Ўзликни англаш — уйғоқ қалб эҳтиёжи

Ўтган йилнинг 22 декабрь куни Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида кўтарилган масалаларни, хусусан, маънавият, маърифат, маданият, санъат ва ижод соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги, бу соҳалар олдидаги устувор вазифалар муҳокамасини жамиятнинг бир зиёлиси, маънавият тарғиботчиси сифатида юксак масъулият билан тингладик. Унда давлатимиз раҳбари тўққизта йўналишда ўз фикрларини билдириб, муҳим ташаббусларни илгари сурди. Ушбу йиғилишда кўтарилган масалалар маънавий ҳаётимизда янги ислоҳотлар даврини бошлаб бериши шубҳасиз.

Аввало, маънавият ва маданият соҳаси учун методик асос бўлиб хизмат қиладиган миллий ғояни ривожлантириш бўйича алоҳида дас­тур-ҳужжат ишлаб чиқиш лозимлиги қайд этилди.

Таълим тизимига қаратилаётган эътибор изчил давом эттирилиб, бу борада ҳам тенглик таъминланиши, хусусан, қиз болаларнинг ўқиши ва касб-ҳунар эгаллаши жамият ривожида муҳим экани алоҳида таъкидланди.

Дарҳақиқат, жамиятда ёшлар тарбияси ҳар доим куннинг биринчи даражали мавзуларидан бири бўлиб келган. Айни пайтда, дунёда глобаллашув жараёни тезлашмоқда. Дунё халқлари, давлатлар ўртасида ўзаро алоқалар кучаймоқда. Мамлакатимиз ҳам бундан йироқда эмас. Ёшларимиз қадриятларни бир-биридан фарқлаши, глобаллашув жараёнида миллий қадриятларни йўқотмаган ҳолда муносабатда бўлишлари муҳимдир.

Зеро, миллий ўзликни англаш айнан маънавий қадриятларни ўзлаштириш, ўз халқининг тарихи, маданий меросини ўрганиш, бугунги ҳолати ва эртанги истиқболини аниқ тасаввур этишдан бошланади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, аждодларимиз маданий ва маънавий мероси, улар яратган сўз, халқ тилининг туганмас бойлиги ёш авлодни тарбиялашда муҳим ўрин эгаллайди. Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёев йиғилиш аввалида: “Тарихдан маълум: Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари — уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар. Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур”, — дея таъкидлади.

Дарҳақиқат, бу борада республикадаги барча олий таълим муассасалари қатори Урганч давлат университетида ҳам қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, университетимиз ёшлар билан ишлаш ва маънавий-маърифий фаолиятда ўз олдига қатор вазифаларни белгилаб олган.

Жумладан, биринчи навбатда ёш авлодга чуқур билим берилишини таъминлаш, уларни руҳий юксалтириш, ўзларига бўлган ишонч ҳиссини орттириш, ўз қобилиятларини кенг намоён этишларида кўмаклашиш, талабалар ҳаётида соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, уларнинг маданият, санъат, спорт, китобхонлик соҳаларига бўлган қизиқишларини янада ўстириб бориш, ижодий қобилиятини аниқлаш ва ривожлантиришга кўмаклашиш, талабаларда мафкуравий иммунитетни ҳосил қилиш, маънавий-маърифий тадбирларда уларнинг фаоллигини ошириш, дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказиш сингари вазифалар шулар сирасига киради.

Буларнинг барчаси Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббуси доирасида қатъий режа асосида тизимли амалга оширилмоқда.

Университетимизда ёшлар билан ишлаш 3 та шаклда (жамоавий, гуруҳли ва индивидуал шаклларда) амалга оширилади. Бундан ташқари, алоҳида режа асосида ҳар ойда “Маънавият куни” ва “Маънавият ҳафталиги” тадбирлари ҳам ўтказиб келинмоқда.

Биргина 2023 йил мисолида оладиган бўлсак, университетда ёшлар билан ишлаш, маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш бўйича турли йўналиш ва мавзуларда маънавий-марифий тадбирлар, интеллектуал танловлар, спорт мусобақалари, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда семинарлар, очиқ мулоқот ва давра суҳбатлари, учрашувлардан иборат жами 741 та тадбир ўтказилган бўлиб, уларга 16 мингдан ортиқ талаба-ёшлар жалб қилинди.

