Бойлик қутқуси

ёхуд кўрмаганнинг кўргани қурсин

Тарихий далиллар тасдиқлайдики, инсоният илк даврларда фақат бир тоифа бўлган: бор-йўғи тирикчилик ғамидаги энг ибтидоий яшаш тарзига эга ярим ёввойи одамлар тўдаси. Йиллар, асрлар ўтади, меҳнат қуролларининг такомиллашуви билан эҳтиёждан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилади. Тўпланиб қолган хом-хатала, балки туссиз, маза-матрасиз егуликларни тақсимлашда яхлит тўда иккига ажралади. Демак, ажралишнинг илк нуқтаси — ортиб қолган егулик! Ва неча минг йиллар ўтиб ҳам бу икки қавмни фарқлайдиган белги — егулик (тўғри, кейинги тамаддунлар либос ва бошпанани ҳам қўшган) — қайси тараф бўкиб истеъмол қилади, қайси тараф эса бир бурда нонга зор — бу икки қирғоқнинг фарқи ҳамон моҳиятан шу икки белги бўлиб қолмоқда.

Минг йилларнинг шафқатсиз синовлари: уруш-талашлар, тузумлар ва ҳукмронларнинг алмашиниб туриши, ижтимоий тартиблар ва муносабатларнинг ўзгариши ҳам бу ички мантиқни ўзанидан чиқара олмади ва айни юксалган тараққиёт палласида ҳам кучи-имконияти борлар фақат бўкиб, исроф қилиб, тўкиб-сочиб, бошқаларга кўз-кўзлаб еб-­ичиш билангина фарқланмоқда. Таассуфлар бўлсинки, бундай манзара айни кунларда бутун дунёда умумий қиёфа касб этмоқда.

Мабодо бойларнинг ўзини оқлайдиган ва пардалайдиган бир неча қават сунъий либосларини ечиб ташлайверсак, охирида унинг ичидаги дилдираган бир вужуд кўзга ташланади ва барча жонсараклик­лар, ўзини ўтга, чўққа уришлар, ёлғонлар, алдовларнинг замирида шу акашак (тўғри, бой одам, одатда, семиз ва лорсиллаган бўлади) вужуднинг замзамалари ётган бўлади. Ахир қанча саъй-ҳаракат қилинмасин, бой одамда олтинчи бармоқ ёки учинчи кўз пайдо бўлмаган-ку! Ўша-ўша — “лойимни азал қорган Ўзингсан”.

Қаранг-а, қанча қирғинлару урушлар, қон тўкишлару жон олишлар азал меъморининг илк ижодини — Одам суратини ўзгартира олмабди-я! Афсуски, одам зоти ҳамон кўзга кўринмас майлларнинг таз­йиқи исканжасида зуғум ва зўравонлик­лардан қутула билмабди. Мудом ҳаракатга чорловчи мақсад — “яна ва яна бўлаверсин”, хуллас, югуриб-елишлардан мурод — кўпроқ бойлик (бу сўзни жуда кенг маънода қўллаяпмиз) орттириш!

“Бойлик” тушунчасининг маъноси кенгайиб, бугун у ҳукмронлик, “кангул”нинг ботиний истаклари сўзсиз амалга ошиши, ўзгаларнинг унга, яъни бойлик эгасига қуллуқ қилиб туриши-ю, унинг бошқалардан (масалан, илм ва ижод аҳлидан) ақлли ва доно ҳисобланишигача кенг масштабни ташкил этмоқда ва қамровнинг бунчалар кенгайганидан бойлик яна ҳам жозибали ва оҳанраболи бўлиб бормоқда. Жараён теран ва кенг кўлам касб этиб, бойликни ихтиёрий рад этувчилар ва унга жон-жаҳди билан интилувчилардан иборат икки қирғоқ ўртасида табиатан бу икки нуқтаи назардан холи, мақсади “Лўлининг эшагини суғор — пулини ол” қабилида кун кўришга мойил учинчи тоифа ширага айланган асаларидек бойлик ва унинг эгалари — бойлар атрофида ўралашиб, “катализатор” вазифасини бажарадилар ва беихтиёр кўзга кўринмас фронт — жанг майдони ҳосил бўлади.

