Имтиҳон

ёки Финляндияда порахўрлик йўқ. Нима учун?
Финляндияда коррупция бўлмаган, оммавий порахўрлик ҳозир ҳам йўқ ва келажакда ҳам бўлмайди, дейишади. Бунинг сабаблари шуки:
Азалдан финляндияликларда дабдабали ҳаёт кечиришга қизиқиш, интилиш йўқ. Улар бундай турмуш тарзини ўрта асрлардан қолган иллат ва ҳашамдор ҳаёт кечириш фақат тарихнинг ўша даврларига қайтиш, деб билар экан.
Финлар ўз миллатдошлари, ватандошлари ҳисобига бойишни халқи келажагига хиёнат; фақат насли бузилган, зоти айниганлар ўз қардошига бундай муносабатда бўладилар, деб биладилар. “Агар сен разил бўлмасанг, ўғрилик қилма”, — деган маталлари бор.
Порахўрликни ўз фарзандларию невара-чеваралари, уларнинг ҳақига хиёнаткорлик ҳисоблайдилар ва буни шундай талқин этадилар: “Сен порахўр, ўғри бўлсанг, авлодларинг ҳам худди шу “мактаб”да ўқийди, ҳаётини шу йўлда давом эттиради. Маънавий мажруҳларгина ўз фарзанди ва авлодларига душманлик қиладилар”.
Финлар: “Ўғри доим қилмишлари ошкор бўлиб, ҳақиқат тантана қилишидан ҳадиксираб, хавотирда яшайдиган қўрқоқ одам, — деб изоҳлайдилар. — Бундай кишилар ҳаётда ҳеч қачон эркин бўлолмайдилар, улар жамият ичидаги қувғиндирлар. Эл улардан нафратланади”.
Финлар фарзандларини қаергадир таниш-билишнинг ўртага тушиши (танка бўлиши) ёки “йўлини топиш” орқали жойлаштиришни ўз дилбандига қаттиқ зарар келтириш, ёмонлик қилиш, деб биладилар. Чунки қинғир усуллар билан ўқишга, ишга жойлашган, нималаргадир эришган бола ҳаёт йўлларида жуда катта қийинчиликларга дуч келади. Финлар болаларига енгил ҳаёт йўлини “совға қилиш” билан ота-она ўз дилбандининг бахтли бўлишидан кўра муаммолар гирдобига тушишига сабабчи бўлади, дейдилар. Бу муаммолар фарзанднинг мустақиллиги йўқлигида, ёшига номуносиб равишда ривожланишдан орқада қолиши, маънан норасолиги, ўз кучи билан ҳеч нарсага эришолмайдиган нотавонга айланишида кўринади. “Фақат аҳмоқ одамларгина болаларининг келажагини муаммоларга гирифтор қилиб кетиши мумкин”, — дейди финлар.
(Айни шу маълумотларни ўқиш арафасида қадрдоним сўзлаб берди: йирик, эътиборли ташкилотнинг янги раҳбари кўп йиллардан буён ишлаб келган ходимни “бугунги кун талабларига жавоб бермаслик” мезони билан ишдан бўшатиб, ўрнига “ўзи яқиндан таниган, айни соҳани ипидан игнасигача яхши биладиган” янги мутахассисни ишга олиб, жамоага таништирди. Янги ходим ишлайдиган хонасига кириб келиб, ўтирганлардан сўради: “Бу қандай бўлим? Нима ишлар билан шуғулланади? Айни борада чиққан қарорлар, ҳужжатлар билан танишиб олишим керак энди…”)
Ижтимоий тармоқда эълон қилинган юқоридаги маълумотларни ўқиб, финляндияликларга дастлаб ҳавасим келди. Бирдан: “Ҳалоллик, ўзгаларнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, ота-она болаларини ҳалол луқма билан боқиб улғайтиришининг нечоғлиқ муҳимлиги, ҳасаддан нафратланиб, ҳавас билан яшаш, инсон ўзига раво кўрган ҳарки каттаю кичик яхшиликларни бошқаларга ҳам илинишининг хосиятлари, меҳр-мурувват улашишда боланинг “ўзингники” ёки “бегонаси” бўлмаслиги… наинки моддий неъматлар борасидаги олди-бердиларда, балки муомала-муносабатларда ҳам бир-бирларининг ҳақ-ҳуқуқлари чегарасини муқаддас деб билган халқимизда асрлар давомида худди шундай, балки бундан ҳам юксак ҳикмат, эътиқодларга асосланган анъана, қадриятлар турмуш тарзи бўлиб келган-ку!” — деган фикр кўзимни очгандек бўлди.
