СТИВЕН СПИЛБЕРГГА ТЕЛЕМАКТУБ

ёхуд “Абдуллажон” фильмидан замонамиз одами учун 6 сабоқ

Одамзод ўз армони, оғриғи ва орзуларини бутун умр юрагига кўмиб яшайди. Баъзан эса уларнинг кўксида мудраб ётганини ўзи ҳам билмаслиги мумкин. Шу сабабдан бўлса керак, эски фильмларни кўриб, қўшиқларни эшитсак, вужудимизда ажиб ҳислар уйғонади. Унут бўлган кечинмаларимизни эслаймиз, ўтмишимиздан бир парчани қайтиб олгандай энтикиб кетамиз…

1991 йилда Зулфиқор Мусоқов томонидан суратга олинган “Абдуллажон” — биринчи ўзбек илмий-фантас­тик комедияси ана шундай фильмлардан бири. Фильм томошабинни кулдирса-да, унда халқимизнинг қарийб бир асрлик аччиқ кечмиши, оғриқли туйғулари ўз ифодасини топ­ган. Бундан амин бўлиш мумкинки, ҳар қандай ҳақиқий санъат асарининг онаси оғриқ, дард экан, гарчанд у мутойибага йўғрилган бўлса ҳам…

Аммо айни пайтда мазкур кинонинг сиёсий жиҳатларини таҳлил этиш фикридан йироқмиз. Бу ишни кейинроққа қолдирган ҳолда, теледурдонанинг кино санъатида тутган ўрни ва ундан бугунги кун томошабини олиши мумкин бўлган олти сабоқ ҳақида гапирмоқчимиз. Марҳамат, комедиядаги кичик-кичик воқеаларни эсга олиш орқали сиз уни ҳозирда суратга олинаётган бошқа фильмлар билан таққосланг, фикр юритинг ҳамда замонавий киносаноатимизда йўл қўйилаётган камчилик­лар борасида фикр алмашинг.

­1-сабоқ: “Сенга нима ёмонлик қилувдим, э Худо?..”

Яхши биласиз, фильм “Коммунизм” колхозида яшовчи Сотиболди Худойбердиевнинг америкалик таниқли режиссёр Стивен Спилбергга мактуби билан бошланади. Сотиболди “Стивен ака”га унинг яқинда ишлаган киносини кўрганини, кино жуда яхши чиққанини айтиб ўтади. “Бизда ҳам ғалати ишлар бўлаяпти, Стивен ака, — дейди мактуби давомида. — Бир куни колхозимизда мажлис бўлаётганди. Битта ари учиб келди. Учиб бораверди, бораверди… Раисимизнинг ёнигача борди. Шунда раис қоғозни қўлига олди-да, ўради: Тап!..” Сўнг биз амалдорнинг арини уриб, мажақлаганига гувоҳ бўламиз. Жонзотнинг ўлими кейинги воқеаларга пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Шу ерда ҳақли бир савол туғилади. Нега айнан ари, айтайлик, каттароқ қуш эмас? Муаллифлар оддий бир ҳашаротнинг ўлимини нима сабабдан оламшумул жиноят сифатида баҳоламоқчи? Томошабинни кулдириш учунми? Йўқ, бу ерда бошқа бир гап бор. Ўша гап шундан иборатки, бизнинг қилган айбларимиз ҳамма вақт ўзимизга майда ва арзимас бўлиб ту­йилади (нари борса аридек!). Аммо инсон ўзининг жимитдай деб ўйлаган қилмишлари учун ҳам қачондир, қаердадир жавоб бермоғи зарур. Шундай экан, аслида, ҳеч қандай кичкина гуноҳ йўқ, аксинча, биз чакана деб ўйлайдиган гуноҳлар бор, холос. Ва кун келиб, у катта-катта фожиаларга сабаб бўлиши ҳеч гап эмас. Буни раис бобонинг юрак­ларимизни титратган пушаймонга тўла ҳасратлари тасдиқлайди:

“— Ҳамманинг кетмони учса-ю, меники учмаса… Мен сенга нима ёмонлик қилувдим, э Худо?”