Энди бойлар тинчгина яшаб, оқиб келаётган “муллажиринг”ларни қуртдек санаб олиб, ўзлари ҳам ҳаловатда қуртдек яшашдан воз кечиб, учинчиларнинг қутқуси билан бойликларини ҳимоя қилиш, уни ёмон кўзлардан асрашга киришиб кетадилар.

Агар уларга бу ҳақиқатни эслатсангиз, тан олмайдилар. Балки заруратдан ўз бурч­ларини бажараётганликларини иддао қиладилар. Бу босқичда аллақачон “Мол аччиғи — жон аччиғи”га айланган, бундай шароитда бойлик сеҳрига асир бўлиб, бандга тушиб қолганлар ҳатто жонларини қурбон қилиб бўлса ҳам бойликларини ҳимоя қиладилар (дейлик, сувда оқиб кетаётган бир халта тиллани кўрган бой ўзини ўйлаб ўтирмай оқимга отган; ёки корхонасига ўт кетганини кўрган тадбиркор лаҳза мулоҳаза қилиб ўтирмай олов ичидаги бинога ўзини уради). Демак, бойлик энди шунчаки ортиб қолган маҳсулот ёки зарурат бўлмаганда кераксиз матоҳ эмас, балки ҳаёт ё мамот масаласига айланган бўлади, “Бой бўлсамгина тирикман, аксинча, жонсизман” деган ақида амал қила бошлайди, ўз-ўзидан бойлик жиддий ижтимоий аҳамиятга эга куч даражасига чиққан бўлади.

Энди масаланинг ботиний жиҳатларидан ўсиб чиққан зоҳирий манзараларини кўздан кечирайлик…

Агар ортиб қолган маҳсулотни тақсимлаш этимологиясига разм солсак, бу юмушни дастлаб қабиладаги энг кучли, жисмоний бақувват ва довюрак киши амалга оширганига ишонч ҳосил қиламиз. Демак, бойликни тақсимлаш кучга таянди ва асрлар ўтса-да, бу тамойил ўзгармади. Бойлик кучлиларнинг иродасини ифодалади, улар атрофида айланди, охир-оқибат бойликнинг ўзи куч тимсоли бўлиб қолди: ким бой бўлса, ўш кучли. Асрлар қайроғида ишқаланиб, бойликни мусодара этишдаги “жасурлик”, “довюраклик” сингари соф инсоний фазилатлар емирилиб, унинг ўрнини “олғирлик”, “чаққонлик” ва ниҳоят, “тадбиркорлик” сингари хусусиятлар эгаллади.

Вақт, халқ тақдири гаровда турган паллада бор-йўғи ўз бойлигини сақлаб қолиш учун душман тарафга ўтиб олганлар кўп бўлган. Масалан, рус босқини пайтида Самарқанд душманга қаттиқ қаршилик кўрсатади, лекин катта бойлигидан воз кечишни хоҳламаган яҳудий савдогарлар шаҳар дарвозаларини хуфиёна очиб берадилар. Ҳолбуки, Жўрабек ва Бобобек бошлиқ Кеш лашкари душманни чекинтириб, қувиб келган, агар Самарқанд муҳофазаси давом этганда, босқинчини тор-мор этиш нақд эди. У шаҳарга кириб, жон сақлаб қолган.

Буюк ислоҳотчи ва фотиҳ Наполеон ҳаётидан шундай ибратли мисол бор.

Маълумки, Наполеон феодал муносабатлар поёнига етиб, саноатлашиш юзага келаётган пайтларда тарих саҳнасида ҳаракат қилади. У Францияда бойлар, яъни савдо-саноат буржуазияси қатламини юзага келтириш ва уларни кучайтириш мақсадида тадбиркор ва ишбилармонларга кўплаб имтиёзлар беради, солиқлар юкини енгиллаштиради. Шундай қилиб, бойлар табақаси пайдо бўлади. Табиий, улар кучайгач, мамлакат ҳаётига ҳам аралаша бошлайди. Жумладан, Наполеон Россияга ҳужум қилишни режалаштирганда, ҳаракатни деҳқонлар ҳосилини йиғиштириб олгунча бир-икки ой кечиктириб туришни талаб қилишади. Наполеон улар билан ҳисоблашишга мажбур бўлади ва оқибатда уруш чўзилиб, қаҳратон қишга тўғри келиб қолади.