…Маҳаллалардаги қатор ҳовлилар дарвозаларига қулф солинмаслиги, тунда дайди кучуклар кириб нарсаларга тегмаслиги учунгина шунчаки занжир бўлиши; савдо аҳли намоз ёки бошқа сабаблар билан кетадиган бўлса, иш растасининг устини чойшаб билан ёки дўкон эшигини юзига ёпибгина қолдириши; мевазор боғлар, қовун-тарвуз, сабзавот полизлари шундоқ очиқликда бўлса-да, уларга биров бесўроқ кирмаслиги; бойми, камбағалми — олим ёки ҳунарманд устага шогирдликка бераётганда боласи илму ҳунар ўрганиш йўлида астойдил меҳнату машаққат тортиши учун “эти сизники, суяги меники” деган битимга рози бўлиши; ҳомиладор аёл ҳаттоки хаёлан нималаргадир интиқ-интизор, зор бўлмасин деб, ҳали туғилмаган боланинг-да ҳақини таъминлаш аждодларимизнинг оддий ҳаёт тарзи бўлган-ку!
Европанинг машҳур олиму файласуфлари дунё тамаддунининг олтин ҳалқалари бўлган Биринчи, Иккинчи Ренессанс қадим Туронзаминда илдиз отиб, ривожланиб, инсоният тарихига зарҳал саҳифалар бўлиб ёзилгандан кейин европаликлар уни бир оз ўзгартириб, мослаштириб давом эттирганликларини расман эътироф этадилар. Ренессанслар тамал тошини қўйганлар… Форобий, Хоразмий, ибн Сино, Фарғоний, Бухорий, Замахшарий, Термизий, Алишер Навоий… (алҳамдулиллаҳ, бу олиму уламолар силсиласини узоқ санаш мумкин) асарларида ва улар ҳақида бизга етиб келган тарихий маълумотларда ярақлаб турадиган фазилатлари — ҳалоллик, ҳалоллик ва яна юксак даражадаги ҳалоллик! Аждодларимиз ўзлари тишлаган луқманинг, фарзандларига тутиладиган ризқу насибанинг, жамият аъзолари ўртасидаги олди-бердилар ва муносабатларнинг ҳалоллигига гард тушишини икки дунё саодати инқирозининг бошланиши деб билганлар.
Шуларни ўйлаб… Йўқ, ҳис-туйғуларга берилиш, момою боболаримиз ибратлари ҳақида шеъру достонлар ўқиш, чиройли энтикишлардан фойда чиққанда, балки, жамиятимиз аллақачон коррупция юкидан қутулиб кетган бўлармиди? Бу борада қатъият билан ҳар куни ҳар қадамимизда амалий ишларга ўтиш бугун олдимизга қўйилган тарихий мақсад — Учинчи Ренессанс сари юксалиш пиллапоялари бўлиши мумкин.
Токи “Менинг болам, менинг яқинларим, менинг уйим, менинг ҳаётим, менинг юриш-туришим, менинг маошим, менинг обрўйим қандай қилиб бўлмасин, бошқаларникидан яхшироқ, чиройлироқ, баландроқ бўлиши керак!” деган қора қуртни қалбимиздан суғуриб ташлаб, “Наслим тоза бўлиши учун болаларимга меҳнатимга яраша топганимдан ризқ-насиба едираман; менинг мансабу мавқеим бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқини ўзлаштиришимга, камситишимга имкон бермайди; фалончининг билими, малакалари, ўз ишига садоқати юксак даражада бўлганлиги учун у рағбат, мартабага лойиқ; болаларим мансабим соясида судралиб юриб эмас, меҳнат ва интилиш билан етган билиму маҳоратлари билан жамият ривожига ҳисса қўшиши керак; бу ватандаги барча эзгуликлар, яхшиликлар, имкониятларнинг кенгайиши, кўпайишига ватандошларим билан бирдек масъул бўлганимиз каби, улардан бирдек баҳраманд бўлишга ҳаммамиз ҳақлимиз” деган эътиқод амали ҳаётимиз томирларига тоза ҳаво каби оқиб кирмоғи шарт.
