ВАТАННИ КИМ АСРАЙДИ?
Абдумалик билан Ҳулкарой айвончада ёғоч ғиштдан уйча ясаб ўтиришар эди. Машинасини ипидан тортиб юрган Фарҳод ёғоч уйчани атайлаб туртиб ўтди. Ғиштлар зарбдан бирин-кетин ерга сочилди.
— Бу нима қилганинг, Фарҳод? Бу бизнинг уйимиз. Сен уни бузиб ўтдинг, – деди Абдумалик.
— Ундай бўлса, йўлда ўйнама! – деди Фарҳод.
Болалар ясаган уйчасининг атрофини баланд девор билан ўради.
— Мана энди уйимизни ҳимояладик. Уни ҳеч ким бузиб ўтолмайди, – деди Ҳулкарой.
Кичкина Абдумалик опасининг кўзига қараб турди-да, “ҳимоя дегани нима ўзи?” деганча саволга тутди.
— Бу қўриқлаш, асраш, авайлаш дегани.
— Қўриқлаш нима учун керак?
— Уни бегоналардан асраш учун. Масалан, совуқда эгнимизга қалин кийим кийиб, танимизни совуқдан асраймиз. Яшаб турган уйимизни қўрғондевор солиб, хавф-хатардан ҳимоялаймиз. Ватанимизни эса аскарлар қўриқлаб асрайди, – деди Ҳулкарой. — Акамга ўхшаган аскарлар.
— Эҳ-ҳе, шунча катта ерларни ҳимоя қилишадими?
— Ҳа! Аскарлар кун-у тун чарчамасдан чегараларни қўриқлайди. Унинг ҳар бир қарич тупроғини бегоналардан, ёмонлардан асрайди. Акам шундай деганлар.
— Катта бўлсангиз, сиз ҳам аскар бўласизми?
— Мен аскарнинг опаси бўламан. Чунки Ватанни ўғил болалар ҳимоя қилади, – деди Ҳулкарой.
Абдумалик бироз ўйланиб турди-да: “Сизни, уйимизни, Ватанимизни ўзим ҳимоя қиламан!” – деди.
Дилноза ШУҲРАТОВА,
Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги
274-мактаб ўқувчиси.