Қолаверса, масаланинг экология билан боғлиқ яна бир жиҳатига тўхталиш  мумкин. Ҳар қалай, Альберт Эйнш­тейн 1941 йил “Canadian Bee Journal” нашрида эълон қилинган мақоласида инсониятни қирилиб бораётган ариларни асраб қолишга чақиради. “Одамзод кислородсиз уч дақиқа, сувсиз уч кун, ариларсиз эса атиги тўрт йил умр кўра олади”, деб ёзади дунёга машҳур физик олим ҳамда бу митти жонзотнинг йўқолиб кетиши оқибатини энг хавфли табиий офатлар — вулқон отилиши ёки метеорит қулашидан анча даҳшатлироқ, дея баҳолайди. Сабаби оддий: “Асаларилар бўлмаса — ўсимликлар чанглатилмаса — егулик бўлмаса — одам ҳам бўлмайди” (А.Э.). Британиянинг кундалик газетаси “The Guardian” тақдим этган маълумотга кўра, келажакда арилар яшамаслиги туфайли содир бўлиши мумкин бўлган очарчиликдан ташвишга тушган Гарвард муҳандислари бугун робот-асалари ишлаб чиқариш борасида илмий тадқиқотлар олиб боришмоқда. Тадқиқотларнинг қандай натижа бериши борасида ҳали бир нарса дейиш қийин.

Мана бу тарафдан энди раис бобомиз арзимас гуноҳга қўл уриб, пушаймон азобини тортаётган одам эмас. У — табиат ифлосланиши ҳамда кундан-кунга ортиб бораётган радиация нурлари туфайли набототни таназзул ёқасига етак­лаб, ўз оёғига ўзи болта ураётган бани башар тазаррусини акс эттирувчи рамзий образ ҳамдир.

2-сабоқ: “Ановии… Ҳалиги қани?..”

Фильм давомида “6 рақамли ҳужайра”, яъни ҳаммамиз биладиган Абдуллажон ўз кемасида учиб кетаётиб, колхознинг мол боқиладиган ерларига йиқилиб тушади. Кемани биринчи бўлиб Бозорбой кўради. У аввалига қўрқиб кетади, ўзга сайёралик меҳмоннинг ёш бола эканини билгач, яқин-атрофдаги чайлага олиб бориб ётқизади. Қараса, болакай шир­яланғоч. Ўғлининг уст-бошини олиб келиш учун югуриб кетади. Ўғлининг кийимларидан келтириб, Абдуллажондан уни кийишни сўраётганда эса боланинг жинсий аъзоси йўқлигига кўзи тушади.

“— Э-э, — дейди ҳайратга тушиб. — Ановии… Ҳалиги қани?.. Булбулча?

— Йў-ўқ, — елка қисади болакай.

— Аттанг… Аттанг… — афсус билан бош чайқайди Бозорбой. — Кел, чой ичамиз… — кейин болакайга далда беради, — майли, хафа бўлма. Бировни Худо ундай яратган, бировни бундай…”

Бу билан фильм бизни ривожланган давлатларда урчиган, айниқса, айримлар ўз жинсидан ихтиёрий воз кечиб, шу кунларда тобора долзарблашаётган ножинслик балосидан огоҳ этаётгандек. Гўёки бунинг қанчалар шармандали, инсоният учун ёт ва иснод ҳисобланмиш бир иш эканини томошабинлар онгига сингдиришга уринаётгандек.

3-сабоқ: “Нима дединг?.. Яна битта қайтар!”

Бозорбой болани кийинтириб, овқатлантираётган пайтда шубҳаланган хотини ортидан кузатиб келади. Аёлнинг гумони тасдиғини топади — эри бегона бир бола билан гаплашиб турарди.

— Вой, бу кунларни кўргунимча ўлиб қўя қолганим яхши эмасмиди? — дийдиё қилади “эрим бошқадан фарзанд орттирибди”, деб ўйлаган шўрлик. — Вой­-доод, войдоод, хотинбоз!..

