Ватан бўлиб бирлашсак…
Илму ижод мўъжизаси халқни буюк мақсадлар сари бошлайди, ижодкору зиёлилар эса элнинг кўрки, зийнати саналадилар.
Давлатимиз раҳбарининг йил охирида бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида илму тафаккур, маданияту санъат, ижод аҳли билан қурган самимий суҳбатидаги она тилимизни ардоқлаш, миллий қадриятларимизни келгуси авлодга соғу омон етказиш борасидаги ниятлари ҳар биримизга куч-қувват, юксак рағбат берди.
Янги йилни кутиб олишга ошиқаётган ўша дамларда юртдошларимизнинг юзларидаги қувончларига боқиб, ҳали устозларини Фанлар академиясининг академиги шарафли унвони билан табриклаётган, ҳали “Олимлар байрами” муносабати билан шогирдларини байрам тадбирига чорлаётган, “Йил аёли” республика танловида олий ўрин эгаллаган оддий мактаб ўқитувчисининг шодлигига шерик бўлаётган зиёлиларимизни кўриб, меҳнатидан барака топган инсонларнинг ўз юртида қадр топаётганига ҳаваси келади кишининг.
Миллат юксалишининг асосий негизларидан бири бўлмиш маданият ва санъат соҳасидаги янгиланишлар эса инсон руҳияти, кайфияти билан, юраги билан ишлашга мойил ушбу соҳа кишиларининг юрак призмаларидан ўтаётгани рост гап. Юракдан чиққан сўз юракка етиб боради, азиз фарзандларни юртга муҳаббат, шукроналик ва эзгуликка камарбаста қилиб тарбиялаш эса ҳар бир зиёлининг умр мазмунидир.
Янги Ўзбекистон маданий сиёсатидаги ёрқин воқеалар, ислоҳотлар тадрижи Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ғоясини илгари сураётган маърифатпарвар халқнинг бугунги кундаги кайфияти, “Инсон қадри учун” ҳикматининг амалдаги исботи ушбу файзиёб танловларда баралла кўринмоқда. Мирзо Бедилнинг “Илм инсоният гавҳаридир” деган ҳикмати бизнингча, илмни қадрлаганлар, китобни, мутолаани қадрлаганларнинг ҳаётларида йўлчироқ бўлиб порлаб туради.
Муқаддас ҳадисларда “Сўзда сеҳр, шеърда ҳикмат бор” дейилган табаррук каломни учратамиз. Сўзнинг сеҳри инсониятни ўз ўқи атрофида адашмай айланиб туришига катта хизмат қилади. Зотан сўздаги илоҳий сирни, ҳайратангиз сеҳрни англаган, ҳис қилган инсон ҳаётнинг асл маъносини, мавжудиятнинг бор ҳақиқатини тушуниб етади. Сўзлардаги ана ўша тилсимли ҳақиқатни англаш ва англатишдек қутлуғ вазифа шоиру шуарога, фозилу фузалога, олиму уламога бекорга тортиқ қилинмаган.
Ота-боболаримиз айтганларидек, бошқа фанлар илмнинг улкан намояндаларини етиштириши мумкин, адабиёт эса фидойиларни камолга етказади. Чунки адабиёт инсон руҳининг муҳандиси ҳисобланади. Адабиётсиз ҳаёт жуда ғариб ва қашшоқ бўлиб қолган бўлар эди.
Муаззам адабиёт карвонини ёруғ манзиллар сари етаклаётган, бу карвонларнинг бекатларини меҳр чироқлари билан ёритиб турган, карвонларнинг зиёларини халққа етказишга камарбаста бўлиб турган давлат миллатпарвар, ватанпарвар болаларни тарбиялайди, вояга етказади, бунга қатор ривожланган давлатларнинг тажрибалари гувоҳлик беради.
Бекорга давлатимиз раҳбари адабиётни миллат мураббийи деб атамайдилар.