Қолаверса, университетда талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун жами 105 та тўгарак мавжуд бўлиб, шундан 49 таси фан, 24 таси спорт ва 37 таси маънавий-маърифий ва ижодий клублар саналади. Шунингдек, ҳар бир факультетда талабалар театр студияси (жами 9 та) ва ҚВЗ жамоалари (жами 9 та) ташкил этилди.

Тобора глобаллашаётган замонамизда ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш ғоят муҳимдир. Шу боис ёшларнинг руҳан соғлом, кенг дунёқарашли, қатъий ҳаётий позиция ва турли ёт ғояларга қарши тура оладиган хислатларга эга бўлиши ҳам устувор масалага айланмоқда. Бу борада ота-оналар ва таълим муассасаси ўртасида узвий ҳамкорлик йўлга қўйилиши долзарб аҳамият касб этмоқда.

Шунинг учун ҳам университетимизда талабаларнинг ота-оналари ҳамда олий таълим масканимиз раҳбарияти ўртасида мунтазам равишда очиқ мулоқотлар ўтказиш йўлга қўйилган. Бунга ҳар йили янги ўқув йили бошида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ота-оналар конгресси”ни мисол қилиб айтишимиз мумкин.

Ушбу “Ота-оналар конгресс”ларида университет раҳбарияти томонидан талабаларга пухта таълим бериш билан бирга, уларнинг тарбияси, хулқи-одоби бошқаларга ўрнак бўлиши кераклиги, шу билан бир қаторда, университетда талабаларга яратилган шароитлар ва имкониятлар, таълим ўқув даргоҳи ички тартиб-қоидалари, талабаларнинг ўқиши, қизиқиш ва интилишларини ўрганиш ва бу борада университет ҳамда ота-оналар ҳамкорлиги йўлга қўйилиши борасида мулоқот қилиб борилади. Албатта, ушбу конгресс баҳонасида ота-оналар университетда олиб борилаётган таълим тизими ва ўқув жараёнлари, ички тартиб-қоидалар ва талаба-ёшларга сифатли билим бериш учун яратилган шароитлар билан ҳам яқиндан танишиш имконига эга бўлмоқдалар.

Ўз навбатида ота-оналар ҳам университетдаги фарзандлари учун яратилган имкониятлар хусусида нафақат ўзларининг фикрларини, таклифларини ҳам билдирадилар, таълим жараёнларини ташкил қилиш билан боғлиқ тавсиялар ҳам бериб боришади. Шу асосда, таълим олаётган талабаларимизнинг ота-оналари билан доимий равишда ҳамкорликда ишлаш мақсадида “Ота-оналар кенгаши” ташкил қилганмиз.

Дарҳақиқат, Урганч давлат университети нафақат вилоятимиз, балки респуб­ликадаги нуфузли олий таълим муассасалари қаторидан муносиб ўрин эгаллаган. Университетда жамият ривожига ҳисса қўшадиган, ўз соҳасининг малакали мутахассисларини камолга етказиш устувор вазифа саналади. Бу борада маҳалла ва ота-оналар билан ҳамкорликда ишлаш кутилган натижаларга эришишда муҳим роль ўйнамоқда. Энг муҳими, талаба-ёшларни ватанпарварлик, ватанга садоқат, муҳаббат руҳида тарбиялаш, ёшлар қалбида миллий қадриятлар, анъана ва урф-одатларга содиқлик, ҳурмат туйғуларини сингдириш, буюк алломалар илмий-маданий меросини ўрганиш, таништириш, ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш, кенг мушоҳадали, теран дунёқарашли, интеллектуал салоҳиятга эга, турли ёт ғояларга нисбатан иммунитетни шакллантириш мақсадида доимий тарзда ўтказилиб келинаётган маънавий-маърифий тадбирларнинг ўрни катта. Бу борада турли илмий-маърифий тадбирлар, адабий-бадиий кечалар, талаба-ёшларнинг маънавиятини юксалтириш, уларни китобга, шеъриятга ошно қилиш, машҳур адибларимиз ҳаёти ва ижоди билан яқиндан таништириш мақсадида ўтказилаётган кўрик-танловлар, Ёзувчилар уюшмасининг Хоразм вилояти бўлими билан ҳамкорликда маданий-маърифий учрашувлар, аждодлар маданий мероси билан танишиш ва ўрганиш, санъатга ошно қилиш мақсадида тарихий музейларга, театрларга ташрифлар ва бошқа кўплаб маданий жараёнларда талабаларимизнинг фаоллиги, қизиқиш ва интилишларини кўриш кишини хурсанд қилади. Айниқса, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, мутолаа маданиятини юксалтиришга катта эътибор қаратганмиз. Жумаладан, анъанавий тарзда ўтказиладиган 4 та катта лойиҳамиз мавжуд. Булар: “Китобхон талаба”, “Навоийхон талаба”, “Шеърият шоҳсупаси”, “Ёш нотиқлар”.