Бироздан кейин ақлини йиғиб, сарғиш сочларидан русларга ўхшаб кетадиган болани гапга солишга уринади:

— Мальчиик, иди суда. Где твоя мама? Новасибирда-а?.. А, Барновулда-а?.. — бола жавоб беравермагач, асабийлашиб бақириб юборади. — Сендан сўраяпман, Барновулдами?!

— Дада, бу аёл нега бақираяпти? — деганча қочиб беркинади ўзга сайёралик меҳмон.

— Ана, дада деяпти!.. — аччиқланиб уйига жўнайди хотин.

Айни фурсатда Бозорбойнинг ҳаяжони эътиборимизни тортмасдан қолмайди.

— Нима дединг?.. Яна битта қайтар!..

— Ҳа, нима? Дада дедим сизни. Ё нотўғрими? Мантиқий анализ натижасида шартли равишда сиз менга дадасиз. Мен эса ўғил вазифасини ўтайман.

— Тўғри, ўғлим, тўғри…

Бозорбой тирноққа зор эмасди. Унинг ўғли ва қизлари бор эди. Абдуллажоннинг “дада” дейишидан нимага бунчалик ҳаяжонга тушди?..

Кўпчиликка аёнки, санъат илк пайдо бўлган давридан бошлаб инсониятнинг қарашлари, руҳий манзарасини умумлаштириб кўрсатадиган кўзгу ҳисобланади. Бугунги жумбоққа бой, инсонни ўйлашга мажбур қиладиган санъат асарларига қараб, одамзоднинг фикрлаш тарзи анча мураккаблашганини тушунса бўлади. Онги ошган замонавий одамни ибратли ҳикоятлар таъсирлантира олмайди, уни фақат ўйлашга, фикр юритишга ундаш орқалигина тарбиялаш мумкин — бу санъатга ёпирилиб кираётган янги оқимларнинг якдил хулосасига ўхшайди гўё. Шу ерда ҳам савол туғилмай қолмайди. Хўш, онгимиз ривожланган, мураккаблашган экан, нима сабабдан биз кечаги иллатлардан халос бўла олмадик? Инчунин, очкўзлик, таъмагирлик, шаҳват оёғимизга ҳали ҳам тушов? Балки инсон онги қанча юксалса, руҳи, қалби шунча қашшоқлашиб бораётгандир? Умуман, ҳар қачон ўз манфаати учунгина хизмат қиладиган туйғудан мосуво совуқ ақлни олий тафаккур дея оламизми?..

Бозорбойнинг Абдуллажон “дада” деб чақирганда тўлқинланишидан туйғуларни ҳурмат қилишни, туйғуга нисбатан масъулиятни зиммамизга ола билишни ўргансак арзийди. Зотан, ақл маълум инсонпарварлик туйғулари билан уйғунлашсагина манфаатли, бўлмаса, у урушлар, кўпдан-кўп қабиҳлик­лар манбаси бўлиб қолаверади.

4-сабоқ: “Болада гуноҳ йўқ…”

Бутун оила йиғилган, “осмондан тушган йигитча”ни муҳокама қилишаётган эди (ҳеч ким ҳеч кимни ҳақорат қилаётгани, жазавага тушгани ё қўлини шоп, бўйин томирларини ўқлоғдек қилиб бир-бирига бақираётгани йўқ: дастурхон бошида жим муҳокама қилиб ўтиришибди!). Бу вақт “боласи”ни эргаштириб Бозорбой кириб келади.

— Шўхлуғларингиз қолмапти-да, куёв бола, — киноя қилади қайнона.

Ота бўлмиш каловланиб қолмайди.

— Танишинг, ўғлим, — деб айтади Абдуллажонга. — Булар сизнинг қариндош­ларингиз.

Абдуллажон жилмайиб келиб, оиланинг қаршисига чўкади:

— Қалайсизлар?!

Сўнг нотинчлик бошланади, йиғи-сиғи, гина-араз дегандай.