Ҳар қандай саркардадан ҳам кучли бўлган рус қиши француз армиясига етарлича ташвиш орттиради ва Наполеон армияси енгилади. Бу бойларнинг биринчи зарбаси бўлади. Иккинчи зарбаси эса император енгилиб, Парижга қайтгач юз беради: бойлар ўз манфаатини ўйлаб, шаҳар дарвозаларини ёпиб оладилар, мағлуб қўшиннинг шаҳарга киришига ва жон сақлашига имкон бермайдилар… Бу ҳолатларни академик Евгений Викторович Тарле ўзининг “Наполеон” китобида батафсил шарҳлаган.

Бу мулоҳазалар бир ёқламадек туюлаяпти: нима, бой бўлиш айбми? Дунёни камбағаллар, қашшоқлар бошқарсинми? (Улар ҳам бошқариб кўрди, 74 йил. Охирида ўзлари ўз қўллари билан “доҳийлари”ни бадном қилиб, кейин ағдариб ташлашди. “Камбағалга эрк берсанг, чориғи билан тўрга чиқади” дегани шундай бўлса керак). Аслида, худди шу нуқтада борлиқнинг, дунёнинг тақдири ҳал бўлади: бойлар ким тарафида?

Маълумки, режали иқтисодиётдан бозор тамойилларига ўтиш жараёнида МДҲ ҳудудида кўплаб сунъий бойлар пайдо бўлди. Уларнинг айримлари футбол клуб­лари, қимматбаҳо яхталару шхуналар ва яна бошқа ақл бовар қилмайдиган хазиналарга эга бўлганликлари бор гап. Ана шундай вазиятда бирданига бойиб кетганлар бойишнинг сунъий механизмларини яратдилар ва “тез бойиб қолганлар” қатлами юзага келди. Ўтган йиллар давомида уларнинг қиёфаси ҳам, турмуш тарзи ҳам ўзгарди, яъни бойишнинг ёввойи қонуниятлари яратилди ва амалиётга жорий қилинди. Уларни маърифатли ёки юксак интеллектга эга одамлар деб бўлмасди, улар шунчаки иш одамлари эди. Бу муҳит собиқ иттифоқнинг ҳамма ҳудудларига тарқалди, бизда ҳам унинг эпкинларини кузатиш мумкин бўлади. Хуллас, бойлик ва маънавият икки қутбга ажралиб қолди.

…Бойлик кўйига тушган одам бу саъй-­ҳаракатнинг захмларига, қоқилишдаги яра-чақаларига маънавиятдан малҳам қўйиб бормаса, ўз ҳаракатларининг замирида эзгулик мужассам эканлигини (“Нима бўлса ҳам бола-чақам, элим-юртимнинг келажаги учун қилаяпман” дегандек) ҳар доим эсда тутмаса, бу зот аламзада, такаббур, иззатталаб кимсага айланишини жонли мисоллар кўрсатиб турибди. Маънавиятни ўлдириб топилган бойлик, ростдан ҳам, афюнга айланар экан. Бой изтироблар билан топган хазинасини эзгуликка эмас, бошқаларнинг устидан турли йўллар билан кулишга, заиф одамларни масхара қилишга, ўзини кўз-кўзлашга, бекорчилардан аламини олишга сарфлайди. Мабодо унга насиб этаётган бойлик ўзининг ҳалол меҳнати, инсоф-имони эвазига келаётганини билса, хазинасини яхши амалларга йўналтиради. Демак, жамиятда бой бўлишнинг ана шундай муҳити юзага келиши шарт: кредитлар меъёрида, банк-молия хизмати қонун доирасида ишлайди, ишлаб чиқариш ва маҳсулот реализациясида сунъий тўсиқлар бартараф этилган, солиқлар оғирлик қилмайди…

Бугунги айрим бойларнинг маънавиятида ўткинчи ҳаётнинг табиати акс этаяпти, десак, ёлғон бўлмайди. Бойлик излаш бўлажак бойни қай кўйларга солди? Кейинги 25-30 йиллар оралиғида бу куч қанчалаб мунис, сутдек тоза, боладек беғубор қалбларни маҳв этди, уларни шунчаки сояга, қулга, шарпага айлантириб юбормади? Биз шу йўқотишларга гувоҳ бўлдик. Яқинда бедарак бўлиб кетган бир танишимизни йўқлаб бордик. Катта ҳаёт остонасига бирга қадам қўйган, улғайишнинг азобларини ёнма-ён кечириб, учирма бўлгач, ҳамма ўз ризқини қувиб кетган эди, унинг беғубор қалби, самовий орзулари, ҳалол-покдомонлиги кўз олдимизда турарди. Биз ана шу инсонни кўришни истагандик. У эса ўзгариб кетган экан.