Ёшларни ватанпарварлик, халқпарварлик, бағрикенглик руҳида тарбиялаш масъулиятининг мағизи — улар онгига ҳалоллик, холислик, жамият аъзоларининг ҳар жиҳатдан тенглигини тарих сабоқлари, ҳаёт ҳақиқатлари, кундалик турмушимиз амалиётлари орқали ишончу эътиқод даражасида сингдиришдир. Сўзимиз билан ишимиз бир жойдан чиқмас экан, тилда қанчалар яқин бўлмайлик, дилда аждодлар қадду қадрини баланд этган турмуш тарзидан узоқлашиб бораверамиз.
…1980 йиллар. “Саодат” журналида ишлардим. Бош муҳарриримиз шоира Зулфия собиқ совет Хотин-қизлар қўмитаси президиуми аъзоси бўлсалар-да, у идоранинг тадбирлари, йиғинларига сира бормасдилар. Таклифнома келиши билан ўринбосарларига: “Холидахон, сиз бориб келинг”, — дердилар. Ҳайрон бўлардик: “Москвада маза қилиб айланиб келмайдиларми?” Шунда бир воқеани сўзлаб бергандилар: “Бир йили Москвага, Хотин-қизлар қўмитаси тадбирига чақиришди. Идорага кириб борганимда, ходималардан бири:
— Зулфия, Ўзбекистонда узум пишдими? – деб сўради.
— Ҳа, ғарқ пишди, – дедим.
— Наҳотки икки килогина олиб келиш мумкин бўлмаса? – деди яна у.
— Мумкин, – деб жавоб бердим мен. — Лекин бизнинг халқимизда аёлларнинг кўчада оғир юклар кўтариб юриши уят саналади. Шунинг учун мен катта сумкалар олиб юрмайман…
Шу мулоқотдан сўнг Зулфия опага нисбатан қўмитанинг деярли барча аъзолари муносабати ўзгаради: расмий совуқ муомалалар, бошқаларга қараганда икки карра кўп савол-жавобу ҳисоб-китоблар. Бунинг устига, тадбир тугаган куни иттифоқдош республикалардан келган барча вакилларга самолёт учун чиптага буюртма берилгани-ю, Зулфия опа “эсларидан чиқиб” қолганини айтишганда, устоз: “Мен бу даргоҳнинг остонасини қайтиб босмайман”, — деб чиқиб кетган эканлар.
Қалбимда ота-онам, маҳалладошларим, устозларим, катта авлоддан эшитган, уларда кўрганим бу каби воқеалар чироқ каби ёниб туради, бу ёруғликни шахсий худбинликлар, нафс васвасаси билан хиралаштириш, ўчириш, улар ибратидан юз ўгириш… Аллоҳ сақласин. Зеро, онгу шуури оппоқ қоғоздек бўлган наслимиз тарихнинг биз ҳақимиздаги саҳифаларидан қандай сабоқ олишини истаймиз?
Бир неча йил аввал йиғинларнинг бирида Президентимиз “ҳалоллик вакцинаси” ҳақида сўз юритган эди. Бу билан биринчи навбатда “адолат пешво”лари ҳисобланган қонун устуворлигига масъул шахслар, катта-кичик амалдорларга қарата ҳалол ишлаш, коррупцияга фақат оғизда эмас, амалда риоя қилиш ҳақида куюниб гапирган эди. Аммо минг афсуски, ҳамон турли ахборот воситаларида “қайсидир прокурорнинг 90 минг АҚШ долларини пора сифатида олаётганда ушлангани-ю яна қайсидир собиқ амалдорнинг чет элда фалон миллион долларга тенг мулки борлиги” очиқланганига оид хабарларга кўзимиз тушмоқда.
Нима ҳам дердик, бу ҳаёт бир имтихон экан-да. Ундан қандай ўтиш ҳар кимнинг ўзига — виждонига боғлиқ, албатта. Фақат кун келиб барча-барчасига жавоб беришни ҳамма ҳам ўйламас экан. Бу беш кунлик дунёда келмаса, чин дунёда жамики амалларимиз, савобу-гуноҳларимиз учун жавоб бериш барчага бирдек тенг – синов дейилади муқаддас каломларда.
Шундай. Фақат бу “синов”га ҳамма ишонган, Ўзидан қўрққанида эди…
Муҳтарама УЛУҒОВА