— Хў-ўш… — бирдан асабийлаша бош­лайди Бозорбой. — Маслаҳатинг­лар билан шу болани ҳайдаб юборайми?! Бўпти, уни ҳайдаб юбораман!.. — бориб эшикни очади. — Мен уни осмондан тушди десам, барибир, ишонмайсизлар-ку, тўғрими?! Қани, болам, тур, кетдик! Менам сен билан кетаман! Сени “детдом”га жойлаштираман-да, ўзим қариялар уйига жойлашаман! Ҳар шанба куни бир-биримиз билан борди-келди қилиб турамиз!

Бирдан аёлнинг кўзига гўдакнинг болалар уйида ётгани кўриниб кетади.

— Тўхтанг, — дейди эрига. — Бола ҳеч қаёққа кетмайди! Кетсангиз ўзингиз кетаверинг, катта кўча! Болада гуноҳ йўқ… Олтита болани катта қилдимми, еттинчисини ҳам амаллаб катта қилиб оларман. Қани, ойи, келганларга битта фотиҳа қилинг!

Мана бу “боланинг бегонаси бўлмайди” шиори билан яшайдиган халқимиз менталитетининг энг юксак намо­йиши. Ҳа, илло, ортиқча гап-сўз, ортиқча зиддиятлар бўлиши мумкин, одам боласи ортиқча бўлиши зинҳор мумкинмас. Менимча, буни яна бир бор эслатиб қўйишнинг ўзи етарли, бу борада қўшимча қилиш шарт эмас.

5-сабоқ: “Эркак кишига ошхонада пишириб қўйибдими?!”

Камбағал отасига ёрдам беришни истаган Абдуллажон “каатта пул” ясайди. Бозорбой ҳайратга тушади. Шошиб киссасидан уч сўмлик купон чиқаради:

— Мана буни… Мана буни ҳам кўпайтира оласанми?

— Кўпайтирайми, катта қилайми?

— Кўпайтир!

— Ҳозир боплаймиз-да, — дейди Абдуллажон. Кейин бир қозон пул “пиширади”. Бозорбой бундан ҳаяжонга тушар, ўз-ўзича ҳисобларди.

— Битта қозоннинг ўзида ўттиз минг! Иккита қозон қайнатадиган бўлсак, олтмиш минг…

Севинчи ичига сиғмаётган ота-бола шунда бехосдан пулнинг орқасидаги ёзувни ўқиб қолишади: “Давлат сўмини қалбакилаштириш… қонунга мувофиқ… тақиқланади…”

— Қовун туширибмиз-ку, ўғлим… — ҳафсаласи пир бўлади Бозорбойнинг. Пулларни истамайгина олиб, ўчоққа — ёниб турган оловга ташлайди. — Э, аттаанг…

Бу пайтда унинг хотини келиб қолади:

— Ҳа, адаси? Эркак кишига ошхонада пишириб қўйибдими?

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло эркакни аёл хилқатига нисбатан бақувват қилиб яратди. Шунга мос равишда у ҳам кучи, салобатига ярашадиган ишлар билан шуғуллангани маъқул. Эҳтимол, гапимиз ошпазлик касбида ишлайдиган инсонларимиз учун эмасдир-у, лекин ҳозирда ошхона тўғрисидаги телекўрсатувларда икки аёлнинг ўртасида туриб, гап сотиб ўтирган бошловчи эркаклар Бозорбойнинг хотини айтмиш кесатиқ ҳақида ўйлаб кўришса, яхши бўларди. Зеро, аёл билан эркакдаги мажозий чегаралар қисқаравергач, кейинги пайтларда интернетни портлатган “эр нимага керак?” қабилидаги риторик саволларнинг пайдо бўлишига ажабланмасак ҳам бўлади.

Бу гапимиз билан аёлларни ожиза деб камситмоқчи ёки эскича қараш билан “мана бу эркакнинг иши, бу эса аёлнинг” дея касб-корни иккига ажратмоқчи ҳам эмасмиз, албатта. Демоқчимизки, аёл ва эркакнинг жамиятда ўз ўрни, табиати ё ўзини тутишда ажралиб турадиган фарқлари бўлсин. Мазкур маънода эса Бозорбойнинг хотини айтган “Эркак кишига ошхонада пишириб қў­йибдими?!” иборасининг қамрови анча кенгайиб, жамиятни фалсафий ҳукм қилишга қобил ўлароқ бир мушоҳадага айланиши мумкин.