Мўмин-қобил, яхши ижрочи эди, бахтини бериб, ўзига тўқ оилага куёв бўлибди, ишлари баравж кетганини эшитиб юрардик. Биринчи таассуротданоқ юмушлари анча ривожли эканини тушуниб олдик. Ўзини қанча ўраса ҳам етарлича кибр­­га эга бўлгани, еб-ичиш ва маишатга ўч экани кўриниб турарди. Ҳашамдор емакхонага бошлади ва столни белини синдирадиган қилиб буюртма берди. У билан айни ҳолатда ётоқхонада яшаган йилларимиз, қотган нонни ҳам кўзимизга суриб еган кунларимизни ҳозир эслаш уят ҳисоб­ланарди. Биз ҳам саломга яраша алик дегандек, ўрнида бўлмаса ҳам кариллаб, мақтаниб ўтирдик: вазият шуни тақозо қиларди.

Танишимиз турмуш тарзи шундан иборат, деган кўникмага аллақачон асир бўлиб улгурган экан. Унинг тутумини кўриб, ҳаётдан анча орқада қолгандек маҳзун ҳам бўлдик. Яна ўйлаб кўрсак, афсусланадиган ҳеч нарса йўқ экан. Бойлик ҳали ҳаётдан тўла завқланиб яшаш дегани эмас экан. Танишимиз аллақачон китобни қўлига олмай қўйган, газета-журнал ҳозир ҳам борми, дейди; телевизордан фақат кўнгилочар дастурларни кўрар, сиёсат билан умуман иши йўқ. Вақтини тадбиркорлигини ривожлантириш режалари, ҳисоб-китоблар, пул санаш билан ўтказар экан. Феъли ҳам ўзгариб қолибди. Уйида машиналар турибди, бизни нуқул таксида олиб юради, емакхоналарга ўн кишига етадиган буюртма беради-да, қолганини ташлаб чиқаверади. Жиддий масалалар: миллат тақдири, ёшлар маънавияти сингари мавзуларда эмас, бачкана гаплардан гурунг қилади, ҳовли-жойлари, танишларини мақтайди. Очиғи, меҳмонларга унинг бундай турмуш тарзи ёқмади. Бу ҳаётда завқ йўқ-ку, эзгулик йўқ-ку.

Ўзи сабил бойликнинг меъёрини билиш керак эканми? Бир танишимиз жуда нозиктаъб, гўзалликни қадрлайдиган, энг асосийси, ҳаромдан ҳазар қиладиган одам эди. Бошида ҳаммаси жойида кетди, одамгарчилиги ҳам. Ҳалиям шеърлар ёзар, янги чиққан асарлар ҳақида куйинчаклик билан фикр билдирарди. Лекин югуриб-елиб, ишларини ривожлантириб олди. Давлат идорасида ишларди, “давлат одамлари” уни қайта тарбиялади-ёв. Уларнинг тутумларини кўриб, турмуш тарзи ўзгарди, яъни “оладиган ва берадиган” бўлди. Пули кўпайди, чамаси, аввал кийиниши, кейин муомаласи ўзгариб борди. Энди юриш-туришида кибр, иззатталаблик кучая бошлади. Бир лаҳза “пул топиш” ташвишидан бўшамайди. Кейин аста-секин биз қадрлайдиган барча фазилатлардан ҳам мосуво бўла бошлади. Ҳозир у зерикарли одамга айланган. Қалби аллақачон тап-тақир бўлиб қолгани кўриниб турибди.

Қишлоққа борганда ҳам “семириб” қолганларга разм соламиз. Димоғ осмонда, ўтган кунларини унутган, атрофига паст назар билан қарайди, оёғи ердан узилган. Одамлар бир халта ун олса, у ўн халта олади, бошқалар бир коса қатиққа зор, у бешта сигир соғади. Аммо… “қанча бўлса, шунча бўлаверсин”, қабилида бировга бир бурда нон бермайди текинга. Қишлоқнинг бирор корига ярамайди. Аксинча, маъракага борса, икки товоқ ош ер экан, яна сергўшт, иликли ва ёғли бўлишини тайинлар экан. Қизиқ манзара. Бу “манзара”ларни безаб турганлар — бойлик ва унинг эгалари!