Кўриб турибмиз, саксон йилдан ортиқ ўз биноси бўлмай ижарама-ижара фаолият кўрсатиб келаётган Ёзувчилар уюшмасига муҳташам бино қуриб берилди, Зомин ижодкор ёшлар семинари қайта иш бошлади, диёримизнинг энг дилбар масканлари – Ўриклисой-у Заркентда адиблар учун оромгоҳлар очилди, юзга яқин адиблар учун имтиёзли асосларда уй-жойлар берилди, юзлаб ёшларнинг биринчи тўпламлари, юзлаб шоиру ёзувчининг ижод байрамлари ўтказиб келинмоқда. Уюшмада ҳар куни бир муаллифнинг асари, таржимаси тақдимот қилинади. Бир кун тиним йўқ, ижод жараёни қайнайди.
Азим Тошкентнинг қоқ марказида ҳазрат Алишер Навоий ҳайкали пойида “Адиблар хиёбони” бунёд этилди.
Президентимиз томонидан “Дўстлик” ордени билан мукофотланган Озарбайжон халқ ёзувчиси Анор муаллим хиёбонда сайр этар экан: “Мен дунёни кезган одамман, бошқа бирор юртда Ўзбекистонда адиблар учун қуриб берилган ҳашаматли бино каби кошонани кўрган эмасман, буни адабиётга эътибор дейдилар. Мен Ўзбекистон Президенти томонидан қилинаётган эзгу ишларга ҳавас қиламан. Мен “Бешинчи қаватли уйнинг олтинчи қавати” деган асар ёзганман ва айни дамларда ўзимни ўша уйнинг олтинчи қаватида тургандек ҳис этаяпман!” деган дўстона изҳори Ўзбекистон улкан маърифий ўзгаришлар юртига айланаётганининг жаҳоншумул эътирофи эди. Давлат раҳбарининг меҳнатига, шижоатига қардош халқ ёзувчисининг берган баҳоси эди бу!
Туркий тилли давлатлар адабиётларининг энг сара намуналаридан иборат “Туркий адабиёт дурдоналари” деб номланган 100 жилдлик китоблар туркумида умумтуркий адабиётнинг етук намояндалари, Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, шунингдек, кузатувчи мамлакатлар –Туркманистон ва Венгрия давлатларининг атоқли шоир, адиб ва мутафаккирлари асарларидан иборат ушбу нодир тўпламдан Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит-турк”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибат ул-ҳақойиқ”, Аҳмад Яссавий ва Сулаймон Боқирғонийнинг “Ҳикматлар”и, Носириддин Рабғузийнинг “Қиссаси Рабғузий” каби мумтоз асарлари, Алишер Навоийнинг “Сайланма ғазаллари”, “Замонавий ўзбек насри антологияси” ўрин олгани, ватанимизда ўзбек тилида нашр қилинган “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдлик мажмуасининг, Алишер Навоийнинг Тошкентда янги чоп этилган 5 жилдлик “Хамса” мажмуаси, ҳурматли Президентимиз сўзбошиси билан чоп этилган Юнус Эмро асарларининг ўзбек тилидаги нашри Турксой халқаро кутубхонасига тақдим этилгани адабиётга бўлган эътиборнинг намунасидир.
Ёки бўлмаса, ёшлар мутолаа маданиятини юксалтириш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш борасида ўтказилаётган “Ёш китобхон” танлови ўтган етти йил мобайнида бутун мамлакат ёшларини қамраб олгани, минглаб мутолаа ихлосмандларининг энг чекка ҳудудларда ҳам китобга, адабиётга ихлослари муносиб баҳоланаётгани, бутун республикамиз улкан кутубхонага айланганидан дарак беради. Танловда қатнашган тўрт миллионга яқин ёшларнинг ўн етти нафари Президент соврини — “Spark” автомобилларини қўлга киритганлари маърифат ғунчаларининг мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётида ўз ўринлари борлигининг эътирофи бўлди.