6-сабоқ: “Яримта ароқ нечпул?..”

Айрим киноларда мансабдор лавозимидаги кишилар кўпинча маишатпараст, хотинбоз бўлади. “Абдуллажон” фильмида раис образига ўзига хос ёндашилган. Рост, раис отамиз оппоқ одам эмас. Манфаатпарастлиги, шуҳратпарастлиги бор: колхозда содир бўлаётган ҳамма қойилмақом ишларга бошқаларнинг ўзини бош-қош деб ўйлашларини истайди. Қолаверса, “арини ўлдириб”, “қарғиш”га учраган.

Лекин шуниси диққатга сазоворки, у ароқ ичмайди. Ҳатто ароқнинг нархи қанча эканидан бехабар. Бунга биз Йўлдош унинг ишхонасига келиб, тил бириктиришни таклиф қилаётган эпизодда гувоҳига айланамиз.

“— Эртага қишлоққа чиқиб, мана шу мўъжизаларнинг ҳаммаси раис отамнинг қўл остида ишлаб чиқарилган деб гап тарқатаман. Сиз герой бўласиз! Сиз депутат бўласиз! Эвазига… Менга ҳар куни яримта қуясиз! Кетдим.

— Тўхта!… Ҳимм… Яримта нечпул?!”

Воқеаларни ипидан-игнасигача бир-бири билан мантиқан боғлаган фильм ижодкорлари бу ерда ҳам эътиборларини сусайтиришмаган. Чин-да! У ичса, маишат қилиб юрса, қандай қилиб амалдор бўлиши мумкин эди? Раис ўша пайтнинг ўқимишли, зиёли одамларидан бири эди-ку!

Балки сизда “ароққа муккасидан кетиб, раисдан ҳам каттароқ мансабда ўтирганлар бор-ку?” қабилидаги савол туғилар ва кўз олдингиздан аллакимлар ўтгандай бўлар. Лекин ўша кўз олдингиздан ўтаётган одамлар мансабдорлар учун эталон эмас. Улар бизнинг раис бобомизни кўриб уялса, яхшигина хулоса чиқаришса арзийди.

Хулоса ўрнида…

Бугун омманинг китоб ўқимаётгани ва телевизордаги сериалларга боғланиб қолаётганидан афсус чекамиз. Лекин китоб орқали бериш мумкин бўлган маънавий тарбияни “ойнаи жаҳон” ёрдамида ҳам сингдирса бўлишини нега ўйламаймиз? Балки нажот телевизорга боғланиб қолаётган одамларни қоралашда эмас, шунчаки “ойнаи жаҳон” дастурларининг савиясини оширишдадир? Ажаб эмаски, ўз ватанпарварлиги, миллий ғурури билан бошқа миллатлардан ажралиб турадиган қардош халқ Туркия буни биздан аввалроқ тушуниб етган ва амалга оширган бўлса?! Ахир китоб ҳам, телевидение ҳам аслида восита, онгу шуур тарбияси йўлидаги ёрдамчи, уларнинг қайси биридан фойдаланиш ўзимизнинг қўлимизда эмасми? Қалин китобларда етказиладиган комиллик ғоясини кўпроқ зангори экран орқали тақдим қилишни бугун даврнинг ўзи талаб қилаётган бўлса-чи?..

Майли, ушбу саволни телерадиокомпаниялари масъуллари, хусусан, киномутахассислар учун очиқ қолдирамиз. Ҳолбуки, мақолани ёзишимдан мақсад ҳам бўлак. Бироқ оддий томошабин сифатида шундай ўйлайманки, “Абдуллажон” воқеалари бекорга хорижлик режиссёр Стивен Спилбергга телемактуб тариқасида ёритилмаган. Қарийб 31 йил олдин, ҳозирги замонавий эффект ва мосламаларсиз айнан юртимизда суратга олинган мазкур асардан бугун бутун дунё ибрат олиши, сўнг ўз ҳаёти, одам ва олам билан боғлиқ қарашларини қайтадан кўриб чиқиши зарур.

Байрам АЛИ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × three =