МАЪНАВИЯТ — БЕБАҲО ОЛАМ
Тошкентнинг қоқ маркази – Навоий театри майдони рўпарасида жойлашган “Шарқ зиёкори” китоб дўконида бўлганмисиз? Бу жой пойтахтимиздаги энг гўзал зиё маскани, бу ерда шу қадар бебаҳо хазиналар борки, ундан истаган китобни топиш мумкин. Ўзбек адабиётининг энг сара асарларини дейсизми ёки жаҳон адабиёти дурдоналарини истайсизми, барчаси бор.
Фақат…
Яқинда шу жойга бориб китоб танлаш учун 45 дақиқа вақт сарфладим. Шунча муддат мобайнида бу ерга мендан ташқари битта одам ташриф буюрди. Унга кимдир қўнғироқ қилди. Телефони баланд овоз режимига қўйилган экан, қўнғироқ қилган одам: “Қаердасан?”, деб сўради. “Китоб дўконидаман”, деб жавоб қилди. “Эсинг жойидами? У ерда нима бор?” деб сўраганди: “Китоб кўраяпман”, деди. “Ҳозир мен машинада етиб бораман, кўчага чиқиб тур”, деб буюрди қўнғироқ қилган киши.
Мен ўзим танлаган китобларнинг ҳақини тўлаш учун кассага ёндашдим. Бу ердаги сотувчи қизлардан сўрадим:
— Дўконда харидорлар йўқ-ку. Ҳар доим шунақами ёки ҳозир шундай бўлиб қолдими?
— Кун бўйи шу аҳвол. Одамлар китоб ўқимай қўйишдими, билмадик, китобларни озиқ-овқат маҳсулотлари олдида сотсакмикан?
Ажабо! Китобдан узоқлашган одамлар газетага ҳам лоқайд бўлиб қолишгани аниқ. Китоб дўконидан нари юрган ёшларга, ўқувчиларга мурожаат қилгим келади. Сизлар ҳаётнинг асл мазмуни китобларда эканлигини билмас экансиз. Бутун диққат-эътиборни телефонларга, ижтимоий тармоққа қаратиш — бу бир томонлама қизиқиш эканлигини унутманг. Чин маънода дунёқарашингизни бойитиш учун китобга ошно тутунинг. Агар китобхонликдан воз кечсангиз, умрингиз беҳуда ўтади. Кейин кеч бўлади. Ўз ҳаётингизни мазмунга бой, маъноли ўтказмоқчи бўлсангиз, албатта, китоблар оламидан узоқлашманг. Китоб шундай мўъжизаки, у инсонни бунёдкорликка, яратувчанликка ундайди. Китобни қалбингизга ошно тутсангиз, бутун коинот сизга ёрдам беради.
Ахир, одам боласи фақат қорин учун яшамайди-ку?! Ҳаётимиз эзгу қадриятлар, маънавият билан мазмунли эмасми?! Агар кимдир сизга фақат нафс учун яшайсиз деса, хафа бўлишингиз табиий гап. Инсон ўз умрининг гўзал бўлишини таъминлаши учун Ватанини, ватандошларини севиши керак. Бунинг учун маънавиятли бўлиш зарур.
“Мен газета ўқимай қўйганимга анча бўлди”. Бу сўзни баъзилар мақтаниб айтишади. Гўё бундай зотлар ўзини киборлар тоифасидан, майда-чуйдалардан холи ҳисоблайди. Агар газетадан, китобдан узоқлашганингизга анча бўлса, маънавиятингиз ҳақида гапирмасак ҳам бўлади.
Ўтган йил якунида юртимизда муҳим воқеалар содир бўлди. Аввал коррупцияга қарши курашган инсонлар юксак мукофотлар билан тақдирланди. Кейин Ўзбекистон Президенти раислигида Маънавият ва марифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлди. Биринчи тадбирда дунёнинг турли жойидан келган фидойи одамлар иштирок этишди. Иккинчи тадбирда маданият ходимлари, ёзувчилар, санъаткорлар, журналистлар қатнашишди. Бир-биридан фарқ қилувчи мавзуларда анжуман бўлди. Лекин иккала тадбирни ўзаро боғлаб турадиган масала бор эди. Коррупцияга қарши курашиш учун инсон иймонли, инсофли, диёнатли, маънавиятли бўлиши керак.
Коррупцияни йўқотиш учун инсон қалбида Ватан ғурури, ор-номус, ифтихор туйғулари жўш уриши керак. Битта жойда ўша иллат рўй берса, бу хусусий ҳол эмас, аксинча, жамиятга доғ тушгандай қабул қилиниши керак. Қатар амири коррупцияга қарши курашганларга юксак мукофотни топшириш маросимини нега айнан Ўзбекистон пойтахти Тошкентда ўтказишни танлади? Чунки бизнинг заминимизда коррупцияга қарши курашиш борасида тўғри йўл танланган.