Эътирофларни ёзяпман-у, Давлатимиз раҳбарининг кечагина она тилига бўлган муносабати ва эътиборли мулоҳазалари, яъни ўзбек тилини ўқитиш самарасини ошириш, миллий сертификатга эга бўлган “Ўзбек тили ва адабиёти” ўқитувчиларига янги ўқув йилидан бошлаб 50 фоиз устама тўланиши, ўзбек тили бўйича халқаро фан олимпиадалари ўтказилиши ҳақидаги яхши ниятлари муаллимларимизга нечоғли ғайрат ато этишини кўз олдимга келтираман. Бу маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний бундан юз йил илгари “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурғон ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак, миллатнинг руҳини йўқотмакдир” деган ҳикматли таъбирларига муносиб жавобдир.
Эсимда бор, 2017 йил 3 августда мамлакат раҳбарининг бир гуруҳ ижодкор зиёлилар билан бўлган учрашувда соҳа тараққиётига янги тамал тоши қўйилган эди. Учрашув топшириқлари натижаларига асосан алоҳида иқтидор талаб этиладиган олийгоҳлар учун кириш имтиҳонларини ижодий суҳбат шаклида ташкиллаштириш, болалар мусиқа ва санъат мактабларига халқ суйган маданият ва санъат дарғаларини раҳбар этиб тайинлаш, республика даражасидаги маданият ва санъат муассасаларига иқтисоди мустаҳкам идоралар жамоалари билан “Дўстлик клублари” шаклида моддий кўмаклашиш имконияти яратилди, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона филиали ташкил этилди.
1997 йилдан бери ҳар икки йилда бир марта анъанавий тарзда ЮНЕСКО халқаро ташкилоти шафелигида Самарқандда ўтказилиб келинаётган “Шарқ тароналари” мусиқа фестивали нафақат Шарқ халқлари, балки бутун дунё санъатсевар халқлари ўртасида ижодий дўстлик ришталарини боғлагани, Самарқанди фирдавсмонанд жаҳоннинг мусиқий пойтахтига, қадимий Регистон мусиқий саҳнага айланганини билардик, бу санъат анжуманининг мантиқий давоми қатор халқаро фестивалларда бўй кўрсатди.
Беназир санъатимизнинг олий даражадаги акс-садоси, ўн икки асрдан бери ардоқлаб келаётганимиз — миллий мақом байрамининг Шаҳрисабзда Халқаро мақом санъати фестивали даражасида ўтказилгани, “Шашмақом”ни Европа мамлакатларида мусиқа мутахассислари, ихлосмандлари ҳам турли концерт ва фестивалларда тинглаб, юқори баҳолаётгани, мақом санъатини Германия, Франция мусиқа мутахассислари тадқиқ қилаётгани мумтоз санъат оламида янгилик бўлди, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти фаолияти йўлга қўйилгани, ҳудудларда ихтисослаштирилган мақом мактаблари очилгани – миллий ўзликни англашнинг қойилмақом кўринишидир.
Афсонавий Жайҳун ва Сайҳун оралиғидаги цивилизациялар яратган азиз ота-боболаримиздан қолган миллий қадрият – бахшичилик санъатига берилган эътибор натижасида Термиз, Нукус, Гулистон шаҳарларида Халқаро бахшичилик фестивали ўтказилди, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида “Бахшичилик ва достончилик” таълим йўналиши бўйича иқтидорли талабалар ўқишни бошлади. Кўз очмаган булоқлар – янги истеъдодлар учун олтин зина бўлиши тайин. Уч маротаба ўтказилган фестивалда АҚШ, Болгария, Эрон, Жанубий Корея, Молдова, Россия, Туркия, Франция, Хитойдан ташриф буюрган бахшилар ва соҳа тараққиётига баҳоли қудрат ҳисса қўшиб келаётган олимлар иштироки ва биздаги бу санъат тараққиёти ҳақидаги фикрлари ўзи бир дунё бўлди.
