Китобхонлик оиладан бошланиши керак

Халқимизда “Кўп ўқиган кўп билади”, деган нақл бор. Китоб энг қимматбаҳо бойлик. У моддият ва маънавиятнинг уйғунлигини таъминлаб берувчи, жамиятнинг ривожланишида асосий кучдир.

Аслида, инсониятнинг буюк кашфиёти ҳам китоб бўлган. Тарих зарварағини сайқаллантирувчи, асрларнинг тили ва забони, келажакнинг сармояси бўлган китобга эътибор ва китоб ўқишга бўлган меҳр ҳақида тўхталмасликнинг эса иложи йўқ.

Китоб ва китобхонлик ҳақида сўз юритар эканман, беихтиёр болалигим ва ўсмирлик йилларим ёдимга тушди.

Қишлоғимизда биноси эски, аммо китоб билан лиқ тўла кутубхона бор эди. Бу маскан мен учун қадрли бўлиб, кунора китоб олардим. Болалар адабиёти жавонида ранг-баранг китоблар бўлиб, кутубхоначи ёшимизга қараб китоб берарди. Йиллар ўтган сайин ўқийдиган китобларимизнинг савияси ҳам ортиб борди. Аввал болалар адабиёти ва ўзбек адабиётини ўқидим. Кейин эса жаҳон адабиётини мутолаа қилишга киришдим. Адабиётлар менга ҳаёт ҳақида таълим бера бошлади.

Мен кўп китоб ўқиганимни эмас, ўқиган китобларим менинг ҳаёт мезонимни белгилаб берганлигини, яшаш учун маёқ бўлганлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Китоб инсоннинг фикрини чархлаш билан бирга, қалбини поклайдиган буюк кучга эгадир.

Китоб маънавий озуқа экан, китобхонлик маданиятини ошириш, жамиятда маънавий кучни шакллантиришимиз лозимлигини давр­нинг ўзи кўрсатиб турибди. Китоб ўқишни маънавий эҳтиёжга айлантирадиган вақтга етиб келдик.

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлардаги кўнгилни хира қилувчи хабарлар, боқимандалик кайфиятидаги чиқишлар, ахлоқ ва одоб нормаларига риоя қилмасдан бир-бирини ҳақоратлаш, баъзи пост­лардаги ғиж-ғиж имло хатолар саводсизликдан бошқа нарса эмас. Саводсизлик билимсизликдан, билимсизлик эса китоб ўқимасликдан келиб чиқади.

Давлатимиз томонидан Ахборот-кутубхона марказлари ва Ахборот-ресурс марказлари ишини такомиллаштириш бўйича бир қанча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган ва бевосита ижобий ишлар самарали йўлга қўйилган.

Ўзбекистон Республикасининг 2011 йилда 13 апрелда қабул қилинган “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги Қонуни, Президентимизнинг 2019 йил 7 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига Ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарори асосида аҳолига АКМ ва АРМ хизматлари жорий этилган.

Мазкур қонун ва қарорда китобхонлик маданиятини шакллантириш бўйича бир қанча устувор вазифалар ҳам белгилаб берилганлиги муҳим аҳамият касб этмоқда.

Аммо бу борада ечимини кутиб ётган масалаларимиз ҳам талайгина. Болалар адабиётининг кам нусхаларда чоп этилаётганлиги оғриқли муаммоларимиздан биттасидир. Бу ҳақда Президентимиз ўтган йили 22 декабрда юрт зиёлилари билан бўлган учрашувда сўзлаган нутқида алоҳида таъкидлаганлари бежиз эмас.

Албатта, китобхонлик оиладан бошланиши керак. Ота-оналар фарзанди учун эртаклар айтиб бериши, ватанпарварлик руҳидаги достон, мақол ва масалларни ўқиб бериши — боланинг онгини ўстириши билан бир қаторда, уни китобхонликка тайёрлаб боради. Бу эса бевосита оналаримиз китобхон бўлиши лозимлигини ҳам англатади. Китобхонликни шакллантириб олишимиз учун эса китобхон оналарни тайёрлашимиз керак. Оилада аёлнинг, онанинг ўрни беқиёс. Мутафаккир жадид бобомиз “Оналар — бутун башариятнинг тарбиячиларидир”, деган бўлса, француз файласуфи Жан Пол жамиятга шундай хитоб қилади: “Сиз бизга яхши оналарни беринг, биз сизга яхши фарзандларни берамиз”. Демак, ҳар бир она жамиятга яхши фарзандни камолга етказиши учун масъул эканлигини ҳис этиши ва ўзининг дунёқарашини, билим ва кўникмаларини ошириб бориши жудаям муҳим.

Она босқичма-босқич фарзандини китобхонликка тайёрлаб бориши, боланинг ёшига қараб яхши китоб танлаб бериши ҳамда китоб ўқишига бевосита ёрдам қилиши лозим. Боланинг характерига ва дунё­қарашига қараб китоб танлаб берилиши — унинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширади, китобхон бўлиб шаклланишига ёрдам қилади.

Мактабгача таълим муассасаларида эртак қаҳрамонлари асосида расмли тарғибот олиб борилиши ҳам бевосита болаларни китобхонликка тайёрлаб боради.

Шунингдек, мактаб кутубхоналари ишини янада такомиллаштириш, кутубхоналар жамғармасини турли хил адабиётлар билан янада бойитиб бориш, мактаб ўқувчиларининг қизиқишига қараб китоблар тарғиботини йўлга қўйиш жудаям муҳимдир. Бу эса бевосита мактаб кутубхоначисидан юқори малакани, билимни ва фидойиликни талаб этади. Мактаб кутубхоначиси ҳар бир боланинг китоб ўқишига бевосита раҳбарлик қилиши, боланинг руҳияти ва қизиқишига қараб адабиётлар танлаб бериши лозим.

Шу мақсадда Ахборот-кутубхона ва Ахборот-ресурс маркази ходимлари аҳоли орасида сўровномалар ўтказиши ва оналарнинг қай даражада китобхонликка тайёрлигини аниқлаштириб олишлари керак. Бу сўровнома мактабгача таълим ва умумтаълим мактабларининг мутахассислари ўртасида ҳам ўтказилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Ижтимоий тармоқларда китоб­лар тарғиботини ёритиб берувчи медиа маҳсулотлар кўпайтирилса ҳамда дебатлар ўтказиб борилса ҳам яхши натижага эришиларди.

Жамиятда китобхонлик маданиятини ошириш учун оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, ҳар бир оилада шахсий кутубхоналар ташкил этиш, ота-она фарзандининг китоб ўқишига бевосита кўмакчи бўлиши керак.

Биз китобхонликни оиладан ва маҳалладан бошласаккина, кўпроқ натижага эришамиз. Бунинг учун эса жойлардаги маҳалла гузарларида кўчма кутубхоналар ҳамда хонадонларда шахсий кутубхоналар ташкил этилса, китоб ўқишда аввало оилада ота-она, катталар ибрат, намуна бўлсалар, мақсадга мувофиқ бўларди.

Пардахол НОРҚОБИЛОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 + ten =