Инсоннинг ҳаётга муносабати йиллар ўтган сайин ўзгариб бораяпти. Қачонлардир илк бор тракторнинг ҳаракатини кўрган одам “Шайтон арава” деган бўлса, гапириб турган радиони бир буюм билан уриб ўчиришга уринган бўлса, эндиликда тезюрар поезду ракеталар суръатидан ҳам ажабланмай қўйди.
Турмуш тараққиёти ҳар қанча юксалмасин, барибир инсон кўнгли, маънавий олами эзгуликка эҳтиёж сезаверади. Бу эҳтиёжни ақлли машиналар, тараққий этган роботлар қондиролмайди.
Маънавияти юксак, иймони бутун одам қанақа бўлади? Мен шундай бир одамни танирдим. Асли наманганлик бўлган манбашунос олим, филология фанлари доктори, профессор Исматилла Абдуллаев Тошкент шаҳридаги академиклар шаҳарчасида яшар эди. Ҳурматли домла ўзи яшаётган маҳалланинг бирор фарзанди эътиборсиз ўтса, дарҳол тўхтатар ва ундан сўрарди: “Болам, сиз кимнинг фарзандисиз?”. Бола жавоб бергач, “Ие, отангиз жуда яхши олим-ку, нега салом бермай ўтяпсиз?” Унга жавобан бола: “Ассалому алайкум” дейди. “Бу бошқа гап, ҳамиша шундай бўлсин” дерди. Шундан сўнг олимлар маҳалласида ҳамма саломга ўрганибди. Шу домланинг фидойилигини эшитган наманганликлар алоҳида уй-жой ҳозирлаб вилоятларига таклиф қилишибди. Устоз ҳам юртига қуруқ бормади, бутун умр тўплаган китобларини наманганлик ёшларга туҳфа қилди.
Наманганлик маънавият жонкуяри Зиёвуддин Мансурнинг ҳикоя қилишича, Исматилла Абдуллаев 60 ёшида ўз ўқувчиларига, 70 ёшида ногиронларга ош қилиб шукрона дастурхони ёзибди. Бу тадбирлардан моддий даромад қилишни хаёлига ҳам келтирмаган. Баъзан айрим кишиларга бирор вазифа қўйилса, “Бунинг учун мукофот бериладими?” деб сўрашади. Зотан, биз ихлос қўяётган жадид боболаримиз жамики савобли ишларни ўз фидойиликлари эвазига бажаришган.
Президентимиз барча ишларни маҳаллалар орқали амалга оширишни таклиф қилаётгани жудаям ўринли. Ахир инсон тафаккури, ҳаётга нисбатан масъулияти маҳаллада, оила бағрида вужудга келади. Агар маҳаллада маънавият ишлари яхши йўлга қўйилса, ҳаммаси рисоладагидек бўлади.
Ҳозирги пайтда корхона ва ташкилотларда раҳбарлик қиладиган кадрларни шартли равишда иккига бўлиш мумкин. Биринчи тоифаси маънавиятни тушунадиган кадрлар, иккинчи тоифа фақат хўжалик кўрсаткичларини биладиган кадрлар. Иккинчи тоифа вакиллари учун хаёлида фақат “гектар, центнер, тонна, фоиз”ни ифодаловчи кўрсаткичлар ғужғон уриб, бутун кучни бир томонлама сарфлашга уринади. Маънавиятни яхши тушунадиган раҳбарлар ҳаётга кенг миқёсда фикр юритиб, қайси мақсадларни кўзлаб ҳаракат қилаётганини яхши биладилар. Юртимизда меҳнат қилаётган вилоят ва туман ҳокимлари орасида қайсилари замон талабларига муносиблигини ҳалқимиз яхши билади.
Сирдарё вилоятида Абдураҳим Жалолов (охирати обод бўлсин) деган ҳоким бўларди. Таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад билан вилоятга борганимизда ҳоким: “Яқинда газетада маҳаллий ижодкорнинг куз манзаралари этюдини ўқиб маза қилдим” деганда ҳайратланган эдик. Сон-саноқсиз ташвиш билан банд бўлган инсон шу мақолани ўқигани, ҳатто ундан таъсирланганига қойил қолгандик. “Мен бу этюдни ўқиб, Пушкин ҳикояларини эсладим” деганда, очиғи, лол бўлиб қолдик. Демак, суҳбатдошимиз азалдан мумтоз адибларнинг асарларини ўқиган. Ундай одам билан суҳбатлашиш ҳам мароқли.
Маънавият шундай бебаҳо оламки, уни бировларнинг буйруғи билан эгаллаб бўлмайди. У инсоннинг нечоғли тарбия топганлиги, ҳаётга муносиб қарашига боғлиқ.
Шуҳрат ЖАББОРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат
кўрсатган журналист.