Яратилган имконият ва шароитлар асосида университетимиз талаба-ёшлари кўпгина йўналишларда ўзларининг қобилият ва интеллектуал салоҳиятларини намоён этиб, катта ютуқларни қўлга киритмоқда.

Хусусан, 2023 йилда университетимизнинг спортчи талабаларидан халқаро спорт мусобақаларида 9 нафари, респуб­лика спорт мусобақаларида 37 нафари ғолиб ва совриндор бўлди. Қувончлиси, таълим масканимиз мамлакат олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиладиган спортнинг 15 тури бўйича “Универсиада” спорт мусобақаларининг республика финал босқичида умумжамоа ҳисобида фахрли 2-ўринни қўлга киритди. Айнан ушбу “Универсиада” спорт мусобақаларида талабаларимиз футбол, волейбол, регби ҳамда дзюдо бўйича чемпионликни қўлга киритганликларини эътироф этишимиз жоиз.

Шунингдек, “Беш ташаббус олимпиадаси” спорт мусобақаларининг респуб­лика финал босқичида фахрли 3-ўринни эгаллади.

2023 йил 26 июнь куни “Мунозара” рес­публика турнири финал босқичида эса “Хорижий ўзбеклар” жамоаси аъзолари хорижий филология факультети талабалари Чаросхон Фазилова, Шаҳноза Қаландарова, Исмоилжон Жалолиддиновлар ғолибликни қўлга киритиб, 20 млн. сўмлик соврин эгаси бўлдилар. Мунаввара Салаева ҳамда Мухтор Саидов номидаги, шунингдек, “Ректор стипендияси” ва университет Касаба уюшмаси стипендиялари жорий этилиб, талабалар танлов асосида ишчи гуруҳ томонидан аниқланади. Фахрланадиган янгиликлардан, ютуқлардан яна бири шундаки, университетимиздан 22 нафар талаба Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда номдор давлат стипендияларини қўлга киритдилар.

Шу ўринда маънавий-маърифий соҳада университетимиз профессор-ўқитувчиларининг эришган ютуқлари ҳам жамоамизга фахр-ифтихор бағишлаётганини алоҳида айтиб ўтишни истардим.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига биноан, дорилфунунимиз Тарих кафедраси доценти, университет Хотин-қизлар маслаҳат кенгаши раиси Шоира Нуруллаева “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирланди.

Яна узоқ йиллардан буён самарали фаолият юритиб, олийгоҳнинг ўқув ва илмий фаолияти ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фахрий устоз, ўзбек филологияси факультети доценти, филология фанлари доктори Ўразбоев Абдулла Дурдибоевич Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг буйруғига асосан “Маънавият фидойиси” кўк­рак нишони билан тақдирланди.

“Илҳом” республика танловининг 2023 йилги мукофоти ўзбек филологияси факультети ўзбек тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчиси Акбар Отабоевга насиб қилди ва у бош соврин — “Spark” автомобили соҳиби бўлди.

Айтиш жоизки, бизга энг катта куч, рағбат бераётган омил шундаки, бу — Давлатимиз раҳбари томонидан Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифалар жамоамиз олдига янада юксак мақсад ва марраларни қўймоқда. Ахир ўзликни англаш ҳамиша уйғоқ қалб эҳтиёжи бўлиб келган.

Университетимизда миллий қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимиз, маънавий меросимизни кенг тарғиб қиладиган турли маънавий-маърифий тадбирлар, кўрик-танловлар, бадиий кўргазмалар, китобхонлик кечалари ва спорт мусобақаларини мунтазам равишда ташкил қилиб, талаба-ёшларимизни кенг жалб қила олсак, ўйлайманки, улардаги қизиқишни орттиришга ва истеъдодларини шакллантирган ҳолда, кенг намоён қилиш­ларига барча зарур  шароитларни яратган бўламиз. Албатта, булар амалга оширишимиз зарур бўлган вазифаларимизнинг бир қисми холос. Лекин энг муҳим, ҳамиша долзарб вазифаларимиздандир.

Баҳром АБДУЛЛАЕВ,

Урганч давлат университети ректори, физика-математика фанлари доктори, профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 4 =