Мутахассислар яхши билади, юртимизда 8 мингдан зиёд маданий мерос объекти мавжуд. ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига биздан 10 та мерос – “Бойсун тумани маданий макони”, “Шашмақом” мумтоз мусиқаси, “Катта Ашула”, “Аския санъати”, “Наврўз”, “Палов маданияти ва анъаналари”, Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази: (атлас – адрас), Хоразм рақси “Лазги”, “Миниатюра санъати” ва “Бахшичилик санъати”номзодномаси киритилди.
Яна бир нуфузли Халқаро анжуман – Халқаро ҳунармандчилик фестивалида Қўқон шаҳрига ёғоч ўймакорлиги бўйича Ҳунармандчилик шаҳри мақоми берилгани, шу давргача жаҳоннинг турли мамлакатларидаги 35 та шаҳаргина мазкур мақомга сазовор экани, Қўқон шаҳри Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар ичида биринчи бўлиб ушбу рўйхатга киритилгани ҳам жаҳонаро эътирофдир, аслида. Биринчи ҳунармандчилик фестивалининг очилиш маросимидаги ёрқин ва файзиёб манзара жаҳон ҳунармандларининг таҳсинига сазовор бўлгани ҳақида ҳалигача фахр билан сўзлаймиз. Ўшанда фестиваль доирасида олти авлоди наққош уста бўлиб танилган машҳур уста Муҳаммадали Юнусов театрлаштирилган бадиий қисм фонида, саҳнанинг бир чеккасида, томошабинларнинг кўз ўнгида қирқ минут давомида элликка яқин шогирдларига бош бўлиб, битта мих ишлатмасдан миллий услубдаги саккиз устунлари ярқираган нақшинкор, кунгурадор ниҳоятда нозик дид билан ишланган маҳобатли айвонни битиришганида хорижлик меҳмонлар завқланиб, қарсак чалиб юборишганди. Оппоқ яктак кийган усталарнинг барча томошабинлар, кўплаб камералар кўз ўнгида бажарган ишлари дунёнинг нариги четидаги томошабинларнинг ҳам олқишларига сазовор бўлган эди.
Ахир, бундай ажиб меҳнат жараёнини, ҳайратли манзарани қиёслаш учун сўз топиб бўлмас!
Тафаккур ўзгармаса, жамият ўзгармайди, маърифат ривожланса, миллий тафаккур ривожланади. Давлат раҳбарининг самимий суҳбатидан ҳар бир ижодкорнинг кўнгли тоғдек кўтарилганини, Ватан бўлиб бирлашиш, фарзанду набираларга маърифатли қадриятларни басаломат етказмоқни шараф деб билганларини ҳар бирларининг чақноқ нигоҳларидан билиш мумкин.
Улуғларимизнинг: “Бир даста таёқни бирга боғлангиз, кимса синдиролмас. Агарда ажратсангиз бир-бирини ҳар ким синдирар” деган доно ўгитлари зиёлиларимизнинг йўлларида йўлчироқ бўлади.
Сўз ҳам, овоз ҳам, соз ҳам, иқтидору талант ҳам Яратганнинг халқ хизмати, яхши ниятларига вобаста бўлиш учун берган омонати, қарзидир. Адолатли ва шиддатли ислоҳотлар эса ҳар бир ижодкорнинг юраги орқали ўтади. Юракдан чиққан сўз юракка етиб боради, азиз фарзандларни юртга муҳаббат, шукроналик ва эзгуликка камарбаста қилиб тарбиялаш эса ҳар бир зиёлининг умр мазмуни бўлмоғи керак. Ниятлар амалларга қараб бўлғусидир, амаллар эса эзгулик яратишдан иборат.
Бошқача бўлиши мумкин эмас.
Сайёра ТЎЙЧИЕВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира.