менга балоям урмайди, дарҳол хуржунга қозон-қумғон ва бошқа буюмларни жойла”, деб аёлига зуғум қилибди. Аёл шўрлик лом-мим демасдан эрининг амрига бўйсуниб, унинг айтганини тезда бажо келтирибди.

Тоққа, кенг яйловга етар-етмас, кучли, аччиқ изғирин эсибди, шамол қутурибди. Қор ёғиб, чорва унинг остида қолиб, ҳалок бўлибди. Ўша воқеадан сўнг Қизилқум тарафларда ҳутга яқин кунларни “Етмишвойнинг келини” деган ажабтовур ном билан атайдиган бўлишибди. Алҳол, Етмишвойнинг келини чорвадорга барвақтроқ бўлса-да, аммо деҳқон билан боғбонга айни пайти бўларкан.

Чўл гиёҳларининг ажиб таровати Нуркен Исмановга болалигини, Қизилқум саҳросининг поёнсиз, уфқларга туташ кенг­ликларида тенгқурлари билан мол боқиб юрган кезларида эшитган халқ таомил ва урф-одатларини кўз ўнгида гавдалантиради.

Қиш. Изғирин қаҳратон. Қизилқумнинг овлоғу ҳувиллаган, беадад текисликларида қўл тегмаган саксовул ва ёвшанзорлар қирмизи тусга кириб, табиат бамисоли ҳар йилги оғир ва машаққатли оғир меҳнатдан сўнг нафас ростлаётгандек. Айни кезда жамики мавжудот бахтиёр-мамнундек туюладиган энг сўлим палла эди.

Қор шаклида осмондан ёғар атиргул,

Қордек оппоқ бўлсин бу кун кўнгиллар.

Хулласи калом, ҳаммаёқ оппоқ, момиқ қор кўрпаси билан қопланган.

Улуғбек ЖУМАЕВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 + 15 =