Жамиятимизда пайдо бўлган бу тоифанинг феъл-атворини кузатиб, киши жиддий мулоҳазаларга боради. Аввало, халқ айтганидек, “Кўрмаганнинг кўргани қурсин”. Сув ҳам қумлоқ жойда тўхтайди, деганлари сингари бой бўлиш ҳам осон эмас, бу тўғри. Лекин унга аталган ўша хазинани эзгулик йўлига сарфласа бўлади-ку. Бойлар “эзгулик” деган сўзни тушунармикан? Ким билсин? Энди бу ёғи бойбуваларнинг маърифатига қолган. Ахир олис тарихда Искандар Зулқарнайннинг ўша ибрати порлаб турибди-ку: “Қўлларимни тобутдан чиқариб қўйинглар. Дунё­­ни эгалладим, бироқ бўш қўл билан кетаётганимни ҳамма кўриб қўйсин”.

Аслида, инсонийликни бойлик орттириш замзамаларига қурбон қилмай, одамгарчилигини йўқотмаган киши учун узоқ тарихдан ибратли мисол қидириб юриш ҳам шарт эмас. Ўзини шу бўзнинг бир учи деб билса, ўз тақдирини шу халқ тақдири билан пайвасталикда кўрса, иссиқ-совуқ кунларда елкама-елка туришни ихтиёр қилса, ота гўри қозихона эмас. Афсуски, шу кунларимизда ўзи ҳам маърифатини оширишга қайғурадиган ёки маънавиятни тарғиб қилиш борасида бирор хайрли иш қилаётган бойларни кам кўраяпмиз. Пули кўпайса, ҳаж ёки умрага боради, жуда нари борса, масжид қуради. Лекин бугун ёшлар тарбиясидаги иллатлар китоб ўқимасликдан, мактаб тизимидан эканини фаросат билан тушуниб, бирор кутубхона ёки мактаб қуриш ташаббусини изҳор этмайди. Миллатимиз шу даражада ривожланмас экан, жамиятда саховатли маърифатпарварлар пайдо бўлмас экан, топганимизни одамларни қайта тарбиялаш юмушларига сарфлайверамиз.

Самарқанддаги Шердор мадрасаси пештоқига оҳу ва шер тасвири туширилган. Шер — илм толиби. Яъни маърифат истаган киши. Оҳу эса илм! Оҳуни тутиш учун шер қудрати ва шиддати керак. Халқимизда “Илм ёввойи” деган нақл бор. Илмни эгаллаш, демак, маърифат йўлига кириш, яъни маънавиятли бўлишга жазм этиш кучни, мажбур қилишни талаб этади. Давлат ҳам ўз кишиларининг келажагини ўйласа, уларни маърифат йўлига мажбур қилиш вазифасидир. Зеро, ҳеч ким ўз майли билан оҳуни банд этишга киришмайди. Шердаги нафс давлатда одамларни илм олишга мажбурлаш тарзида намоён бўлиши жоиз.

…Одамзод тараққиёти тош қуроллардан мураккаб электрон техникаларгача улғайди. Унинг ҳаётида аввал бошданоқ бойлик муҳим омил бўлган эди ва бу даража бақамти тарзда юксалиб борди. Демак, айни юксак тараққиёт босқичида бемисл қудрат касб этган моддий бойлик ва унинг эгалари жамиятни ҳам шу даражада қизиқтиради. Бу борада ҳеч ким бетараф бўла олмайди. Албатта, биз ушбу мулоҳазалар билан “ҳамма бойлар ёмон, маърифатсиз, тубан йўлда” демоқчи эмасмиз. Аммо “ҳақиқий маънан бой кишилар, айтайлик, Алишер Навоий сингари маърифатли, саховатпеша бойлар нега жуда кам?” демоқчимиз. Шубҳасиз, бойлик ва бойлар мавзусида ҳамманинг ўз нуқтаи назари бор. Улар билан ўртоқлашиш кўп муаммоларга ечим топган бўларди…

Ҳаким САТТОРИЙ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × two =